Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
Йирик инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида коррупцияга қарши ҳамда рақобатни таъминловчи стандартларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 21 апрелдаги ПФ-71-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат ресурслари иштирокидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ошкоралик, ҳисобдорлик ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Йирик инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида коррупцияга қарши ҳамда рақобатни таъминловчи стандартларни жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш;
йирик инвестиция лойиҳаларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш;
йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш устидан назорат ҳамда жавобгарлик.
2. Қуйидагилар:
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги — йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертиза қилиш жараёнини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш;
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси — йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш шартларининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш жараёнини мувофиқлаштириш ва методологик таъминлаш;
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги — йирик инвестиция лойиҳалари бўйича умумий раҳбарлик, рақамли мониторинг платформасини шакллантириш ва мазкур жараёнларни ягона инвестиция даврига интеграция қилиш учун масъул этиб белгилансин.
3. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:
а) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 мартга қадар:
расмий веб-сайти билан интеграция қилинган, инвестиция лойиҳаларини танлаш ва хулосаларни олиш ҳамда бошқариш, шунингдек, лойиҳаларни кузатиб бориш бўйича назорат қилиш имкониятларига эга бўлган Ягона рақамли платформада платформанинг ишга туширилишини таъминласин.
Бунда электрон платформани яратиш ва модернизация қилиш билан боғлиқ харажатлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қопланади;
б) келгуси йил харажатларида йирик инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида коррупцияга қарши курашишга оид халқаро стандартларга ва рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш, экспертизадан мажбурий тартибда ўтказиш учун зарур бўлган рақамли платформани доимий равишда такомиллаштириш, сақлаш ҳамда фойдаланувчиларни ўқитишни таъминлаш харажатларини назарда тутсин.
4. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги икки ой муддатда вазирлик ва идораларнинг ички назоратни амалга оширувчи масъул бўлинмалари учун йўриқномалар ишлаб чиқсин ҳамда ўқув машғулотларини, шунингдек, методологик ёрдамни ташкил этсин.
5. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 3 февраль,
44-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 февралдаги 44-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Йирик инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида коррупцияга қарши ҳамда рақобатни таъминловчи стандартларни жорий этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом йирик инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнида коррупцияга қарши ва рақобатни таъминловчи стандартларни мажбурий тарзда жорий этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом қуйидаги йирик инвестиция лойиҳаларига нисбатан қўлланади:
Давлат бюджети ёки давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари;
давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари;
давлат кафолатлари, имтиёзлар ёки давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа шаклларини назарда тутувчи хорижий инвестициялар ва халқаро молия институтлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари.
3. Ушбу Низомда қўйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли органлар — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси;
давлат-хусусий шериклик (ДХШ) — давлат шериги ва хусусий шерик ўртасидаги битим ҳамда концессия шартномаси асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари асосида амалга ошириладиган лойиҳа;
йирик инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда — лойиҳа) — молиявий ресурслар қиймати камида 50,0 млн АҚШ доллари эквивалентида (жумладан, давлат инвестициялари, халқаро молия институтлари кредитлари) жалб этилган ҳолда амалга ошириладиган, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга объектлар, хизматлар ёки бошқа инфратузилмани яратиш, кенгайтириш ёки модернизация қилишга қаратилган инвестиция лойиҳалари;
лойиҳани коррупцияга қарши экспертизадан (кейинги ўринларда — экспертиза) ўтказиш — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан лойиҳани режалаштириш, молиялаштириш, тайёрлаш, давлат харидларини амалга ошириш ва эксплуатация, мониторинг қилиш босқичларида коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллар ва хавфларни аниқлаш ҳамда таҳлил қилиш, шунингдек, уларни бартараф этиш ёки камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш жараёни;
лойиҳанинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш (кейинги ўринларда баҳолаш) — Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан лойиҳанинг тегишли бозорларда рақобатга таъсирини баҳолаш, рақобатни чеклаш, айрим иштирокчиларга устунлик бериш ёки монопол ҳолатни юзага келтириш хавфларини аниқлаш бартараф этиш, шунингдек, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг бўлган шарт-шароитларни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилаш жараёни.
4. Ушбу Низом талаблари асосида давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар мувофиқлаштирилади ҳамда уларнинг бажарилиши мониторинг қилинади, шунингдек, рақобат қонунчилигига риоя этилиши назорат қилинади.
5. Ваколатли органлар ҳамкорликда лойиҳани экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш бўйича методик тавсиялар ва зарур ҳужжат шаклларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.
Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари (кейинги ўринларда — ички назорат тузилмалари) ўз ваколати доирасидаги лойиҳаларни тўғридан-тўғри экспертиза қилади ва баҳолайди.
