Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 23 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 21 сентябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 21 сентябрда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида давлат харидлари соҳасини тартибга солувчи қонунчилик базаси такомиллаштирилди, шунингдек давлат харидларининг шаффофлигини таъминловчи ва уларга доир маълумотлардан эркин фойдаланиш имконини берувчи электрон давлат харидлари тизими амалиётга жорий этилди.
Шу билан бирга, давлат харидлари жараёнини янада соддалаштириш ва уларни тўлиқ рақамлаштириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратини ҳамда рақобат муҳитини янада кучайтириш орқали тадбиркорлик субъектларининг иштирокини кенгайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан «Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кичик қийматли харид учун соддалаштирилган тартиб-таомил ва икки босқичли давлат харидлари каби харид қилиш тартиб-таомилларининг янги турлари жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу билан бирга, барқарорлик принципи, марказлашган давлат харидларини амалга ошириш механизми, ҳадли келишувни тузиш ва амалга ошириш тартиби, шунингдек давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш чоғидаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чоралар ҳамда бошқа масалалар белгиланмоқда.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлат харидлари соҳасида шаффофликни таъминлашга ва рақобат муҳитини кенгайтиришга, харид қилиш тартиб-таомилларини хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси асосида янада такомиллаштиришга, шунингдек тадбиркорлик субъектларини давлат харидларида янада фаол иштирок этишга кенг жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 22 апрелда қабул қилинган «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ-684-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 289-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 4-модда:
қуйидаги мазмундаги ўнинчи ва ўн биринчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«икки босқичли давлат харидлари — техник жиҳатдан мураккаб бўлган муайян қийматли товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) бир шартнома бўйича икки ўзаро боғлиқ босқичда ўтказиладиган давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатли усули;
кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили — давлат харидларини харид қилиш тартиб-таомилларининг очиқ ахборот манбаларидан олинган нархларни солиштириш йўли билан ёки товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) камида учта потенциал етказиб берувчисидан нархларни сўраш орқали амалга оширишнинг рақобатли усули»;
ўнинчи — ўн саккизинчи хатбошилари тегишинча ўн иккинчи — йигирманчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
2) 5-модданинг биринчи қисми:
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«барқарорлик»;
саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилари тегишинча тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
3) қуйидаги мазмундаги 111-модда билан тўлдирилсин:
«111-модда. Барқарорлик принципи
Давлат харидларидаги барқарорлик давлат буюртмачисининг эҳтиёжларни аниқлаш, харидларни амалга оширишга тайёргарлик кўриш, харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш, ғолибни аниқлаш, шартномалар тузиш, шунингдек товарлар ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан фуқароларнинг соғлиғини ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мақсадида мазкур товарларни йўқ қилиш (утилизация қилиш), шунингдек пировард натижаларни баҳолаш каби жараёнларнинг қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли иқтисодий, экологик ҳамда ижтимоий оқибатларини ҳисобга олган ҳолда давлат харидларини амалга оширишга асосланади.
Барқарорлик принципини қўллашда давлат буюртмачилари қуйидагиларни эътиборга олиши керак:
бозордаги қулай инновацион ечимларни, шунингдек барқарорлик талабларига тўлиқроқ жавоб берадиган янги, замонавий ёндашувларни рағбатлантиришга бўлган эҳтиёжларни ва имкониятларни;
харид қилинаётган товарларнинг бутун ҳаётий даври давомидаги функциявий ва эксплуатациявий хусусиятларига доир афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, уларни харид қилиш, улардан фойдаланиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни утилизация қилиш харажатларини;
харид қилинаётган товарларни ишлаб чиқариш, етказиб бериш, ишга тушириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган энергия, сув, хомашё, сарфлаш материаллари, эҳтиёт қисмлари сарф-харажатлари, шунингдек ишлар ёки хизматлар бўйича шартномаларни бажариш, объектни фойдаланишдан чиқариш, объектни тиклаш ёки шартномани бекор қилиш ҳамда харид қилинаётган товарнинг ҳаётий даври давомида талаб қилиниши мумкин бўлган бошқа чора-тадбирлар натижасида атроф-муҳитга нисбатан таъсирни, шу жумладан иқлим ўзгаришини;
ижтимоий оқибатларни, шу жумладан амалдаги ижтимоий ривожланиш сиёсатига мувофиқ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларини ёки тоифаларини қўллаб-қувватлашни, шунингдек таълим сифатини, касбий тайёргарлик даражасини, фуқароларнинг фаровонлигини ҳамда иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини оширишга нисбатан таъсирини;
