ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 7 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3641]
Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 25 июнь,
15-сон
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 25 июндаги 15-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни (бундан буён матнда Интернет тармоғидаги ўйинлар деб юритилади) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
бонус — ўйинчини ўйинга жалб қилиш, сақлаб қолиш ва рағбатлантириш учун унга ҳар қандай шаклда тақдим этиладиган таклифлар (воситалар);
ўйин сессияси — ўйинчи томонидан муайян ўйин (унинг қисми, бўлими) бошланган пайтдан натижа аниқланган, ютуқ тўланган ва (ёки) битим тугаллангунига қадар бўлган давр;
ўйин ускунаси — Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш, ҳисобини юритиш ва назорат қилиш учун мўлжалланган аппарат ва техник воситалар, дастурий таъминот мажмуи;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги;
Интернет тармоғидаги ўйинлар ташкилотчиси (бундан буён матнда ўйинлар ташкилотчиси деб юритилади) — Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахс;
ўйинлар ташкилотчисининг электрон платформаси (бундан буён матнда электрон платформа деб юритилади) — ўйинлар ташкилотчисининг Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри билан интеграция қилинган қуйидагилар амалга ошириладиган ахборот тизими ва (ёки) дастурий-аппарат мажмуаси:
ўйинчини рақамли (масофадан) идентификация қилиш;
ўйинчининг шахсий кабинетини яратиш;
битим тузиш ва рўйхатдан ўтказиш;
Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри (бундан буён матнда Регистр деб юритилади) орқали депозитни қабул қилишни, битимлар бўйича ютуқларни ҳисоблашни ва тўлашни қайд этиш;
Интернет тармоғидаги ўйинларнинг ва (ёки) ўйин сессиясининг натижасини аниқлаш;
Интернет тармоғидаги ўйинларга киришни таъминлаш;
ўйинчига Интернет тармоғидаги ўйинлар ва ўйинлар ташкилотчиси фаолияти ҳақида маълумот бериш ва уни хабардор қилиш;
ўйинлар ташкилотчисининг фаолияти бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва шакллантириш;
битимларни тузиш ва бажариш учун зарур бўлган маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш ва ошкор қилиш;
ўйинлар ташкилотчисининг фаолияти билан боғлиқ бошқа функцияларни бажариш.
2. Ўйинлар ташкилотчиси ўз фаолиятини фақат тегишли лицензия асосида ва лицензияда кўрсатилган домен номи орқали амалга ошириши мумкин.
3. Ўйинлар ташкилотчиси:
ўз фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ амалга ошириш;
электрон платформанинг зарур даражада ишлашини ва киберхавфсизлигини таъминлаш, шунингдек мазкур электрон платформани ҳимоя қилиш ва унга рухсатсиз киришнинг олдини олиш чораларини кўриш;
ўз фаолиятини амалга ошириш учун Регистр билан интеграция қилишни таъминлаш;
ўйинчиларнинг мурожаатларини ва Регистр операторининг сўровларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ва уларга жавоб бериш;
ўйинчиларга улар мажбурий рақамли (масофадан) идентификациядан ўтганидан ҳамда Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа чоралар қўлланилганидан сўнг ўйинга киришига рухсат бериш;
электрон платформа фаолияти билан боғлиқ хавфларни баҳолаш ва хавфсизлик аудитини мунтазам равишда ўтказиш;
барча операциялар, шу жумладан идентификация маълумотлари, ўйинчилар билан амалга оширилган ўзаро муносабатлар ҳақидаги маълумотларни беш йил давомида сақлаш;
Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳасидаги қонунчиликда белгиланган реклама талабларига риоя қилиш;
ўйинлар ташкилотчисининг ходимлари ва улар томонидан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида бевосита Интернет тармоғидаги ўйинлар фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилинган шахсларнинг Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини тартибга солувчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва ўйинлар ташкилотчиси томонидан тасдиқланадиган ички ҳужжатларини билиш даражасини доимий ошириб бориш;
электрон платформага Регистр операторининг ички ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мувофиқ ўзгартиришлар киритишга мажбур.