6. Лойиҳаларда коррупцияга қарши ва соғлом рақобат муҳитини таъминловчи стандартларни жорий этишда қуйидаги асосий тамойиллардан фойдаланилади:
қонунийлик ва қонун устуворлиги — барча экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш жараёнлари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талабларига ҳамда қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади;
шаффофлик ва очиқлик — экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш, уларнинг услубиёти, натижалари ҳамда ишлаб чиқилган тавсиялар манфаатдор томонлар учун очиқ бўлиши лозим, махфий маълумотлар бундан мустасно. Бунда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (кейинги ўринларда — UNCAC) талаблари асосида лойиҳаларда иштирок этиш шартлари ва жараёнлари бўйича маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш тўлиқ ҳисобга олинади;
касб маҳорати ва экспертизанинг (баҳолашнинг) мустақиллиги — экспертизадан ўтказадиган ва баҳолайдиган ички назорат тузилмалари ходимлари тегишли малакага, коррупциянинг олдини олиш ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш соҳасида билимларга эга бўлиши шарт. Экспертиза ва баҳолаш лойиҳа ташаббускорлари ёки манфаатдор шахслар таъсиридан холи равишда, холисона ва мустақил равишда амалга оширилади;
экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш UNCACда белгиланган ҳисобдорлик ва ҳалоллик тамойилларини лойиҳа мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади;
комплекслилик ва мувофиқлаштириш — экспертиза ва баҳолаш ўзаро боғлиқ ҳолда ўтказилади, натижалар таққосланади. Ваколатли органлар ўзаро ҳамкорлик қилади, зарур маълумотлар алмашилади, қўшма маслаҳатлар ўтказилади. Зарур ҳолларда келишилган тавсияларни ишлаб чиқиш учун идоралараро кўриб чиқиш ташкил этилади;
муқаррарлик — экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш жараёнида аниқланган коррупция хавфлари ва рақобатни чекловчи омиллар мажбурий равишда бартараф этилиши ёки камайтирилиши лозим. Аниқланган коррупция хавфлари ва рақобатни чекловчи омиллар бартараф этилмагунча лойиҳа амалга ошириш учун маъқулланиши мумкин эмас;
халқаро стандартларга мувофиқлик — жорий этилаётган механизмлар энг илғор халқаро амалиётларга мос келади. Жумладан, лойиҳанинг барча босқичларида коррупциядан холи бўлиш таъминланади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ҳам давлат, ҳам хусусий секторлар томонидан ҳалолликни таъминлаш чораларини кўради. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларида коррупцияга нисбатан ноль толерантлик тамойили ва бозор иштирокчилари учун тенг шарт-шароитларни кафолатловчи соғлом рақобат муҳити тамойилига риоя этилади.
2-боб. Лойиҳани экспертизадан ўтказиш
7. Ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган барча лойиҳалар режалаштириш, молиялаштириш, тайёрлаш, давлат харидларини амалга ошириш ва эксплуатация, мониторинг қилиш босқичларида мажбурий тарзда экспертизадан ўтказилади. Экспертиза қуйидаги ҳолатларда ўтказилади:
лойиҳа ташаббуси босқичида — концепция, техник-иқтисодий асос (ТИА), лойиҳани баҳолаш ҳужжати (ЛБҲ) ёки лойиҳани асословчи бошқа дастлабки ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганда, молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилиниши ёки шартнома тузилиши (ДХШ учун) олдидан;
давлат хариди босқичида — лойиҳа бўйича етказиб берувчилар, пудратчилар, инвесторлар ёки ҳамкорларни танлаш учун рақобатбардош танлов жараёнлари ўтказилиши пайтида;
амалга ошириш босқичида — лойиҳа шартларида сезиларли ўзгаришлар бўлганда, қўшимча шартномалар тузилганда, шартномаларнинг ижросини мониторинг қилиш пайтида коррупция ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида.
Экспертизадан ўтказиш лойиҳани тасдиқлаш жараёнининг ажралмас қисми ҳисобланади.
8. Ички назорат тузилмалари экспертизани ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул этиб белгиланади. Экспертиза қуйидагича ташкил этилади ва ўтказилади:
биринчи босқич — лойиҳани тайёрлаётган давлат органи ёки ташкилоти (кейинги ўринларда — лойиҳа ташаббускори) лойиҳани ички назорат тузилмалари кўриб чиқиши учун лойиҳа бўйича тўлиқ ҳужжатлар тўпламини (концепция, ТИА, ЛБҲ, келишув лойиҳаси, ҳамкорни танлашга оид материаллар ва бошқалар) ҳамда коррупция хавфларини аниқлашга қаратилган олдиндан тўлдирилган чек-листни (ваколатли органлар томонидан тасдиқланадиган шаклда) тақдим этади;
иккинчи босқич — ички назорат тузилмалари лойиҳани идоравий назорат журналида рўйхатдан ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказади. Зарур ҳолларда мустақил экспертлар, жамоатчилик кенгашлари, илмий муассасалар ва лойиҳага дахлдор иқтисодиёт соҳаси мутахассислари жалб этилади;
учинчи босқич — экспертиза ўн беш иш кундан кечиктирмасдан ўтказилади. Экспертиза жараёнида лойиҳа ҳужжатлари таҳлил қилинади, унда коррупция хавфлари мавжудлиги, яъни коррупция учун замин яратилиши мумкин бўлган мезон ва кўрсаткичлар борлиги ўрганилади, лойиҳани тайёрлаш жараёни таҳлил қилинади, очиқлик талаблари (оммавий муҳокама, танловлар ва бошқалар) бажарилгани, масъул шахслар ўртасида манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги, лойиҳа ижрочиларининг (инвесторларнинг, ҳамкорларнинг, пудратчиларнинг) шаффофлиги ва ишончлилиги текширилади, очиқ манбалар, коррупция ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар орқали ўрганилади. Хорижий инвесторлар бўлса, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (кейинги ўринларда — ИҲТТ) ва Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (кейинги ўринларда — FATF) стандартлари бўйича ҳамкорларни зарур даражада текшириш талаблари ҳисобга олинади, агар лойиҳа улар иштирокида молиялаштирилаётган бўлса, халқаро коррупцияга қарши стандартларга (UNCAC, ИҲТТ) ва донорларнинг талабларига мос келиши баҳоланади (масалан, келишувларда коррупцияга қарши шартлари, комплаенс режалар мавжудлиги ва бошқалар);
тўртинчи босқич — таҳлил якунларига кўра ички назорат тузилмалари тасдиқланган шакл асосида хулоса ва тавсияларни ўз ичига олган экспертиза хулосасини тайёрлайди. Экспертиза хулосаси ички назорат тузилмаси томонидан ички рўйхатдан ўтказилади ва уни ички назорат тузилмаси раҳбари имзолайди ҳамда лойиҳа ташаббускорига юборилади.
