Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ёш офицер кадрлар тайёрлаш учун сарфланган маблағларни ундириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида
Қонунчиликка мувофиқ, фуқаролар олий ҳарбий таълим муассасасини тамомлагандан сўнг беш календарь йил мобайнида офицерлар таркиби лавозимларида ҳарбий хизматни ўташи, хизматни ўтамаган тақдирда эса ўқитиш учун сарфланган маблағларни Давлат бюджетига қайтариши лозимлиги белгиланган.
Шу билан бирга бугунги кунда олий ҳарбий таълим муассасаларининг битирувчилари нафақат ҳарбий хизматчи бўлиб, балки ходим сифатида ҳам хизматни ўташ учун бошқа вазирлик ва идораларга юборилаётгани сабабли ушбу битирувчиларнинг ходим сифатида беш календарь йил давомида хизматни ўташга мажбурлигини қонунчиликда белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Юқоридагиларга кўра Давлат бюджетидан сарфланган маблағлар самарали бўлишини таъминлаш ва ёш офицер кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчилари ўқишни битиргандан сўнг офицер лавозимларида беш календарь йил давомида хизматни ўтамаганда, улардан ўқитиш учун сарфланган маблағлар ундириб олинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
2. Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа манфаатдор ташкилотлар:
(а) ушбу қарорнинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти шахсий таркиб ўртасида тушунтирилишини таъминласин;
(б) олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари билан мазкур қарор билан киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчага мувофиқ қўшимча контрактлар тузсин.
3. Миллий гвардия манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 3 ноябрь,
ПҚ-327-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги ПҚ-327-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. 304-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«304. Олий ҳарбий таълим муассасасини битиргандан кейин ўқишни тугатгандан сўнг тузилган контракт бўйича кўзда тутилган муддат тугамасдан ёки беш календарь йил мобайнида офицерлар таркиби лавозимларида хизматни ўтамасдан ҳарбий хизматни (хизматни) ўташдан бош тортган, шунингдек, контракт шартларини бажармаганлиги, содир этган жинояти учун судланганлиги сабабли бўшатилаётган ёки бундай контрактни тузишдан бош тортган ҳарбий хизматчи (ходим) Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ уни ўқитиш учун сарфланган бюджет маблағларини давлатга қоплаб беради».
2. 3-илованинг 2-банди «в» кичик банди «беш йил муддатга контракт тузиш» сўзларидан кейин «ёки беш календарь йил давомида офицерлар таркиби лавозимларида хизматни ўташ» сўзлари билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.11.2025 й., 07/25/327/1008-сон)