Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида назарда тутилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, тоғ-кон, металлургия ва кимё саноати, нефть-газ ва электр энергетика соҳалари ҳамда бошқа ишлаб чиқариш корхоналарида ҳосил бўлаётган радиоактив ва кимёвий хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий мақсадлар ва устувор йўналишлар
1. Қуйидагилар мазкур қарорнинг асосий мақсадлари ва устувор йўналишлари этиб белгилансин:
(а) тоғ-кон, металлургия ва кимё саноати, нефть-газ ва электр энергетика соҳалари ва бошқа ишлаб чиқариш корхоналарида ҳосил бўлаётган радиоактив чиқиндилар ҳамда Чиқиндиларнинг тасниф каталогига мувофиқ I — IV хавфлилик синфига мансуб кимёвий хавфли чиқиндиларни (кейинги ўринларда — хавфли чиқиндилар) қайта ишлаш даражасини 20 фоизга етказиш;
(б) қайта ишлаш имкони бўлмаган хавфли чиқиндиларни хавфсиз ва минимал ҳажмда жойлаштириш механизмларини амалиётга тўлиқ татбиқ этиш;
(в) махсус иншоотлар ва очиқ майдонларда сақланаётган (жойлаштирилган) хавфли чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш;
(г) хавфли чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш манбалари, уларнинг ҳажми, таркиби ва жойлаштириш жойлари бўйича таснифланган давлат ҳисобини юритиш;
(д) хавфли чиқиндилар ҳажми ва уларнинг хавфли хусусиятларини камайтириш (ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хавфли моддаларни хавфсизларига алмаштириш ва технологияларни модернизация қилиш);
(ж) хавфли чиқиндиларнинг ташилиши, сақланиши ва жойлаштирилиши устидан давлат назоратини таъминлаш, уларнинг ноқонуний муомаласининг олдини олиш;
(з) ҳосил бўлган хавфли чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда экологик ва хавфсизлик талабларига риоя этиш ҳамда ушбу ишларни белгиланган тартибда молиялаштириш.
II. Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш
2. 2027 йил 1 январдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар (хавфли чиқиндиларнинг эгалари бўлган юридик шахслар):
(а) экологик экспертиза хулосасига мувофиқ хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича йиллик режаларни (кейинги ўринларда — йиллик режалар) ишлаб чиқади ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишади;
(б) йиллик режаларда қуйидаги кўрсаткичларни назарда тутади:
(i) хавфли чиқиндилар ҳосил бўлиш ҳажмини камайтириш;
(ii) хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш улушини ошириш, уларни хавфсиз жойлаштириш;
(iii) хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмишга тегишли ваколат, инфратузилма ҳамда экологик экспертизанинг ижобий хулосасига эга бўлган ихтисослашган ташкилотларга (кейинги ўринларда — ихтисослашган ташкилотлар) қайта ишлаш ёки кўмиш учун топшириш;
(в) хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий муҳандислик ечимлари ва технологияларни техник-иқтисодий жиҳатдан асосланган ҳолда босқичма-босқич жорий этади.
3. Белгилансинки:
(а) хавфли чиқиндиларни (таркибида қимматбаҳо, рангли, ноёб, қора металлар ва саноат учун муҳим минераллар мавжуд бўлган чиқиндилар бундан мустасно) ҳосил қилувчи ташкилотларнинг (хавфли чиқиндиларнинг эгалари бўлган юридик шахслар) хавфли чиқиндилар билан боғлиқ инвестиция лойиҳалари Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) билан биргаликда амалга оширилади, бунда Агентлик давлат иштирокчиси ҳисобланади;
(б) Агентлик ҳузурида давлат муассасаси шаклида Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирекцияси (кейинги ўринларда — Дирекция) ташкил этилади;
(в) Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ҳузуридаги Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан, амалдаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини сақлаб қолган ҳолда Агентлик тизимига ўтказилади;
(г) Европа тикланиш ва тараққиёт банки гранти доирасида уран конларида рекультивация ишларини амалга оширувчи Лойиҳани бошқариш гуруҳининг республика бюджетидан молиялаштириладиган штат бирликлари ҳамда харид қилинган асосий воситалар ва жиҳозлар Дирекцияга ўтказилади;
(д) Европа тикланиш ва тараққиёт банки гранти доирасида уран конларида рекультивация ишларини амалга оширувчи Лойиҳани бошқариш гуруҳининг вазифалари Дирекция томонидан амалга оширилади;
(ж) Республика радиоактив чиқиндиларни сақлаш маркази ва Лойиҳани бошқариш гуруҳининг амалда бюджет маблағлари ҳисобидан сақланаётган ҳамда Агентлик ва Дирекцияга ўтказилаётган штат бирликларини молиялаштириш тартиби сақлаб қолинади;
(з) Дирекция ходимларига ноқулай меҳнат шароитлари учун ҳар ойлик иш ҳақига нисбатан 40 фоиз устама тўланади.
4. Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирекциясининг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
(а) 2026 йил 1 октябрдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар статистика ҳисоботларини йил якунига кўра шакллантириб боради;
(б) шакллантирилган статистика ҳисоботлари Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этиб борилади;
(в) тадбиркорлик субъектлари томонидан хавфли чиқиндиларнинг ҳажми ҳамда уларнинг кейинги ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда Ягона ҳисоботлар тизими орқали киритилади;
(г) хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 20-санасига қадар йиллик режаларда назарда тутилган ҳосил бўлган хавфли чиқиндиларнинг ҳажми ҳамда уларнинг кейинги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни белгиланган шаклда Агентлик ахборот тизимига киритиб боради;
(д) йиллик режаларда назарда тутилган кўрсаткичларнинг бажарилиши устидан назорат Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан амалга оширилади.
6. Белгилансинки:
(а) барча фойдаланишдан чиқарилган хавфли чиқиндилар (таркибида қимматбаҳо, рангли, ноёб, қора металлар ва саноат учун муҳим минераллар мавжуд бўлган чиқиндилар бундан мустасно) сақланаётган (жойлаштирилган) махсус иншоотлар ва очиқ майдонлар (кейинги ўринларда — махсус объектлар) уларни экологик қайта тиклаш учун зарур бўлган маблағлар билан биргаликда бепул асосда Агентликка ўтказилади. Бунда:
(i) Агентлик тасарруфига ўтказилаётган махсус объектларни экологик қайта тиклаш (рекультивация қилиш) учун зарур бўлган маблағлар миқдори махсус объектларни фойдаланишдан чиқараётган ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилади;
(ii) зарур бўлган маблағларни тўлиқ ва ўз вақтида ажратиш мажбуриятининг бажарилишини таъминлайдиган қонунчиликда назарда тутилган кафолат турларидан бири тақдим этилганда, ушбу маблағлар Агентлик билан келишилган режа-жадвал асосида ажратилишига рухсат берилади;
(б) ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар фаолияти натижасида ҳосил бўлган хавфли чиқиндиларни шартнома асосида фақат ушбу фаолият турларини амалга оширишга ихтисослашган ташкилотларга қайта ишлаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмиш учун топширади;
(в) ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг ўзларида тегишли ваколат, инфратузилма ва экологик экспертизанинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда хавфли чиқиндиларни ўзлари қонунчиликка мувофиқ қайта ишлаши, зарарсизлантириши, утилизация қилиши ёки кўмишига рухсат берилади.
III. Ташкилий-институционал ислоҳ қилиш чоралари
7. Қуйидагилар Ишлатиб бўлинган ёқилғи билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги ҳақидаги Бирлашган Конвенция ҳамда «Марказий Осиё учун экологик қайта тиклаш ҳисоби» доирасида ишларни амалга оширишга оид ҳадли битим талабларига мувофиқ уран мероси объектларини экологик қайта тиклаш ва уларда барқарор радиоэкологик ҳолатни таъминлаш учун масъул органлар этиб белгилансин:
(а) махсус ваколатли орган (регулятор) — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси;
(б) оператор — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги.
8. Уран мероси объектларини экологик қайта тиклаш ва уларда барқарор радиоэкологик ҳолатни таъминлаш учун масъул органларнинг асосий вазифалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Белгилансинки, қуйидаги маблағларнинг ҳисоби Агентликнинг алоҳида бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисоб рақамида юритилади:
(а) Дирекциянинг хавфли чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича хўжалик фаолиятидан тушадиган соф даромаднинг 50 фоизи;
(б) Агентликка фойдаланишдан чиқарилган махсус объектни топшираётган ташкилотлар томонидан экологик қайта тиклаш учун ажратиладиган маблағлар.
10. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорнинг 9-бандида назарда тутилган маблағлар:
(а) хавфли чиқиндилар жойлаштирилган махсус объектларни экологик қайта тиклаш ва уларни барқарор сақлаш;
(б) хавфли чиқиндиларнинг узоқ муддатли мониторингини амалга ошириш;
(в) хавфли чиқиндилардан самарали фойдаланиш ҳамда хавфли чиқиндилар жойлашган ҳудудлардаги аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш;
(г) хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмиш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
11. Қуйидагилар икки ой муддатда фойдаланишдан чиқарилган махсус объектларни хатловдан ўтказиб, Агентлик тасарруфига ўтказиладиган объектлар рўйхати ва улардаги чиқиндилар паспортларини Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига киритсин:
(а) Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги — фаолияти тугатилган уран конлари (уран мероси объектлари) ҳамда фойдаланишдан чиқарилган кончилик фаолиятининг хавфли чиқиндиларини сақлаш объектлари бўйича;
(б) Энергетика вазирлиги ва «Ўзкимёсаноат» АЖ — тизим ташкилотларидаги фойдаланишдан чиқарилган махсус объектлар бўйича;
(в) Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги — барча уран мероси объектлари бўйича;
(г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари — тегишли ҳудуддаги бошқа ташкилотларнинг фойдаланишдан чиқарилган махсус объектлари бўйича.