9. Экспертизадан ўтказишда қуйидаги асосий мезонлар ва коррупция омиллари тасдиқланган коррупция хавфларини аниқлаш бўйича методикалар асосида ҳисобга олинади:
ташкил этиш ва ўтказиш жараёнининг ошкоралиги — лойиҳа иштирокчилари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгани, салоҳиятли иштирокчилар учун барча маълумотлар тўлиқ эълон қилингани, таклифларни тақдим этиш учун етарли муддат берилгани (UNCAC талаби бўйича);
меъёрларнинг аниқлиги ва холислиги — инвесторни (пудратчини) танлаш мезонлари ва лойиҳа муваффақияти кўрсаткичлари олдиндан белгиланган ва изчил қўллангани;
манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслиги — лойиҳани тайёрлаш ёки қарор қабул қилишда шахсан манфаатдор шахслар (қариндошлар, мулкий алоқалар, лавозимдаги боғлиқлик) иштирок этмаётгани ўрганилади. Бунда манфаатлар тўқнашуви аниқланганда, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чоралар кўрилади;
дискрецион ваколатлар мавжуд эмаслиги — лойиҳа ёки унга боғлиқ қарорларда мансабдор шахсларга ортиқча ва ноаниқ ваколатлар бериш ҳолатлари аниқланади (масалан, шартноманинг муҳим шартларини ошкора тартибда ўзгартириш ваколати, захира маблағларини якка қарор билан сарфлаш ҳуқуқи);
чекловлар ва тўсиқлар мавжуд эмаслиги — лойиҳа иштирокчилари учун белгиланган чекловларнинг (талабларнинг, лицензияларнинг, розиликларнинг) мақсадга мувофиқлиги, ортиқча юкламаларга олиб келмаслиги ва муайян иштирокчининг манфаатини кўзлаб яратилмагани нуқтаи назаридан таҳлил қилинади;
назорат ва ҳисобот — лойиҳа амалга оширилиши устидан ташқи назорат механизмлари (аудит, мониторинг, жамоатчилик назорати) ва лойиҳа амалга оширилиши тўғрисида доимий оммавий ҳисобот тақдим этиш мажбуриятлари назарда тутилгани ёки йўқлиги баҳоланади;
жавобгарлик чоралари — лойиҳа ҳужжатларида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун таъсирчан жазо чоралари белгилангани (масалан, порахўрлик ҳолати аниқланганда, шартномани бекор қилиш, жарима санкциялари, пудратчини четлатиш ва бошқалар), шунингдек, ИҲТТ стандартларига кўра лойиҳа иштирокчиларидан ички комплаенс дастурлари ёки этика сиёсати мавжудлиги тўғрисида ахборот талаб этилиши керак;
бошқа омиллар — методикаларда келтирилган бошқа коррупция омиллари ҳам ҳисобга олинади (масалан, ҳуқуқий тартибга солишдаги бўшлиқлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни тақсимлашда аниқлик йўқлиги, нормаларни турлича талқин қилиш имконияти ва бошқалар).
Аниқланган ҳар бир коррупция омили бўйича тегишли чек-лист тўлдирилади ва хулосада коррупция омилини бартараф этиш (лойиҳа ҳужжатларига ўзгартириш киритиш) ёки бартараф этиш имкони бўлмаса, хавфларни камайтириш учун комплекс назорат чораларини жорий этиш каби тавсиялар берилади.
10. Экспертиза натижалари бўйича хулосада қуйидагилар келтирилади:
лойиҳадаги хавф даражасини умумлаштирувчи баҳолаш — аниқланган омиллар асосида лойиҳанинг коррупциявий хавф даражасига (масалан, паст, ўртача, юқори хавф) мувофиқ тоифа берилади;
аниқланган хавфлар ва қонун бузилишлари рўйхати — лойиҳадаги аниқ ҳолатлар (манфаатлар тўқнашуви, ноаниқ мезонлар ва бошқалар) кўрсатилади;
хавфларни бартараф этиш бўйича тавсиялар — чора-тадбирлар режаси, лойиҳа ҳужжатларига қандай ўзгартиришлар киритиш, қандай қўшимча тартиб-таомилларни амалга ошириш (қайта танлов, жамоатчилик муҳокамаси), қандай комплаенс-механизмларни жорий этиш;
юқори хавфли лойиҳалар учун алоҳида чоралар — лойиҳа амалга оширилиши бўйича мустақил кузатувчи (монитор) тайинлаш, доимий коррупцияга қарши аудитлар ўтказиш таклиф этилади;
тавсияларни бажариш муддатлари ва масъуллар — лойиҳа ташаббускори тавсияларни амалга ошириши керак бўлган давр ва назорат қилувчи масъул шахслар белгиланади;
лойиҳанинг мақбуллиги бўйича хулоса — якуний хулоса, тавсиялар бажарилган тақдирда, лойиҳа амалга оширилмаган ёки аниқланган ҳолатлар бартараф этилмаган тақдирда, лойиҳа тўхтатилиши мумкин. Агар лойиҳа асосий коррупцияга қарши талабларга жавоб бермаса, Коррупцияга қарши кураш агентлиги лойиҳани рад этиш ёки қайта ишлаш учун қайтаришни таклиф этади.
