Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг давлат реестрида 2025 йил 7 июлда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4596-AZ-2025-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбайжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
ҳар иккала давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдириб,
атроф-муҳитнинг ҳозирги ва келажак авлодлар саломатлиги ва фаровонлиги учун муҳофаза қилиниши лозимлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда,
иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши табиий ресурсларни экологик жиҳатдан асосланган ҳолда бошқаришни талаб этишини тан олиб,
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳар бир давлатнинг глобал атроф-муҳитни сақлаш масъулияти жиҳатидан ўзаро манфаатли ва муҳим эканлигини тўлиқ англаган ҳолда,
атроф-муҳитнинг глобал муаммолари бўйича оқилона қарорлар қабул қилиш нуқтаи назаридан экологик сиёсат ва амалиётнинг муҳимлигини тан олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тенг ҳуқуқлилик, манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
Томонлар ҳамкорлиги қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширилади:
1) атмосфера ҳавоси ифлосланишидан огоҳлантириш ва назорат қилиш;
2) сув ифлосланишидан огоҳлантириш ва назорат қилиш;
3) қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш;
4) хавфли чиқиндиларни бошқариш, шу жумладан, уларнинг ноқонуний трансчегаравий кўчишидан огоҳлантириш;
5) трансчегаравий ифлосланишнинг олдини олиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш;
6) биологик хилмахилликни сақлаш;
7) экотизимларни деградациядан асраш ва қум бўронларидан огоҳлантириш;
8) ер ресурсларидан фойдаланишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
9) иқлим ўзгаришларига мослашиш;
10) атроф-муҳит мониторинги соҳасида қўшма илмий-тадқиқот фаолияти масалалари бўйича биргаликдаги конференцияларни ўтказиш;
11) ишлаб чиқаришнинг экологик тоза технологияларини жорий этиш ва тарқатишга кўмаклашиш;
12) қўшма таълим дастурларини, илмий тадқиқотларни жорий этиш, шунингдек, атроф-муҳит соҳасида кадрларни тайёрлаш ва биргаликдаги фаолият натижаларини оммалаштириш;
13) Томонлар ўзаро келишган ҳамкорликнинг бошқа соҳалари.
3-модда
Томонларнинг ҳамкорлиги қуйидаги асосий шаклларда амалга оширилади:
1) экспертлар ўртасида ахборот алмашиш ва маслаҳатлашувлар, делегацияларнинг ўзаро ташрифлари ва тренингларни ўтказиш;
2) қўшма йиғилишлар, конференциялар ва илмий семинарларни ўтказиш;
3) дастурлар ва ҳамкорлик лойиҳаларини биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
4) атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, фан, техника, сиёсат, қонунчилик, норматив ҳужжатлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги бошқа масалалар бўйича маълумотлар ва материаллар билан алмашиш;
5) биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
6) Томонлар келишувига кўра ҳамкорликнинг бошқа шакллари.
4-модда
Мазкур Битимни амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришни Томонларнинг қуйидаги ваколатли идоралари амалга оширади:
Озарбайжон томони тарафидан — Озарбайжон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлиги;
Ўзбек томони тарафидан — Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Томонлар ўз ваколатли органлари ўзгарган тақдирда, бир-бирларини дипломатик каналлар орқали дарҳол хабардор қиладилар.
5-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари Томонларнинг давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
6-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ молиявий харажатларни ўз давлатларининг миллий қонунчиликларида назарда тутилган манбалар доирасида мустақил равишда қоплайдилар.
7-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур Битимга унинг ажралмас қисми бўлган ва мазкур Битимнинг 9-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
8-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда низо ва келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда, Томонлар уларни маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этадилар.
9-модда
1. Мазкур Битим унинг кучга кириши зарур бўлган давлат ички процедуралари Томонлар тарафидан бажарилганлиги тўғрисидаги сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган кундан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим номаълум муддатга тузилади.
3. Ҳар қандай Томон мазкур Битимнинг амал қилишини бошқа Томонга мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномани дипломатик каналлар орқали юбориш билан тугатиши мумкин. Битимнинг амал қилиши бошқа Томон бундай хабарнома олган санадан бошлаб 6 (олти) ой ўтгунга қадар амал қилади.
Боку шаҳрида, 2025 йил 2 июлда, икки асл нусхада, ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолларда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)