12. Белгилансинки:
(а) мазкур қарорнинг 11-бандига асосан тақдим этилган рўйхатларга мувофиқ махсус объектлар (ер участкалари) ва улардаги хавфли чиқиндилар, экологик қайта тиклаш учун режалаштирилган маблағлари билан биргаликда белгиланган тартибда бепул асосда Агентлик тасарруфига ўтказилади;
(б) Агентлик тасарруфидаги собиқ уран конлари (уран мероси объектлари) ва хавфли саноат чиқиндиларини сақлаш объектлари жойлашган ер участкалари солиқ солинмайдиган ер участкалари тоифасига киради.
13. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси уран мероси объектлари Агентлик томонидан тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Гидрометеорология хизмати агентлиги билан биргаликда уларда узоқ муддатли мониторинг ўтказиш дастурини ишлаб чиқиб, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқласин. Бунда:
(а) уран мероси объектлари ва уларнинг санитария муҳофаза зонасида радиоэкологик мониторинг ўтказишга — Дирекция;
(б) уран мероси объектлари билан боғлиқ сув объектларининг радиоактив ифлосланиш даражасининг даврий лаборатория таҳлилларини ўтказишга — Гидрометеорология хизмати агентлиги;
(в) уран мероси объектларига яқин жойлашган аҳоли яшаш жойларида радиациявий кузатув ўтказишга — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси масъул этиб белгиланади.
14. Агентлик:
(а) бир ой муддатда Дирекциянинг тузилмаси ва низомини ишлаб чиқиб, тасдиқласин ҳамда Дирекциянинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
(б) икки ой муддатда Дирекцияни тегишли фаолият йўналиши бўйича амалий тажрибага эга бўлган малакали кадрлар билан жамлаш, шунингдек, зарур моддий-техника базасини шакллантириш учун махсус ва енгил автотранспорт воситалари, мебель, ташкилий техника ва бошқа асосий воситалар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
(в) Дирекция фаолиятининг молиявий таъминотини белгиланган тартибда амалга ошириб борсин.
15. Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Агентлик ва Дирекцияни Тошкент шаҳридаги давлат мулки бўлган бўш турган маъмурий бинога оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул жойлаштирсин.
16. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси 2027 йил 1 январга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда ташкилотлар ўртасида хавфли чиқиндилар бўйича ахборот алмашиш ва улар мониторингини амалга оширишга қаратилган ахборот тизимини ишлаб чиқсин. Бунда:
(а) Агентлик ахборот тизимини яратиш ва жорий этишда буюртмачи ҳисобланади ҳамда уни яратиш ва кейинчалик молиявий қўллаб-қувватлаш Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
(б) ахборот тизимида хавфли чиқиндиларнинг рақамли паспорти ҳамда I — III хавфлилик синфига мансуб чиқиндиларнинг ҳар бир тоннасини ҳосил бўлиш объектидан бошлаб утилизация қилиш жойигача реал вақт режимида мониторинг қилиб бориш имконияти яратилади;
(в) ахборот тизими Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг ахборот платформалари ҳамда Ягона ҳисоботлар тизимига интеграция қилиниб, «push» хабарнома бериш тизимидаги маълумотлар автоматик янгилаб борилади.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
17. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:
(а) ушбу қарорнинг 12-банди «б» кичик бандидан келиб чиқиб Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;
(б) қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари А.Ж. Раматов, тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф. Исламов ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Ш.Ш. Ҳасанов белгилансин.
19. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 3 август,
ПҚ-289-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 августдаги ПҚ-289-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирекциясининг
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
Хавфли чиқиндиларни бошқариш дирекциясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
(а) хавфли чиқиндилар ҳосил қилувчи корхона ва ташкилотларнинг ушбу чиқиндиларни бошқариш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
(б) хавфли чиқиндилар ҳаракати ҳамда улар билан боғлиқ ишларни амалга оширувчи ташкилотлар бўйича тезкор электрон реестр (маълумотлар базаси)ни юритиш;
(в) халқаро молия ташкилотларининг грантлари, шунингдек, хорижий ва маҳаллий инвесторлар маблағларини жалб этган ҳолда замонавий, экологик хавфсиз технологияларни жорий этиш орқали хавфли чиқиндиларни утилизация қилишни ташкил этиш;
(г) қайта ишлаш техник жиҳатдан имкони бўлмаган ёки иқтисодий самарасиз бўлган хавфли чиқиндиларни, шунингдек, уларнинг қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган қолдиқларини белгиланган тартибда кўмишни ташкил этиш;
(д) Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг оператор сифатидаги вазифаларини бажариш;
(ж) тасарруфидаги махсус объектларда барқарор экологик, саноат ва радиациявий хавфсиз ҳолатни таъминлаш чора-тадбирларини режалаштириш ва амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
(з) хавфли чиқиндилар билан боғлиқ ишларда қўлланиладиган техник ечимлар ва ташкилий тадбирлар бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш, уларни жорий этишда ташкилотларга кўмаклашиш ҳамда ваколатли органларга таклифлар киритиш;
(и) аҳоли ва ходимлар ўртасида хавфли чиқиндилар билан хавфсиз муомала қилиш масалалари бўйича тушунтириш ва тарғибот ишларини амалга ошириш;
(к) хавфли чиқиндиларни утилизация қилиш ва жойлаштириш инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
(л) хавфли чиқиндилар билан боғлиқ илмий-тадқиқот ҳамда лаборатория таҳлилларини амалга ошириш ва тегишли эксперт хулосаларини тайёрлаш;
(м) моддий-техника ва кадрлар ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда унга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида хўжалик ҳисобидаги (бюджетдан ташқари) фаолиятни амалга ошириш;
(н) хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар ҳисобидан тузилмасида бўлинма ва лабораториялар ташкил этиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 августдаги ПҚ-289-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Уран мероси объектларини экологик қайта тиклаш ва уларда барқарор радиоэкологик ҳолатни таъминлаш учун масъул органларнинг
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
1. Махсус ваколатли орган (регулятор) — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг асосий вазифалари:
(а) радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишни тартибга солувчи миллий қонунчилик, меъёр ва стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг Халқаро атом энергияси агентлиги (кейинги ўринларда — АЭХА) тавсиялари ва стандартларига мувофиқлигини таъминлаш;
(б) радиоактив чиқиндилар, шу жумладан, уран мероси объектлари билан боғлиқ атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги лицензияланадиган фаолият турларини лицензиялаш ҳамда лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
(в) уран мероси объектларини рекультивация қилиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш ва келишиш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш, объектлар ҳолатини баҳолаш ҳамда уларни узоқ муддатли мониторинг босқичига ўтказиш тўғрисида хулоса бериш;
(г) уран мероси объектларида радиациявий хавфсизлик талаблари бажарилишини йилига камида бир марта қонунчиликка мувофиқ ўрганиш;
(д) мамлакат ҳудудидаги собиқ уран конларини (уран мероси объектлари ва фаолияти тугатилган уран конларини) рўйхатга олиш ҳамда уларнинг радиациявий хавфсизлиги бўйича таснифланган реестрини юритиш;
(ж) вазирлик ва идораларнинг радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш объектларини экологик қайта тиклаш ва уларда барқарор радиоэкологик ҳолатни таъминлашга қаратилган АЭХАнинг техник ҳамкорлик миллий лойиҳалар концепцияларини тайёрлаш, АЭХА томонидан кўриб чиқиш ва келишиш, шунингдек, уларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш.
2. Оператор — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари:
(а) уран мероси объектларининг радиациявий ва экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ сақланишини таъминлаш;
(б) объектларнинг техник барқарорлигини таъминлаш, муҳандислик иншоотлари, конструкциялари ва коммуникацияларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;
(в) махсус ваколатли орган ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда объектлар ҳолатини даврий баҳолаш, рекультивация (ремедиация) ишлари бўйича дастурлар ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда амалга ошириш;
(г) махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда узоқ муддатли мониторинг дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда белгиланган даврийликда қайта кўриб чиқиш ва янгилаб бориш;
(д) ваколатли ташкилотлар билан биргаликда объектларда радиациявий мониторингни ташкил этиш ва ўз ваколати доирасида ўлчовларни амалга ошириш;
(ж) объектларни хавфсиз сақлашга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва тезкор бартараф этиш чораларини кўриш;
(з) объектларда авариявий ҳолатларда ҳаракат қилиш режаларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш учун зарур куч ва воситаларни шакллантириш;
(и) объектлар ҳолати, амалга оширилган ишлар ва мониторинг натижалари бўйича тезкор маълумотлар базасини (реестр) юритиш ҳамда даврий ҳисоботларни махсус ваколатли органга тақдим этиб бориш.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.08.2026 й., 07/26/289/0814-сон)