Хулоса лойиҳа ташаббускорига, қарор қабул қилувчи ваколатли давлат органи ва ташкилотига юборилади. Лойиҳа ташаббускори белгиланган муддатда ички назорат тузилмасига тавсияларни бажариш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Ички назорат тузилмаси тавсияларнинг ижроси устидан назорат қилади.
Агар тавсиялар тўлиқ ва тўғри бажарилмаган бўлса, ички назорат тузилмаси юқори турувчи органларни ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор қилади. Башарти баҳолаш жараёнида коррупциявий ҳуқуқбузарлик аломатлари (масалан, рақобатбардош танлов жараёнлари босқичида пора таклиф қилиш, ҳужжатларни сохталаштириш ва бошқалар) аниқланса, ички назорат тузилма ушбу ҳолатлар тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол хабар беради.
3-боб. Лойиҳани баҳолаш
11. Лойиҳалар экспертиза билан бир вақтда ёки ундан сўнг баҳоланади. Лойиҳалар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
лойиҳада ёки унинг натижасида юзага келиши мумкин бўлган рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни аниқлаш;
лойиҳани амалга оширишда амалдаги рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқликни таъминлаш;
лойиҳа амалга оширилиши муносабати билан бозорнинг барча эҳтимолий иштирокчилари учун тенг шарт-шароитларни кафолатлайдиган тавсияларни ишлаб чиқиш, яъни лойиҳаларда алоҳида тадбиркорлик субъектларига рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи давлат ёрдами берилмаслигини таъминлаш;
рақобат муҳити таъминланмаслиги оқибатида монополияларнинг пайдо бўлиши ва бунинг натижасида сифатсиз хизматлар ёки ортиқча юқори нархлар юзага келишининг олдини олиш орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
12. Баҳолаш ички назорат тузилмалари ёки давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатли бўлинмалари томонидан амалдаги рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари доирасида амалга оширилади.
13. Баҳолаш тартиби қуйидагилардан иборат:
биринчи босқич — лойиҳа ташаббускори ички назорат тузилмаси, шунингдек, монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилган давлат органлари ва ташкилотларида монополияга қарши комплаенс бўйича масъул ходимга материалларни тақдим этади;
иккинчи босқич — ички назорат тузилмаси ва/ёки монополияга қарши комплаенс бўйича масъул ходим материалларни рўйхатдан ўтказганидан сўнг баҳолаш учун масъул мутахассисларни ёки комиссияни тайинлайди. Агар лойиҳа мураккаб бўлса, соҳавий мутахассислар, монополияга қарши орган вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузади;
учинчи босқич — баҳолаш муддати экспертиза билан мос бўлади (масалан, ўн беш иш куни, заруратга қараб лойиҳалар учун 20 иш кунигача узайтирилади).
14. Баҳолаш давомида қуйидагилар таҳлил қилинади:
бозор ва иштирокчилар — лойиҳани амалга оширишга таъсир кўрсатадиган тегишли бозор (ёки фаолият соҳаси), бозордаги асосий ва салоҳиятли иштирокчилар ва уларнинг улушлари аниқланади. Лойиҳа натижасида бир иштирокчининг бозорда монопол ташкилотга айланиб қолиши ёки бошқа иштирокчиларнинг бозордан чиқиб кетиши хавфи бор-йўқлиги баҳоланади;
кириш шартлари ва махсус ҳуқуқлар — лойиҳа хусусий шерик ёки инвесторга давлат ёрдамини беришни назарда тутаётган ҳолатларда баҳоланади, шунингдек, давлат ёрдамига самарадорлиги жиҳатидан ўхшаш бўлган, бироқ камроқ юклама ва чекловларни назарда тутувчи муқобил ёндашувларни амалга ошириш имконияти таҳлил қилинади;
давлатнинг аралашуви — давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари (масалан, субсидиялар, минимал даромад кафолати, маҳсулотни харид қилиб олиш ва бошқалар) бозор рақобат муҳитини бузадиган афзалликни яратиши ёки йўқлиги таҳлил қилинади. Агар давлат тегишли бозорда одатда иштирокчилар томонидан қилинадиган таваккалчилик ёки харажатларни ўз зиммасига олса, бунинг очиқ-ойдинлиги, вақтинчалиги ва бошқа иштирокчиларни ноқулай ҳолатга қўймаслиги таъминланганига ишонч ҳосил қилиниши лозим;
боғлиқ бозорларга таъсир — лойиҳанинг боғлиқ тармоқ ва бозорларга эҳтимолий таъсири кўриб чиқилади (масалан, йўл қурилиши — транспорт хизматлари бозорига; эркин иқтисодий зона ташкил этилиши — бошқа ҳудудлардаги ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатга). Боғлиқ соҳаларда рақобат мувозанатининг бузилиши хавфи аниқланади;
рақобат қонунчилигига мувофиқлик — лойиҳа шартларида Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни бузилиши ҳолатлари (картел келишувлари, иқтисодий фаолиятни ноқонуний мувофиқлаштириш, рақобатга асосланган юқори нархларни мажбурлаш ва бошқалар) мавжуд эмаслиги ўрганилади. Агар лойиҳада устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъектлар иштирок этаётган бўлса, уларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатларига зид равишда устунликлардан фойдаланишининг олдини олиш талабларига риоя этилгани ҳисобга олинади.
