ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария бўйича ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 12 майдаги ПФ-84-сон Фармони ҳамда «Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 12 майдаги ПҚ-179-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария бўйича ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 12 майдаги ПФ-84-сон Фармонига мувофиқ:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ташкил этилгани;
Агентлик чорвачилик, шу жумладан, наслчиликни ривожлантириш, яйловлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш қисмида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, шартномалари ва халқаро битимлари бўйича ҳуқуқий вориси этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 31 июль,
426-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 июлдаги 426-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.
2. Агентлик республикада чорвачилик соҳасини ривожлантириш, яйловлардан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича стратегик режалаштириш, ҳудудлар кесимида соҳа йўналишларини белгилаш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга оид бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, методологик таъминлаш ҳамда мониторингини юритишда республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
3. Агентлик ўз фаолияти бўйича Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳисобот беради.
4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруқлари ҳамда ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
5. Агентлик, унинг таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
6. Агентликнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги;
қисқартирилган номи — Чорвачилик агентлиги;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Агентство по развитию животновдства и пастбищного хозяйства при Министерстве сельского хозяйства Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Агентство по животноводству;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Agency for the Development of Livestock and Pasture Management under the Ministry of Agriculture of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Agency for Livestock Development.
7. Агентлик жойлашган жой (почта манзили): 100123, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Кичик ҳалқа йўли кўчаси, 21а-уй.
2-боб. Агентликнинг тузилмаси, унинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Агентлик тузилмасига қуйидагилар киради:
Агентликнинг марказий аппарати;
ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар)лардаги вакиллари;
Наслчилик илмий-ишлаб чиқариш маркази.
9. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
чорвачиликнинг барча тармоқларини ривожлантириш, наслчилик-селекция ишларини такомиллаштириш, сунъий уруғлантиришни ташкил этиш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш;
соҳанинг ривожлантириш дастурлари ва «йўл хариталари»ни тайёрлаш, ҳудудлар кесимида устувор йўналишлар ва уларнинг ихтисослашувини белгилаш;
чорвачилик тармоқлари инфратузилмасини, жумладан, сунъий уруғлантириш пунктлари, сўйиш майдончалари, сут қабул қилиш пунктлари, лабораториялар, омборлар, чорвачилик мажмуалари, қайта ишлаш корхоналари ҳамда логистикани ривожлантириш;
чорвачилик тармоқларида самарали бизнес моделларини жорий қилиш, тармоқларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш;
чорвачилик тармоқларида замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, рақамли ечимлар, автоматлаштириш тизимлари, шунингдек, чорва молларини парваришлаш, озиқлантириш ва кўпайтиришнинг замонавий усулларини кенг татбиқ қилиш;
чорвачиликда соф генофондни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган наслчилик-селекция дастурларини амалиётга татбиқ этиш ва мувофиқлаштириш;
чорвачиликда наслдорлик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланиш;
чорва моллари бош сони, маҳсулдорлик, ишлаб чиқариш ҳажми, нархлар, инвестициялар ва экспорт кўрсаткичлари ҳамда тегишли ер участкаларида озуқабоп экинлар етиштирилиши бўйича маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш;
яйлов ерларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, деградациянинг олдини олиш, ўсимликлар табиий плантацияларини яратишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
яйловларда ўсимликлар уруғчилигини ривожлантириш, яйлов ерларини ижарага беришни ташкил этиш, шартномавий муносабатларни мониторинг қилиш;
қоракўл зотининг генофондини сақлаш, такрор кўпайтириш, селекция-наслчилик ишлари режаларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда инфратузилмаларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Агентликка қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юкланиши мумкин.
10. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) чорвачиликнинг барча тармоқларини ривожлантириш, наслчилик-селекция ишларини такомиллаштириш, сунъий уруғлантиришни ташкил этиш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлашда:
республикада қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик, паррандачилик, йилқичилик, туячилик, қуёнчилик, асаларичилик, қоракўлчилик ва бошқа ёндош тармоқларни ривожлантириш;
чорвачилик соҳасида наслчилик-селекция ишларини такомиллаштириш ва наслчилик ресурсларини кўпайтириш ҳамда маҳсулдорликни ошириш;
наслни яхшиловчи юқори генетик маҳсулдорлик хусусиятига эга бўлган турли зотлардаги наслдор чорва молларидан олинган уруғ билан чорва молларини сунъий уруғлантириш;
янги озуқа-ем ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ҳамда таркиби кучайтирилган озуқа-ем ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
чорвачилик соҳасида озуқа-ем базасини мустаҳкамлаш ва озуқабоп экинлар уруғчилигини йўлга қўйиш;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруқлари ҳамда ушбу Низом талаблари ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларида бажарилишини ўрганиш, мониторингини юритиш ва амалий ёрдам кўрсатиш;
соҳани ривожлантириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга оид дастурлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида уларнинг ижросини таъминлаш;
б) соҳани ривожлантириш дастурлари ва «йўл хариталари»ни тайёрлаш, ҳудудлар кесимида устувор йўналишлар ва уларнинг ихтисослашувини белгилашда:
соҳани ривожлантиришга оид материаллар ва ахборотларни тизимли равишда йиғиш, соҳа ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган муаммо ва камчиликларни республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
чорвачилик соҳаси ва яйлов хўжалигини ривожлантиришга оид ўрта ва узоқ муддатли стратегияларни ҳамда уларни амалга ошириш концепциясини ишлаб чиқиш;
наслчилик-селекция дастурлари, услубий қўлланмалар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга жорий қилиш;
в) чорвачилик тармоқлари инфратузилмасини, жумладан, сунъий уруғлантириш пунктлари, сўйиш майдончалари, сут қабул қилиш пунктлари, лабораториялар, омборлар, чорвачилик мажмуалари, қайта ишлаш корхоналари ҳамда логистикани ривожлантиришда:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда мавжуд маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, паст рентабелли корхоналарни иқтисодий соғломлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
чорвачилик тармоқлари инфратузилмасини яхшилаш, жумладан, сўйиш майдончалари, сутни қабул қилиш пунктлари, чорвачилик мажмуалари ҳамда логистикани ривожлантириш;
чорва молларини сунъий уруғлантириш, замонавий селекция ва биотехнология усулларини, жумладан, эмбрион кўчириб ўтказиш технологияларини кенг жорий қилиш, наслчилик материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали чорва молларида наслдорлик ва маҳсулдорликнинг сифат кўрсаткичларини яхшилаш;
г) чорвачилик тармоқларида самарали бизнес моделларини жорий қилиш, тармоқларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилишда:
ҳудудлар кесимида соҳа тармоқларини ривожлантиришни белгилаш ва чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга оид бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳани методологик таъминлаш;
соҳада самарали бизнес моделларини республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда жорий қилиш, соҳа тармоқларида инвестиция жозибадорлигини ошириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш;
соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини ўрганиш ва такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш;
соҳага хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш;
д) чорвачилик тармоқларига замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, рақамли ечимлар, автоматлаштириш тизимлари, шунингдек, чорва молларини парваришлаш, озиқлантириш ва кўпайтиришнинг замонавий усулларини кенг татбиқ қилишда:
чорвачилик соҳасини стратегик режалаштириш, замонавий технологиялар ва инновацияларни жорий қилиш;
сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда рақамли ечимлар, автоматлаштириш тизимларининг хорижий илғор тажрибаларини амалиётга татбиқ этиш;
чорва молларини парваришлаш, озиқлантириш ва кўпайтиришнинг хорижий илғор тажрибаларини соҳага татбиқ этиш;
халқаро талаблар асосида чорвачилик маҳсулотларини сертификатлаш ва стандартлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, сифат менежментининг замонавий усулларини жорий қилиш;
е) чорвачиликда соф генофондни сақлаб қолиш ва ривожлантириш, илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган наслчилик-селекция дастурларини амалиётга татбиқ этиш ва мувофиқлаштиришда:
наслчилик ресурсларини яратиш, чорва моллари соф генофондини сақлаш, такрор кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
Наслчилик илмий-ишлаб чиқариш маркази ва наслчилик корхоналари билан биргаликда чорвачилик субъектлари ва аҳолини наслчилик материаллари билан таъминлаш;
илмий ташкилотлар билан биргаликда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш;
хорижий давлатларнинг илғор илмий-технологик ишланмалари, инновацион ғоялари, технологиялари ва тажрибаларини ўрганиш ҳамда уларни соҳа тармоқларига жорий қилиш;
