ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИК ВА ЖАМОАТ САЛОМАТЛИГИ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган корхоналарга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини (0104-25-сон СанҚваН) тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 24 сентябрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 371]
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 июлдаги ПФ-6035-сон «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган корхоналарга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0104-25-сон СанҚваН) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан 1999 йил 12 октябрда тасдиқланган «Минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун санитария қоидалари» 0090-99-сон СанҚваМ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
4. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Раис Б. ЮСУПАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 август,
26-сон
Келишилди:
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари О. ҚУДРАТОВ
2025 йил 26 август
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 10 июль
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А. ЖУМАНАЗАРОВ
2025 йил 10 июль
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
2025 йил 10 июль
Қишлоқ хўжалиги вазири И. АБДУРАХМОНОВ
2025 йил 9 июль
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2025 йил 9 июль
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 8 июль
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2025 йил 26 августдаги 26-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган корхоналарга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0104-25-сон СанҚваН)
Ушбу санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган корхоналарнинг (бундан буён матнда корхоналар деб юритилади) жойлашуви ва ҳудудига, корхона ҳудудидаги атмосфера ҳавосига, минерал ўғитларнинг сақланиши ва ташилишига, шунингдек ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган санитария-гигиена талабларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур санитария қоидаларида қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
аҳоли пункти — ҳуқуқий мақом, ном ва чегара билан белгиланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирлиги (шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул);
минерал ўғит — тайёрланган ёки қазиб олинган, таркибида минерал шаклдаги озиқлантирувчи моддалар бўлган ўғитлар;
селитеб ҳудуд — аҳоли пунктидаги аҳолининг яшаши, дам олиши, ижтимоий-маиший эҳтиёжларини қондириш учун мўлжалланган ҳудуд.
2-боб. Корхоналарнинг жойлашуви ва ҳудудига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
2. Корхоналарни аҳоли пункти жойлашган томонга доимий ёки мавсумий эсадиган шамол йўналиши бўйича жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
3. Корхоналарни жойлаштириш ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ҳисоб рақами 261, 2024 йил 24 июнь) ҳамда СанҚваН 0350-17-сон «Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария нормалари ва қоидалари»га асосан амалга оширилади.
4. Корхоналарни қуйидаги ҳудудларда жойлаштиришга йўл қўйилмайди:
сув таъминоти манбалари ва сув қувурлари иншоотлари жойлашган санитария-муҳофаза зонасида;
аҳоли дам олиш жойларида;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда;
моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграларида;
кончилик чиқиндилари сақланадиган ва атроф-муҳит ҳамда аҳоли учун хавф туғдириши мумкин бўлган ҳудудларда;
органик ва радиоактив чиқиндилар билан ифлосланган ҳудудларда;
тўғон ёки дамба бузилиши натижасида сув босиши рўй бериши мумкин бўлган ҳудудларда;
ўрмон хўжалиги ҳудудларида;
таълим ва тиббиёт ташкилотлари жойлашган ҳудудларда.
5. Атмосфера ҳавосини ифлослантириш хавфи I ва II синфга кирувчи манбалари мавжуд бўлган корхоналарни шамол тезлиги 1 м/с дан ошмайдиган ҳамда узоқ муддатли туманлар кузатиладиган ҳудудларда (йил давомида кунларнинг 30 — 40 фоизида, қиш мавсумида эса кунларнинг 50 — 60 фоизидан ортиғида туман ҳодисалари қайд этиладиган ҳудудлар) жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
6. Корхонанинг бино ва иншоотларини Ш-П-Н шаклларда лойиҳалашга йўл қўйилмайди.
7. Корхона санитария-муҳофаза зонасининг кенглигини белгилашда санитария таснифи, атмосфера ҳавосининг кутилаётган ифлосланиш даражаси ва физик таъсирлари, шунингдек мазкур корхона жойлаштирилган ҳудуддаги бошқа турдаги корхоналар учун минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган корхонанинг санитария-гигиена жиҳатдан таъсирини ўрганиш ва баҳолаш ишлари натижалари ҳисобга олиниши лозим.
8. Санитария-муҳофаза зонасини қуйидаги мақсадларда ташкил этишга йўл қўйилади:
корхона фаолияти натижасида юзага келадиган таъсир омиллари (атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, шовқин, тебраниш, нурланиш) даражаларини санитария-муҳофаза зонаси чегарасидан ташқарида амал қилувчи гигиеник меъёрларгача камайтиришни таъминлаш;
корхона ҳудуди ва аҳоли турар-жойлари ўртасида санитария-муҳофаза ва эстетик тўсиқни ташкил қилиш;
атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни ассимиляциялаш ва фильтрлашни, шунингдек микроиқлимнинг қулайлигини оширишни таъминловчи кўкаламзорлаштиришни ташкил қилиш.
