Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 18 мартда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 28 майда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 28 майда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм ва маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, шу жумладан аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил равишда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил равишда кенг фойдаланишни ва зарур ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, шунингдек ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари ҳисобидан ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштириш, айрим тоифадаги шахсларга солиқ имтиёзларини бериш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига солиқ муносабатларидаги электрон ҳужжатда ҳужжатни имзолаган шахснинг розилигини ифодалайдиган ҳамда уни идентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усулларидан фойдаланишга тааллуқли ўзгартиришлар, шунингдек ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчининг бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлари ҳисобидан ҳисобга олиш тартибини янада соддалаштиришга, айрим тоифадаги шахсларга солиқ имтиёзларини бериш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун солиқ муносабатларидаги электрон ҳужжатларда имзо сифатида ҳужжатни имзолаган шахснинг розилигини ифодалайдиган ҳамда уни идентификация ва аутентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлашнинг бошқа усулларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун ва «Маҳалла сервис» компаниялари ўз фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратишга, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган шахсларни рағбатлантиришга, шунингдек сув ҳажми бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботларини автоматик тарзда шакллантириш тартибини жорий этиш орқали солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар, № 8, 822, 831-моддалар, № 9, 958-модда, № 10, 1076-модда, № 11, 1190-модда, № 12, 1283, 1284, 1296, 1297-моддалар; 2025 йил, № 2, 188, 194-моддалар) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 19-модда:
қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Солиқ муносабатларида фойдаланиладиган электрон ҳужжатларда ҳужжатни имзолаган шахснинг розилигини ифодалайдиган ҳамда мазкур шахсни идентификация ва аутентификация қилиш имконини берадиган электрон тасдиқлаш усуллари орқали электрон ҳужжатни тасдиқлаш ҳам электрон рақамли имзога тенглаштирилади»;
олтинчи қисми еттинчи қисм деб ҳисоблансин;
еттинчи қисмидаги «Давлат солиқ қўмитаси» деган сўзлар «Солиқ қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 103-модданинг биринчи қисми «ушбу солиқ» деган сўзлардан кейин «ёки бошқа солиқлар» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
3) 105-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобидан ёки ўша солиқ тури бўйича ёхуд ушбу Кодекс 103-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобидан ҳисобга олиш ушбу Кодекс 104-моддасининг биринчи — бешинчи қисмларида ортиқча тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиш учун белгиланган тартибда солиқ органлари томонидан амалга оширилади. Бунда бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар учун ҳисобга олиш солиқ тўловчининг ёзма ёки электрон тарздаги аризасига кўра солиқ органлари томонидан уч кун ичида амалга оширилади»;
4) 304-модда қуйидаги мазмундаги 62-банд билан тўлдирилсин:
«62) «Маҳалла сервис» компаниялари томонидан маҳаллаларни обод қилиш билан боғлиқ ишларни бажаришдан ҳамда маҳаллалар аҳолисига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган айрим турдаги ижтимоий аҳамиятли пулли хизматлар кўрсатишдан олинган маблағлар»;
5) 378-модда қуйидаги мазмундаги 24 ва 25-бандлар билан тўлдирилсин:
«24) Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатишда иштирок этган (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган) фуқароларнинг, шунингдек уларнинг хотинининг (эрининг) даромадлари. Мазкур солиқ имтиёзи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномасига, ногиронлик тўғрисидаги маълумотномага, Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномасига, шунингдек ваколатли органлар томонидан берилган ва имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатларга асосан берилади;
25) «Маҳалла сервис» компаниялари ходимларининг фаолияти натижасида олинган, уларнинг солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи тарзидаги даромадлари»;
6) 380-модда биринчи қисмининг 3-банди «I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар» деган сўзлардан кейин «бундан Чернобиль АЭСдаги ҳалокат оқибатида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар мустасно» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
7) 403-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Маҳалла сервис» компанияларининг маҳаллаларни обод қилиш билан боғлиқ ишларни бажараётган ҳамда маҳаллалар аҳолисига қонунчиликда белгиланган айрим турдаги ижтимоий аҳамиятли пулли хизматлар кўрсатаётган ходимларига меҳнат ҳақи тўлашга доир харажатлари»;
8) 411-модданинг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги 8-банд билан тўлдирилсин:
«8) «Маҳалла сервис» компаниялари эгалигида бўлган маҳаллаларни обод қилиш билан боғлиқ ишларни бажариш ҳамда маҳаллалар аҳолисига қонунчиликда белгиланган айрим турдаги ижтимоий аҳамиятли пулли хизматларни кўрсатишга мўлжалланган бинолар»;
9) 426-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 16-банд билан тўлдирилсин:
«16) «Маҳалла сервис» компаниялари эгалигида бўлган маҳаллаларни обод қилиш билан боғлиқ ишларни бажариш ҳамда маҳаллалар аҳолисига қонунчиликда белгиланган айрим турдаги ижтимоий аҳамиятли пулли хизматлар кўрсатишга мўлжалланган бинолар жойлашган ер участкалари»;
10) 447-модда:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Қишлоқ хўжалигида, шу жумладан балиқчилик хўжаликларида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоботлари «Suv hisobi» ахборот тизимининг ва сув ресурслари ҳисобини юритувчи ваколатли органларнинг маълумотлари асосида солиқ органлари томонидан автоматик тарзда шакллантирилади»;
тўртинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;
11) 483-модда:
қирқ бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бюджет ташкилотлари томонидан халқаро молия институтларидан ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ҳамда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида, шунингдек давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорида ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан инфратузилма лойиҳалари (электр, газ ва иссиқлик таъминотига, сув таъминоти ва канализацияга, сув хўжалигига, йўл-транспорт инфратузилмасига, алоқа ва телекоммуникацияларга, агрологистикага, санитария жиҳатдан тозалашга, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришга доир лойиҳалар) учун халқаро молия институтларидан ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ҳамда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи (бундан Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари мустасно), техник ёрдам кўрсатиш (грантлар) ҳисобидан тўлиқ ёки қисман амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан 2028 йил 1 январга қадар озод қилинади. Бунда мазкур имтиёз лойиҳа иштирокчиларига нисбатан ҳам қўлланилади»;
қуйидаги мазмундаги етмиш учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманларида ташкил этилган чарм-пойабзал саноат зоналарини бошқариш дирекциялари ҳамда ушбу саноат зоналарида ташкил этилган корхоналар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан 2025 йил 1 январдан эътиборан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддасининг 10-банди ушбу Қонун кучга кирган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.
Ушбу Қонун 1-моддаси 4, 5, 7, 8, 9-бандларининг, 11-банди бешинчи хатбошисининг қоидалари 2025 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 июнь,
ЎРҚ-1071-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.06.2025 й., 03/25/1071/0545-сон)