буюртмаларни шакллантиришда ва товарларни етказиб берувчиларни аниқлашда экологик талабларни белгилашни, атроф-муҳит ифлосланишининг олди олинишини ҳамда экологик тоза маҳсулотлар харид қилинишини рағбатлантиришни ёки миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига иккиламчи хомашёдан ва чиқиндилардан тайёрланган товарларни етказиб берувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали кўмаклашишни»;
4) 17-модда:
олтинчи хатбошисидаги «ва тендерда» деган сўзлар «тендерда ва икки босқичли давлат харидларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«малакали иштирокчилар ўртасида дастлабки малака танловини ва харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш тартибини белгилайди;
марказлашган давлат харидларини амалга ошириш тартибини ва марказлашган харид органини белгилайди;
ҳадли келишув тузиш тартибини белгилайди»;
еттинчи хатбошиси ўнинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
ўнинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия таркибини тасдиқлайди, шунингдек келиб тушган шикоятларни у томонидан кўриб чиқиш тартибини белгилайди»;
қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«давлат харидлари соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди»;
5) 18-модданинг:
номидаги «Молия вазирлигининг» деган сўзлар «Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
биринчи қисмидаги «Молия вазирлиги» деган сўзлар «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«давлат харидлари электрон тизимининг оператори фаолиятини амалга ошириш учун юридик шахсларга рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қонунчиликда белгиланган тартибда беради»;
бешинчи — ўн учинчи хатбошилари тегишинча олтинчи — ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
6) 20-модданинг ўнинчи қисмидаги «ва тендерни» деган сўзлар «тендерни ва икки босқичли давлат харидларини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
7) 23-модданинг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Иштирокчи ва унинг аффилланган шахси электрон дўкон, кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили, аукцион, энг яхши таклифларни танлаш, тендер ва икки босқичли давлат харидлари бўйича айни битта лотда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас»;
8) 25-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Давлат харидлари электрон тизимининг оператори қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга асосан давлат харидларининг субъектларига давлат харидларининг электрон тизимларида харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматлар кўрсатадиган юридик шахсдир»;
9) 27-модданинг тўртинчи қисмидаги «Молия вазирлигининг Ғазначилиги» деган сўзлар «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
10) 30-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:
электрон дўкон;
кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили;
бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион;
энг яхши таклифларни танлаш;
тендер;
икки босқичли давлат харидлари;
тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган давлат харидлари;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан рухсат этилган харидларнинг бошқа рақобатли турлари»;
11) 33-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Давлат буюртмачиси ҳар бир давлат харидини амалга оширишда харид предметининг нархини ўрганиши шарт»;
12) 34-модданинг:
учинчи қисмидаги «бундан товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди хусусиятларини таърифлашнинг бошқа етарлича аниқ усули мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно» деган сўзлар «бундан электрон дўкон воситасида амалга ошириладиган харидлар ҳамда товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди хусусиятларини таърифлашнинг бошқа етарлича аниқ усули мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўнинчи қисмининг иккинчи жумласи чиқариб ташлансин;
13) 36-модда:
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотлар базаларида иштирокчининг суд қарорлари бўйича бажарилмаган мажбуриятлари мавжуд эмаслиги»;
бешинчи ва олтинчи хатбошилари тегишинча олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
14) 37-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи — тўққизинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Давлат буюртмачилари товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) айрим тоифаларини етказиб беришга доир дастлабки малака танловидан ўтган малакали иштирокчиларнинг рўйхатини юритиши мумкин.
Энг яхши таклифларни танлаш, тендер ва икки босқичли давлат харидлари жараёнида харид қилиш ҳужжатларида назарда тутилган дастлабки малака танловидан ўтиш тўғрисидаги талаб мазкур рўйхатга киритилган иштирокчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Давлат буюртмачилари томонидан ушбу рўйхат юритилиши тўғрисидаги ахборот махсус ахборот порталида эълон қилинади ва ҳар олти ойда камида бир марта янгиланади.
Мазкур рўйхатга киритиш талабларига ёки шартларига киритилган ҳар қандай ўзгартиришлар тўғрисидаги ахборот бундай ўзгартиришлар киритилган кундан эътиборан бир иш куни ичида махсус ахборот порталига жойлаштирилиши ҳамда ушбу рўйхатга киритилган барча иштирокчиларга етказилиши керак.
