Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг
қарори
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 8 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3657]
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси қарор қилади:
1. «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис С. ТОШБОЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 1 август,
2-сон
Келишилди:
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ
2025 йил 1 август
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 30 июль
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2025 йил 1 августдаги 2-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, лицензияга эга бўлмаган шахслар томонидан ноқонуний хизматлар кўрсатилишини барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида назорат харидини амалга ошириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида назорат хариди (бундан буён матнда «сирли мижоз» тадбири деб юритилади) — ўзини мижоз сифатида таништирган ҳолда «Умра» хизматларини ноқонуний амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний ёки юридик шахслар фаолиятини барвақт аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) масъул ходимлари томонидан яширин равишда амалга ошириладиган назорат хариди;
«Умра» хизмати — Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида белгиланган лицензия талаб ва шартлари асосида амалга ошириладиган, «Умра» амалларининг бажарилишини ташкил этиш ва ўтказишга қаратилган хизмат.
2. «Сирли мижоз» тадбири қонунийлик, холислик ва адолатлилик принципларига асосланган ҳолда Қўмита масъул ходимлари томонидан амалга оширилади.
3. «Сирли мижоз» тадбири текшириш ёки тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳисобланмайди, бундай тадбирлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.
2-боб. «Сирли мижоз» тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш
4. «Сирли мижоз» тадбири «Умра» хизматларини ноқонуний амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахслар фаолиятини барвақт аниқлаш мақсадида Қўмита ташаббуси билан ташкил этилади ва ўтказилади.
5. «Сирли мижоз» тадбири қуйидаги манбалардан олинган маълумотлар асосида ташкил этилади:
жисмоний ва юридик шахслар томонидан «Умра» хизматини кўрсатиш фаолияти юзасидан Қўмитага келиб тушган мурожаатлар;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумот, таҳлил ва хулосалар;
оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа очиқ манбаларда тарқалган маълумотлар;
«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўрта ва юқори даражада баҳоланган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар.
6. «Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, Қўмита раиси томонидан қабул қилинадиган тегишли буйруқ асосида амалга оширилади.
Бунда, «сирли мижоз» тадбири ушбу буйруқ қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ўтказилади.
7. «Сирли мижоз» тадбирини ўтказиш ҳақидаги буйруқда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
«сирли мижоз» тадбирини ўтказиш учун асос бўлган маълумотлар;
«сирли мижоз» тадбирини ўтказиш муддати;
«сирли мижоз» тадбирини амалга оширувчи масъул ходим фамилияси, исми, шарифи ва лавозими;
«сирли мижоз» тадбири ўтказилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг номи шунингдек, «сирли мижоз» тадбири бевосита ўтказилаётган жой;
«сирли мижоз» тадбири ўтказилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;
«сирли мижоз» тадбири натижаларини расмийлаштириш;
«сирли мижоз» тадбири давомида фото ва видеотасвирларнинг зарурлиги тўғрисида маълумот.
8. «Сирли мижоз» тадбири уни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган масъул ходим томонидан амалга оширилади.
«Сирли мижоз» тадбирига ўз ихтиёрига кўра розилик берган фуқаро(лар) ҳам жалб қилиниши мумкин. Жалб қилинган фуқаро(лар)нинг фамилияси, исми ва шарифи буйруқда кўрсатилади.
9. Қўмита масъул ходими «Умра» хизматларини ноқонуний амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний ёки юридик шахснинг олдига мижоз сифатида боради ва ундан ўзига «Умра» хизмати кўрсатилишини сўрайди ҳамда ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган маълумотларни йиғади.
10. «Сирли мижоз» тадбири давомида «Умра» хизматларини ноқонуний амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний ёки юридик шахсга оид қуйидаги маълумотлар тўпланади:
«Умра» хизматини кўрсатиш учун тегишли лицензия мавжудлиги (расмий ҳужжат ёки оғзаки маълумот асосида);
«Умра» хизматини кўрсатиш шартлари (муддати, нархи ва бошқалар);
«Умра» хизмати учун тўлов усули ва ҳисоб рақами.
11. «Сирли мижоз» тадбири давомида яширин диктофон ёки видео кузатув мосламаларидан фойдаланилиши мумкин.
Диктофон ёки видео кузатув мосламалари ёрдамида ёзиб олинган маълумотлар Қўмита томонидан қабул қилиб олинади ва улардан мазкур Низомда кўрсатилган ҳоллардан ташқари бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
12. «Сирли мижоз» тадбири хизмат кўрсатиш ҳақида ҳужжат (шартнома) расмийлаштирилганда ва (ёки) Қўмита масъул ходимидан тўловни амалга ошириш талаб қилинганда тугалланган деб ҳисобланади.
13. «Сирли мижоз» тадбири натижалари бўйича Қўмита масъул ходими томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи далолатнома расмийлаштирилади:
«сирли мижоз» тадбирини амалга оширувчи масъул ходим фамилияси, исми, шарифи ва лавозими;
«сирли мижоз» тадбирини амалга ошириш учун Қўмита раисининг буйруғи реквизитлари;
«сирли мижоз» тадбири амалга оширилган жисмоний ёки юридик шахснинг номи ва манзили;
«сирли мижоз» тадбири давомида аниқланган ҳолатлар;
«сирли мижоз» тадбири давомида тўпланган аудио, видео, фото ва бошқа тасдиқловчи материаллар тўғрисида маълумотлар.
14. «Сирли мижоз» тадбири натижалари бўйича далолатнома Қўмита масъул ходими томонидан тадбир якунлангандан кундан эътиборан бир иш куни ичида Қўмитанинг ваколатли таркибий бўлинмасига тақдим этилади.
Қўмитанинг ваколатли таркибий бўлинмаси томонидан «сирли мижоз» тадбири натижалари бўйича далолатнома у тақдим этилгандан сўнг беш иш куни ичида кўриб чиқилади, бунда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари мавжуд бўлса, қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материалларни юбориш бўйича таклифлар тайёрланади.
15. «Сирли мижоз» тадбирлари натижалари асосида Қўмита доимий электрон маълумотлар базасини юритади.
Бунда, ушбу маълумотлар базасида «сирли мижоз» тадбири давомида аниқланган ҳолатлар ва хулосалар, «сирли мижоз» тадбири амалга оширилган жисмоний ёки юридик шахснинг номи қайд этилади.
16. «Сирли мижоз» тадбири натижалари юзасидан норози бўлган жисмоний ва юридик шахслар юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
3-боб. Якуний қоида
17. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.08.2025 й., 10/25/3657/0705-сон)