Ички назорат тузилмаси ва/ёки монополияга қарши комплаенс бўйича масъул ходим таҳлил якунлангандан сўнг баҳолаш юзасидан (алоҳида ёки экспертиза билан биргаликда) хулосалар ва тавсиялар тайёрлайди. Баҳолаш хулосаси ички назорат тузилмаси раҳбари томонидан тасдиқланади ва лойиҳа ташаббускорига, лойиҳа бўйича қарор қабул қилувчи ваколатли органга, шунингдек, ваколатли органларга маълумот ва назорат учун юборилади.
15. Баҳолашда қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади:
таъминотчилар (пудратчилар) сонига таъсири — лойиҳада товарларни (ишларни, хизматларни) етказиш имконига эга бўлган иштирокчилар сонининг таъсир доираси ўрганилади. ИҲТТ методологиясига кўра, агар лойиҳа муайян иштирокчилар сони ёки доирасини чекласа, бу баҳолашни чуқур ўтказиш зарурлигини тақозо этади. Рақобатни чеклаш кўзда тутилган, яъни битта ижрочини назарда тутувчи лойиҳа манфий баҳоланади;
бозорга киришдаги тўсиқлар — лойиҳа доирасида бошқа тадбиркорлик субъектлари учун янги тўсиқлар яратилиши эҳтимоли, жумладан, ҳаддан ташқари талаблар, узоқ муддатли лицензиялар, махсус стандартлар баҳоланади. Агар бундай тўсиқлар мавжуд бўлса, мазкур шартларни қайта кўриб чиқиш ёки компенсация чораларини (бошқа тўсиқларни енгиллаштириш, махсус шартларнинг очиқ қайта кўриб чиқилиши ва бошқалар) қўллаш мақсадга мувофиқлиги кўриб чиқилади;
ўзаро келишув хавфи ва танлов жараёнининг шаффоф эмаслиги — хусусий шерик ёки инвестор танлови қай даражада ошкора ва рақобатли бўлгани баҳоланади. Агар танлов (тендер) иштирокчилари ўртасида келишув белгилари ёки камситувчи талаблар мавжуд бўлса, бу жиддий омил сифатида қайд этилади, шунингдек, қайта танлов (тендер) ўтказиш ёки лойиҳа доирасида нархлар ва сифат устидан қатъий назорат механизмларини жорий этиш талаб этилади;
давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг зарурлиги — лойиҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларининг (субсидиялар, кафолатланган даромад, маҳсулотни харид қилиш ва бошқалар) асослилиги «оқилона етарлилик» нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Халқаро талабларга кўра, лойиҳалар орқали давлат мажбуриятларини «баланс ортида» қолдирмаслиги, барча хавф-хатар ва кафолатлар бюджетда ошкора акс эттирилиши керак. Агар хусусий шерикка даромад кафолати берилган ёки бошқа имтиёзлар тақдим этилган бўлса, хулосада бу «пул учун қиймат» амалиётига мос келиши, яъни давлат ўз навбатида етарли фойда олиши ёки ололмаслиги каби ҳолатлар ўрганилади;
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш — лойиҳанинг амалга оширилиши аҳоли ва бизнес каби якуний истеъмолчиларга кўрсатиши мумкин бўлган таъсир оқибатлари прогноз қилинади. Рақобатнинг камайиши сифатнинг ёмонлашишига, танлов имкониятларининг чекланишига ёки нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланганда, бундай хатарларни камайтириш мақсадида тегишли тартибга солиш механизмларини назарда тутиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бундай механизмларга, жумладан, тарифларни давлат томонидан тартибга солиш, хизмат сифатига минимал талаблар жорий этиш, келгусида янги иштирокчиларни бозорга киритиш имкониятини яратиш кабилар киради;
рақобатга оид халқаро мажбуриятлар — халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар билан тузилган келишувларда рақобатни таъминлашга оид талаблар инобатга олинади. Жумладан, Жаҳон банки стандартларига мувофиқ инфратузилма лойиҳаларида очиқ ва холис танловларни ўтказиш талаб этилади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўз лойиҳаларида рақобатнинг бузилишига йўл қўймаслик ҳамда келишув хатарларига оид ҳуқуқий экспертиза ўтказилишини талаб қилади.