сунъий уруғлантириш бўйича мутахассисларнинг малакасини оширишни ташкил этиш ҳамда соҳа бўйича етакчи хорижий илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;
хорижий давлатларнинг наслчилик соҳасидаги илм-фан ютуқлари ва илғор тажрибаларини ўрганиш ҳамда уларни ҳудудларда жорий қилишга кўмаклашиш, соҳага оид семинар ва кўргазмаларни ташкил этиш;
ж) чорвачиликда наслдорлик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида наслчилик ресурсларини яратиш, сақлаш, такрор кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланишда:
наслчилик билан шуғулланувчи субъектларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда наслчилик хўжалиги мақомини бериш;
наслдор чорва молларини урчитиш, наслли маҳсулотлар (материаллар) етиштириш ва улардан фойдаланишни тизимли йўлга қўйиш;
чорва моллари сонини кўпайтириш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ва насл сифатини яхшилаш мақсадида хўжаликларда наслчилик ишларининг тизимли амалга оширилишини таъминлаш;
з) чорва моллари бош сони, маҳсулдорлик, ишлаб чиқариш ҳажми, нархлар, инвестициялар ва экспорт кўрсаткичлари ҳамда тегишли ер участкаларида озуқабоп экинлар етиштирилиши бўйича маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилишда:
республикада чорва моллари бош сонини кўпайтириш, наслчилик-селекция ишларини тизимли ташкил этиш орқали маҳсулдорликни ошириш;
ҳудудлар кесимида соҳа тармоқларини таҳлил қилган ҳолда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқиш;
ички ва ташқи бозор эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда чорвачилик маҳсулотлари экспорти ва импортини тизимли таҳлил қилиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда чорвачилик субъектларига шартли мол бош сонидан келиб чиққан ҳолда экин ерлари ажратиш, шунингдек, уларга зарур озуқа экинлари уруғлари, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар ва бошқа моддий ресурсларни етказиб беришни йўлга қўйиш;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда экин ерларига асосий, такрорий ва оралиқ озуқа экинларини жойлаштириш ва экиш ишларини ташкил этиш ҳамда алмашлаб экиш тизимини жорий қилиш;
озуқа экинлари етиштиришнинг самарали агротехнологиялари ҳамда чорва молларини озиқлантиришнинг илғор усуллари ва илмий ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш;
и) яйлов ерларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, деградациянинг олдини олиш, ўсимликлар табиий плантацияларини яратишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишда:
яйловлар ҳолатини яхшилаш, улардан фойдаланишни истиқболли режалаштириш ҳамда маданий яйловларни барпо этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
яйловлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш;
яйловлар деградациясининг олдини олиш, тиклаш ва ўсимликлар плантацияларини яратиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
яйловлардан алмашлаб фойдаланишни йўлга қўйиш, пичан ўриш ва чорва молларини боқиш нормалари ҳамда муддатларини белгилаш;
яйлов хўжалигини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиб бориш ҳамда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
к) яйловларда ўсимликлар уруғчилигини ривожлантириш, яйлов ерларини ижарага беришни ташкил этиш, шартномавий муносабатларни мониторинг қилишда:
яйлов ўсимликлари уруғчилиги тизими ривожланган мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш;
чорвачилик субъектларига ажратилган ер майдонларида чўл-яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйиш ва мониторингини юритиш;
чорвачилик билан шуғулланувчи субъектларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ яйловларни ижарага беришни тизимли йўлга қўйиш;
чорвачилик субъектлари ўртасида хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш;
л) қоракўл зотининг генофондини сақлаш, такрор кўпайтириш, селекция-наслчилик ишлари режаларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда инфратузилмаларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда:
қоракўлчилик йўналишида республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ушбу йўналишдаги тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
қоракўлчилик соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш ҳамда бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чоралар кўриб бориш;
қоракўлчилик фаолиятини илмий асосда йўлга қўйиш, илмий-тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва селекция-наслчилик ишлари натижалари амалиётга кенг кўламда жорий этилишини таъминлаш;
яйловларни тиклаш ҳамда чорва молларини суғориш учун сув иншоотларини (қудуқларни) барпо этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
11. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан Агентлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўладиган маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;
статистика органларидан зарур статистик маълумотларни сўраш ва бепул олиш;
ҳудудий бошқармалар орқали яйлов ерларини ижарага беришни ташкил этиш ва шартномавий муносабатларни юритиш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун илмий, консалтинг ва аудит ташкилотлари, олимлар, зооинженерлар, соҳага алоқадор мутахассислар, шу жумладан, хорижий олимлар, зооинженерлар ва мутахассисларни шартнома ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида жалб қилиш;
