|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, шунингдек, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш борасидаги масъулияти ва маданиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2025 йил 20 февралдаги ЎРҚ-1033-сон Қонунига мувофиқ: йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари учун маъмурий жазо қўлланилиши белгилангани; транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига нисбатан жарима балларини ҳисоблаш уларни жазодан озод этмаслиги маълумот учун қабул қилинсин. 2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин: транспорт воситасини бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этиш ҳолатларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби; йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш жадвали; ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганда, жарима балларини ҳисоблаш тартиби; ҳайдовчиларнинг жарима баллари ҳисобланиши бўйича мурожаат қилиш тартиби. 3. Белгилаб қўйилсинки: йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўшимча чора ҳисобланади; (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сонли қарорига асосан 3-банд учинчи хатбошисининг чиқарилиш санаси — 2026 йил 1 апрель — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2025 й., 09/25/676/0981-сон) йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг «E-jarimaball» модули орқали (кейинги ўринларда — «E-jarimaball» модули) инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда ҳисоблаб борилади; ўн икки ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган транспорт воситалари ҳайдовчиларига рағбатлантириш тариқасида, кейинги даврда йўл ҳаракати қоидаларини биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди; ҳайдовчиларнинг охирги ҳуқуқбузарлиги учун жарима баллари ҳисобланган вақтдан бошлаб, улар олти ой давомида йўл ҳаракати қоидабузарликларига доир бошқа ҳуқуқбузарлик содир этмаган тақдирда, унинг умумий жарима балларидан икки жарима балли чегириб ташланади. Агар ҳайдовчилар жарима балларининг умумий миқдори икки жарима баллидан кам бўлган тақдирда, барча жарима баллари чегириб ташланади ҳамда жарима балларини ҳисоблаш муддати биринчи ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдан янгидан бошланади. 4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимида ҳайдовчиларнинг шахсига аниқлик киритиш имконияти яратилгандан кейин ушбу тизим орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарима балларини ҳисоблаш амалиётини жорий қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган хулосани киритсин. 5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2025 йил 1 июнга қадар: а) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда: ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганда, уларга жарима балларини ҳисоблашнинг «E-jarimaball» модулини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин. Бунда транспорт воситалари ҳайдовчиларига ўзининг жарима баллари ҳақидаги маълумотларни «E-jarimaball» модули ва махсус мобиль илова ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкониятини яратсин; транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун тўплаган ҳар бир балли ҳақида уларнинг мобиль алоқа воситаларига бу ҳақида «SMS» хабар юбориш орқали огоҳлантириш тартибини жорий қилсин; жарима баллари асосида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг электрон маълумотлар базасини жорий этсин; б) Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун тўплаган жарима баллари тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинишини таъминлаш учун Олий суднинг тегишли ахборот тизимларига тақдим этиш тизимини яратсин; в) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 6. Белгилансинки, ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. 7. Мазкур қарор 2025 йил 1 июндан кучга киради. 8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2025 йил 6 май, 296-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 майдаги 296-сон қарорига ИЛОВА Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тўғрисида НИЗОМ 1-боб. Умумий қоидалар 1. Ушбу Низом транспорт воситасини бошқариш жараёнида йўл ҳаракати қоидабузарликларини содир этиш ҳолатларини жарима баллари асосида баҳолаш, жарима балларини ҳисоблаш, ҳисобланган жарима баллари бўйича мурожаат қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди. 2. Ушбу Низом қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (кейинги ўринларда — Кодекс) 341-моддасида кўрсатиб ўтилмаган йўл ҳаракати қоидабузарликларига доир моддаларга; Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиб турган ёки транзит ҳаракатланиб ўтаётган чет эл транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига; Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро (давлатлараро, ҳукуматлараро) ташкилотлар ва уларнинг ваколатхоналари, шунингдек, ушбу ваколатхоналар ҳамда ташкилотларнинг ҳайдовчиларига (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи шахслар ушбу ташкилотларнинг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари бўлган ҳолатлар бундан мустасно). 3. Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик ҳолатлари ўн икки балли жарима баллари асосида ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ўн икки ой давомида баҳолаб борилади. Бунда Кодекснинг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун асосий жазо билан бирга ушбу Низомда белгиланган тартибда жарима баллари ҳисобланади. (3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2025 й., 09/25/676/0981-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 апрель) 4. Жарима баллари ҳайдовчилар қоидабузарликни биринчи марта содир этган кундан бошлаб, кейинги йил шу кунга қадар амалда ҳисобланади (кейинги ўринларда — жарима балларини ҳисоблаш даври). Жарима балларини ҳисоблаш даврида жами жарима баллари ўн икки баллга етмаса, тўпланган баллар кейинги жарима балларини ҳисоблаш даври учун ҳисобланишига йўл қўйилмайди ва жарима балларини ҳисоблаш янгидан бошланади. 2-боб. Ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганда, жарима балларини ҳисоблаш тартиби 5. Ҳайдовчилар томонидан содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима баллари ушбу Низомга 2-иловадаги жадвалда келтирилган балларни қўшиб бориш орқали ҳисобланади. (5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2025 й., 09/25/676/0981-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 апрель) 51. Жарима баллари, Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани ҳолати: а) Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар бўйича қабул қилинган қарорлар асосида транспорт воситаларини бевосита бошқарган ҳайдовчиларга нисбатан; б) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали қайд этилган Кодексда назарда тутилган тегишли қоидабузарликлар учун расмийлаштирилган жарима солиш тўғрисидаги қарорлар асосида транспорт воситасининг мулкдори ёки мазкур транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланган шахсга нисбатан ҳисобланади. 52. Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани ҳолати махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилганда жарима баллари ҳисобланадиган ҳайдовчининг шахси қуйидаги тартибда аниқланади: а) транспорт воситасининг мулкдори (жисмоний ва юридик шахс) томонидан: жисмоний шахс ўзига тегишли бўлган транспорт воситасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланувчи бошқа ҳайдовчига ёки юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахсига топширилгани тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш учун тегишли ахборот тизимларида шахсий электрон кабинет очилади; бошқа ҳайдовчи тўғрисидаги маълумотлар ушбу ҳайдовчига транспорт воситаси бошқариш учун топширилишидан олдин шахсий электрон кабинетига киритилади; транспорт воситасини амалда бошқариш учун қабул қилган ҳайдовчи томонидан мазкур маълумотлар тасдиқланади; б) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими орқали қайд этилган қоидабузарлик учун жарима баллари ҳисобланадиган (қоидабузарлик содир этган) ҳайдовчи тўғрисидаги аниқ маълумот мавжуд бўлмаган (шахсий электрон кабинет орқали тасдиқланмаган) ҳолатларда жарима баллари мазкур қоидабузарлик содир этилган транспорт воситасининг мулкдорига нисбатан (унда ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлса) қўлланилади; в) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизими орқали қайд этилган қоидабузарлик учун жарима баллари ҳисобланадиган (қоидабузарлик содир этган) ҳайдовчининг шахси тўғрисидаги аниқ маълумот мавжуд бўлмаган (шахсий электрон кабинет орқали тасдиқланмаган), шунингдек, мулкдорига нисбатан жарима балларини қўллаш имконсиз (ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлмаса) бўлган транспорт воситаларида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланадиган жарима баллари йиғиндиси 12 баллдан ошганда, мазкур транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштириш орқали вақтинча ушлаб турилади. (51 ва 52-бандлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар 2025 йил 25 октябрдаги 676-сонли қарорига асосан киритилган — 27.10.2025 й., 09/25/676/0981-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 апрель) 6. Ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун жарима баллари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими «E-jarimaball» модули (кейинги ўринларда — «E-jarimaball» модули) орқали инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда ҳисобланади. 7. Ҳайдовчилар ўзининг жарима баллари ҳақидаги маълумотларни исталган пайтда «E-jarimaball» модули ёки махсус мобиль илова орқали олишлари мумкин. Ҳайдовчилар томонидан содир этилган қоидабузарликлар саккиз жарима баллига тенг бўлганда, улар бу ҳақида «E-jarimaball» модулида шаклланган маълумотлар асосида автоматлаштирилган тарзда мобиль алоқа воситаларига «SMS» хабар юбориш йўли билан огоҳлантирилади. 8. Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланган жарима баллари миқдори бир йил давомида ўн икки баллдан ошган ҳолларда ҳайдовчиларнинг қоидабузарликлари тўғрисидаги маълумотлар (электрон маъмурий баённомалар) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари орқали жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазони қўллаш учун жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига инсон омилисиз автоматик тарзда электрон шаклда юборилади. Бу ҳақида ҳайдовчиларга уларнинг мобиль алоқа воситаларига «E-jarimaball» модули орқали «SMS» хабар юбориш орқали маълум қилинади. Ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги ҳолати юзасидан эътироз билдирилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича ишлар кўриб чиқиш учун судларга юборилганда, жарима баллари судларнинг якуний қарорларига асосан ҳисобланади. Суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилса, жарима баллари ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб ҳисобланади. Суд қарори билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бекор қилиниб, ҳайдовчи маъмурий жавобгарликдан озод этилса, ушбу қоидабузарликлар бўйича ҳайдовчига жарима баллари ҳисобланмайди. Бунда суднинг қарори «E-jarimaball» модулига юкланади ва бекор қилинган ҳуқуқбузарлик бўйича қайд этилган жарима балли автоматик тарзда ҳисобдан чиқарилади. 9. Ўн икки ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида, кейинги жарима балларини ҳисоблаш даврида содир этган биринчи йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди. Бунда улар асосий жазодан озод этилмайди. Ҳайдовчиларнинг охирги ҳуқуқбузарлиги учун жарима балли ҳисобланган вақтдан бошлаб, улар олти ой давомида ушбу Низомнинг 3-банди иккинчи хатбошисида кўрсатиб ўтилган Кодекснинг моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этмаган тақдирда, уларнинг умумий жарима балларидан икки жарима балли чегириб ташланади. Бунда ҳайдовчиларнинг жарима баллари умумий миқдори икки жарима баллидан кам бўлган тақдирда, барча жарима баллари чегириб ташланади ҳамда жарима балларини ҳисоблаш муддати биринчи ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдан янгидан бошланади. 3-боб. Жарима баллари бўйича мурожаат қилиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби 10. Ҳайдовчилар жарима баллари бўйича Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг тегишли бўлинмаларига (кейинги ўринларда — бўлинмалар) қонунчиликда белгиланган муддатларда мурожаат қилишлари мумкин. 11. Ҳайдовчиларнинг жарима баллари бўйича мурожаатлари мазмунидан келиб чиққан ҳолда, бўлинмалар томонидан қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади. 12. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра бўлинмалар қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади: маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарорни бекор қилиш ҳақида; маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни тугатиш ҳақида; мурожаатни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида. 13. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра бўлинмалар томонидан қуйидаги ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарорни бекор қилиш ёки тугатиш ҳақида қарор қабул қилинади: жарима балларини ҳисоблашда техник хатолик юз берганлиги аниқланганда; жарима баллари ушбу Низом талабларини бузган ҳолда ҳисобланганда; ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатида содир этилган деб топилганда; маъмурий иш Кодекснинг 271 ёки 329-моддаларига мувофиқ тугатилганда. 14. Мурожаатларда кўрсатилган сабаблар ўз тасдиғини топмаган тақдирда, бўлинмалар томонидан мурожаатни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. 15. Ҳайдовчилар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари қарорларидан норози бўлган тақдирда, ушбу қарор юзасидан юқори турувчи органларга ва (ёки) судга шикоят қилишлари мумкин ҳамда ушбу органларнинг қарорлари жарима балларини ўзгартиришга асос ҳисобланади. 4-боб. Якунловчи қоида 16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар. Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш СХЕМАСИ
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2025 й., 09/25/676/0981-сон. 2-босқич «Тадбирлар» устунининг кучга кириш санаси — 2026 йил 1 апрель) Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг ҳайдовчилар томонидан содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима баллари ҳисобланиши белгиланган моддалари ва жарима балларининг миқдорлари тўғрисидаги ЖАДВАЛ
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.05.2025 й., 09/25/296/0420-сон; 27.10.2025 й., 09/25/676/0981-сон) |
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан О внедрении системы оценки нарушений правил дорожного движения на основе штрафных баллов Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ г. Ташкент, 6 мая 2025 г., № 296 |