Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 16-моддаси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига ўн кунлик муддатда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ушбу Қарор ижросини таъминлашда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ва уларнинг котибиятларига амалий ёрдам кўрсатиб борсин.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 31 июлдаги «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги СҚ-360-IV-сонли Қарорининг 1-банди;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 25 мартдаги КҚ-476-IV-сонли Қарорининг 5-иловаси ўз кучини йўқотган деб топилсин.
5. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Т. Мадумаров зиммасига юклансин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 21 октябрь,
КҚ-835-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 21 октябрдаги КҚ-835-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг
намунавий регламенти
I боб. Умумий қоидалар
1-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) давлат ҳокимиятининг вакиллик органидир.
Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунлари ва бошқа қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, шунингдек ўз регламентига мувофиқ амалга оширади.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қарорлари, шунингдек ўз регламентига мувофиқ амалга оширади.
2-модда. Маҳаллий Кенгаш фаолияти масалаларни жамоа бўлиб ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.
3-модда. Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятининг асосий йўналишларини маҳаллий Кенгашнинг сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади) тасдиқланган иш режаси асосида белгилаб олади. Маҳаллий Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишларини ўз ичига оладиган иш режаси асосида маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади) иш режалари тузилади.
Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси маҳаллий Кенгаш депутатлари (бундан буён матнда депутатлар деб юритилади), доимий комиссиялар, партия гуруҳлари, шунингдек ҳудудий вакиллик органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.
Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси оммавий ахборот воситалари ҳамда маҳаллий Кенгашнинг веб-сайтида эълон қилиниши мумкин.
Маҳаллий Кенгаш иш режасининг бажарилиши унинг сессияларида, сессиялар оралиғида эса доимий комиссиялар мажлисларида муҳокама қилинади.
Маҳаллий Кенгашнинг иш режасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала маҳаллий Кенгаш раиси, доимий комиссиялар, партия гуруҳлари ва депутатларнинг таклифига биноан сессияда кўриб чиқилади. Ушбу масала юзасидан қарор маҳаллий Кенгаш регламентида белгиланган тартибда қабул қилинади.
Маҳаллий Кенгашнинг иш режаси ўз вақтида бажарилишини ташкил этиш, шунингдек доимий комиссияларнинг иш режалари доимий комиссиялар томонидан ўз вақтида ижро қилиниши учун маҳаллий Кенгаш раиси масъул ҳисобланади.
4-модда. Маҳаллий Кенгашга унинг депутатлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида маҳаллий Кенгашнинг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар маҳаллий Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.
Маҳаллий Кенгаш раиси ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради, шунингдек, доимий ва бошқа комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмас.
Маҳаллий Кенгаш раиси маҳаллий Кенгаш ишини ташкил этади, маҳаллий Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади, унинг сессияларида раислик қилади.
Маҳаллий Кенгашнинг ваколат муддати беш йил бўлиб, маҳаллий Кенгаш раиси маҳаллий Кенгаш ваколати муддатига сайланади.
5-модда. Маҳаллий Кенгаш ҳудуд учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифаларининг амалга оширилишини, жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, юқори турувчи маҳаллий Кенгаш қарорлари ижро этилишини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашни, аҳолини тегишли ҳудудни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.
Маҳаллий Кенгаш ҳудудда ўзини ўзи бошқаришнинг ривожланишига кўмаклашади, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб туради, аҳоли муаммоларини ўрганиш, аниқлаш ва ҳал этиш масалалари юзасидан улар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
6-модда. Маҳаллий Кенгашнинг асосий ваколатларига:
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ҳамда уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг прогнозларини маълумот учун қабул қилиш;
вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш;
тегишли бюджетлардан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш;
вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;
ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Халқ қабулхоналарининг тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги ахборотини ҳар чоракда эшитиш;
ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этишга кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чораларини кўришга қаратилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий раҳбарларининг ҳисоботларини ҳар олти ойда эшитиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунида назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш;
маҳаллий Кенгашнинг Иш тартибини, маҳаллий Кенгаш доимий ва муваққат комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
маҳаллий Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботларни тинглаш;
қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;
зарурат бўлганда ижро этувчи ҳокимият бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини, шу жумладан қонунларга риоя этилиши, маҳаллий Кенгаш қарорларининг ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш;
тегишли прокурорларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитиш;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;
тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;
тегишинча ҳудудий адлия бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари бошлиқларининг ахборотини эшитиш;
Кенгаш сўровини юбориш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш, Кенгаш текширувини ўтказиш, халқ депутатларининг сўровларини юбориш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;
ҳокимнинг маҳаллий Кенгашнинг қонунчиликка зид қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги тақдимномасига асосан маҳаллий Кенгаш қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш;
ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорларини бекор қилиш;
ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимликнинг тузилмасини, штатларини ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фондини тасдиқлаш киради.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари:
тегишли вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ҳамда Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
жисмоний ва юридик шахсларга тегишинча мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларини қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда бузиб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) минтақавий вакилининг инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисидаги маърузасини ҳар йили эшитади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) минтақавий вакилининг тегишли ҳудудда бола ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисидаги маърузасини ҳар йили эшитади;
тегишли ҳудудда маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни ўрнатиш ва бузиш (кўчириш) тўғрисида қарорлар қабул қилади;
фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўз ваколатлари жумласига киритилган бошқа ташкилий масалаларни ва қонунчиликка мувофиқ назорат қилишга доир масалаларни ҳал этади.
7-модда. Маҳаллий Кенгаш берилган ваколатлари доирасида умум манфаатини ифодаловчи тадбирларни ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудларидаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномавий муносабатлар ўрнатишга ҳақлидир.
8-модда. Маҳаллий Кенгаш ўз фаолиятини сессиялар, доимий комиссиялар ва муваққат комиссиялар, маҳаллий Кенгашнинг бошқа органлари орқали, шунингдек депутатларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва маҳаллий Кенгаш регламентида белгиланган тартибда ўз ваколатларини рўёбга чиқариш йўли билан амалга оширади.
II боб. Сессияни чақириш ва ўтказиш
9-модда. Маҳаллий Кенгашнинг асосий иш шакли сессиядир.