16. Ички назорат тузилмаси ва/ёки монополияга қарши комплаенс бўйича масъул ходим томонидан лойиҳа бўйича тайёрланган хулосада қуйидагилар акс эттирилади:
рақобатни чекловчи ҳолатлар — лойиҳа доирасида рақобатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жиҳатлар баён этилади;
ИҲТТ тавсияларига кўра баҳолаш лойиҳанинг рақобат муҳитига таъсирини таҳлил қилиш ва ундан камроқ чекловчи муқобил ечимларни излашни назарда тутади. Бунда асосий восита — рақобат чек-листи (ваколатли органлар томонидан тасдиқланган шакл) бўлиб, у рақобатни чеклаш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолатларни аниқлаш учун саволлар рўйхатини ўз ичига олади;
шартларнинг мақбуллигини баҳолаш — хулосада ушбу чеклов рақобат тўғрисидаги қонунчилик ва жамоат манфаатларига мос келадими-йўқми кўрсатилади. Агар мос келса (масалан, лойиҳанинг ўзини оқлаши учун эксклюзивлик зарур бўлса), бунга асос ва қандай шартларда қабул қилиниши мумкинлиги баён этилади (кейинчалик қайта кўриб чиқиш, тариф назорати остида ва бошқалар). Агар мос келмаса, шарт қайта кўриб чиқилиши ёки бекор қилиниши тавсия этилади;
рақобатни таъминлаш бўйича тавсиялар — белгиланиши зарур бўлган аниқ чоралар. Улар қаторига қуйидагилар кириши мумкин: рақобатли тартиблар ўтказиш (агар аввал ўтказилмаган бўлса), эксклюзив ҳуқуқлар муддатини қисқартириш, лойиҳани бир нечта ижрочилар иштирок этиши учун лотларга ажратиш, лойиҳа доирасида қўшимча танловлар ўтказиш, лойиҳа доирасида яратилган инфратузилмага учинчи шахсларнинг киришини таъминлаш мажбуриятини жорий этиш (масалан, тармоқ қурилган бўлса, бошқа операторларни улашга рухсат бериш);
мониторинг ва кейинги назорат шартлари — монополияга қарши орган лойиҳани амалга оширишга рухсат бериш чоғида белгиланган шартлар асосида мониторинг механизмларини назарда тутувчи талабларни белгилайди. Масалан, лойиҳа мазкур орган томонидан белгиланган шартлар асосида маъқулланади, жумладан, оператор-компаниянинг бозордаги улуши рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган даражада ошмаслиги лозим, акс ҳолда белгиланган тартибда рақобатни таъминлашга қаратилган чоралар кўрилади;
амалга ошириш имконияти бўйича хулоса — умумий хулоса, таклиф этилган чоралар бажарилганидан сўнг лойиҳа рақобат нуқтаи назаридан амалга оширилиши мумкин. Агар хатарлар қабул қилинмас даражада деб баҳоланса, рад этиш хулосаси берилади ҳамда сабаблари кўрсатилади.
Ушбу хулоса лойиҳа ташаббускори ва қарор қабул қилиш учун масъул органга юборилади. Ташаббускор хулосада келтирилган тавсияларни лойиҳа амалга оширилишидан олдин бажариши шарт (шартномаларга, харид қилиш ҳужжатлари белгиланган талабларга ўзгартиришлар киритиш ва бошқалар). Ички назорат тузилмаси ва/ёки монополияга қарши комплаенс бўйича масъул ходим тавсияларнинг бажарилишини назорат қилади. Агар тавсияларнинг ижроси таъминланмаса, лойиҳа мувофиқлаштирилмайди, шунингдек, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши аниқланган тақдирда, тегишли маълумот қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда зарур чораларни кўриш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига юборилади.
17. Ушбу Низомнинг 2 ва 3-бобларида баён этилган тартиблар келишилган ҳолда амалга оширилади. Мос келмайдиган талабларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
ички назорат тузилмасида экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш учун масъул ходимлар ушбу жараёнлар тўғрисида маълумот алмашадилар, зарур ҳолларда лойиҳа бўйича қўшма учрашувлар ўтказадилар;
агар ички назорат тузилмаси ҳамда монополияга қарши комплаенс бўйича масъул ходимларнинг тавсиялари ўзаро боғлиқ бўлса (масалан, харид қилиш тартиб-таомилини қайта ўтказиш зарурати ҳам коррупциявий, ҳам рақобат хатарларига тааллуқли бўлса), улар томонидан биргаликдаги тавсиялар ишлаб чиқилади. Бу тавсиялар ҳар иккала хулосада ёки алоҳида Қўшма хулосада акс эттирилади;
лойиҳа учун коррупциявий ва рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавф-хатарлар бўйича ягона Қўшма хулосани тайёрлаш мумкин. Бунда қўшма ишчи гуруҳ тузилади ва якуний ҳужжат ушбу гуруҳ аъзолари томонидан биргаликда имзоланади;
агар масъул ходимлар ўртасида хулосалар бўйича қарама-қаршиликлар юзага келса, тегишли ички назорат тузилмаси ҳамда монополияга қарши комплаенс бўйича масъул ходимлари раҳбарлари даражасида музокаралар орқали улар ҳал этилади. Қарама-қаршилик ҳал этилмаса, масала ваколатли органларга юборилади ва келишилган қарор қабул қилинади.
4-боб. Экспертиза ва баҳолаш натижаларига муносабат билдириш
18. Экспертиза ва баҳолаш натижалари бўйича тайёрланган хулосалар лойиҳани маъқуллаш ёки молиялаштириш учун қарор қабул қилувчи органлар томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади. Бунда:
лойиҳани амалга ошириш бўйича қарор қабул қилиш ваколати берилган давлат органлари ва ташкилотлари (кейинги ўринларда — ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари) лойиҳаларни танлаш комиссияси ва бошқалар лойиҳа бўйича йиғилишда белгиланган муддатдан кечикмасдан хулосаларни қабул қилади;
лойиҳа бўйича қарор (маъқуллаш, молиялаштиришни тасдиқлаш, келишув тузиш) хулосалардаги хулоса ва тавсиялар ҳисобга олинган ҳолда қабул қилиниши лозим. Бунда:
а) агар хулосаларда шартлар ёки чекловлар кўрсатилган бўлса, улар қарорга киритилади (масалан: «лойиҳа ички назорат тузилмалари тавсиялари бажарилган тақдирда маъқулланади»);
б) агар экспертиза ва баҳолаш хулосалари салбий бўлса (лойиҳа амалга оширилиши тавсия этилмаса), ушбу хулосаларда кўрсатилган сабаблар бартараф этилмасдан ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари лойиҳани маъқуллашга ҳақли эмас;
қарор қабул қилинишида ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари қарорнинг асословчи қисмида (ёки алоҳида баённомада) тавсиялар қандай инобатга олинганини қайд этади. Агар қандайдир тавсияни қабул қилмасликка қарор қилинса, уни рад этиш сабаблари ёзма равишда асослаб берилиши керак. Аммо қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқадиган мажбурий талабларни рад этишга (масалан, агар лойиҳа рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига зид бўлса) йўл қўйилмайди.