Ўйинлар ташкилотчиси зиммасига қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
4. Ўйинлар ташкилотчиси:
кўрсатиладиган хизматлар учун мукофот олиш;
ўйинчи томонидан қонунчилик ёки ўйинлар ташкилотчисининг ички ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уни рақамли (масофадан) идентификация қилишни рад этиш, у билан ўзаро муносабатларни тугатиш ва (ёки) унинг электрон платформага киришини чеклаш;
Регистр операторига ва (ёки) ваколатли органга сўровлар юбориш ва улар юзасидан тушунтиришлар олиш ҳуқуқига эга.
Ўйинлар ташкилотчиси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5. Ўйинлар ташкилотчиси қуйидагиларни назарда тутувчи ички ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши керак:
ўйинчиларни рақамли (масофадан) идентификация қилиш тартиби;
ўйинчи билан муносабатлар ўрнатиш, шунингдек уни электрон платформага киритиш (чиқариш) тартиби;
Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш тартиби;
ютуқларни тўлаш ва пул маблағларини қайтариш тартиби;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари;
масъулиятли ўйин тамойили қоидалари ва тартиби;
ўйинчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби.
Ички ҳужжатлар давлат тилида ишлаб чиқилиши ва ўйинлар ташкилотчисининг раҳбари томонидан имзоланиши (тасдиқланиши) керак.
Ички ҳужжатлар бошқа тилларда ҳам қабул қилиниши мумкин.
6. Ўйинлар ташкилотчиси электрон платформада амалга оширилаётган операцияларни доимий равишда назорат қилади.
Ўйинлар ташкилотчиси томонидан қонунчилик, мазкур Низом ва ички ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик чоралари кўрилиши керак.
Қонунчилик, мазкур Низом ва ички ҳужжатлар талаблари бузилишининг ҳар бир факти тўғрисидаги маълумот ўйинлар ташкилотчиси томонидан ушбу факт аниқланган кундан бошлаб камида 5 йил давомида сақланиши керак.
Ваколатли орган ва (ёки) Регистр операторининг сўровларига биноан ўйинлар ташкилотчиси тегишли сўров олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан ваколатли орган ва (ёки) Регистр операторига маълумотни тақдим этиши шарт.
Жиноят аломатлари аниқланган тақдирда, ўйинлар ташкилотчиси дарҳол Регистр операторига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёзма ва (ёки) электрон шаклда хабар беришга мажбур.
7. Ўйинлар ташкилотчисига:
қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган ўйин ускунаси орқали Интернет тармоғидаги ўйинлар ташкил этиш ва ўтказиш;
лицензияда кўрсатилмаган домен номи орқали ўз хизматларини кўрсатиш;
айланмаси лицензиялаш, рухсат бериш ва (ёки) хабардор қилиш тартиб-қоидалари талаб қилинадиган товарларни (ишларни, хизматларни) ютуқ сифатида ёки ютуқни тўлаш эвазига таклиф қилиш;
лотереялар ва (ёки) букмекерлик гаровлари белгиларига эга бўлган ҳодисалар ва (ёки) ўйинлар бўйича битимлар тузиш;
ўйинчиларга кредит, бўлиб тўлаш ва (ёки) қарз маблағлари тақдим этиш орқали, шу жумладан учинчи шахсларнинг маблағларидан фойдаланган ҳолда кейинчалик тўлаш шарти билан битимларни тузиш ва (ёки) таклиф этиш;
депозитларни қабул қилиш, битимларни тузиш ва ютуқларни тўлашда қонунчилик ва Регистр операторининг ички ҳужжатлари билан тақиқланган нақд шаклдаги ва (ёки) бошқа шакллардаги пул маблағларидан фойдаланиш тақиқланади.
2-боб. Ўйинчи билан муносабатлар ўрнатиш тартиби
8. Ўйинлар ташкилотчиси ўйинчилар билан муносабатларни шартнома асосида ўрнатади.
Шартномада қуйидаги шартлар назарда тутилиши керак:
мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотларни ваколатли орган ва (ёки) Регистр операторига тақдим этиш;
ўйинчилар билан музокараларни уларнинг розилиги билан аудио ёки видеоёзувга олиш, шу жумладан ёзишмаларни ёзиб бориш ҳамда ушбу маълумотларнинг камида беш йил давомида сақлаш;
Интернет тармоғидаги ўйинларда иштирок этиш хавфлари, шу жумладан киритилган маблағларни тўлиқ (қисман) йўқотиш ҳақида огоҳлантириш;
ўйинга кириши тақиқланган (чекланган) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тоифалари ва чет эл давлатлари (юрисдикциялар) резидентлари рўйхатини келтириш;
шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш талабларига риоя қилиш;
рағбатлантириш чораларини амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатлари, мазкур Низом ва ўйинлар ташкилотчисининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартларни белгилаш.