Агентлик ваколатига кирадиган масалалар доирасида хорижий давлатларнинг соҳага оид ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва шартномалар тузиш;
жисмоний ва юридик шахслар билан битим ва келишувлар асосида чорвачилик соҳасида ва яйлов хўжаликларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш;
жисмоний ва юридик шахслар учун Ўзбекистон Республикасида ва хорижий давлатларда тренинг, семинар ва бошқа таълим дастурларини ташкил этиш;
соҳада жорий ва стратегик вазифалар, олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижаларни ёритиш, услубий қўлланма ва буклетларни нашр қилиш учун белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
озуқа экинлари учун ажратилган ер участкаларидан ер участкасининг рухсат этилган фойдаланиш турига номувофиқ фойдаланилганда ёки улардан оқилона фойдаланилмаганда, ушбу ер участкаларини қайтариб олиш бўйича тегишли ваколатли органларга ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдимномалар киритиб бориш;
озуқа қўшимчаларининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ва уларнинг синов натижаларини ҳамда тайёрланаётган соҳага оид қўлланмалар, тавсияномалар ва йўриқномаларни ўрганиш, шунингдек, ишлаб чиқилган техник қоидалар ва нормаларни кўриб чиқиш.
12. Агентлик:
юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали амалга оширилиши;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг топшириқларини ўз вақтида бажарилиши учун жавоб беради.
Агентлик ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек, таркибига кирувчи илмий муассасалар ҳамда «Паррандасаноат», «Ўзбекистон асаларичилари» ва «Яйлов хўжалигини ривожлантириш» уюшмалари билан ҳамкорликда амалга оширади.
4-боб. Агентлик фаолиятини ташкил қилиш
13. Агентликка Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.
14. Агентлик директори бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари ҳисобланади ва ушбу лавозимда ўриндошлик асосида фаолият юритади.
15. Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг тақдимномасига биноан, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади.
Агентлик директори бўлмаган даврда, директор вазифасини унинг биринчи ўринбосари бажаради.
Агентлик директори ва директорнинг биринчи ўринбосари бўлмаган даврда, директор вазифасини Агентлик директори ўринбосари бажаради.
5-боб. Агентлик директори, директор ўринбосарлари ва Агентлик таркибий бўлинмаларининг асосий функционал вазифалари
16. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;
Агентликка қонунчилик ҳужжатлари билан юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруқлари ижросини таъминлаш ҳамда мониторингини юритишнинг амалий тизимини ташкил этиш;
Агентликнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
Агентлик тизимидаги ташкилотларнинг мансабдор шахслари ваколатлари ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилаш;
ўз ваколати доирасида Агентлик тизими ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;
Агентликнинг марказий аппарати харажатлари сметаси ва штатлар жадвалини юқори турувчи идорага тақдим этиш;
Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;
чорвачилик соҳаси ва яйлов хўжаликларини ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, шу жумладан, улар эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш.
Агентлик директори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
17. Агентлик директорининг ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруқлари, Агентлик директорининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;
таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
таркибий бўлинмалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик директорига киритиш;
Агентлик директорига таркибий бўлинмаларда ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг касбий маҳорати, малакаси, амалий тажрибаси, ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари юқори даражада бўлишини таъминлаш, касбий малакаларини ошириш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўриш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги (KPI) ва натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;
Агентлик директори вақтинча бўлмаганда тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш.
Агентлик директори ўринбосарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
18. Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ҳамда ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари қуйидагилардан иборат:
ўзига юкланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
Агентлик раҳбарияти топшириқларининг тўлиқ бажарилишини назорат қилиш ва таъминлаш;
Агентлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни таъминлаш бўйича зарур тадбирларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг буйруқлари ижросини таъминлаш, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ таркибий бўлинмалар ва ҳудудий бошқармалар ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий чоралар кўриш ҳамда топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш;
одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этиш;
ташкилот ходимлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш.
