Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Нуфузли халқаро шахмат мусобақалари ғолиблари ва совриндорлари ҳамда уларнинг тренерларини муносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда кейинги йилларда ақл-идрок ва юксак интеллектуал салоҳият рамзи бўлган шахмат спорт турини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш, иқтидорли шахматчиларни узоқ муддатли ва тизимли тайёрлаш, уларнинг жаҳон ареналарида юқори натижаларга эришиши орқали юртимизнинг халқаро нуфузини юксак чўққиларга кўтариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда ўзбек шахмат мактаби вакилларининг Бутунжаҳон шахмат олимпиадаларида, нуфузли халқаро турнир ва чемпионатларда эришаётган тарихий ва оламшумул ғалабалари юртимизда истеъдодли спортчиларни тарбиялаш ҳамда уларнинг маҳоратини узлуксиз ошириш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлигининг яққол исботидир.
Халқаро ареналарда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, халқимизга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этаётган халқаро шахмат мусобақалари ғолиб ва совриндорларининг матонати ҳамда юксак интеллектуал маҳоратини алоҳида эътироф этиш, шунингдек, ушбу ютуқлар ортида турган тренер-мураббийларнинг фидокорона меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ва Ўзбекистон шахмат федерациясининг халқаро нуфузли шахмат мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари бўлган шахматчиларимиз ҳамда уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари миқдорини ошириш орқали уларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 5 августдаги ПҚ-347-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси шахматчилари ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотларининг миқдорлари иловага мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 21 сентябрь,
ПҚ-346-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 сентябрдаги ПҚ-346-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси шахматчилари ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотларининг
МИҚДОРЛАРИ
(АҚШ долларида) | ||||
Т/р | Мусобақалар (унвон) | Медаль | Шахматчига бериладиган пул мукофоти миқдори | Тренерга бериладиган пул мукофоти миқдори* |
1. | Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадаси (катталар ўртасида) | Олтин | 200 000 | 50 000 |
Кумуш | 100 000 | 25 000 | ||
Бронза | 50 000 | 12 500 | ||
2. | Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадаси (ёшлар ўртасида) | Олтин | 20 000 | 5 000 |
Кумуш | 10 000 | 2 500 | ||
Бронза | 5 000 | 1 250 | ||
3. | Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) таснифига кўра жаҳон миқёсидаги мусобақалар | Олтин | 15 000 | 7 000 |
Кумуш | 7 500 | 3 500 | ||
Бронза | 3 750 | 1 750 | ||
4. | Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) таснифига кўра Осиё миқёсидаги мусобақалар | Олтин | 10 000 | 5 000 |
Кумуш | 5 000 | 2 500 | ||
Бронза | 2 500 | 1 250 | ||
5. | Халқаро гроссмейстер спорт унвонини олган тақдирда | 5 000 | ||
* Тренерларга назарда тутилган пул мукофоти ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни охирги бир йил давомида тайёрлаган тренерларга берилади. Бунда ушбу маблағлар, тегишли Тренерлар кенгашининг қарорига асосан, спортчини тайёрлашда сўнгги 4 (тўрт) йилда иштирок этган тренер ва бошқа мутахассислар ўртасида қайта тақсимланиши мумкин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.09.2026 й., 07/26/346/0962-сон)