9. Санитария-муҳофаза зоналарининг масофалари қуйидагича бўлиши лозим:
аҳоли пункти билан сиғими 50 т дан кам бўлган минерал ўғитларни сақлаш омбори орасида 100 м;
аҳоли пункти билан сиғими 50 т дан 500 т гача бўлган минерал ўғитларни сақлаш омбори орасида камида 300 м;
аҳоли пункти билан сиғими 500 т дан ортиқ минерал ўғитларни сақлаш омбори орасида камида 500 м;
аҳоли пункти билан корхона орасида 1000 м;
корхона билан минерал ўғитлардан фойдаланувчи иссиқхона хўжаликлари орасида камида 100 м;
корхона билан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларига кимёвий моддалар (фунгицидлар, инсектицидлар) билан ишлов бериладиган ҳудудлар орасида камида 300 м;
корхона билан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси орасида камида 300 м;
корхона билан унинг атрофида жойлашган бошқа турдаги корхоналар орасида камида 1000 м;
корхона билан хўжалик-ичимлик, маданий-маиший сувдан фойдаланиш манбалари ва балиқчилик хўжалиги ҳавзалари орасида камида 2 км.
Бунда, санитария-муҳофаза зонаси корхона ҳудудини кенгайтириш учун захира майдон бўлмаслиги керак.
10. Санитария-муҳофаза зонаси ҳудудини қуйидаги ҳолларда камайтиришга йўл қўйилади:
корхона жойлашган ҳудуддаги ҳаво муҳити ифлосланишининг ҳолати юзасидан камида бир йиллик лаборатория кузатувларининг таҳлил натижаларига кўра яшаш муҳити ва ҳаво муҳити таркибидаги зарарли моддалар концентрацияси СанҚваН 0350-17-сон «Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларининг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария нормалари ва қоидалари»га мувофиқ бўлганда;
корхонанинг фаолияти ҳажми ёки тури ўзгарганда (хавфли кимёвий модда ишлаб чиқаришдан камроқ хавфли маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтилганда), шунга мос равишда хавфлилик синфи юқори синфдан пастроқ синфга ўтганда;
корхонада шовқин СанҚваН 0325-16-сон «Иш жойларида шовқиннинг рухсат этилган даражалари бўйича санитария меъёрлари», тебраниш СанҚваН 0326-16-сон «Иш жойларидаги умумий ва маҳаллий тебранишлар учун санитария меъёрлари» ва электромагнит нурланиш даражалари СанҚваН 0060-23-сон «Радиочастоталарнинг электромагнит майдонлари манбалари билан ишлашнинг санитария қоидалари ва нормалари»га (ҳисоб рақами 227, 2023 йил 30 декабрь) мувофиқ бўлганда.
11. Санитария-муҳофаза зонасини қуйидаги ҳолларда 5 — 10 баробаргача кенгайтиришга йўл қўйилади:
атмосфера ҳавоси ифлосланиши мумкин бўлган ҳудудда аҳоли пунктларини корхонага нисбатан шамол йўналишига тескари томонда жойлаштиришнинг имкони бўлмаганда;
корхонадаги шовқин СанҚваН 0325-16-сон «Иш жойларида шовқиннинг рухсат этилган даражалари бўйича санитария меъёрлари», тебраниш СанҚваН 0326-16-сон «Иш жойларидаги умумий ва маҳаллий тебранишлар учун санитария меъёрлари» ва электромагнит нурланиш даражалари СанҚваН 0060-23-сон «Радиочастоталарнинг электромагнит майдонлари манбалари билан ишлашнинг санитария қоидалари ва нормалари»да (ҳисоб рақами 227, 2023 йил 30 декабрь) белгиланган гигиеник меъёрлардан ошиб кетган тақдирда;
корхонада янги турдаги, аҳоли саломатлигига хавфи етарлича ўрганилмаган минерал ўғитларни ишлаб чиқариш бошланганда;
корхона ҳудудида шамоллар гули (румблар бўйича шамол қайталанишининг график ифодаси) орқали ифлослантирувчи моддаларни атмосфера ҳавосига тезда тарқатиб юборадиган шароит (туманли об-ҳаво) мавжуд бўлганда;
атмосфера ҳавосига чиқариладиган турли хил зарарли моддаларни тозалаш усуллари мавжуд бўлмаганда ёки самарасиз бўлганда.