Малакали иштирокчилар ўртасида дастлабки малака танловини ва харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади»;
15) 38-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Биргаликдаги давлат харидлари натижалари бўйича тузилган шартномалар тўғрисидаги ахборот давлат буюртмачилари томонидан махсус ахборот порталига шартномалар тузилган санадан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай жойлаштирилади»;
16) қуйидаги мазмундаги 381 ва 382-моддалар билан тўлдирилсин:
«381-модда. Марказлашган давлат харидлари
Давлат харидлари учун ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш мақсадида бир нечта давлат буюртмачиси айни бир турдаги товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) марказлашган харидини марказлашган харид органи орқали амалга ошириши мумкин.
Марказлашган харид органи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, шу жумладан давлат буюртмачисининг таркибидаги ташкилотлардан белгиланадиган юридик шахсдир.
Давлат буюртмачилари марказлашган харид органи томонидан харид қилинган товарларни (ишларни, хизматларни) қабул қилиб олган тақдирда, давлат буюртмачилари ушбу Қонунда назарда тутилган харид қилиш тартиб-таомилларига риоя этган деб ҳисобланади.
Марказлашган харид органи томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати махсус ахборот порталида юритилади.
Давлат харидларини амалга оширишда ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талаблари марказлашган харид органи томонидан бузилган тақдирда жавобгарлик марказлашган харид органининг зиммасига юклатилади.
Марказлашган давлат харидларини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
382-модда. Ҳадли келишув
Давлат буюртмачиси энг яхши таклифларни танлаш ёки тендер натижалари бўйича аниқланадиган бир нечта ғолиб билан бир йилдан уч йилгача бўлган муддатга ҳадли келишув тузиши мумкин.
Давлат буюртмачиси харид қилиш ҳужжатларида ҳадли келишувни тузиш шартларини, шунингдек ҳадли келишувнинг амал қилиш муддати давомида давлат буюртмачисининг кутилаётган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) умумий ҳажмини кўрсатади. Бунда давлат буюртмачиси ҳадли келишувда кўрсатилган тўлиқ сумма учун шартнома тузишга мажбур эмас.
Ҳадли келишувни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади»;
17) 51-модданинг:
учинчи қисмидаги «қирқ саккиз соат» деган сўзлар «икки иш куни» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўн иккинчи қисмидаги «бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион ёки энг яхши таклифларни танлаш» деган сўзлар «кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили ёки бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион ёхуд энг яхши таклифларни танлаш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи ва ўн олтинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Савдолар якунларига кўра шартнома мажбуриятларини бажариш харид қилиш тартиб-таомили иштирокчиси томонидан рад этилган тақдирда давлат харидларининг электрон тизими ғолибдан кейинги энг паст нархни таклиф этган бошқа иштирокчини ғолиб деб белгилайди, бунда мазкур иштирокчига ғолиб томонидан таклиф этилган нарх асосида шартнома тузиш таклиф қилинади.
Агар ғолибдан кейинги энг паст нархни таклиф қилган иштирокчи шартнома тузишни рад этса, давлат буюртмачиси харидни ушбу Қонун талабларига мувофиқ кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили (ушбу Қонуннинг 511-моддасида белгиланган мезонлар доирасида) ёки бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион ёхуд энг яхши таклифларни танлаш орқали амалга ошириши мумкин»;
18) қуйидаги мазмундаги 51-боб билан тўлдирилсин:
«51-боб. Кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили
511-модда. Кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомилини амалга ошириш мезонлари
Суммаси бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдоридан ошмайдиган (бюджет буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдоридан ошмайдиган) давлат харидлари харид комиссиясининг иштирокисиз ўтказилиши мумкин, бироқ бир молия йилида бир корпоратив буюртмачи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг баравари миқдоридан ошмаслиги ва бир молия йилида бир бюджет буюртмачиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари миқдоридан ошмаслиги керак.
Бунда ғолиб давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълон жойлаштирилмаган ҳолда, очиқ ахборот манбаларидан олинган нархларни солиштириш йўли билан ёки товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) камида учта потенциал етказиб берувчиларидан нархларни сўраш йўли билан давлат буюртмачиси томонидан аниқланади.
512-модда. Кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича шартнома тузиш
Давлат буюртмачиси кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомилини амалга ошириш асосларини, шунингдек тузилган шартномалар ва уларга доир қўшимча келишувлар тўғрисидаги ахборотни улар тузилган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай махсус ахборот порталига жойлаштиради.
Кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича шартнома давлат буюртмачиси томонидан танланган иштирокчининг таклифида кўрсатилган шартлар асосида ҳамда иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нарх бўйича тузилади»;
19) 54-модда қуйидаги мазмундаги олтинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Аукцион якунларига кўра, шартнома мажбуриятларини бажариш харид қилиш тартиб-таомилининг иштирокчиси томонидан рад этилган тақдирда, давлат харидларининг электрон тизими ғолибдан кейинги энг паст нархни таклиф қилган иштирокчини ғолиб деб белгилайди, бунда мазкур иштирокчига ғолиб томонидан таклиф этилган нарх асосида шартнома тузиш таклиф қилинади.
Агар ғолибдан кейинги энг паст нархни таклиф қилган иштирокчи шартнома тузишни рад этса, давлат буюртмачиси харидни ушбу Қонун талабларига мувофиқ электрон дўкон воситасида (ушбу Қонуннинг 49-моддасида белгиланган мезонлар доирасида) ёки кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили (ушбу Қонуннинг 511-моддасида белгиланган мезонлар доирасида) ёхуд энг яхши таклифларни танлаш орқали амалга ошириши мумкин»;
20) 55-модданинг биринчи қисмидаги «ёки энг яхши таклифларни танлаш» деган сўзлар «ёки кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили (ушбу Қонуннинг 511-моддасида белгиланган мезонлар доирасида) ёхуд энг яхши таклифларни танлаш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
21) 56-модданинг иккинчи қисмидаги «Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги» деган сўзлар «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
22) 60-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Танлаш иштирокчиларининг таклифлари эълонда ва танлаш бўйича харид қилиш ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг давлат харидлари электрон тизимидаги шахсий кабинетлари орқали, эълонда кўрсатилган муддатдан кечиктирмай электрон шаклда тақдим этилади»;
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Таклифда давлат хариди объекти бўлган товар эскизининг, расмининг, чизмасининг, фотосуратининг ва бошқа материалларнинг электрон шакли бўлиши мумкин»;
23) 61-модданинг:
биринчи қисмидаги «ёки аукцион» деган сўзлар «ёки кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили (ушбу Қонуннинг 511-моддасида белгиланган мезонлар доирасида) ёхуд аукцион» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Эълонда танлаш ўтказиладиган вақт сифатида кўрсатилган вақтда давлат харидларининг электрон тизими автоматик равишда иштирокчилар томонидан жойлаштирилган ва уларнинг танлаш таклифларини ташкил этадиган электрон ҳужжатларни кўриш имкониятини беради. Давлат харидларининг электрон тизими иштирокчи таклиф этган нархнинг бошланғич нархга мувофиқлигини ва электрон майдонларнинг тўлдирилганлигини текширади. Агар иштирокчи томонидан таклиф этилган нарх бошланғич нархдан юқори бўлса, шунингдек бириктирилиши зарур бўлган ҳужжатларни тўлдириш ва жойлаштириш учун мажбурий бўлган бўш майдонлар мавжуд бўлса, давлат харидларининг электрон тизими аниқ сабабни кўрсатган ҳолда, иштирокчининг таклифини рад этади. Бириктирилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг танлаш иштирокчисининг таклифида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текшириш харид комиссиясининг масъул котиби томонидан амалга оширилади»;
еттинчи қисми чиқариб ташлансин;
24) 62-модданинг саккизинчи қисмидаги «уч» деган сўз «беш» деган сўз билан алмаштирилсин;
25) қуйидаги мазмундаги 621-модда билан тўлдирилсин:
«621-модда. Малакали иштирокчилар ўртасида танлаш ўтказиш
Малакали иштирокчилар ўртасидаги танлаш ушбу Қонуннинг 37-моддасига мувофиқ дастлабки малака танловидан ўтган иштирокчилар ўртасида ўтказилиши мумкин.
Давлат буюртмачиси дастлабки малака танловидан ўтган барча иштирокчиларни танлашда иштирок этишга таклиф қилади ёхуд харид қилинаётган товар (иш, хизмат) хусусиятларининг мураккаблигидан, иштирокчиларнинг ўз вақтида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш борасидаги салоҳияти ҳамда иш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг орасидан иштирокчиларнинг чекланган сонини ҳамда малакали иштирокчилар рўйхатини белгилаши мумкин.