Хулосалар лойиҳа материалларига илова қилинади. Кейинги барча ҳужжатлар (лойиҳани амалга ошириш бўйича буйруқлар, қарорлар) ўтказилган экспертизалар ва улар натижасида кўрилган чоралар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим.
19. Экспертиза ва баҳолаш хулосалари асосида лойиҳа ташаббускори ваколатли органлар билан ҳамкорликда коррупция ва рақобат муҳитига қарши хавф-хатарларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади. Чора-тадбирлар режасида қуйидагилар назарда тутилади:
аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар рўйхати — лойиҳа ҳужжатларига тузаттиришлар киритиш, танлов шартларини ўзгартириш, шартномаларга ўзгартишлар киритиш, назоратнинг ички тартибларини ишлаб чиқиш ва бошқалар;
ташкилий тадбирлар — лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи ходимлар учун этика ва коррупциянинг олдини олиш бўйича ўқув машғулотлари, лойиҳа жамоасида коррупцияга қарши ва рақобат муҳитини таъминлаш учун масъулларни тайинлаш, муҳим қарорлар учун икки томонлама текширув тизимини жорий этиш («тўрт кўз қоидаси»);
шаффофликни таъминловчи технологияларни жорий этиш — масалан, лойиҳани электрон тизимлар орқали амалга ошириш (тендерларни рақамлаштириш, молиялаштиришни электрон мониторинг қилиш), лойиҳа жараёни тўғрисидаги маълумотларни очиқ маълумотлар порталларида эълон қилиш;
халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик — агар лойиҳа халқаро молия институтлари кўмагида молиялаштирилса, режага уларнинг коррупцияга қарши ва экологик стандартларига мувофиқлик бўйича талаблар киритилади;
тавсияларни амалга ошириш жадвали — аниқ муддатлар, ҳар бир ҳаракат учун масъул шахслар, бажарилиш кўрсаткичлари (индикаторлари).
Ушбу чора-тадбирлар режаси лойиҳа ташаббускорининг раҳбари томонидан тасдиқланади ва зарурат бўлса, ички назорат тузилмаси билан келишилади. Чора-тадбирлар режасини амалга ошириш мажбурий ҳисобланади.
Лойиҳа ижроси давомида ташаббускор шахс коррупцияга қарши ва рақобат талабларига риоя этилишини мониторинг қилиши шарт. Ушбу йўналишлар бўйича асосий кўрсаткичлар (KPI) мунтазам равишда кузатилиши керак. Аниқланган қоидабузарликлар сони, ўрганишлар натижалари, бозорда соғлом рақобат муҳитига риоя этилиши кузатилиши лозим.
20. Агар лойиҳа амалга оширилиши жараёнида ёки қўшимча ўрганишлар натижасида янги коррупция хавфлари ёки рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиш ҳолатлари аниқланса, ваколатли органлар қуйидаги чораларни кўриш ҳуқуқига эга:
лойиҳа шартлари ўзгарган тақдирда, коррупцияга қарши ёки рақобат муҳитига таъсирни баҳолаш таҳлилини белгиланган муддатдан ташқари тартибда ўтказишни талаб қилиш;
янги қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш (масалан, шубҳали шартномани бекор қилиш, қолган ишлар учун янги тендер ўтказиш ва бошқалар);
жиддий қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, лойиҳани молиялаштиришни тўхтатиш ёки давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш.
Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи барча субъектлар (давлат органлари ва ташкилотлари, хусусий шериклар) ваколатли органлар билан ҳалол ҳамкорлик қилиши шарт. Зарур маълумотларни тақдим этиши, ўрганишларга кўмаклашиши, берилган кўрсатмаларни бажариши лозим. Бундай талабларни бажармаслик амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва шартнома шартларига мувофиқ чоралар кўрилишига сабаб бўлади (масалан, жарималар, ҳамкорликни муддатидан аввал тўхтатиш ва бошқалар).