9. Ўйинчиларни рақамли (масофадан) идентификация қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон қарори билан тасдиқланган Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш фаолияти ташкилотчиларининг мижозларини рақамли (масофадан) идентификация қилиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
10. Ўйинлар ташкилотчиси вояга етмаган шахслар ва қуйидаги рўйхатларга киритилган шахслар билан муносабатлар ўрнатишга ҳақли эмас:
Терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашишни амалга оширувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органларидан тақдим этилаётган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларидан расмий каналлар орқали тақдим этилаётган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;
Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва чет эл фуқароларининг тоифалари рўйхати;
таваккалчиликка асосланган ўйинларга қарам бўлган шахслар рўйхати.
Ўйинлар ташкилотчиси ички ҳужжатлари билан ўйинга кириши тақиқланган (чекланган) бошқа шахслар тоифаларини белгилашга ҳақли.
11. Муносабатлар ўрнатилиши натижасида ўйинчи учун электрон платформада қуйидагиларни назарда тутувчи шахсий кабинет (аккаунт) яратилади:
ўйинчининг аккаунтини бошқариш;
масъулиятли ўйин тамойили қоидалари ва тартиби билан таништириш ҳамда мазкур хизматини тақдим этиш;
Регистр орқали депозитларни киритиш, ютуқларни қабул қилиш ва маблағларни қайтариб олиш бўйича операцияларни амалга ошириш;
депозитлар, битимлар ва бонусларни кузатиб бориш;
ўйин ташкилотчиси билан ўзаро алоқа қилиш;
мурожаатларни юбориш ва улар бўйича жавобларни қабул қилиш.
Бир ўйинчига ўйинлар ташкилотчисининг электрон платформасида икки ва ундан ортиқ шахсий кабинет (аккаунт) яратиш тақиқланади.
3-боб. Ўйин ускунасига қўйиладиган талаблар
12. Ўйинлар ташкилотчиси томонидан фойдаланиладиган ўйин ускунаси ваколатли орган томонидан белгиланадиган ўйин ускуналарини (дастурий таъминотларни) сертификатлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олинадиган мувофиқликни баҳолаш бўйича органлар ва синов лабораторияларининг сертификатига эга бўлиши лозим.
13. Ўйинлар ташкилотчиси ўйин ускунасини мустақил равишда сертификатлаштиришни таъминлаши ёки бундай ўйин ускунасига бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг эгасига берилган ўйин ускунасининг сертификатини тақдим этиши мумкин.
14. Ўйин ускунаси Регистр операторининг ички ҳужжатлари талабларига мувофиқ Регистр билан интеграция қилинган ўйин ташкилотчисининг электрон платформасига уланиши лозим.
15. Қуйидагилар:
ўйин ускунасига унинг ишлаб чиқувчиси билан келишилмаган ёки ўйин ускунасининг техник ва дастурий ҳужжатларида назарда тутилмаган ўзгартиришлар (модификациялар) киритиш;
ўйин ускунасига унинг техник ҳужжатларида назарда тутилмаган элементларни (ускуналарни) улаш, бундан қонунчилик ва Регистр операторининг ички ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллар мустасно, тақиқланади.
4-боб. Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш
16. Ўйинлар ташкилотчиси ўз электрон платформаси орқали қонунчилик, ўйинлар ташкилотчиси ва Регистр операторининг ички ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўйинчига Интернет тармоғидаги ўйинларга кириш имкониятини тақдим этади.
Электрон платформага кириш шартнома асосида тақдим этилади.
Ўйинчи томонидан мазкур Низом, шартнома ёки ички ҳужжатлар билан белгиланган талаблар ва шартлар бузилган тақдирда, ўйинлар ташкилотчиси томонидан ушбу ўйинчи бундай бузилиш аниқланган пайтдан бошлаб уч ойга четлаштиради.
Ўйинчини электрон платформага киритиш ва (ёки) уни четлатиш тартиби ўйинлар ташкилотчисининг ички ҳужжатлари билан белгиланади.
