ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Қорақалпоғистон Республикасида махсус майнинг зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида
Қорақалпоғистон Республикасига инвестицияларни жалб қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва майнингни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар ушбу қарорнинг асосий мақсади ва устувор вазифалари этиб белгилансин:
(а) майнинг фаолиятини амалга ошириш учун барча турдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда қулай шарт-шароитлар яратиш;
(б) Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда янги ишчи ўринлар яратиш орқали аҳоли даромадларини кўпайтириш.
II. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида махсус майнинг зонасини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ:
(а) крипто-активлар айланмаси махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиниши;
(б) майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши;
(в) крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун юридик шахслар томонидан йиғимлар тўланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. «Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонаси (кейинги ўринларда — махсус зона) ташкил этилсин. Бунда:
(а) махсус зонанинг ҳудуди Қорақалпоғистон Республикасининг бутун ҳудуди ҳисобланади;
(б) махсус зона доирасида қуйидагиларга:
(i) майнингни амалга ошириш учун ягона электр энергетика тизимидан ва барча турдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан, шунингдек, водород электр станциясида ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланишга;
(ii) майнинг натижасида олинган крипто-активлар белгиланган тартибда миллий крипто-биржалар ёки хорижий платформалар орқали, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилишига ва (ёки) уларни бошқа ликвидли крипто-активларга айирбошлашга;
(iii) майнинг натижасида олинган (шу жумладан, бошқа юқори ликвидли крипто-активларга айирбошланган) крипто-активларни сотишдан тушган тушумни мажбурий тарзда Ўзбекистон Республикасидаги банкларнинг ҳисобварақларига ўтказишга;
(iv) фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият юритаётган юридик шахслар резидент бўлишига;
(v) резидентларга майнинг амалга ошириш натижасида ҳосил бўладиган иссиқлик энергияси ҳисобидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларида белгиланган тартибда иссиқхоналар ташкил этишга рухсат этилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши муассислигида масъулияти чекланган жамият шаклида «Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонаси дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) ташкил этилсин ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатномалар бериш бўйича ишчи орган этиб белгилансин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ махсус зона доирасида:
(а) талабгорлар (юридик шахслар) махсус зона резидентлигини ва майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олиш тўғрисида ариза билан Дирекцияга мурожаат қилади;
(б) талабгорларнинг аризалари Дирекция томонидан кўриб чиқилади, ижобий хулоса берилганда:
(i) талабгорга Дирекция томонидан махсус зона резиденти (кейинги ўринларда — резидент) мақоми берилади;
(ii) резидентга майнинг фаолиятини амалга ошириш учун Агентлик томонидан қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмасдан рухсатнома берилади;
(в) Дирекция резидентларни рўйхатдан ўтказади, уларнинг ҳисобини юритади ва аризалар сифатли кўриб чиқилишига жавобгар бўлади.
6. Белгилансинки:
(а) 2035 йил 1 январга қадар резидентларнинг майнинг фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ операциялардан олинган даромадлари солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади;
(б) махсус зонада майнинг фаолиятини амалга оширганлик учун резидентлар ҳар ойда ушбу фаолиятдан олган даромадининг 1 фоизи миқдорида Дирекцияга тўлов тўлайди, бунда Дирекциянинг соф фойдаси Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетига ўтказилади;
(в) ягона электр энергетика тизимига уланиш орқали электр энергиясидан фойдаланилган тақдирда:
(i) истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлар II тариф гуруҳига нисбатан икки баравар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўланади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрдаги «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-189-сон Фармонига 1-иловада назарда тутилган ҳолатлар мустасно;
(ii) истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисоби алоҳида ҳисобга олиш ускунасини ўрнатган ҳолда юритилади;
(г) махсус зонанинг фаолият юритиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.
7. Агентлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда мазкур қарорнинг 6-банди «а» кичик бандидан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Энергетика вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Агентликнинг салоҳиятли инвесторлар томонидан махсус зона ҳудудида норентабел, паст дебитли, қазиб чиқарилиши камайиб бораётган, шунингдек, углеводородларни етказиб беришнинг транспорт тизими мавжуд бўлмаган ёки эскирган конларни янада ўзлаштириш, сақлаш ва жиҳозлаш орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш ва ундан майнингни амалга ошириш учун фойдаланиш бўйича лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
9. Энергетика вазирлиги Агентлик билан биргаликда икки ой муддатда норентабел, паст дебитли, қазиб чиқарилиши камайиб бораётган, шунингдек, углеводородларни етказиб беришнинг транспорт тизими мавжуд бўлмаган ёки эскирган конларни инвесторларга майнингни амалга ошириш учун фойдаланишга бериш тўғрисидаги тартиб ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.
10. «Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонаси резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш учун асосий талаб ва шартлар 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бир ой муддатда:
(а) Дирекциянинг ташкил этилиши, давлат рўйхатидан ўтказилиши ва жойлаштириш учун жой ажратилишини;
(б) Энергетика вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикасида майнинг амалга ошириш учун қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш мақсадида ер участкалари ажратишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
13. Агентлик икки ой муддатда:
(а) «Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонаси ва резидентларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
(б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
14. Қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.У. Эрманов белгилансин.
15. Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 17 апрель,
ПҚ-143-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 апрелдаги ПҚ-143-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонаси резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш учун асосий
ТАЛАБ ВА ШАРТЛАР
1. Юридик шахс Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтган бўлиши керак.
2. Майнингни фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда амалга ошириш лозим.
3. Майнинг ускуналарини ўрнатиш учун мўлжалланган алоҳида жой мавжуд бўлиши керак.
4. Майнинг ускуналарини ўрнатиш учун мўлжалланган жойнинг санитария нормалари ва қоидаларига жавоб бериши ҳамда техник хавфсизлик талабларини инобатга олган ҳолда электр энергияси таъминоти тизимининг техник созлигини таъминлаш лозим.
5. Майнинг ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда амалга оширилган тақдирда, истеъмол қилинадиган электр энергияси алоҳида ҳисобланишини таъминлаш мақсадида Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭҲНАТ) уланиш имкониятига эга бўлган, рўйхатдан ўтказилган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунаси бўлиши шарт.
6. Иқтисодий жиноятлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, коррупция ва бошқарув тартибига қарши жиноятларни содир этганлик учун гумонланаётган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар томонидан резидентни бошқаришга йўл қўйилмайди.
7. Резидентнинг устав капиталида эгаси ва (ёки) якуний бенефициар мулкдори сифатида қуйидаги шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди:
(а) мазкур талаб ва шартларнинг 6-бандида кўрсатилган шахслар;
(б) жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда рўйхатдан ўтган компаниялар ҳамда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахсларнинг бўлишига (иштирок этишига).
8. Яширин майнинг, аноним крипто-активлар майнингини ҳамда муқаддам муомалада бўлган крипто-активларни муомалага киритишга йўл қўйилмайди.
9. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш керак.
10. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ваколатли органнинг талабига мувофиқ фаолият тўғрисидаги маълумотларни бепул тақдим қилиш лозим.
11. Махсус зонада фаолият юритиш учун қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ажратмаларни ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш шарт.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 апрелдаги ПҚ-143-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3832-сон қарорида:
(а) 1-банднинг иккинчи хатбошисидан «(турли крипто-активларда янги бирликлар ва комиссия йиғимлари форматида мукофот олиш имконини берадиган тақсимлаш платформасини таъминлаш ва янги блоклар яратиш бўйича фаолият)» сўзлари чиқариб ташлансин;
(б) 3-бандда:
(i) «в» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«в) майнинг бу ҳисоблаш операцияларини бажариш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини юритиш, блокларнинг яхлитлигини яратиш ва тасдиқлаш фаолиятидир.
Майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади, «Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонаси ҳудудида амалга ошириладиган майнинг бундан мустасно.
Ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда электр энергиядан фойдаланилган тақдирда:
истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўланади, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрдаги «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-189-сон Фармонига 1-иловада назарда тутилган ҳолатлар мустасно;
тиғиз даврда истеъмол қилинган электр энергия учун тегишли тарифларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган устамалар қўлланилади;
истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисоби алоҳида ҳисоблагич ўрнатилган ҳолда юритилади.
Майнинг Агентлик томонидан мажбурий рўйхатдан ўтказилади ва лицензияланадиган фаолият турига кирмайди.
Майнинг билан шуғулланувчи шахслар (майнерлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишлари шарт.
Майнерларни рўйхатдан ўтказиш фақат Интернет тармоғи орқали электрон шаклда амалга оширилади.
Майнерлар ўз фаолиятини фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириши лозим»;
(ii) «д» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«д) 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали белгиланган тартибда амалга оширади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно»;
(iii) «и» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«и) хизматлар провайдерлари фаолиятига қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган электрон платформа ва (ёки) техник ҳамда дастурий воситалар мажмуининг мавжудлиги;
крипто-активлар билан боғлиқ барча операциялар бўйича маълумотларни, платформа иштирокчиларининг идентификация маълумотларини, хизматлар провайдерларининг платформа иштирокчилари билан муносабатларига оид материалларни (шу жумладан, платформа иштирокчилари ўртасида), шу жумладан, иш ёзишмаларини беш йил давомида сақлаш;
крипто-активлар айланмаси, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш ҳамда шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги рекламага қўйиладиган, шу жумладан, крипто-активлардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятнинг самарадорлиги (даромади) ҳақида ваъдалар бериш, крипто-активлар билан битимларни тузиш бойишнинг енгил усули эканлиги ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланганлиги ҳамда крипто-активлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов ёки тўловни қабул қилиш воситаси (қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно) сифатида қўлланилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги талабларга риоя қилиш;
аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга оширмаслик;
платформа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ маълумотларни ваколатли органнинг сўровига биноан бепул тақдим этиш;
жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, норезидентларга, лицензиатнинг устав капиталидаги улушини реализация қилишни лицензияловчи орган билан келишиш;
лицензиатнинг раҳбарияти (директор ва унинг ўринбосарлари), шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича таркибий бўлинма раҳбарини алмаштириш масаласини лицензияловчи орган билан келишиш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа талаблар.
Қуйидагилар крипто-биржаларга қўйиладиган қўшимча лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
крипто-активларни котировкалашни уларга бўлган талаб ва таклиф асосида амалга ошириш;
ариза берилган санада пул маблағи шаклида базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг баравари миқдорида шакллантирилган устав жамғармаси (капитали) мавжудлиги, шундан уч минг бараварини Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйиш»;
(iv) «м» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«м) крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун юридик шахслар йиғим тўлайдилар. Йиғимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Агентлик ўртасида тақсимланади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Йиғимлар миқдори, уларни тўлаш ва уларнинг тақсимланиши Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси билан биргаликда тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади»;
(в) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Қуйидагиларга:
а) хизматлар провайдерларига:
кўрсатилган хизматлар учун, шу жумладан, крипто-активлар шаклида мукофот олиш, унинг миқдорини ва уни мижозлардан ундириш тартибини белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари билан крипто-активларни миллий ва хорижий валютага сотиб олиш ва (ёки) бегоналаштиришга, шунингдек, крипто-активларни бошқа крипто-активларга айирбошлашга қаратилган битимларини ташкил этиш;
б) крипто-дўконларга ўз фаолиятини фақат электрон платформа орқали амалга ошириш жараёнида мижозларининг маблағларини транзакция амалга оширилган ва маълумотларнинг тақсимланган реестрида тегишли ёзув пайдо бўлган пайтдан бошлаб Агентлик томонидан белгиланган муддатда сақлаш;