5-боб. Ахборот тизимлари билан интеграция ва шаффофлик
21. Ушбу стандартларни самарали жорий этиш мақсадида давлат харидлари ва инвестиция лойиҳаларини бошқариш соҳасидаги давлат ахборот тизимлари билан интеграция қилинган Ягона рақамли платформа (кейинги ўринларда — портал) орқали қуйидагилар таъминланади:
инвестиция лойиҳалари реестри — ҳар бир лойиҳа бўйича экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш ҳолати кўрсатилади. Лойиҳалар ташаббускорлари портал орқали лойиҳаларни рўйхатдан ўтказиши, зарур ҳужжатларни юклашлари шарт. Ваколатли органлар кўриб чиқиш натижаларини белгилайдилар (хулоса олинган санаси, қисқа хулоса);
ички назорат тузилмалари, ваколатли органлар ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида электрон ўзаро алоқа — ҳужжатлар алмашиш, сўровлар юбориш, ўрганишлар жадвалини келишиш каби барча ишлар тизим орқали амалга оширилади, бу жараённи тезлаштиради ва аудиторлик изини қолдиради;
автоматлаштирилган чек-листлар ва шакллар — иловалар (анкета, чек-листлар) электрон шаклда жорий этилади. Ташаббускор лойиҳани кўриб чиқишга тақдим этганда, онлайн тарзда тўлдиради. Платформа хавф-хатарлар юқори бўлган жавобларни (масалан, бир неча коррупциявий омиллар белгиланган бўлса) автоматик равишда ажратиб кўрсатади, бу мутахассисларнинг алоҳида эътиборини талаб қилади;
очиқ маълумотлар учун жамоат модули — лойиҳалар ҳақида шахсий ва махфий бўлмаган маълумотлар (номи, қиймати, қатнашувчилар, хавфнинг умумий баҳоси, қабул қилинган чоралар) жамоатчилик учун очиқ тақдим этилади. Бу (UNCACда) белгиланган очиқлик талабларига мос келади. Фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларида лойиҳалар экспертиза ва баҳолашдан ўтказилганини кузатишлари мумкин;
давлат харидлари портали билан интеграция — экспертиза ва баҳолаш натижалари (масалан, тендерни қайта ўтказиш тавсияси) давлат харидлари тизимига автоматик равишда юборилади. Агар лойиҳа реестрда баҳоланмаган ёки ҳал қилинмаган хавфларга эга деб белгиланган бўлса, портал тендерни эълон қилиш ёки шартнома тузиш имконини бермайди;
ҳисоботлар ва таҳлил — ваколатли органлар платформа орқали ўтказилган баҳолашлар, типик хавфлар ва қабул қилинган чораларнинг самарадорлиги бўйича статистика ҳисоботлари тузадилар.
22. Рақамли платформа маълумотларни, айниқса, махфий маълумотларни (инвесторларнинг тижорат сирлари, мутахассисларнинг шахсий маълумотлари, миллий хавфсизликка тааллуқли маълумотлар) ҳимоя қилишни таъминлаши шарт. Фойдаланувчиларнинг турли тоифалари учун кириш ҳуқуқлари чекланади. Маълумотларни қайта ишлаш амалиёти шахсга доир маълумот тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши таъминланади. Шу билан бирга, жамият манфаатига тегишли бўлган маълумотлар (коррупция ва рақобатга оид хавфлар тўғрисида) имконият даражасида очиқ эълон қилиниши лозим. Бу жамият ишончини оширишга хизмат қилади.
23. Платформада қуйидаги механизмлар назарда тутилади:
фуқаролар, бизнес ва мустақил мутахассислар портал орқали аниқ лойиҳа доирасидаги эҳтимолий коррупция ҳолатлари ёки рақобатни чеклаш ҳолатлари ҳақида хабар беришлари мумкин (масалан, тендерда сўзлашув тўғрисида сигнал). Бундай хабарлар автоматик тарзда рўйхатдан ўтказилади ва тегишли органлар томонидан кўриб чиқилади;
жамоатчилик муҳокамалари ўтказилади (амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида жамоатчилик муҳокамаси талаб қилинган ҳолларда). Фуқаролар томонидан келиб тушган шарҳ ва таклифлар таҳлил қилинади ҳамда экспертиза ва баҳолаш жараёнида инобатга олинади;
халқаро ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик. Платформа халқаро молия институтлари лойиҳаларини кузатиш тизимларига (масалан, Жаҳон банкининг лойиҳа мониторинги тизимига) уланиши мумкин, бу хавфлар ҳақида ахборот алмашиш имконини беради. Шунингдек, «жамоатчилик мониторинги» модули жорий этилиши мумкин. Бу орқали нодавлат ва нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари махсус рўйхатдан ўтгандан сўнг кенгайтирилган маълумотларга эга бўладилар ва лойиҳаларни амалга оширишни кузатиш бўйича ўз ҳисоботларини тақдим этишлари мумкин.
6-боб. Экспертиза ва баҳолаш устидан назорат ва жавобгарлик
24. Экспертиза ва баҳолаш натижалари бўйича белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилмаслик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мансабдор шахслар ва ташкилотларнинг жавобгарлигига олиб келади.
Экспертиза ва баҳолаш бўйича таҳлиллар ўтказилмасдан ёки улар якунланишидан аввал молиялаштириш бўйича қарор қабул қилинмайди ёхуд ДХШ шартномаси тузилмайди. Бундай қарор ваколатли органлар ёки прокуратура тақдимномаси асосида юқори турувчи орган ёхуд суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилади ёки бекор қилинади.
25. Ваколатли органлар ўз ваколати доирасида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига экспертиза ва баҳолаш натижалари юзасидан таҳлилий маълумотлар киритади. Бунда таҳлилий маълумотларда ўтказилган экспертиза ва баҳолашлар сони, аниқланган хавф-хатарлар, кўрилган чоралар тўғрисида, шунингдек, амалдаги тизимдаги муаммолар таҳлили ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам акс эттирилиши лозим.
7-боб. Якунловчи қоида
26. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.02.2026 й., 09/26/44/0109-сон)