Сессия Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан маҳаллий Кенгаш ваколатига киритилган ҳар қандай масалани кўриб чиқишга ҳақли.
10-модда. Маҳаллий Кенгаш сессиялари маҳаллий Кенгаш раиси томонидан, у йўқлигида эса маҳаллий Кенгашга сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан илгари сурилган депутатлар томонидан ташкил этилган партия гуруҳи раҳбари томонидан заруратга қараб, ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Сессия маҳаллий Кенгаш депутатлари камида учдан икки қисмининг ташаббусига ёки ҳокимнинг таклифига биноан ҳам чақирилиши мумкин. Маҳаллий Кенгаш сессиясини чақириш тўғрисидаги қарордан депутатлар сессия очилишидан камида уч кун олдин хабардор қилинади.
Янги сайланган маҳаллий Кенгашнинг биринчи сессияси ҳоким томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафталик муддат ичида чақирилади. Маҳаллий Кенгашнинг биринчи сессияси тегишли ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияси раиси томонидан очилади ҳамда у маҳаллий Кенгаш раиси сайлангунга қадар сессияга раислик қилади.
Маҳаллий Кенгаш сессияларида раис, у йўқлигида эса маҳаллий Кенгашга сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан илгари сурилган депутатлар томонидан ташкил этилган партия гуруҳи раҳбари раислик қилади.
Агар бир нечта сиёсий партия тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини эгалласа, уларнинг ўзаро келишувига кўра тегишли партиянинг раҳбари раислик қилади.
Маҳаллий Кенгаш сессияларида президиум ташкил қилинади. Президиумга қоида тариқасида маҳаллий Кенгаш раиси, шунингдек ҳоким жойлаштирилади.
Янги сайланган маҳаллий Кенгашнинг биринчи сессияси ўтказилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай маҳаллий Кенгашнинг органлари тузилади.
11-модда. Сессия кун тартиби маҳаллий Кенгаш раиси, партиялар гуруҳлари, доимий комиссиялар ва депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда тайёрланади.
Сессия муҳокамасига киритилаётган энг муҳим ва долзарб аҳамиятга эга масалаларни тайёрлаш учун маҳаллий Кенгаш раиси томонидан тегишли тармоқлар мутахассислари ҳамда экспертларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ масалани тайёрлаш вақтида сайловчилар, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, шунингдек тегишли ҳудуддаги корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олади.
Сессия муҳокамасига киритилаётган масалалар дастлабки тарзда тегишли доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилади, улар томонидан тайёрланган қарор лойиҳалари ва кун тартиби бўйича бошқа ҳужжатлар маҳаллий Кенгаш раисига ҳамда маҳаллий Кенгаш котибияти мудирига берилади.
Сессияда кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар сессия кун тартиби лойиҳасига уларни кўриб чиқиш навбати, ҳар бир масалани кўриб чиқиш учун тайёрлашга масъул бўлган доимий комиссиялар, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар киритилган ҳолда тузилади.
Сессия кун тартиби маҳаллий Кенгаш қарори билан тасдиқланади.
12-модда. Сессияни, шу жумладан навбатдан ташқари сессияни чақириш ҳақидаги қарор маҳаллий Кенгаш раиси томонидан қабул қилинади.
Сессия ўтказиладиган вақт, сана, жой ва кун тартиби депутатлар эътиборига сессия очилишидан камида уч кун олдин етказилади. Депутатларга танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар ҳам юборилади.
Сессияни чақириш тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши мумкин.
Сессиялар очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.
Зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш раиси, доимий комиссиялар, партиялар гуруҳларининг таклифи асосида маҳаллий Кенгаш ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Ёпиқ сессия ўтказиш тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади.
Сессиялар ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши ҳам мумкин. Бунда депутатлар жойлардан туриб жамоавий ёки якка тартибда иштирок этишлари мумкин.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган сессияни олиб бориш, кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш маҳаллий Кенгаш регламентида белгиланган умумий тартибда амалга оширилади.
Сессия видеоконференцалоқа режимида ўтказилганда овозларни ҳисоблаш ва овоз бериш натижаларини аниқлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун депутатлар орасидан саноқ комиссияси тузилади.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган сессияларда овоз бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
сессияда раислик қилувчи томонидан масала овозга қўйилганлиги эълон қилинади;
марказий студияда ҳозир бўлган, жамоавий ва якка тартибда уланиш нуқтасидан иштирок этаётган депутатлар қўлларини кўтариб овоз берадилар, овоз бериш электрон тизим орқали ҳам амалга оширилиши мумкин;
раислик қилувчи «қаршилар» борми, «бетарафлар» борми деган саволлар билан мурожаат қилади, депутатлар бу саволларга ҳам қўлларини кўтариб жавоб берадилар;
сессияда иштирок этаётган барча депутатлар тасвири экранга чиқарилади, овоз бериш жараёнида барча депутатлар кўриниб туриши шарт;
овоз бериш натижаси саноқ комиссияси томонидан қайд этиб борилади;
сессияда иштирок этаётган барча депутатлар овоз бериб бўлганидан сўнг саноқ комиссияси томонидан раислик қилувчига овоз бериш натижалари тўғрисида маълумот берилади;
раислик қилувчи овоз бериш натижаларини эълон қилади.
13-модда. Агар сессияда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.
Депутатларни рўйхатга олиш сессия очилишидан олдин ва унинг ишидаги ҳар бир танаффусдан кейин амалга оширилади.
Агар сессияларни ўтказишга мўлжалланган бинода электрон овоз бериш тизимидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, ҳар бир депутат учун доимий ўрин ажратилади.
14-модда. Сессиялар иши давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда маҳаллий Кенгашнинг қарори асосида бошқа тилларга синхрон таржима таъминланади.
15-модда. Сессияларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, қуйи маҳаллий Кенгаш депутатлари, шунингдек ҳудуддаги давлат органлари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситаларининг таклиф этилган вакиллари ҳамда бошқа шахслар иштирок этишлари мумкин.
Сессияга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек маҳаллий Кенгашнинг регламентида белгиланган тартибга риоя қилишлари ва раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.