Иштирокчиларнинг чекланган сонини ва малакали иштирокчилар рўйхатини белгилашда давлат буюртмачиси иштирокчиларнинг савиясини холисона ва давлат харидларининг асосий принципларига мувофиқ аниқлайди ҳамда уларга танлашда иштирок этиш тўғрисидаги таклифларни юборади»;
26) 63-модданинг:
биринчи қисмидаги «тузилади» деган сўз «давлат харидларининг электрон тизими томонидан автоматик тарзда шакллантирилади» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи қисмидаги «ёки аукцион» деган сўзлар «ёки кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомили ёхуд аукцион» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
27) 68-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тендер иштирокчиларининг таклифлари эълонда ва тендер бўйича харид қилиш ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг давлат харидлари электрон тизимидаги шахсий кабинетлари орқали, эълонда кўрсатилган муддатдан кечиктирмай электрон шаклда тақдим этилади»;
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Таклифда давлат хариди объекти бўлган товар эскизининг, расмининг, чизмасининг, фотосуратининг ва бошқа материалларининг электрон шакли бўлиши мумкин»;
28) 69-модданинг:
«Эълонда тендер ўтказиладиган вақт сифатида кўрсатилган вақтда давлат харидларининг электрон тизими автоматик равишда иштирокчилар томонидан жойлаштирилган ва уларнинг тендер таклифларини ташкил этадиган электрон ҳужжатларни кўриш имкониятини беради. Давлат харидларининг электрон тизими иштирокчи таклиф этган нархнинг бошланғич нархга мувофиқлигини ва электрон майдонларнинг тўлдирилганлигини текширади. Агар иштирокчи томонидан таклиф этилган нарх бошланғич нархдан юқори бўлса, шунингдек бириктирилиши зарур бўлган ҳужжатларни тўлдириш ва жойлаштириш учун мажбурий бўлган бўш майдонлар мавжуд бўлса, давлат харидларининг электрон тизими аниқ сабабни кўрсатган ҳолда иштирокчининг тендер таклифини рад этади. Бириктирилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг иштирокчининг тендер таклифида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текшириш харид комиссиясининг масъул котиби томонидан амалга оширилади»;
еттинчи — йигирма иккинчи қисмлари тегишинча бешинчи — йигирманчи қисмлар деб ҳисоблансин;
саккизинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тендер таклифининг миқдорий кўрсаткичларини, шу жумладан нарх қисмини баҳолаш давлат харидларининг электрон тизими томонидан автоматик равишда амалга оширилади»;
тўққизинчи қисми чиқариб ташлансин;
ўнинчи — йигирманчи қисмлари тегишинча тўққизинчи — ўн тўққизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
ўн еттинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Харид комиссияси аъзолари мажлиснинг давлат харидларининг электрон тизимида автоматик равишда шакллантириладиган электрон баённомасини электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тасдиқлайди. Электрон баённома давлат харидларининг электрон тизимида автоматик равишда эълон қилинади»;
29) 70-модданинг:
биринчи қисмидаги «тузилади» деган сўз «давлат харидларининг электрон тизими томонидан автоматик тарзда шакллантирилади» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисмидаги «уч» деган сўз «беш» деган сўз билан алмаштирилсин;
30) қуйидаги мазмундаги 701-модда билан тўлдирилсин:
«701-модда. Малакали иштирокчилар ўртасида тендер ўтказиш
Малакали иштирокчилар ўртасидаги тендер ушбу Қонуннинг 37-моддасига мувофиқ дастлабки малака танловидан ўтган иштирокчилар ўртасида ўтказилиши мумкин.
Давлат буюртмачиси дастлабки малака танловидан ўтган барча иштирокчиларни тендерда иштирок этишга таклиф қилади ёхуд харид қилинаётган товар (иш, хизмат) хусусиятларининг мураккаблигидан, иштирокчиларнинг ўз вақтида сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш борасидаги салоҳияти ҳамда иш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг орасидан иштирокчиларнинг чекланган сонини ҳамда малакали иштирокчилар рўйхатини белгилаши мумкин.
Иштирокчиларнинг чекланган сонини ва малакали иштирокчилар рўйхатини белгилашда давлат буюртмачиси иштирокчиларнинг савиясини холисона ва давлат харидларининг асосий принципларига мувофиқ аниқлайди ҳамда уларга тендерда иштирок этиш тўғрисидаги таклифларни юборади»;
31) қуйидаги мазмундаги 81-боб билан тўлдирилсин:
«81-боб. Икки босқичли давлат харидлари
702-модда. Икки босқичли давлат харидларини ўтказиш мезонлари
Икки босқичли давлат харидлари қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:
ғолибни аниқлаш мезонлари товарнинг (ишнинг, хизматнинг) нафақат пул билан баҳоланишини, балки техник, эксплуатация қилиниш хусусиятларини ва бошқа хусусиятларини аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаган техник жиҳатдан мураккаб товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳоланишини ҳам ўз ичига олади;
товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваридан ортиқ (бюджет буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ортиқ) миқдорни ташкил этади.