17. Ўйинлар ташкилотчиси электрон платформада қуйидагиларни назарда тутувчи Интернет тармоғидаги ўйинлар каталогини жойлаштиради:
а) Интернет тармоғидаги ўйиннинг умумий маълумотлари:
Интернет тармоғидаги ўйиннинг номи, тури ва қисқача тавсифи;
Интернет тармоғидаги ҳар бир ўйин учун минимал (максимал) ставкалар;
Интернет тармоғидаги ўйиннинг жараёнлари, мақсадлари ва хусусиятларининг батафсил тавсифи;
Интернет тармоғидаги ўйин қоидалари, шу жумладан ютуқ комбинациялари, ставкалар қилиш тартиби, бонуслар шартлари (агар мавжуд бўлса) ва бошқа махсус қоидалар (талаблар);
б) Интернет тармоғидаги ўйиннинг ишлаб чиқувчиси (провайдери) ва техник таъминоти ҳақидаги маълумотлар:
Интернет тармоғидаги ўйиннинг ишлаб чиқувчиси (провайдери)нинг номи;
ўйин ускунасининг сертификатлаштирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
Интернет тармоғидаги ўйиннинг турли қурилмалар, операцион тизимлар билан мослиги тўғрисидаги маълумотлар ва Интернет тармоғига уланишга қўйиладиган талаблар.
Интернет тармоғидаги ўйинлар жонли моделлар иштирокида (контент яратиш ва (ёки) трансляция қилиш) ташкил этилганда, қўшимча равишда ўйин (ҳодиса)ларнинг санаси ва вақти ҳамда ўйинлар ўтказиладиган тил бўйича маълумотлар эълон қилинади.
18. Ўйинчи Интернет тармоғидаги ўйинни танлайди, ставка миқдорини белгилайди ва ўйинда иштирок этишини тасдиқлайди ҳамда пул маблағларини Регистр операторининг ҳисоб-китоб-клиринг палатасига ўтказади.
19. Ўйинлар ташкилотчиси ўйин сессиясининг санаси, вақти ва ноёб идентификаторини қайд этишни таъминлайди.
Депозитни қабул қилиш вақти ёпилгандан сўнг ставкани ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Бунда, муайян ўйин қоидалари ва (ёки) ўйинлар ташкилотчисининг ички ҳужжатларига мувофиқ қўшимча ставкалар қабул қилиниши мумкин.
20. Ютуқ ўйин натижаси аниқланганидан сўнг автоматик равишда ҳисобланади ва дарҳол ўйинчига ўтказилади.
5-боб. Масъулиятли ўйин тамойилини амалга ошириш
21. Интернет тармоғидаги ўйинларнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида ўйинлар ташкилотчиси:
масъулиятли ўйин тамойилига амал қилиши;
Интернет тармоғидаги ўйинларда иштирок этиш билан боғлиқ хавфлар ҳақида доимий равишда ўйинчиларни хабардор қилиши ва огоҳлантириши;
ўйинчининг Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва чет эл фуқароларининг тоифалари рўйхатига киритилганлиги тўғрисида хабарнома олинганда, хабарномада кўрсатилган сана ва вақтдан бошлаб ушбу ўйинчи билан битимлар тузишни тўхтатиши;
Интернет тармоғидаги ўйинларда иштирок этиш билан боғлиқ салбий оқибатларни камайтириш бўйича бошқа ҳаракатларни амалга ошириши керак.
6-боб. Электрон платформада жойлаштириладиган маълумотлар
22. Ўйинлар ташкилотчисининг электрон платформасида:
ўйинлар ташкилотчиси ҳақидаги умумий маълумотлар, шу жумладан юридик шахс тўғрисидаги маълумотлар, унинг жойлашган манзили, телефон рақами ва электрон почта манзили;
лицензия нусхаси;
ўйинчининг Интернет тармоғидаги ўйинларда иштирок этиши, ютуқларни тўлаш тартиби ва муддатларини белгиловчи ички ҳужжатлар;
вояга етмаган шахсларнинг Интернет тармоғидаги ўйинларда иштирок этиши тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантиришлар;
Интернет тармоғидаги ўйинларда иштирок этиш билан боғлиқ хавфлар ҳақидаги маълумотлар;
қонунчиликда белгиланган бошқа маълумотлар жойлаштирилиши керак.
7-боб. Якуний қоида
23. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2025 й., 10/25/3641/0580-сон)