Сессияга таклиф қилинадиган шахсларнинг сони ва таркиби маҳаллий Кенгаш раиси томонидан ҳал этилади.
Сессияда раислик қилувчи сессияда иштирок этаётган депутатлар сони, таклиф этилган шахслар таркиби тўғрисида депутатларга ахборот беради.
Сессияга таклиф қилинган шахслар учун мажлислар залида махсус жойлар ажратилади.
16-модда. Депутатларнинг ваколатларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор янги сайланган маҳаллий Кенгашнинг биринчи сессиясида сайловни ўтказган сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ қабул қилинади.
Бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайлов ўтказилганида депутатнинг ваколатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор сессияда сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ қабул қилинади.
17-модда. Сессия ўз ишини кун тартибини тасдиқлашдан бошлайди.
Сессия кун тартибидаги масалалар раислик қилувчи томонидан бандма-банд ёки бутунлай овозга қўйилиши мумкин.
Сессиянинг кун тартиби бўйича таклиф ва мулоҳазалар депутатлар томонидан оғзаки ёки ёзма шаклда берилади ва сессияда раислик қилувчи томонидан уларнинг келиб тушиш тартиби бўйича эълон қилинади.
Сессия кун тартиби бўйича қарор депутатлар билдирган таклифларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.
18-модда. Ҳар бир сессияни ўтказиш вақтида депутатлар орасидан сессия котиби сайланади ёки сессия котибияти тузилади.
Сессия котиби ёки котибияти:
сўзга чиқувчиларнинг рўйхатини олиб боради;
депутат сўровларини, депутатлардан тушадиган саволлар, маълумотномалар, хабарлар, аризалар, таклифлар ва бошқа материалларни рўйхатга олади;
сўзга чиқиш учун ёзилганларнинг рўйхати ва тушган материаллар ҳақида раислик қилувчига ахборот беради;
сессия ишига тааллуқли масалалар юзасидан депутатларга тушунтиришлар беради;
сессия якунлари юзасидан ахборот тайёрлайди;
баённома ёки стенограмма юритилишини ташкил этади.
Сессияда сессия котиби ёки котибияти томонидан тайёрланган ахборот тингланади.
19-модда. Сессияда баённома юритилади. Сессия баённомаси раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланади.
Сессия баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:
маҳаллий Кенгашнинг номи, сессиянинг тартиб рақами (чақириқ доирасида);
сессияни ўтказиш вақти, санаси ва жойи;
ҳозир бўлган ва қатнашмаётган депутатлар сони, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сони;
сессия кун тартиби, сессия муҳокамасига киритилган ҳар бир масала юзасидан ҳар бир маърузачи ва қўшимча маърузачининг исм-фамилияси ҳамда лавозими;
музокараларда сўзга чиққан, шунингдек маърузачилар ва қўшимча маърузачиларга сўровлар йўллаган ёки саволлар берган (ёзма ёки оғзаки шаклда) депутатларнинг исм-фамилиялари ва сайлов округларининг рақами;
қабул қилинган, «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб берилган овозлар сони кўрсатилган қарорлар рўйхати.
Баённомада сессия кун тартибига қўйилган масалаларнинг моҳияти очиб берилади, сессия давомида сўзланган нутқларнинг моҳияти қисқача баён этилади, шунингдек сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан овоз бериш якунлари қайд этилади.
Сессиянинг баённомасига депутатлар ва таклиф этилган шахсларнинг сессиядаги маърузалари матнлари, сессияда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган депутатлар рўйхати, таклиф этилган шахслар рўйхати ва бошқа материаллар илова қилинади.
Сессия баённомаси сессия тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай тайёрланади ва сессияга раислик қилувчи шахс ҳамда котиб томонидан имзоланади.
Сессия жараёни аудио, видео шаклда ёзиб олиниши ёки стенограммаси юритилиши мумкин.
Сессия баённомасининг асл нусхаси, аудио, видео ёзувлари, стенограммаси маҳаллий Кенгаш котибиятида сақланади.
Сессия баённомаси, аудио, видео ёзувлари, стенограммаси депутатларнинг талабига биноан танишиб чиқиш учун уларга берилиши мумкин.
Ёпиқ сессия баённомаси, аудио, видео ёзувлари, стенограммаси маҳаллий Кенгаш котибиятида «махфий ҳужжат» белгиси билан сақланади. Ёпиқ сессия баённомаси унга тааллуқли материаллар билан депутатларни таништириш бевосита маҳаллий Кенгаш котибиятида тилхат олиниб амалга оширилади.
20-модда. Сессияда раислик қилувчи:
сессия ишининг умумий боришига раҳбарлик қилади, маҳаллий Кенгаш регламентига риоя этилишини таъминлайди;
маърузачилар, қўшимча маърузачилар ва музокараларда сўзга чиқувчиларга навбати билан сўз беради;
зарур ҳолларда сабабини тушунтириб, сўзга чиқиш тартибини ўзгартиради;
муҳокама қилинаётган масала юзасидан хоҳлаган пайтда сўзга чиқиши мумкин;
маҳаллий Кенгаш регламентида белгиланган тартибни қўпол равишда бузган депутат ёки иштирокчини тартибга чақиради;
депутатларнинг ёзма сўровлари, аризалари, таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўқиб эшиттиради;
депутатга депутат сўрови, савол, таклиф, фикр-мулоҳаза юзасидан сўзга чиқиш, шунингдек сессияни олиб бориш тартиби бўйича эътирозлар билдириш учун, қарор лойиҳаларига тузатиш, овоз бериш масаласи бўйича таклифлар киритиш учун унинг илтимосига кўра сўз беради;
муҳокама тугаганидан кейин қарорлар лойиҳаларини овозга қўяди ва овоз бериш натижаларини эълон қилади;
сессияда қабул қилинган қарорларни ва сессия баённомаларини имзолайди;
муҳокама жараёнида сўзга чиққан депутатлар ёки бошқа иштирокчилар фикрини бирор-бир тарзда баҳолаш ёхуд шарҳлашдан, шунингдек қарор қабул қилишда тазйиқ ўтказишдан ўзини тийиши лозим.