703-модда. Икки босқичли давлат харидларини ўтказиш бўйича харид комиссияси
Давлат харидини икки босқичли давлат харидлари ўтказиш орқали амалга ошириш учун камида етти нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссияси тузилади.
Агар мажлисда харид комиссияси аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, харид комиссияси ваколатли ҳисобланади. Барча қабул қилинган қарорлар баённомалар билан расмийлаштирилиши керак.
704-модда. Икки босқичли давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълон
Икки босқичли давлат харидлари тўғрисидаги ахборот давлат буюртмачиси томонидан чекланмаган миқдордаги шахсларга махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизимига, шунингдек давлат буюртмачисининг хоҳишига кўра унинг расмий веб-сайтига ёки унинг юқори турувчи органининг расмий веб-сайтига, шунингдек оммавий ахборот воситаларига харидларни ўтказиш тўғрисидаги эълонни ва харид бўйича харид қилиш ҳужжатларини жойлаштириш йўли билан маълум қилинади.
Икки босқичли давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълон фақат харид қилиш ҳужжатлари юзасидан Комплекс экспертиза қилиш марказининг ижобий хулосаси олинганидан кейин жойлаштирилади.
Икки босқичли давлат харидлари ўтказилиши тўғрисидаги эълон ва харид қилиш ҳужжатлари давлат буюртмачиси томонидан ҳар бир босқич бўйича таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида йигирма иш куни олдин махсус ахборот портали орқали давлат харидларининг электрон тизимига, шунингдек давлат буюртмачисининг хоҳишига кўра, унинг расмий веб-сайтига ёки унинг юқори турувчи органининг расмий веб-сайтига, шунингдек оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилади.
705-модда. Икки босқичли давлат харидлари иштирокчиларининг таклифларини бериш тартиби
Биринчи босқичда икки босқичли давлат харидлари иштирокчилари харид қилинаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) энг кам техник хусусиятларини акс эттирувчи дастлабки ўз техник таклифларини тақдим этади.
Техник талаблар давлат буюртмачисининг эҳтиёжларидан, харид қилинаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) мўлжалланилган мақсади ва функцияларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши керак.
Икки босқичли давлат харидлари иштирокчилари томонидан тақдим этиладиган таклифлар икки босқичли давлат харидларининг харид қилиш ҳужжатларига ва ушбу Қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Икки босқичли давлат харидларини электрон шаклда ўтказиш чоғида икки босқичли давлат харидлари иштирокчиларининг таклифларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
706-модда. Икки босқичли давлат харидлари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш
Биринчи босқичда таклифларни тақдим этиш муддати тугагач, давлат буюртмачиси таклифларни кўриб чиқади ва баҳолайди. Бунда харид қилиш ҳужжатларида назарда тутилган техник параметрларга асосан техник ва эксплуатация қилиниш хусусиятлари бўйича энг мақбул таклифларни тақдим этган иштирокчилар биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.
Давлат харидларининг иккинчи босқичи биринчи босқичдан ўтган камида икки нафар иштирокчининг таклифлари мавжуд бўлганда ўтказилади.
Иккинчи босқични ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида давлат буюртмачиси келиб тушган дастлабки таклифларга мувофиқ ўзининг дастлабки талабларини қайта кўриб чиқади ва такомиллаштиради, бунда давлат хариди предметини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Икки босқичли давлат харидларининг иккинчи босқичида давлат буюртмачиси томонидан ўзгартириш киритилган харид қилиш ҳужжатлари биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга йигирма иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда юборилади ва уларга ўз узил-кесил таклифларини тақдим этиш орқали харидда иштирок этиш таклиф қилинади.
Таклифлар турли даражадаги техник афзалликлардан, иқтисодий барқарорлик жиҳатларидан, шу жумладан ҳаётий даврнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда баҳоланади. Якуний баҳолаш харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган тартибда давлат буюртмачиси томонидан амалга оширилади.
Икки босқичли давлат харидлари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддати ҳар бир босқич бўйича таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан йигирма иш кунидан ошиши мумкин эмас.
