Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига ҳамда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида» 2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ва айрим фуқаро ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2026 йил 8 июндаги ПҚ-214-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига ҳамда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида» 2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарорига иловага мувофиқ Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдорини 25 фоизга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилсин.
2. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 июль,
369-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 июлдаги 369-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига ҳамда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзоларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисида» 2005 йил 25 июлдаги 169-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-илованинг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси контракт бўйича хизмат қилаётган, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари йўналиши бўйича турар жой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно):
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараваригача миқдорда;
Самарқанд шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туманлар марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда тўланади.
Оила аъзолари уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (ҳарбий хизматчининг ўзини ҳисобламаган ҳолда), ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади. Бунда ҳарбий хизматчининг ҳарбий хизматни ўташ жойига келган оила аъзолари: хотини (эри), уларнинг фарзандлари ва ота-оналари, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ ижарага олувчининг оила аъзолари деб эътироф этилган бошқа шахслар ҳисобга олинади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ олдинги яшаш жойида уй-жой майдонини бронь қилган ва бронь қилинган уй-жой майдонига уй-жой майдони билан таъминланмаган бошқа ҳарбий хизматчиларни жойлаштирган ёхуд уй-жой майдонини ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирликлари ва идораларининг квартира органларига берган ҳарбий хизматчиларга ҳам пул компенсацияси мана шу миқдорларда тўланади.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказлари маъмурий чегараларига бевосита яқин жойлашган, бир гарнизон ҳудудига кирувчи туман аҳамиятига эга аҳоли яшаш пунктларидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчиларига, ушбу шаҳарлар (пойтахт ва вилоят марказлари) яқинида турар жойни ижарага олганлиги (ижарада турганлиги) учун пул компенсацияси, амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно), ҳарбий хизматчи ҳақиқатда яшаётган ҳудудий бирлик учун белгиланган миқдорларда тўланади.
Ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида турар жой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йил Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб борилади. Бунда турар жой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Солиқ қўмитасининг ҳар йил 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Турар жой ижарасининг бозор қиймати мазкур бандда кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу Низомда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди ва уни ўзгартириш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунига қадар тўланади».
2. 2-илованинг 8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун пул компенсацияси ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига амалдаги сарф-харажатлар доирасида (коммунал хизматлар ҳақи бундан мустасно):
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараваригача миқдорда;
Самарқанд шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 бараваригача миқдорда;
Нукус шаҳри ва бошқа вилоятлар марказларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,6 бараваригача миқдорда;
Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарлари, туманлари марказлари ва аҳоли пунктларида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,4 бараваригача миқдорда тўланади.
Пул компенсациясини олувчи ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоси (турмуш ўртоғи, ота-онасидан бири) билан бирга яшайдиган оила таркиби уч киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда (пул компенсацияси олувчи шахсни ҳисобламаган ҳолда), пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади. Бунда пул компенсацияси олувчи оила аъзоси билан бирга яшайдиган шахслар (ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари, ҳарбий хизматчи (ходим) ҳаётлигида фарзандликка олган шахслар, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзолари томонидан фарзандликка олинган шахслар, ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғидаги ота-онаси, шу жумладан, турмуш ўртоғининг ота-онаси) ҳисобга олинади.
Ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари миқдори ҳудудлар кесимида турар жой ижарасининг бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йил Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб борилади. Бунда турар жой ижарасининг бозор нархларини қайта белгилашда Солиқ қўмитасининг ҳар йил 1 октябрь ҳолатига кўра солиқ органлари автоматлаштирилган ахборот тизимига ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўйича берган маълумоти асос ҳисобланади. Турар жой ижарасининг бозор қиймати мазкур бандда кўрсатилган ҳар ойлик компенсация меъёрларидан кам миқдорларни ташкил этса, ҳар ойлик компенсациянинг ушбу Низомда белгиланган меъёрлари ўзгартирилмайди ва уни ўзгартириш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилингунига қадар тўланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2026 й., 09/26/369/0706-сон)