12. Корхона ҳудуди мустақил, ёпиқ, яхлит бўлиши, унинг ичидан умумий фойдаланишдаги транспорт ёки сув йўллари ўтмаслиги лозим.
13. Корхона ҳудудидаги умумий хусусиятлари ўхшаш бўлган бинолар ва иншоотларни бир-бирига яқин жойлаштиришга йўл қўйилади.
14. Корхона ҳудуди функционал хусусиятларга кўра қуйидаги ҳудудларга ажратилиши керак:
ишлаб чиқариш;
ёрдамчи;
маъмурий-хўжалик.
Бунда, ушбу ҳудудлар ўлчамлари корхонанинг ишлаб чиқариш қувватидан келиб чиқиб белгиланиши лозим.
Корхона ҳудудида шамоллар гули ҳисобга олиниши ва саноат чиқиндилари учун жойлар шамол эсмайдиган томонда жойлаштирилиши керак.
15. Ишлаб чиқариш ҳудудини жойлаштиришда фойдаланиладиган моддаларнинг токсиклик ва физик-кимёвий хусусиятлари ҳисобга олиниши керак.
16. Маъмурий-хўжалик ҳудуди селитеб ҳудуддан келувчи ходимларнинг асосий қисми корхонага ўтувчи йўлга яқин жойлаштирилиши керак.
17. Корхона ҳудудида жойлашган бинолар газ, чанг, шовқиндан изоляцияланиши, кимёвий зарарли таъсирдан ҳимоя қилиниши ва кўкаламзорлаштирилиши керак.
18. Корхона ҳудудида ишлаб чиқаришнинг зарарли таъсири кам бўлган ҳамда ходимлар дам олиши учун кўкаламзорлаштирилган майдонлар ташкил қилиниши керак.
19. Корхонани селитеб ҳудудга нисбатан жойлаштиришда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:
корхонанинг атмосфера ҳавосига ажратиб чиқарадиган газлар, аэрозоллар таркиби ва санитария-гигиеник таснифига кўра хавфлилик синфи;
корхонадан ифлосланган ҳавони ажратиб чиқарадиган қувурнинг баландлиги;
атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи ҳар бир манбанинг атмосфера ҳавосига таъсирининг умумий зарар даражаси;
ҳавога энг кўп ва хавфли таъсир кўрсатувчи моддалар (доминант моддалар) ажратиб олиниб, уларни хавфсиз миқдоргача камайтириш учун зарур бўлган тоза ҳаво ҳажми.
20. Корхонанинг очиқ майдонларида жойлаштириладиган ускуналарни шамол оқими натижасида ҳавода чанг, газ ёки бошқа зарарли моддалар тўпланишига сабаб бўладиган ҳудудларда жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.
3-боб. Корхона ҳудудидаги атмосфера ҳавосига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
21. Корхона ҳудудидаги атмосфера ҳавосида зарарли моддалар миқдори СанҚваН 0294-11-сон «Иш ўрни ҳавосидаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган концентрацияларининг гигиеник нормативлари»да белгиланган рухсат этилган концентрациянинг 30 фоизидан ошмаслиги керак.
22. Корхона ҳудудидан ташқаридаги атмосфера ҳавосида зарарли моддалар миқдори СанҚваН 0294-11-сон «Иш ўрни ҳавосидаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган концентрацияларининг гигиеник нормативлари»да белгиланган рухсат этилган концентрациядан ошмаслиги керак.
23. Корхонанинг ташламалари атмосфера ҳавосига чиқарилишидан олдин чанг, буғ ва газлардан тозаланиши керак.
24. Ишлаб чиқариш ҳудудидаги ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтириш учун қуйидагилар амалга оширилиши лозим:
қуриладиган бинонинг энини камида 8 — 10 қаватли бинонинг баландлигига тенг қилиб лойиҳалаштириш;
бинолар ҳамда очиқ майдонларда қатор қилиб жойлаштирилган ускуналарнинг асосий узун томонини (узун ўқи) ҳудудда энг кўп эсадиган шамол йўналишига параллел қилиб жойлаштириш;
дудбўрондан чиқадиган ташламалар бинолар ёки ускуналар атрофида ҳосил бўладиган айланма ҳаво оқимларига тушиб қолмаслигини ва дудбўрон баландлиги у жойлашган бино баландлигидан ёки ёнида турган ускуналар баландлигидан камида 1,8 баробар баландроқ бўлишини таъминлаш.