Сессияда раислик қилувчи:
маҳаллий Кенгаш регламенти талаблари қўпол равишда бузилган тақдирда депутатни огоҳлантиришга, такроран бузишга йўл қўйилганида эса уни бутун сессия куни давомида сўздан маҳрум қилишга;
сессия ишига халақит бераётган таклиф қилинган шахсларни сессия залидан чиқариб юборишга ҳақли.
21-модда. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ва энг муҳим муаммоларни муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари (комиссиялари) ва маҳаллий Кенгашнинг қўшма мажлиси ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва маҳаллий Кенгашнинг қўшма мажлиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитаси (комиссияси)нинг раиси ва маҳаллий Кенгаш раиси ўртасида келишув бўйича ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва маҳаллий Кенгашнинг қўшма мажлиси кун тартибидаги масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) томонидан маҳаллий Кенгашнинг тегишли доимий комиссияси билан ҳамкорликда тайёрланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси (комиссияси) ва маҳаллий Кенгашнинг қўшма мажлисини чақириш, уни ўтказиш вақти, санаси, жойи ва бошқа масалалар маҳаллий Кенгаш регламентига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитаси (комиссияси)нинг раиси ва маҳаллий Кенгаш раиси ўртасида келишув бўйича ҳал этилади.
III боб. Сессияда масалаларни кўриб чиқиш тартиби
22-модда. Маҳаллий Кенгаш ўз сессияларида ваколатлари доирасида қонунийлик ва ҳуқуқий-тартиботни, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ҳамда уни ижро этиш, маҳаллий солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни кўриб чиқади ҳамда тегишли қарорларни қабул қилади.
23-модда. Сессия муҳокамасига киритилган кун тартибидаги ҳар бир масала, жумладан маҳаллий бюджет тўғрисидаги ва унинг ижроси ҳақидаги ҳисобот, ҳоким, унинг ўринбосарлари, ҳокимлик бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар тингланади ҳамда эркин муҳокама қилинади.
Муҳокама жараёни мазкур масала юзасидан маҳаллий Кенгаш раиси, доимий комиссиялар раисларининг маърузалари ва қўшимча маърузаларини, депутатларнинг маърузалари ва қўшимча маърузаларини эшитиш, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг фикр билдириши шаклида амалга оширилади.
Айрим ҳолларда муҳокама этилаётган масаланинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, сессия мазкур масаланинг мазмунига доир қисқача ахборотни эшитиб ёки доимий комиссиялар раислари ёхуд депутатларнинг тушунтиришлари билан чекланиб, уни муҳокама этмасдан қарор қабул қилиши мумкин.
24-модда. Сессияда раислик қилувчи томонидан маърузачилар ва қўшимча маърузачилар билан келишувга кўра, қоида тариқасида, маъруза учун — 30 дақиқагача, қўшимча маъруза учун — 20 дақиқагача ва якунловчи сўз учун 15 дақиқагача вақт белгиланади.
Музокараларда сўзга чиқувчи депутатларга 10 дақиқагача вақт берилади. Музокараларда такроран сўзга чиқиш учун, шунингдек сессия ишини олиб бориш тартиби, овоз бериш асослари, номзодлар бўйича сўзга чиқиш учун, аризалар, саволлар, таклифлар, хабарлар, маълумотлар учун 3 дақиқагача вақт берилади.
Сессияда ҳозир бўлган депутатлар кўпчилигининг розилиги билан раислик қилувчи сессия кун тартибига киритилган масалани муҳокама қилишнинг умумий вақтини, саволлар ва жавоблар учун ажратиладиган вақтни белгилаб қўйиши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.
Сессияларда депутат айни бир масала бўйича музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.
Музокараларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи сўзни айтиш ҳуқуқига эга.
Агар сўзга чиқувчи ажратилган вақтдан ортиқ сўзласа ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, сессияда раислик қилувчи уни аввал огоҳлантириб, кейин сўздан маҳрум қилади.
Сессия ўтказилаётган вақтда тартибсизликлар ва турли ноқонуний чақириқлар янграганда раислик қилувчи сессияни тўхтатиши мумкин.
Маҳаллий Кенгаш сессияларида тартибни таъминлашда ички ишлар ёки миллий гвардия органлари ёрдамидан фойдаланиш мумкин.
IV боб. Сессияда қарорлар қабул қилиш ва уларни эълон қилиш тартиби
25-модда. Сессияда қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорига асосан яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин.
Электрон овоз бериш тизимлари ўрнатилган залларда очиқ ёки яширин овоз бериш электрон овоз бериш тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.
26-модда. Депутат ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.
Ҳар бир депутат бир овозга эга бўлади ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб овоз беради.
Овоз бериш вақтида ҳозир бўлмаган депутат кейинчалик овоз беришга ҳақли эмас.
Очиқ овоз бериш овозлар мутлақ кўпчиликни ташкил этган тақдирда овозларни санамасдан, агар фақат депутатлардан ҳеч бири бошқача тартибни таклиф этмаса ёки овозларни қайта санаб чиқишни талаб қилмаса, ўтказилиши мумкин.
27-модда. Сессияларда яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини ҳисоблаш учун депутатлар орасидан саноқ комиссияси сайланади.
Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
28-модда. Сессияда яширин овоз беришни бюллетенлардан фойдаланган ҳолда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, овоз бериш учун зарур ахборотга эга бўлган яширин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси назорати остида тайёрланади.
Яширин овоз бериш ўтказиладиган вақти ва жойи, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссияси томонидан белгиланади.
29-модда. Яширин овоз бериш бюллетенлар ёрдамида ўтказилганида саноқ комиссияси ҳар бир депутатга биттадан бюллетен беради.
Бюллетенни тўлдириш депутат томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бюллетендаги ўзи ёқлаб овоз бераётган номзод фамилиясининг қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш катакка «+» ёки «✓» ёхуд «х» қўйиш, қарор лойиҳасига оид бюллетенда эса, агар у тегишли қарорни ёқлаб овоз бераётган бўлса, «қаршиман» деган сўзни ўчириш, таклиф этилаётган қарорга (қарор вариантига) қарши овоз бераётган бўлса, «ёқлайман» деган сўзни ўчириш орқали амалга оширилади.