Агентликнинг марказий аппарати таркибий бўлинмалари ҳамда ҳудудий бошқармалари раҳбарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
6-боб. Агентлик раҳбарларининг жавобгарлиги
19. Агентлик директори:
Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
Агентликнинг Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши;
ушбу Низомнинг 16-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
20. Агентлик директори ўринбосарлари:
мутасаддилик қилинадиган йўналиш ва таркибий бўлинмаларда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
7-боб. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминоти, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш
21. Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Агентликда бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаси шаклидаги Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилади.
Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган ягона шахсий ғазна ҳисобварағида юритилади.
Жамғарма маблағлари Агентлик ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш, шунингдек, Агентликнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ҳамда рақамлаштириш (ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни харид қилиш ҳамда уларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш харажатлари) билан боғлиқ тадбирларга йўналтирилади.
22. Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбаларига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Жамғарма маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
23. Агентликка 3 та хизмат енгил автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилади.
24. Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари ходимлари ҳамда шартнома асосида жалб қилинган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва уларнинг кўп йиллик меҳнати учун ҳар ойлик устамалар (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда), уларга моддий ёрдам кўрсатиш, лавозим маошига белгиланган коэффициентлар, шунингдек, қўшимча ҳақ, устамалар, мукофотлар, ижтимоий ва бошқа тўловлар, идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини амалга ошириш ва марказий аппарат таъминоти билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Жамғарма маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
25. Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари ходимлари ҳамда шартнома асосида жалб қилинган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартлари:
а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш тартиби қўлланади. Бунда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан:
Ягона тариф сеткаси бўйича тасдиқланган разрядларга мувофиқ лавозим маоши, бунда Агентлик марказий аппарати ҳамда ҳудудий бошқармалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда тасдиқланган разрядларга мувофиқ лавозим маошини белгилашда тариф коэффициентларини 1,4 бараварга оширилади;
лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида устама (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти);
йилда бир марта ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фонди миқдорида моддий ёрдам;
ўз вазифаларини виждонан, шунингдек, алоҳида муҳим ва масъулиятли ишларни бажараётган ходимларга икки ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдорида мукофот;
кўп йиллик хизмати учун лавозим маошига (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) 20 фоиздан 100 фоизгача миқдорда устама, бунда:
1 йилдан 5 йилгача — 20 фоиз;
5 йилдан 10 йилгача — 30 фоиз;
10 йилдан 15 йилгача — 40 фоиз;
15 йилдан 20 йилгача — 60 фоиз;
20 йилдан 25 йилгача — 80 фоиз;
25 йилдан ортиқ — 100 фоиз миқдорида устама тўланади;
б) Жамғармага маблағлари ҳисобидан:
Агентлик марказий аппарати ходимларига ўз хизмат вазифаларини виждонан бажарганликлари учун Агентлик директори томонидан лавозим маошининг (рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда) 300 фоизгача ҳамда ҳудудий бошқармалари ходимларига 200 фоизгача миқдорда ҳар ойлик устамалар;
алоҳида ўрнак кўрсатган Агентлик марказий аппарати ходимларига лавозим маошининг (рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда) 100 фоизигача миқдорда ойлик устамалар;
ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг меҳнати самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда (жамоа шартномасига мувофиқ) транспорт харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари ҳамда овқатланиш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаригача миқдорида тўловлар;
Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари ходимларига расман байрам деб эълон қилинган кунлар (1 январь — Янги йил, 8 март — Хотин-қизлар куни, 21 март — Наврўз байрами, 9 май — Хотира ва қадрлаш куни, 1 сентябрь — Мустақиллик куни, 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни, 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни, диний байрамлар — Рўза ҳайити (Ийд-ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд-ал-Адҳа)) ҳамда қишлоқ хўжалиги ходимларининг касб байрамлари муносабати билан лавозим маошининг (рағбатлантирувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда) икки баравари миқдорида мукофот;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун ходимларга бир йилда бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдоридаги тўловлар тўланади.