25. Корхоналар ҳудудидаги ҳавода зарарли моддалар миқдори СанҚваН 0294-11-сон «Иш ўрни ҳавосидаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган концентрацияларининг гигиеник нормативлари»да белгиланган рухсат этилган концентрациядан ошиб кетса, ўзи огоҳлантириш берадиган жиҳозлар (газ анализаторлар ёки детекторлар) ўрнатилиши лозим.
4-боб. Корхоналарнинг сув таъминоти ва оқова сув тармоғига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
26. Корхоналарни сув билан таъминлашда ШНҚ 2.04.02-19 «Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши лозим.
27. Корхоналардаги ичимлик сувининг сифати ЎзМСт 133:2024 «Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш» ҳамда ЎзМСт 134:2024 «Марказлаштирилган хўжалик-ичимлик суви билан таъминлаш манбалари. Гигиеник, техникавий талаблар ва танлаш қоидалари»га мувофиқ бўлиши керак.
28. Корхонага ичимлик суви фақат ичимлик суви учун фойдаланиладиган қувурлар орқали етказиб берилиши шарт.
29. Технологик эҳтиёжлар учун фойдаланилган саноат сувлари кимёвий жараёнларнинг барқарорлиги ва оқова сувларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган даражада тозаланиши лозим.
30. Ишлаб чиқаришда ҳосил бўлган оқова ва технологик сувлар таркибидаги заҳарли моддалар тўлиқ йўқ қилингунига қадар тозаланиши керак.
31. Корхоналардан чиқаётган оқова сувларнинг ифлосланиш даражалари СанҚваН 0083-24-сон «Ер ости ва ер усти сув объектларини муҳофаза қилиш бўйича санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари»да (ҳисоб рақами 321, 2024 йил 13 декабрь) келтирилган даражалардан ошган тақдирда, оқова сувларни зарарсизлантирмасдан ер ости ва ер усти сув объектларига оқизишга йўл қўйилмайди.
32. Корхонанинг оқова сувларини чиқариб юборишда ҚМҚ 2.04.03-19 «Канализация. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар»га риоя қилиниши зарур.
5-боб. Корхоналарнинг вентиляцияси, иситилиши, ёритилишига ва шовқин даражасига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
33. Корхонада ишлаб чиқариш ҳудудидаги ҳавони ташқи ҳаво билан алмаштириб, унинг сифатини таъминлаш учун вентиляция тизими ўрнатилиши лозим.
34. Вентиляция тизими корхоналарда зарарли газлар ва буғлар, чанг, шунингдек ортиқча иссиқликни чиқариб юбориш учун мўлжалланган бўлиши керак.
Бунда, умумий вентиляция тизимига қўшимча равишда маҳаллий вентиляция тизими алоҳида шамоллатиш тизими сифатида лойиҳаланиши лозим.
35. Чанг ҳосил бўлишига қарши курашиш учун маҳаллий вентиляция тизимидан фойдаланиш керак.
36. Чангланган ҳавони олиб кетувчи аспирация қувурлари имкон қадар қисқа бўлиши ва қуёшга нисбатан камида 45° қиялик бурчагида ўрнатилиши керак.
Агар қиялик бурчаги 45° дан пастроқ бўлган қувурлардан фойдаланиш зарур бўлса, қувурлар ундаги ҳаво тезлиги чанг тушишининг олдини олишини ҳисобга олган ҳолда танланиши керак.
37. Чанг-ҳаво аралашмасини олиб кетувчи қувурлар уларни чўкаётган чангдан тозалаш учун зич ёпилган туйнуклар билан жиҳозланган бўлиши керак.
38. Чанг ва ҳаво оқимида суюқликка айланиб томчи бўлиб тушадиган буғларни олиб кетувчи қувурларни умумий вентиляция тизимига улашга йўл қўйилмайди.
39. Маҳаллий вентиляция тизимини аммиак ва карбамид учун мўлжалланган насосларга ҳамда аммиак намуналарини олиш жойларига ўрнатишга йўл қўйилади.
40. Маҳаллий вентиляция тизимини лойиҳалашда зарарли ташламаларни тўлиқ ёпиқ қоплама билан ушлаб қолиш имкони бўлмаса, зонали вентиляциядан (фақат хавфли моддалар ажраладиган жойни алоҳида шамоллатадиган вентиляция) фойдаланишга йўл қўйилади.