Белгиланмаган шаклдаги бюллетенлар, шунингдек депутатларнинг хоҳиш-иродасини аниқлашга имкон бермаган бюллетенлар депутатларнинг овозларини ҳисоблаб чиқиш вақтида ҳақиқий эмас деб топилади. Бюллетенга киритилган қўшимчалар овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида эътиборга олинмайди.
30-модда. Агар сессияда электрон овоз бериш тизими ёрдамида яширин овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, саноқ комиссияси овоз бериш бошланишидан олдин электрон тизимнинг созлигини текшириши ҳамда яширин овоз бериш учун депутатлар умумий сони бўйича карточкаларнинг тўлиқ комплектини рўйхатга олиши керак.
31-модда. Очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисида саноқ комиссияси баённома тузади, у комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.
Саноқ комиссиясининг маърузасига асосан маҳаллий Кенгаш яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида очиқ овоз бериш йўли билан қарор қабул қилади.
32-модда. Маҳаллий Кенгаш қарорлари, бундан норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлмаган ҳужжатлар мустасно, агар шу ҳужжатнинг ўзида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Маҳаллий Кенгашнинг норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Маҳаллий Кенгашнинг Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Маҳаллий Кенгаш томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлар вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
Маҳаллий Кенгаш қарорлари унинг доимий комиссияларига, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмаларига, тегишли давлат органларига, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларга, нодавлат нотижорат ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ва қуйи турувчи ҳокимликларга тарқатилади.
Сессияда қабул қилинган қарорлар, қоида тариқасида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, маҳаллий Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади (ёпиқ қарорлар бундан мустасно).
V боб. Маҳаллий Кенгаш раисини сайлаш ва лавозимидан озод қилиш тартиби
33-модда. Маҳаллий Кенгашнинг биринчи сессияси маҳаллий Кенгаш раисини сайлашдан бошланади.
Маҳаллий Кенгаш раисини сайлаш учун депутатлар орасидан маҳаллий Кенгашга сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партия депутатларидан иборат сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи тузилади.
Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳига ҳар бир партиядан бир нафардан вакил киритилади.
Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳининг таркиби тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
34-модда. Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳининг мажлисида маҳаллий Кенгашга сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиянинг вакили раислик қилади.
Маҳаллий Кенгаш раислигига номзодлар депутатлар орасидан сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи тавсияси асосида шакллантирилади.
35-модда. Маҳаллий Кенгаш раиси лавозимига номзодга депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун 25 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 15 дақиқагача вақт ажратилади.
36-модда. Айни бир шахс бир вақтнинг ўзида бошқа вилоят, туман, шаҳар маҳаллий Кенгашининг раислигига сайланиши мумкин эмас.
Маҳаллий Кенгаш раислигига номзодлар, агар улар овоз бериш натижасида Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган бўлса, сайланган ҳисобланади.
Маҳаллий Кенгаш раиси сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади, уни маҳаллий Кенгаш сессиясида раислик қилувчи имзолайди.
37-модда. Агар овоз бериш вақтида маҳаллий Кенгаш раислиги учун тақдим этилган номзодлар депутатлар умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи бир ой ичида яна икки маротаба депутатлар орасидан номзод тақдим этиш ҳуқуқига эга.
38-модда. Маҳаллий Кенгаш раиси овоз бериш орқали маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган маҳаллий Кенгаш қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.
Маҳаллий Кенгаш раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳининг таклифига биноан маҳаллий Кенгаш томонидан кўриб чиқилади.
Маҳаллий Кенгаш раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда сессияда маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари раисларидан бири раислик қилади.
Маҳаллий Кенгаш раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарор маҳаллий Кенгаш сессиясида раислик қилувчи томонидан имзоланади.
VI боб. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимини лавозимга тасдиқлаш тартиби
39-модда. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимининг номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
40-модда. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимининг номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан уч кун ичида кўриб чиқади.
41-модда. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими лавозимига номзод халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этади.
Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими лавозимига номзодга депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун 30 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади.
42-модда. Халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими номзодини тасдиқлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.
43-модда. Халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимининг номзоди тасдиқланган ҳисобланади.
44-модда. Агар овоз бериш вақтида вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимининг номзодлари депутатлар умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.
45-модда. Халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгаши тақдим этилган вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимининг номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.
VII боб. Туман (шаҳар) ҳокимини — маҳаллий Кенгаш раҳбарини тасдиқлаш тартиби
46-модда. Туман (шаҳар) ҳокими — маҳаллий Кенгаш раҳбарининг номзоди вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
47-модда. Туман (шаҳар) ҳокими — маҳаллий Кенгаш раҳбарининг номзодларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан, қоида тариқасида, уч кун ичида кўриб чиқилади.
48-модда. Туман (шаҳар) ҳокими — маҳаллий Кенгаш раҳбари лавозимига номзод халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этади.
Туман (шаҳар) ҳокими — маҳаллий Кенгаш раҳбари лавозимига номзодга депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 10 дақиқагача вақт ажратилади.
49-модда. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг туман (шаҳар) ҳокими — маҳаллий Кенгаши раҳбарининг номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимига юборилади.
50-модда. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган туман (шаҳар) ҳокими — маҳаллий Кенгаш раҳбарининг номзоди тасдиқланган ҳисобланади.
VIII боб. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоларини сайлаш тартиби
51-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари (бундан буён матнда Сенат аъзолари деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлисларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда — тўрт кишидан мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
52-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин уч кунлик муддатда Сенат аъзоларини сайлаш учун депутатларнинг қўшма мажлислари (бундан буён матнда қўшма мажлис деб юритилади) ўтказилишини эълон қилади.
Марказий сайлов комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшма мажлисларни ўтказиш вақти, санаси ва жойи кўрсатилган қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
53-модда. Қўшма мажлис очилиши олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари рўйхатдан ўтказилади.
Агар қўшма мажлисда, депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.
54-модда. Қўшма мажлисни Марказий сайлов комиссиясининг вакили очади. У мажлисда раислик қилувчининг номзоди бўйича таклиф киритади, бу номзод энг обрўли, катта тажрибага эга, ёши улуғ депутатлар орасидан танлаб олинади.