в) майнерларга майнинг натижасида олинган крипто-активларни миллий крипто-биржалар ёки хорижий платформалар орқали, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, белгиланган тартибда сотиш ва (ёки) уларни бошқа крипто-активларга айирбошлаш ҳуқуқи берилсин. Бунда майнинг натижасида олинган крипто-активларни бошқа юқори ликвидли крипто-активларга айирбошлаш ва уларни кейинчалик миллий крипто-биржалар ёки хорижий платформалар орқали, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга йўл қўйилади. Майнинг натижасида олинган (шу жумладан, бошқа юқори ликвидли крипто-активларга айирбошланган) крипто-активларни сотишдан тушган тушум мажбурий тарзда Ўзбекистон Республикасидаги банкнинг ҳисобварақларига ўтказилади»;
(г) қуйидаги мазмундаги 5-банд билан тўлдирилсин:
«5. Шундай тартиб ўрнатилсин, унга мувофиқ:
а) бир вақтнинг ўзида қуйидаги мезонлардан камида иккитаси мавжуд бўлганда, крипто-активлар билан операция (кейинги ўринларда — операция) ўтказиш жойи сифатида Ўзбекистон Республикаси тан олинади:
операциянинг бир томони Ўзбекистон Республикасининг резиденти (жисмоний ёки юридик шахс) бўлиши;
операция Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида амалга оширилиши;
операция Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида рўйхатдан ўтган IP-манзилдан ва (ёки) Ўзбекистон Республикасининг халқаро коди мавжуд бўлган мобил телефон рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши;
операция бўйича ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикасининг тижорат банки томонидан эмиссия қилинган банк картасидан фойдаланилганда ёки тўловларга ишлов бериш ва уларнинг клиринги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилганда;
операцияни амалга ошириш учун хизматлар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида яшовчи мижозлар учун мўлжалланганда, шу жумладан, давлат тилида тақдим этилганда ёки реклама қилинганда;
б) Агентликка қуйидаги ваколатлар берилади:
Ўзбекистон Республикаси резидентларига крипто-активлар айланмаси соҳасида ноқонуний хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда — хорижий юридик шахслар) фаолиятини текшириш. Бунда ушбу текширишларга Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан давлат назорати соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари татбиқ этилмайди;
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун хорижий юридик шахсларга нисбатан жарималар қўллаш. Бунда ушбу жариманинг 50 фоизи лицензияловчи органнинг ҳисобварағига йўналтирилади»;
(д) 6-банднинг «а» ва «б» кичик бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) хизматлар провайдерларини:
террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар томонидан;
иқтисодий жиноятлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун гумонланаётган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд ўталмаган шахслар томонидан;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда доимий яшаётган, бўлиб турган ёки рўйхатга олинган шахслар томонидан бошқариш;
б) хизматлар провайдерларининг устав жамғармасида:
ушбу банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган шахсларнинг;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда рўйхатдан ўтган компаниялар иштирок этиши».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига 1-иловада:
(а) 2-банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«майнинг — ҳисоблаш операцияларини бажариш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини юритиш, блокларнинг яхлитлигини яратиш ва тасдиқлаш фаолиятидир»;
(б) 80-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«80. Майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Бунда «Besqala Mining Valley» махсус майнинг зонасида барча қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга рухсат этилади.
Майнинг учун ягона электр энергетика тизимига белгиланган тартибда рухсат олиб уланган ҳолда электр энергиясидан фойдаланган тақдирда:
истеъмолчилар истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловларни II тариф гуруҳига нисбатан икки баравар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўлайдилар. Бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил22 октябрдаги «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-189-сон Фармонига 1-иловада белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисоби алоҳида ҳисоблагич ўрнатилган ҳолда юритилади;
белгиланган тартибда рухсат олмасдан майнинг билан шуғулланувчи шахсларнинг ягона электр энергетика тизимига уланиш ҳолатлари аниқланганда, уларга II тариф гуруҳига нисбатан амалдаги тарифга беш баравар ўсувчи коэффициент қўлланилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.04.2026 й., 07/26/143/0386-сон)