41. Ҳимоя қопламалари орқали сўрилган ҳаво ҳажми очиқ жойлардаги ҳавонинг ҳаракат тезлигидан келиб чиқиб қуйидагича бўлиши керак:
тўлиқ ҳимояли қопламаларда — 0,6 — 1,0 м/с;
зонали вентиляция насосларининг зичлигини таъминловчи қисмларда (салник) — 2,0 — 1,5 м/с.
42. Маҳаллий вентиляция тизими ишламай қолса, у билан боғлиқ технологик ускуналар ҳам тўхтатилиши лозим.
43. Вентиляция тизимида ҳаво чиқариш жойини танлашда ундаги чанг ва газлар миқдори иш жойи учун СанҚваН 0294-11-сон «Иш ўрни ҳавосидаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган концентрацияларининг гигиеник нормативлари»да белгиланган рухсат этилган концентрациянинг 30 фоизидан ошмаслиги инобатга олиниши лозим.
44. Вентиляторлар ва ҳаво олиб кетувчи қувурлар емирилишга қарши ҳимоя қопламалар (зангламайдиган пўлат, махсус эмал, пластмасса қоплама, резина) билан қопланиши керак.
45. Корхоналарни иситиш ШНҚ 2.04.05-22 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ҳисоб рақами 287, 2024 йил 11 сентябрь) мувофиқ амалга оширилиши керак.
46. Корхоналарни умумий ёритиш учун светодиодли, галогенли лампалардан фойдаланиш керак.
47. Умумий ёритиш учун қуйидаги ҳолатларда чўғланма лампалардан фойдаланишга йўл қўйилади:
аниқлик талаб қилмайдиган ишлаб чиқариш жараёнлари учун ёруғликни таъминлашда;
чироқ қўйиб бўлмайдиган жойларни (ўтиш йўлаклари, майдончалар, катта ускуна ёнлари) ёритишда.
48. Иш жойидаги шовқин даражаси СанҚваН 0325-16 «Иш жойларида рухсат этилган шовқин даражаси бўйича санитария нормалари», тебраниш даражаси эса СанҚваН 0326-16 «Ишчи жойларда умумий ва локал тебранишларни санитария нормалари»га мувофиқ бўлиши лозим.
6-боб. Корхоналарнинг технологик жараёнларига, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланишига ҳамда ишга туширилишига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
49. Технологик жараёнлар ва жиҳозлар ходимларнинг меҳнат шароитини яхшилаш ва ишлаб чиқаришдаги зарарли таъсирларни камайтиришга хизмат қилиши керак.
50. Минерал ўғит ишлаб чиқариш жараёни узлуксиз амалга оширилиши лозим.
Бунда, ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим:
жараёнларни автоматик ва механик ускуналар ёрдамида амалга ошириш;
қўлда ишлов беришни камайтириш;
очиқ майдонда ўрнатилган ускуналарда ёмғир, қор, чанг йиғилиб қолмаслиги учун уларни мунтазам тозалаш;
ишлаб чиқаришдаги эритма ёки аралашмаларнинг кислоталилик ёки ишқорийлик даражасини мунтазам равишда ўлчаш;
тайёр ёки ярим тайёр маҳсулотдан намуналарни олиб, лабораторияда текшириш.
51. Технологик жиҳозлар ва коммуникацияларни жойлаштириш, кўтариш ҳамда ташиш махсус техник воситалар (кранлар, лифтлар, автогидроподёмниклар, юк кўтарувчи механизмлар ёки махсус аравачалар) ёрдамида амалга оширилиши керак.
52. Корхонада ҳосил бўлган чиқинди сувлар (ёмғир сувлари, технологик эритмалар ёки ишлатилган сувлар) махсус механизмлар ёрдамида тозаланиши керак.
53. Технологик жиҳозлар жойлаштирилган майдонлардаги полларда ёмғирлар ва чиқинди сувларнинг йиғилиб қолишининг олдини олиш мақсадида поллар қияликларга эга бўлиши керак.
54. Корхона ҳудудидаги чанг ажратадиган иш жойларини тозалаш осон бўлиши учун девор ва поллар силлиқ, тўсиқ элементлари юмалоқ бўлиши керак.
55. Синтез ва дистиллаш бўлимлари, насослар, қайта ишлаш ва қадоқлаш амалга ошириладиган хоналарнинг деворлари ва шифтларининг ички юзаси кимёвий моддаларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш учун турғун лаклар ва бўёқлар билан қопланган бўлиши керак.
56. Ишлаб чиқариш ҳудудидаги хоналарнинг поллари осон ювилиши учун қалин керамик плиталардан тайёрланган бўлиши керак.