Қўшма мажлис иштирокчилари мажлиснинг кун тартибини ва регламентини тасдиқлайдилар.
Қўшма мажлис кун тартибига Сенат аъзоларини сайлаш тўғрисидаги масала киритилади.
55-модда. Қўшма мажлис ишини олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан уч кишидан беш кишигача бўлган ишчи ҳайъат тузилади. Турли маҳаллий Кенгашлар депутатлари орасидан ҳайъат аъзолигига номзодлар раислик қилувчи томонидан таклиф этилади.
56-модда. Келиб тушган таклифларни ҳисобга олиш ва қўшма мажлис томонидан қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат котибият тузилади.
57-модда. Қўшма мажлисда раислик қилувчи тақдимига мувофиқ очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича Маслаҳат кенгаши (бундан буён матнда Маслаҳат кенгаши деб юритилади) сайланади.
Маслаҳат кенгаши депутатлик фаолиятида катта тажрибага эга бўлган энг обрўли, ёши улуғ депутатлардан, қоида тариқасида, ҳар бир маҳаллий Кенгашдан бир нафар вакилдан сайланади.
58-модда. Маслаҳат кенгаши энг обрўли, ўз сайловчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган, давлат ва жамият фаолиятининг турли соҳаларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган депутатлар орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўриб чиқади.
Яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун Сенат аъзолигига тўрт нафар номзод бўйича Маслаҳат кенгашининг таклифи Маслаҳат кенгаши раиси томонидан ўқиб эшиттирилади. Яширин овоз бериш бюллетенига тўрт нафар Сенат аъзолигига номзод киритилади.
59-модда. Сайлов кунига қадар йигирма беш ёшга тўлган ва камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутати Сенат аъзолигига номзод бўлиши мумкин.
60-модда. Қўшма мажлисда Сенат аъзолигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокама ўтказилади.
Қўшма мажлисда иштирок этаётган ҳар бир депутат Сенат аъзолигига номзодга саволлар бериш, номзод хусусида ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга.
Сенат аъзолигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокамадан кейин уни яширин овоз бериш бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Таклиф этилган у ёки бу номзодлар рад этилган тақдирда, муҳокама этиш ва яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун бошқа номзодни фақат Маслаҳат кенгаши кўрсатиши мумкин.
Сенат аъзолигига номзодларни муҳокама қилиш қўшма мажлис қарорига биноан тугалланади.
Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатларнинг кўпчилик овозини олган Сенат аъзолигига номзод яширин овоз бериш бюллетенига киритилган ҳисобланади.
61-модда. Яширин овоз бериш учун бюллетеннинг намунаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.
Яширин овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтириш берилган бўлиши лозим. Бюллетеннинг олд томонида ўнг юқори бурчакда муҳр ва камида икки нафар саноқ комиссияси аъзосининг имзоси бўлиши керак.
62-модда. Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун қўшма мажлисда иштирок этаётган депутатлар орасидан тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан, комиссия раиси ва котибидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.
Саноқ комиссиясининг таркибига Сенат аъзолигига номзод сайланиши мумкин эмас.
Саноқ комиссияси:
Сенат аъзолигига сайлов бўйича овоз беришни ташкил этади ва ўтказади;
қўшма мажлис иштирокчиларига яширин овоз беришни ўтказиш вақти, жойи ва тартибини эълон қилади;
сайлов бюллетенларини уларга Сенат аъзолигига ҳар бир номзоднинг туғилган йилини кўрсатган ҳолда, фамилияси, исми ва отасининг исмини алифбо тартибида киритиш орқали тайёрлайди;
овоз берувчиларнинг рўйхатини аниқлаштиради, уларга сайлов бюллетенларини топширади;
сайлов бюллетенининг юз томонига муҳр қўяди ва унда Саноқ комиссиясининг камида икки нафар аъзосининг имзоси қўйилган бўлишини таъминлайди;
овозларни санаб чиқади ва яширин овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади;
яширин овоз бериш натижаларини қўшма мажлисга тасдиқлаш учун киритади.
63-модда. Яширин овоз бериш бошланишидан олдин саноқ комиссияси раиси яширин овоз беришни ўтказиш тартибини эълон қилади, саноқ комиссияси аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини текширади ва муҳрлайди.
Сайлов қутиси унинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасидан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.
Қўшма мажлисда иштирок этаётган депутат саноқ комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчилар рўйхатига имзо чекади, шундан кейин унга яширин овоз бериш бюллетени берилади.
Яширин овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилиялари қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш катакка «+» ёки «✓» ёхуд «х» қўйиш йўли билан тўлдирилади.
Овоз берувчи тўлдирилган яширин овоз бериш бюллетенини кўринарли жойда туриши лозим бўлган сайлов қутисига ташлайди.
Бузиб қўйилган яширин овоз бериш бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.
Яширин овоз бериш жараёни тугаллангандан кейин фойдаланилмаган, шунингдек бузиб қўйилган яширин овоз бериш бюллетенлари уларга махсус штамп қўйиш йўли билан бекор қилинади, шундан сўнг улар муҳрланади ва алоҳида сақланади.
64-модда. Овозларни санаб чиқиш саноқ комиссияси аъзолари томонидан яширин овоз бериш натижалари аниқлангунга қадар танаффуссиз амалга оширилади.
Сайлов қутисидаги яширин овоз бериш бюллетенларига асосан саноқ комиссияси овоз беришда иштирок этган депутатларнинг умумий сонини, Сенат аъзолигига ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини, ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлайди.
Овоз берувчилар томонидан сайлов бюллетенига қўшимча ёзиб қўйилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.
Белгиланмаган намунадаги яширин овоз бериш бюллетенлари, овоз бериш вақтида битта ҳам катакка «+» ёки «✓» ёхуд «х» қўйилмаган бюллетенлар, шунингдек олд томонида муҳр ва саноқ комиссияси аъзоларининг имзолари бўлмаган бюллетенлар ҳақиқий эмас, деб топилади.
Овоз бериш натижаларига кўра овоз беришда қатнашган депутатлар овозининг эллик фоизидан ортиғини олган Сенат аъзолигига номзодлар сайланган, деб ҳисобланади.