Заруратга кўра ходимлар ва (ёки) уларнинг оила аъзоларига қуйидаги ҳолларда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдоридаги моддий ёрдам тўлаб берилади:
ходим вафот этганда — бунда моддий ёрдам хотинига (эрига) тўлаб берилади, агар ходимнинг хотини (эри) бўлмаса, моддий ёрдам фарзандларига ёки қонуний вакилларига (васийлари ва ҳомийларига) ёхуд уларнинг вояга етмаган фарзандларини асраб олган шахсларга тўлаб берилади, шунингдек, ходим турмуш қурмаган бўлса, моддий ёрдам ота-онаси ёки боқимандалар ўртасида тенг улушларда тақсимланади;
яқин қариндоши (ота, она, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда (вафоти тўғрисида гувоҳнома нусхаси тақдим этилганда);
турмуш қурганда, 50, 55, 60 юбилей ёши муносабати билан, шунингдек, пенсияга чиққанда;
алоҳида заруратга кўра (бахтсиз ҳодиса, фалокат, узоқ муддатли касаллик сабабли даволаниш ва соғлиғини тиклаш, оиланинг кам таъминлангани ва молиявий ҳолатининг оғирлиги учун).
Жамғарма маблағлари ҳисобидан сақланиши белгиланган штат бирликларига ушбу банднинг «а» ва «б» кичик бандларида назарда тутилган барча тўловлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
26. Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган Агентликнинг жалб этилган ходимлари, экспертлари ва маслаҳатчилари хизматларига тузилган шартнома шартларига мувофиқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўланади.
Бунда рағбатлантирувчи устамалар ва қўшимча тўловлар Агентлик директори томонидан имзоланадиган меҳнат шартномаларига мувофиқ тўланади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
27. Агентлик қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 31 июлдаги 426-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) Чорвачилик тармоқларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) бошқариш, шунингдек, унинг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади ҳамда унинг маблағлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:
Чегара озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги назорати инспекцияси ҳамда Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва ветеринария дори воситалари таҳлил марказининг хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағларининг республика бюджети ҳамда тегишли хизмат кўрсатувчи ташкилотларга йўналтириладиган қисми чегирилганидан кейин қоладиган маблағларнинг 20 фоизи;
собиқ Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасининг қолдиқ маблағларидан 20 млрд сўм қисми;
халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитига жойлаштириш ҳисобидан тушадиган фоизлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
4. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
чорвачилик соҳаси, жумладан, қорамолчилик, қўйчилик, қоракўлчилик, эчкичилик, йилқичилик, туячилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик-селекция ишларида (кейинги ўринларда — чорвачилик соҳаси) инновацион ва стартап лойиҳалар ҳамда янги ишланмаларни молиялаштириш ҳамда грантлар ажратиш;
яйлов ерлари деградациясининг олдини олиш, ўсимликлар табиий плантацияларини яратиш, зарур техника ва ускуналарни сотиб олиш, яйловларда ўсимликлар уруғчилигини ривожлантиришни молиялаштириш ҳамда грантлар ажратиш;
Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари ҳамда ҳудудий бошқармалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ривожлантириш ва уларга молиявий ёрдам кўрсатиш;
Агентлик ходимларининг хизмат сафарлари харажатларини молиялаштириш, ойлик иш ҳақига тенглаштирилган тўловлар, шу жумладан, устамалар, мукофотлар, қўшимча ҳақ, компенсациялар ва бошқа барча турдаги тўловларни тўлаш (рағбатлантирувчи коэффициентларни ҳисобга олган ҳолда);
Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари ҳамда ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамда чорвачилик соҳасидаги ва яйлов хўжалигини ривожлантириш бўйича кадрларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларида тажриба орттиришини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
аудит хизматлари, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда хорижий етакчи ташкилотлар мутахассисларини ва экспертларини маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари ҳамда ҳудудий бошқармалари бино ва иншоотларини сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни қуриш ва таъмирлаш, мебель, алоқа тармоқлари, компьютер ҳамда бошқа зарур ускуна ва жиҳозлар билан жиҳозлаш харажатларини молиялаштириш;
Агентлик ташаббуси билан ташкил этиладиган чорвачилик соҳасига оид конференциялар, семинарлар, форумлар ва бошқа тадбирлар харажатларини молиялаштириш;