57. Очиқ майдонда ўрнатилган технологик жиҳозларга хизмат кўрсатиш масофадан бошқариладиган стационар пультлар орқали амалга оширилиши керак.
Бунда, пультлар табиий ёруғлик, механик шамоллатиш ва дудбўрон вентиляция тизими мавжуд бўлган хоналарда жойлаштирилиши лозим.
58. Зарарли газлар ва буғларни ажратиш манбаи бўлган барча қурилмалар герметикланган ёки устки қисми ҳимояланган бўлиши керак.
59. Насоснинг уланувчи (бирлаштирилувчи) қисмлари, гардишлари соз ҳолатда бўлиши лозим.
60. Босим ва ҳароратдан қатъи назар, аммиакни ва таркибида 25 фоиздан ортиқ аммиакни тутувчи воситаларни ташишда қувурлардаги уланган қисмлар юзаси бир-бирига зич бириккан бўлиши лозим.
61. Тайёр маҳсулотнинг ҳароратини пасайтириш ва газлардаги десорбция жараёнларининг интенсивлигини камайтириш учун технологик схемада келтириб ўтилган совутгичлардан фойдаланилиши керак.
62. Емирилишга учраши мумкин бўлган технологик жиҳозлар аустенит (юқори емирилишга чидамли) синфига мансуб пўлатлардан тайёрланиши керак.
Бунда, пўлатлар таркибида феррит миқдори синтез тугуни учун 3 фоиздан, биринчи босқич дистиллаш тугуни учун 5 фоиздан ошмаслиги керак.
63. Дистиллашнинг биринчи босқичи ускуналари ва уларнинг кимёвий реакциялар содир бўладиган тугунлари йилига камида икки марта текширилиши керак.
64. Чангланишнинг олдини олиш учун ташувчи ленталарнинг (материални бир жойдан иккинчи жойга ташиш учун ишлатиладиган ҳаракатланувчи транспорт воситаси) тезлиги 0,6 м/с дан ошмаслиги керак.
65. Ташувчи ленталарнинг орқа томонига маҳсулот ёпишиб қолмаслиги ва ерга тўкилмаслиги учун махсус қирғичлар ёки чўткалар ўрнатилиши керак.
66. Тайёр маҳсулотнинг бункерларда қолиб кетишининг олдини олиш учун бункернинг конус қисми деворларининг бурчакларига вибраторлар ўрнатилиши керак.
67. Тайёр маҳсулотни миқдорий жиҳатдан тақсимлаш маҳаллий вентиляция тизими билан жиҳозланган ўзи тақсимлайдиган ускуналар орқали амалга оширилиши керак.
68. Тайёр маҳсулотнинг ташувчи ленталардан тушиш баландлиги 0,5 м дан ошмаслиги керак.
69. Чангни тозалаш билан боғлиқ технологик жиҳозлар тўлиқ герметикланган ёки ярим герметик бўлган ва иш жойига чанг тушишининг олдини олиш учун маҳаллий вентиляция тизими билан таъминланган бўлиши керак.
70. Ишлаб чиқариш ҳудудида жойлашган ташувчи ленталар бутун узунлиги бўйлаб ҳимоя қоплами билан қопланиши керак.
71. Маҳсулотнинг лентадан бункерларга тушадиган жойлари қоплама билан жиҳозланиши ва аспирация тизими (зарарли чанг ёки газларни ҳаво орқали йиғиб олиб, хавфсиз тарзда чиқариш) орқали чанг чиқишининг олди олиниши лозим.
72. Тайёр маҳсулотнинг сифатини пасайтирмаслиги учун маҳсулотнинг намлиги 0,7 — 1,0 фоиз оралиғида бўлиши керак.
73. Технологик жиҳозлар, газ ташламалари ва қувурларнинг юқори ҳароратга эга бўлган юзалари иссиқликдан ҳимоя қилувчи қоплама билан қопланиши ва бунда юзанинг ҳарорати 45°C дан ошмаслиги лозим.
74. Технологик жиҳозларга ташқи муҳит таъсирини камайтириш мақсадида жиҳозлар ҳимоя қопламалари билан қопланиши, технологик жараённи автоматик бошқарувчи тизимлар ўрнатилиши ва иссиқлик изоляцияси таъминланиши лозим.