Яширин овоз бериш натижалари бўйича баённома тузилиб, у саноқ комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади. Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга ҳеч қандай тузатишлар киритилишига йўл қўйилмайди.
Саноқ комиссияси раисининг маърузаси бўйича қўшма мажлисда яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, у қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомасида акс эттирилади.
Қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомаси икки нусхада тузилиб, раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга бирорта тузатиш киритилишига йўл қўйилмайди.
Агар овоз беришда яширин овоз бериш бюллетенига киритилган номзодлардан кимдир сайланмаган бўлса, бўш қолган ўринларга Сенат аъзоларини қўшимча сайлаш учун янги сайлов тайинланади.
Сенат аъзоларини қўшимча сайлаш бўйича қўшма мажлис асосий сайлов ўтказилганидан сўнг икки кун ичида ўтказилади. Қўшма мажлиснинг ўтказилиш вақти, санаси ва жойи қўшма мажлис қарори билан белгиланади.
65-модда. Сайланган Сенат аъзоларини рўйхатдан ўтказиш учун қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомаси икки кунлик муддатдан кечиктирмай Марказий сайлов комиссиясига топширилади.
Қўшма мажлиснинг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомасининг иккинчи нусхаси ва Сенат аъзолари сайловини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари архивларида сақланади.
IX боб. Ҳокимнинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини маҳаллий Кенгаш томонидан эшитиш тартиби
66-модда. Ҳоким ҳар йили маҳаллий Кенгашга ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади.
Ҳокимнинг ҳисоботи маҳаллий Кенгашнинг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ҳамда жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган сессиясида эшитилади.
Мазкур сессия вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда ва Тошкент шаҳрида тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.
67-модда. Ҳокимлик аппаратининг тегишли таркибий бўлинмаси ҳокимнинг ҳисоботига доир материалларни ҳоким ҳисоботини эшитишга ўн кун қолгунга қадар маҳаллий Кенгаш котибиятига тақдим этади.
68-модда. Ҳисоботда ҳоким ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан:
ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишини, унинг тармоқлари ривожланишини таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш;
қонун ҳужжатларини, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни бажариш;
ижтимоий соҳани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш сифатини яхшилаш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожланишига оид бошқа масалаларни ҳал қилиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
69-модда. Ҳоким ҳисоботи бўйича маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси юзасидан нуқтаи назарни шакллантириш ва таклифлар олиш мақсадида ҳокимнинг ҳисоботига доир материаллар олинган куни маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан тегишли доимий комиссияларга, маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳларининг вакилларига ва депутатларга юборилади.
70-модда. Ҳоким ҳисоботини эшитиш тўғрисидаги масалани тайёрлаш ва сессия муҳокамасига киритиш тегишли доимий комиссия томонидан амалга оширилади. Зарурат бўлганда ушбу доимий комиссия ҳоким ҳисоботини эшитиш тўғрисидаги масалани атрофлича тайёрлаш учун бошқа доимий комиссияларни ҳам жалб этиши мумкин.
71-модда. Ҳоким ҳисоботи бўйича материалларни умумлаштириш учун тегишли доимий комиссия томонидан соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин.
Ҳоким ҳисоботига доир материалларни умумлаштириш натижалари бўйича тегишли доимий комиссия томонидан маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда доимий комиссия хулосаси ва маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳаси тайёрланади.
72-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини эшитишда маҳаллий Кенгаш раиси ёки депутатлардан бири сессияга раислик қилади.
73-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини эшитиш учун камида 30 дақиқа вақт берилади.
Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича масъул доимий комиссия хулосасининг мазмунини ва маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг асосий қоидаларини баён этиш мақсадида доимий комиссия раисига 15 дақиқагача вақт берилади.
Партия гуруҳлари вакилларига ва депутатларга маърузачига савол бериши учун 3 дақиқагача, ҳисобот бўйича музокаралар учун 10 дақиқагача вақт берилади.
74-модда. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимининг ҳисоботини эшитишга ушбу вилоят (Тошкент шаҳри)дан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоят (Тошкент шаҳар) ижро ҳокимияти органлари таркибий бўлинмалари раҳбарлари таклиф этилади.
Туман (шаҳар) ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли сайлов округларидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, давлат бошқаруви органларининг вакиллари, вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокими ёки унинг ўринбосарлари, туман (шаҳар) ижро ҳокимияти органлари таркибий бўлинмалари раҳбарлари таклиф этилади.
Ҳокимнинг ҳисоботини эшитишга ҳудудда жойлашган бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона, ташкилот ва муассасалар, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.
75-модда. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Туман (шаҳар) ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг мажлисларида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
76-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича, шунингдек доимий комиссия хулосаси ва партия гуруҳлари фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда маҳаллий Кенгашнинг қарори қабул қилинади. Қарорда ҳоким ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади.
77-модда. Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш масъул доимий комиссия зиммасига юклатилади.
78-модда. Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича маҳаллий Кенгаш қарори ва ҳокимнинг ҳисоботи маҳаллий давлат ҳокимияти органининг расмий нашрларида ҳамда веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.
79-модда. Масъул доимий комиссия ҳокимнинг ҳисоботи бўйича маҳаллий Кенгаш қарори ижро этилишини мониторинг қилади ва қарорда белгиланган муддатларда маҳаллий Кенгашни хабардор қилади.
X боб. Маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини маҳаллий Кенгаш томонидан эшитиш тартиби
80-модда. Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунига ва бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига кўра маҳаллий Кенгаш маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиб боради.
81-модда. Маҳаллий давлат бошқаруви органи томонидан ҳисобот (ахборот)га доир материаллар маҳаллий Кенгашнинг тегишли доимий комиссиясига имзоланган ҳамда электрон шаклда тақдим этилади.
82-модда. Тегишли доимий комиссия ҳисобот (ахборот)ни ўз мажлисида маҳаллий давлат бошқаруви органи раҳбари иштирокида муҳокама қилади ҳамда доимий комиссиянинг хулосаси ва маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасини тайёрлайди.
