Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Тадбиркорлик субъектларини молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддатни қисқартириш ва уларни тугатиш тартибини янада соддалаштириш, товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартибини қўллашни кенгайтириш, шунингдек, мажбурий рақамли маркировкалаш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини белгилаш мезонларини такомиллаштириш;
янгидан ташкил қилинган тадбиркорлик субъектларининг ривожланишини баҳолаш кўрсаткичларини мақбуллаштириш;
«BBB» тоифадаги тадбиркорлик субъектларига товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартибини татбиқ этиш;
маҳаллий пиво маҳсулотларини реализация қилиш фаолиятини ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириш.
2. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 10 декабрь,
ПФ-214-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 декабрдаги ПФ-214-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5656-сон Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисидан «маҳаллий пиво маҳсулотлари,» сўзлари чиқариб ташлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги «Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5739-сон Фармонининг 2 бандида:
а) «в» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«в) корхонани молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун қуйидагилар асос бўлади:
давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб уч ой мобайнида банк ҳисобварақларини очмаганлиги;
банк ҳисобварақларини очган, бироқ олти ой мобайнида:
молия-хўжалик фаолияти бўйича банк ҳисобварақларига маблағлар туширмаганлиги;
электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирмаганлиги;
онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ёки маркетплейс тўлов тизимидан фойдаланмаганлиги;
ташқи савдо операцияларини амалга оширмаганлиги»;
б) қуйидаги мазмундаги «г» кичик банд билан тўлдирилсин:
«г) молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатишда:
молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан бир йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилади;
ҳаракатсиз режимга ўтказилган корхоналар фаолияти бир йил давомида тикланмаган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган уларни Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан чиқаради».
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-132-сон Фармони 6-банди «а» кичик бандининг тўртинчи хатбошисидаги «ушбу Фармон кучга киргунга қадар» сўзлари «2023 йил 1 декабрдан ушбу Фармон кучга киргунга қадар» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4702-сон қарори билан тасдиқланган Рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-илованинг 32-позицияси, 2а-илованинг 14-позицияси ҳамда 3-илованинг 42-позицияси «Кўрсаткичларни ҳисоблаш методикаси» устунидаги «Қайта (янги) ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тўхтатилган тадбиркорлик субъектлари сонига нисбати» сўзлари «Қайта (янги) ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари умумий сонида товар айланмасини амалга оширган тадбиркорлик субъектларининг улуши» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 январдаги «Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-39-сон қарорининг 4-бандида:
а) «в» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«в) «A» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига солиқлар бўйича (қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно) мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш уч кун муддатда амалга оширилади»;
б) қуйидаги мазмундаги «г» кичик банди билан тўлдирилсин:
«г) «BBB» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2024 й., 06/24/214/1018-сон)