75. Турли хил меҳнат шароитларига эга бўлган технологик жараёнларни имкон қадар бир-биридан ажратиш учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим:
қаватлар орасида очиқ тирқишлар ва панжарали қопламалар бўлишига йўл қўймаслик;
тирқишларни осон олинадиган (суриладиган, айланадиган) тавақалар билан жиҳозлаш;
қўшни хоналарга ўтиш учун барча ўтиш жойларига ўз-ўзидан ёпиладиган эшикларни ўрнатиш;
қувурлар ва бошқа жиҳозларнинг оралиқ қаватлар орқали ўтадиган жойлардаги бўшлиқларни ёпиш.
76. Бошқарув пультлари хавфсиз хонага ёки алоҳида бинога жойлаштирилиши, улар ишлаб чиқаришнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилинган бўлиши керак.
77. Грануляцион минорадан (жараённи амалга оширадиган ускуна ёки бино) тушириладиган жойда ходимлар жараённи қулай ва хавфсиз кузата оладиган, ҳавоси тоза ва иситиладиган хона бўлиши керак.
78. Маъмурий-хўжалик ҳудудидаги биноларда махсус иш кийимлари ва пойафзалларни қуритиш учун камералар, шунингдек чилангарлар учун иситиш тизимига эга хоналар ажратилиши керак.
Бунда, хоналарни нурланиш даражаси 280 — 350 W/м2 (0,4-0,5 кал/см2/мин) бўлган стационар нурли иссиқлик манбалари билан жиҳозлашга йўл қўйилади.
79. Технологик жиҳозларни таъмирлаш у тозалангандан ва зарарсизлантирилгандан кейин амалга оширилиши керак.
80. Ўзидан иссиқлик чиқарадиган технологик жиҳозлар иш жойи учун оптимал ҳаво ҳарорати чегараларидан 2°C дан юқори бўлмаган ҳароратгача совутилиши керак.
81. Таъмирлаш ва тозалаш учун технологик жиҳозларни очишдан олдин уларни инерт газ билан, кейин тоза ҳаво билан тозалаш ва сув билан ювиш керак.
Бунда, таъмирлаш ва тозалаш ишлари дудбўрон қурилмаси ишчи ҳолатда бўлгандагина амалга оширилиши лозим.
82. Йилнинг совуқ мавсумида очиқ майдонларда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун кўчма ҳимояловчи тўсиқлар (ҳимоя қутилари, ширма), ходимлар исиниб олишлари учун қурилмалар бўлиши керак.
83. Очиқ майдонларда режали-профилактик таъмирлаш ишлари йилнинг иссиқ даврига режалаштирилиши керак.
7-боб. Минерал ўғитларни сақлаш ва ташиш жараёнларига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
84. Қадоқланмаган минерал ўғитларни сақлаш учун махсус ёпиқ бинолар (омборхоналар) ёки сиғимлардан (силослар) фойдаланиш лозим.
85. Санитария-муҳофаза зонасида минерал ўғитларга мўлжалланган омборхоналарни (бундан буён матнда омборхоналар деб юритилади) жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
86. Омборхоналар аҳоли пунктлари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда одамлар гавжум ҳудудлардан шамол йўналишига тескари томонда жойлаштирилиши лозим.
87. Омборхоналарнинг бино ва иншоотлари автомобил ва темир йўллардан (кириш йўлларидан ташқари) камида 60 м узоқликда бўлиши керак.
88. Қуруқ минерал ўғитлар сақланадиган омборхона биноларининг ёнғинга қарши деворлар билан ўралган қават юзасининг рухсат этилган ўлчамлари ШНҚ 2.09.11-22 «Қуруқ маъданли ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари омборлари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ҳисоб рақами 272, 2024 йил 14 август) мувофиқ бўлиши лозим.
89. Минерал ўғитларнинг физик-механик ва кимёвий хусусиятларини сақлаш учун уларнинг суткалик захирасини вақтинча майдончаларда (далада) сақлашга йўл қўйилади.
90. Минерал ўғитларни сақлашда қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилиши зарур:
уларнинг бутлигини (миқдори ва истеъмол хусусиятларининг ўзгармаслигини) таъминлаш;
инсон организмига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сақланаётган моддалар билан ходимларнинг алоқасини бартараф этиш ёки уни камайтириш;
хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг манбаи бўлган чиқиндиларни ўз вақтида утилизация қилиш, атроф-муҳитга зарар етказилишига йўл қўймаслик;
ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган ўғитларни ШНҚ 2.09.11-22 «Қуруқ маъданли ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари омборлари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ҳисоб рақами 272, 2024 йил 14 август) мувофиқ сақлаш.
91. Минерал ўғитларни ясси тагликлар (паддонлар) устига қопларда беш қатор қилиб уч қаватда жойлаштиришга йўл қўйилади.
