ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКи
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИнинг
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИнинг
Қарори
ТАШКИЛОТЛАР ВА МУАССАСАЛАР ТОМОНИДАН ЎЗ ХОДИМЛАРИДАН КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР УЧУН ҲАҚНИ ИШ ҲАҚИДАН УШЛАБ ҚОЛИШ КЎРИНИШИДА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2001 йил 15 майда 1031-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 7 октябрдаги 453-мҳ-сонли «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 1031-2, 07.10.2019 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентиниг 2001 йил 17 апрелдаги ПФ-2832-сон «Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг янги босқичи тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 18 апрелдаги 178-сон «Аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2001 йил 25 апрелдаги 01/1-291-сон қарорига асосан қарор қилади:
1. Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб ўн кундан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф.М. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 4 май,
189-В-сон
Молия вазири М.Б. НУРМУРОДОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 4 май,
41-сон
Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки ва Молия вазирлигининг
2001 йил 4 майдаги
189-В ва 41-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Марказий банки ва Молия вазирлигининг
2001 йил 4 майдаги
189-В ва 41-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом (матн давомида — низом) Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 17 апрелдаги «Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг янги босқичи тўғрисида» ПФ-2832-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 18 апрелдаги «Аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 178-сон қарори ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, кўрсатилган коммунал хизматлар учун ўз вақтида ҳақ тўланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
1. Ушбу Низом барча мулкчилик шаклларидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар (матн давомида — корхона) томонидан коммунал хизматлар учун ўз ходимларидан уларнинг ёзма розилигини олган ҳолда иш ҳақидан ушланмалар кўринишида тўловни қабул қилиш қоидаларини белгилайди.
2. Корхона ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун тўловни белгиланган тартибда иш ҳақидан ушланма кўринишида қабул қилиб, кейин ходимларнинг ёзма аризаси асосида коммунал хизматлар кўрсатадиган корхоналар ва ташкилотлар (матн давомида — Коммунал ташкилотлар) ҳисобварағига ушбу маблағларни ўтказади.
3. Коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланма тўғрисидаги аризада ходим ўз шахсий ҳисобварағи, коммунал хизматлар қиймати ва тури, коммунал ташкилот реквизитлари ва ушланма амалга оширилиши зарур бўлган даврни кўрсатиши керак.
4. Агар ходим касаллиги, таътилдаги ва бошқа сабаблар билан ишда бўлмаса, иш ҳақидан ушланма кейинги ойда амалга оширилади.
4-1. Ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишда ушланмаларнинг умумий миқдори ходимга бериладиган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ошиши мумкин эмас.
5. Корхона коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланган маблағларни тўлов топшириқномаси билан коммунал хизматлар кўрсатадиган корхона ва ташкилотларнинг ҳисобварақларига ўтказади. Тўлов топшириқномасининг «Тўлов деталлари» бўлимида «Ходимларнинг иш ҳақидан коммунал тўловлар ушланиши» кўрсатилиши лозим. Бунда тўлов топшириқномасига ходим (ходимлар)нинг фамилия ва инициали, уларнинг яшаш жойи, коммунал хизматлар тури кўрсатилган реестр илова қилинади.
6. Коммунал хизматлар тўлангани тўғрисидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини Корхона ходимга маблағлар Коммунал ташкилотлар ҳисобварағига ўтказилганидан кейин эртаси куни топширади.
7. Коммунал ташкилотга хизмат кўрсатадиган банк коммунал хизматлар учун келиб тушган маблағларни ана шу маблағлар банкнинг корреспондентлик ҳисобварағига келиб тушган кундан кейинги банк кунидан кечиктирмай коммунал ташкилот ҳисобварағига қайд этиши керак.
8. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар корхоналарнинг раҳбарлари:
ўз ходимлари ўртасида иш ҳақидан ушлаб қолиш йўли билан коммунал тўловларни тўлаш тартиби ва имкониятлари тўғрисида тегишли тушунтириш ишини доимий равишда ўтказишлари;
ўз ходимлари ёзма равишда мурожаат қилганида тегишли ҳисоб-китобларни бажаришлари, коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланадиган тўлов суммаларини аниқлашлари;
маблағлар коммунал ташкилотлар ҳисобварағига ўтказилганидан кейин иш ҳақидан ушланма амалга оширилган ходимга коммунал тўловлар тўланганини тасдиқлайдиган, корхона бош бухгалтери имзо чеккан ҳужжат топширилиши керак.
9. Ушбу маблағларнинг коммунал ташкилотлар ҳисобварағига ўз вақтида ўтказилиши учун корхоналарнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари шахсан жавобгар бўладилар.
10. Мазкур Низомда белгиланган талабларни бузишда айбдор бўлган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.