Таклифларни кўриб чиқиш натижалари бўйича икки босқичли давлат харидлари, агар иккинчи босқичда харид комиссияси барча таклифларни рад этган бўлса, ўтказилмаган деб ҳисобланади.
707-модда. Икки босқичли давлат харидларининг натижалари бўйича шартнома тузиш
Икки босқичли давлат харидларининг натижалари бўйича шартнома тузилади.
Икки босқичли давлат харидларининг натижалари бўйича тузилган шартномалар тўғрисидаги ахборот давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот порталига улар тузилган санадан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай жойлаштирилади»;
32) 71-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича давлат харидлари қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин:
1) Ягона етказиб берувчилар реестрига киритилган ягона етказиб берувчи билан давлат харидини амалга ошириш учун рухсат этилган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;
2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;
3) фавқулодда вазиятларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур бўлган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;
4) суд муҳокамаларида иштирок этиш учун адвокатни (вакилни) тайинлаш билан боғлиқ бўлган давлат хариди;
5) бошқа етказиб берувчи томонидан маҳсулот етказиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда, лицензия битимига (шартномасига, контрактига) асосан товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) интеллектуал фаолият натижалари муаллифидан ёки интеллектуал фаолият натижаларидан мутлақ фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган етказиб берувчидан, шунингдек фан, адабиёт ва санъат асарлари, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари каби интеллектуал фаолият натижаларининг ушбу интеллектуал мулк объектига нисбатан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ягона шахсдан давлат хариди;
6) нархи (тарифи) давлат томонидан тартибга солинадиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;
7) давлат буюртмачиси фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган хизмат сафарлари ва бошқа ҳоллар учун чипталарнинг давлат хариди (авиа, темир йўл ва йўналишли транспортига), шунингдек яшаш харажатлари;
8) бошқа етказиб берувчи томонидан хизмат кўрсатиш имконияти бўлмаган тақдирда, етказиб берувчи томонидан аввал олиб келинган товарларга (ишларга, хизматларга) кафолат муддати тугаганидан кейин ва жорий хизмат кўрсатиш (эҳтиёт қисмларни харид қилиш), шунингдек аввал харид қилинган дастурий маҳсулотни кузатиш ва (ёки) уни функциявий жиҳатдан кенгайтириш;
9) гиёҳвандлик воситаларини ва психотроп моддаларни сақлаш ҳамда олиб кириш (олиб чиқиш);
10) фавқулодда ҳолларда табиат ҳодисалари, эпидемиялар ва касалликлар тарқалишининг олдини олиш ёки унинг оқибатларини бартараф этиш учун зарур товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ваколатли идоралар томонидан тасдиқланадиган давлат хариди;
11) табиий офатларнинг ва техноген ҳалокатларнинг оқибатларини тезкор бартараф этиш, шунингдек давлат буюртмачисининг тўлақонли фаолият олиб боришига таъсир кўрсатадиган тарзда коммуникациялар, механизмлар, жиҳозлар ва бошқа асбоб-ускуналар ишдан чиққан ҳолларда аварияларни бартараф этиш учун товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;
12) Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг, вазирликлар, идоралар, давлат корхоналари ва муассасаларининг санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига, болалар соғломлаштириш оромгоҳларига йўлланмаларнинг, шунингдек маданий-оммавий тадбирларга чипталарнинг давлат хариди;
13) Ўзбекистон Республикасининг ишлаб чиқарувчиларидан ёки уларнинг расмий дилерларидан ва дистрибьюторларидан харид қилинадиган янги автотранспорт воситаларининг, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникасининг давлат хариди;
қўшимча ишларни ва хизматларни амалга ошириш учун шартнома умумий бошланғич суммасининг 10 фоизидан ошмайдиган миқдордаги харажатлар;
15) авиация корхоналари томонидан ишлаб чиқарувчилардан ёки сертификатлаштирилган етказиб берувчилардан импорт шартномалари бўйича харид қилинадиган авиация техника жиҳозлари, шу жумладан ҳаво кемалари, авиадвигателлар ва уларнинг бутловчи қисмлари, авиация учун ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларнинг давлат хариди;
16) Ўзбекистон Республикаси Президентининг, чет давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларининг, шунингдек парламент аъзоларининг ва халқаро ташкилотлар расмий делегацияларининг ташрифлари муносабати билан яшаш, овқатланиш, маданий тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ бўлган харажатлар, транспорт харажатлари, сувенирлар, совғалар хариди ва бошқа ташкилий масалалар учун назарда тутилган харажатлар;
17) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан ажратиладиган маблағлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг чет эл делегацияларини қабул қилиш ва хорижий мамлакатларга делегацияларни юбориш бўйича режалаштирилган маблағлар ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
18) қуйидагилар учун озиқ-овқат маҳсулотларининг давлат хариди:
даволаш-профилактика ва таълим муассасалари;
меҳмонхона ва ресторан хизматлари кўрсатиш;
мурувват ва ногиронлиги бўлган шахслар уйлари;
меҳрибонлик уйлари ва интернатлар;
қариялар уйлари;
19) фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш, шу жумладан жарроҳлик амалиёти ва реабилитация ёрдами билан боғлиқ харажатлар;
20) мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш юзасидан «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан таълим дастурларини ташкил этиш, республикага хорижий олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан ватандошларни жалб этиш хизматлари;
21) аввал тузилган шартномалардаги етказиб берувчилар билан алоқа, Интернет ва телерадиоузатиш хизматлари бўйича давлат хариди.