92. Қопланмаган минерал ўғитларни уйиб қўйилган уюмлар ҳолида сақлашга ва омборларда қуйидагича жойлаштиришга йўл қўйилади:
ўғитлар сифатининг бузилишига олиб келадиган таъсирнинг олдини олиш учун — азотли, калийли, фосфорли ўғитларни бир жойда ёнма-ён;
карбамидни намланиб қолишининг олдини олиш учун суперфосфат ва бошқа мураккаб минерал ўғитлар билан бирга бир жойда ёнма-ён бўлмаган ҳолатда.
93. Омбор девори билан минерал ўғитлар тахлами орасидаги масофа 60 — 100 м атрофида бўлиши керак.
94. Омборхоналарда минерал ўғитлар билан боғлиқ ишлар индивидуал ҳимоя воситаларини қўллаган ҳолда амалга оширилиши лозим.
95. Суюқ минерал ўғитлар (аммиакли сув, углеаммиакат, суюқ комплекс минерал ўғитлар) суюқ ҳолда, контейнер ва идишларда темир йўл ва автомобил транспортида ташилиши шарт.
96. Қадоқланган суюқ комплекс минерал ўғитлар транспорт ўрамларида тагликда, контейнерлар ёки идишларда темир йўл ва автомобил транспортида ташилиши лозим.
97. Суюқ минерал ўғитларни ташиш учун сиғимларни тўлдиришда йўл давомида ҳароратнинг эҳтимолий ўзгариши натижасида маҳсулот ҳажмининг кенгайиши инобатга олиниши керак.
98. Қаттиқ минерал ўғитлар ёпиқ ва ярим очиқ темир йўл вагонларида ва автомобил транспортида ташилиши лозим.
99. Қаттиқ минерал ўғитларни ўтиш жойлари, тор йўлакларда, электр тармоғи, ток ўтказувчи симлар яқинига, омбор эшиклари ва деразалари орқасига тахлаб қўйишга йўл қўйилмайди.
100. Полимер қопламали юмшоқ контейнерларга қадоқланган қаттиқ минерал ўғитларни ярим очиқ вагонларда ва автомобил транспортида бортини ёпмаган ҳолда ташишга йўл қўйилади.
101. Қадоқланмаган қаттиқ минерал ўғитларни фақат саноатда қайта ишлайдиган ва ишлаб чиқариш жараёнида реагент (материал) сифатида фойдаланадиган корхоналарга махсус сочилувчан моддаларни ташишга мўлжалланган вагонлар ва автомобил транспортида ташишга йўл қўйилади.
102. Полимер қопларга қадоқланган қаттиқ минерал ўғитларни автомобил транспорти бортини ёпмаган ҳолда ташишга йўл қўйилади.
8-боб. Минерал ўғитлар билан ишловчи ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
103. Минерал ўғитлар билан ишловчи ходимлар заҳарланишининг олдини олиш учун технологик жиҳозларни полимерлардан тозалаш ва реакторларни таъмирлашда қўл меҳнатидан фойдаланишга ва ходимнинг қурилма ичида бўлишига йўл қўйилмайди.
104. Агрессив ва ўювчи суюқликлар (акрил, метакрил, сульфат кислоталари, изоцианатлар, стирол, фенол) оқадиган қувурлардаги зичлагичларни алмаштириш жараёнида ходимларнинг ифлосланган зичлагичлар билан бевосита алоқада бўлишига йўл қўйилмаслиги лозим.
105. Шахсий ҳимоя воситалари тўғри қўлланилиши, шунингдек ҳар бир фойдаланишдан сўнг тозаланиши лозим.
106. Минерал ўғитлар билан ишловчи ходимлар томонидан қуйидаги шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиниши лозим:
қўллар ва тананинг очиқ қисмларини зарарсизлантирувчи эритмалар билан яхшилаб ювиш;
кимёвий моддалар билан ишлагандан кейин душ қабул қилиш.
107. Иш жараёнида чекиш ва овқатланишга йўл қўйилмайди.
108. Минерал ўғитлар билан ишловчи ходимлар кўз ва юзни ҳимоялашда қуйидаги воситалардан фойдаланиши лозим:
ён томондан ҳимояланган ҳимоя кўзойнаклари;
ҳимоя юз қалқонлари.
109. Минерал ўғит аэрозоли ҳавода узоқ вақт сақланиб қолинишини инобатга олган ҳолда заҳарланишдан сақланиш мақсадида респиратор ёки махсус ярим ниқоблардан фойдаланилиши лозим.