Агентлик ва унинг тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалари ҳамда ҳамкорликда фаолият олиб бораётган уюшмалар ходимларига мамлакат ҳудудига ва хорижий давлатларга чиқиш учун авиачипталар харид қилиш, хизмат сафарлари харажатларини қоплаш, вакиллик харажатлари, совғалар харид қилиш ва бошқалар учун миллий ва чет эл валютасида маблағлар ажратиш;
чорвачилик соҳасининг инфратузилма объектларини ташкил этиш ва инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш;
чорвачилик соҳасига оид касбий ва олий таълим муассасаларининг иқтидорли, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, чин етим ва ногиронлиги бўлган талабалари (ўқувчилари)ни қўллаб-қувватлаш мақсадида стипендиялар белгилаш;
Агентлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган бошқа тадбирларни амалга ошириш;
ходимларга иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларида ишга жалб этилгани учун тўловлар ҳамда бошқа пулли компенсациялар тўлаш, моддий ёрдам, транспорт ва овқатланиш харажатларини тўлаш орқали уларни ижтимоий муҳофаза қилиш;
Агентлик тизимида ташкил этилган ташкилот ва корхоналар томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома асосида бажарилган ишлар (хизматлар) учун тўловларни амалга ошириш;
чорвачилик соҳасини рақамлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш, соҳага ахборот тизимларини жорий қилиш, уларни юритиш ва техник қўллаб-қувватлаш;
наслчилик ишларида фаол иштирок этган, сунъий уруғлантириш орқали наслли бузоқ олиш натижаларига эришган техник осеменаторларни базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача мукофотлаш. Бунда ушбу харажатлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланадиган номзодларга татбиқ этилади;
соҳада ҳамкорликда олиб борилаётган нодавлат нотижорат ташкилотларига беғараз молиявий кўмак бериш ҳамда халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини тўлаш;
хорижий ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларини Ўзбекистон Республикасида бўлиш даврида уларни қабул қилиш ва кузатиш билан боғлиқ харажатлар;
босма нашр маҳсулотларини, электрон дастурларни ишлаб чиқиш, шунингдек, чорвачилик соҳасига оид бланкаларни тайёрлаш;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларни молиялаштириш.
5. Жамғарма маблағлари Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тасарруф этилади.
6. Агентлик директори:
Жамғарма маблағларини ушбу Низомга ҳамда Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тасарруф этади ва унинг маблағларидан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши учун жавоб беради;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган товарлар (ишлар ва хизматлар)ни харид қилиш учун шартномалар тузади;
Жамғарма томонидан молиялаштирилган маблағлар бўйича, шу жумладан, шартнома шартларига қўшимча киритиш, тўлдириш, амал қилиш муддатини ўзгартириш (узайтириш) бўйича қарорлар қабул қилади;
Жамғарма даромадлари ва харажатлари ҳисоби юритилишини, Жамғарма маблағларидан ушбу маблағларни олувчилар томонидан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши мониторингини таъминлайди;
ўз ваколати доирасида бошқа масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш, ҳисобот бериш, назорат қилиш ва жавобгарлик
7. Агентлик ҳар бир йўналиш бўйича Жамғарма маблағлари тушуми ва ҳаракатининг алоҳида ҳисобини юритади.
8. Агентлик директори ва бош ҳисобчиси Жамғармага келиб тушадиган маблағлар ва уларнинг сарфланишига оид бухгалтерлик ҳисобини юритиш, ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этиш учун жавобгардир.
9. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан олинган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар тўғрисидаги чораклик ва йиллик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига белгиланган шакллар ва муддатларда тақдим қилиб боради.
10. Жамғарма маблағларидан белгиланган мақсадларда фойдаланиш ваколатли органлар томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ назорат қилинади.
11. Жамғарма маблағлари ҳисобидан бошқа давлат идоралари ва ташкилотларининг (Агентлик тизимига кирмайдиган) жамғармалари ҳамда харажатларини молиялаштириш тақиқланади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
12. Жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши Давлат молиявий назорат инспекцияси томонидан назорат қилинади.
13. Ушбу Низом талабларини бажаришда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
14. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2026 й., 09/26/426/0806-сон)