Давлат буюртмачилари тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни шартнома тузилган пайтдан эътиборан беш иш куни ичида махсус ахборот порталига жойлаштириши шарт.
Тўғридан-тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот махсус ахборот порталига жойлаштирилмаган бўлса, ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмайди.
Давлат буюртмачиси ушбу моддада назарда тутилган давлат харидларини амалга ошириш чоғида харид қилиш тартиб-таомилларининг бошқа рақобатли турларидан ҳам ушбу Қонун талабларига мувофиқ фойдаланиши мумкин.
Агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида товарнинг (ишнинг, хизматнинг) давлат харидини тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширишга рухсат берилса, шартнома ва шартномага оид қўшимча келишувлар Комплекс экспертиза қилиш марказида комплекс экспертизадан ўтказилиши лозим, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.
Фавқулодда ҳолатнинг олдини олиш мақсадида ваколатли орган томонидан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ўрнига ҳадли келишувдан ёки кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиб-таомилидан фойдаланишга рухсат берилади»;
33) 72-модданинг иккинчи қисмидаги «уч» деган сўз «беш» деган сўз билан алмаштирилсин;
34) 75-модда биринчи қисмининг бешинчи ва олтинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси»;
35) 78-модданинг:
иккинчи қисмидаги «ваколатли орган» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия аъзоларига доир малака талаблари қонунчиликда белгиланади»;
36) қуйидаги мазмундаги 791-модда билан тўлдирилсин:
«791-модда. Шикоятларни кўриб чиқишда манфаатлар тўқнашуви
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия аъзоларида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари билан манфаатлар тўқнашуви, шунингдек аффилланганлик мавжуд бўлган тақдирда, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг бундай аъзоси бу масала кўриб чиқилган мажлисда ўзини ўзи рад этиши ва мазкур масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия мажлисининг баённомасида қайд этилади.
Агар Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга мазкур комиссия аъзосининг манфаатлар тўқнашуви, шунингдек аффилланганлиги мавжудлиги тегишли масала юзасидан қарор қабул қилингунига қадар маълум бўлиб қолган бўлса, унинг ўзи эса ўзини ўзи рад этмаган бўлса, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия бундай аъзосининг мазкур масала бўйича овоз беришига йўл қўйилмайди.
Агар қарор қабул қилинганидан кейин Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга тегишли масала бўйича овоз берган мазкур комиссия аъзосининг манфаатлар тўқнашуви, шунингдек аффилланганлиги мавжудлиги тўғрисида маълум бўлиб қолса, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг бундай аъзоси овози мазкур масала бўйича овоз бериш натижаларидан чиқариб ташланади.
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия раиси ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли ахборотни киритади»;
37) 83-моддадаги «Молия вазирлиги» деган сўзлар «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 1-моддаси 4-бандининг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган дастлабки малака танловини ва малакали иштирокчилар ўртасида харид қилиш тартиб-таомилларни ўтказиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 1-моддаси 4-бандининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган марказлашган давлат харидларини амалга ошириш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 1-моддаси 4-бандининг олтинчи хатбошисида назарда тутилган ҳадли келишувни тузиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ушбу Қонун 1-моддаси 31-бандининг ўн саккизинчи хатбошисида назарда тутилган икки босқичли давлат харидларини электрон шаклда ўтказиш чоғида икки босқичли давлат харидлари иштирокчиларининг таклифларини бериш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 ноябрь,
ЎРҚ-1005-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.11.2024 й., 03/24/1005/0977-сон)