83-модда. Ҳисобот (ахборот)ни эшитиш тўғрисидаги масалани тайёрлаш ва сессия муҳокамасига киритиш тегишли доимий комиссия томонидан амалга оширилади.
84-модда. Ҳисобот (ахборот) бўйича материалларни пухта тайёрлаш мақсадида тегишли доимий комиссия томонидан соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин.
85-модда. Сессияда маҳаллий давлат бошқаруви органи раҳбарининг ҳисоботи (ахбороти)ни эшитиш учун маърузачи билан келишилган ҳолда 20 дақиқагача вақт берилади.
Ҳисобот (ахборот) бўйича масъул доимий комиссия хулосасининг мазмунини ва маҳаллий Кенгаш қарори лойиҳасининг асосий қоидаларини баён этиш мақсадида доимий комиссия раисига 10 дақиқагача вақт берилади.
Депутатларга маърузачига савол бериши учун 3 дақиқагача, ҳисобот бўйича музокаралар учун 5 дақиқагача вақт берилади.
86-модда. Ҳисобот (ахборот) бўйича маҳаллий Кенгаш қарори ва ҳисобот (ахборот) маҳаллий давлат ҳокимияти органининг расмий нашрларида ҳамда веб-сайтларида эълон қилиниши мумкин.
87-модда. Маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитишнинг намунавий тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши қарори билан тасдиқланади.
XI боб. Сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни танлаб олиш ва тақдим этиш
88-модда. Йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитаси, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг тегишли доимий комиссияси ўзининг мажлисида Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни дастлабки тарзда танлаб олади ва тақдим этади, материалларни кўриб чиқади ва улар бўйича хулосалар тайёрлайди, маъқуллаш ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тақдим этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.
Марказий сайлов комиссияси таркибига кириш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида қарор қабул қилинган номзодлар алифбо тартибида овоз бериш учун рўйхатга киритилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг сессиясида муҳокама ўтказилади ва муҳокамада депутатлар Марказий сайлов комиссияси аъзолигига кўрсатилган номзодга саволлар беришга ҳақли.
Муҳокама натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг номзодни Марказий сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ҳамда кўриб чиқиш учун Олий Мажлис палаталарига юборилади.
Қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
89-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов бўйича округ сайлов комиссияларига номзодлар йигирма бир ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасидан танлаб олинади ва тақдим этилади.
Округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитасининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг тегишли доимий комиссиясининг мажлисида дастлабки тарзда муҳокама этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тегишли қўмитасининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгаши тегишли доимий комиссиясининг мажлисида қўмита (комиссия) раисининг ташаббуси билан округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитаси, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгаши тегишли доимий комиссияси материалларни кўриб чиқади, номзодлар бўйича хулосаларни ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тайёрлайди. Дастлабки тарздаги муҳокама натижаларига кўра, ушбу масалани маъқуллаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш тўғрисидаги тегишли қўмита (доимий комиссия)нинг қарори қабул қилинади.
Округ сайлов комиссияси таркибига кириш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида қарор қабул қилинган номзодлар алифбо тартибида овоз бериш учун рўйхатга киритилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг сессиясида муҳокама ўтказилади ва муҳокамада депутатлар округ сайлов комиссияси аъзолигига кўрсатилган номзодларга савол беришга ҳақли.
Муҳокама натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашининг номзодни округ сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ҳамда тасдиқлаш учун Марказий сайлов комиссиясига юборилади.
Қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
90-модда. Халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашларига сайловлар бўйича вилоят (Тошкент шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролари орасидан танлаб олинади ҳамда тақдим этилади.
Вилоят (Тошкент шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг тегишли доимий комиссиянинг мажлисида дастлабки тарзда муҳокама этилади.
Доимий комиссия мажлисида комиссия раисининг ташаббусига кўра вилоят (Тошкент шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар иштирок этишлари мумкин.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг тегишли доимий комиссияси материалларни кўриб чиқади, номзодлар бўйича хулосалар ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг номзодларни вилоят (Тошкент шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини тайёрлайди. Дастлабки тарздаги муҳокама натижалари бўйича ушбу масалани маъқуллаш ва халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши навбатдаги сессиясининг кун тартибига киритиш тўғрисидаги доимий комиссиянинг қарори қабул қилинади.
Вилоят (Тошкент шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари таркибига кириш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида қарор қабул қилинган номзодлар алифбо тартибида овоз бериш учун рўйхатга киритилади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг сессиясида муҳокама ўтказилади ва муҳокамада депутатлар вилоят (Тошкент шаҳар) ва округ сайлов комиссиялари аъзолигига кўрсатилган номзодларга саволлар беришга ҳақли.
Муҳокама натижалари бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг номзодни вилоят (Тошкент шаҳар) сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади ҳамда тасдиқлаш учун халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашига юборилади.
Муҳокама натижалари бўйича қабул қилинган халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг номзодни округ сайлов комиссиялари аъзолигига тавсия этиш тўғрисидаги қарори эса, тасдиқлаш учун халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашига ўтказиладиган сайловлар бўйича вилоят (Тошкент шаҳар) комиссиясига юборилади.
Қарорлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
91-модда. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига сайловлар бўйича туман (шаҳар) сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролари орасидан танлаб олинади ҳамда тақдим этилади.
Туман (шаҳар) сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан танланади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўриб чиқиш натижалари бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига тақдим этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг тегишли доимий комиссияси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг туман (шаҳар) сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги қарорини дастлабки тарзда кўриб чиқиб, уни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритишни тавсия этади.
Тегишли доимий комиссия раисининг ахбороти бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига сайловлар бўйича сайлов комиссияси аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
XII боб. Доимий ва муваққат комиссиялар
92-модда. Маҳаллий Кенгаш сессияси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, маҳаллий Кенгаш қарорларини ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш, ваколатлари доирасида назорат ўрнатиш мақсадида маҳаллий Кенгаш ўз ваколати муддатига доимий комиссиялар тузади.
Маҳаллий Кенгашда муваққат комиссиялар ҳам тузилиши мумкин.
Доимий комиссиялар тўғрисидаги низом маҳаллий Кенгаш томонидан тасдиқланади.
Доимий ва муваққат комиссиялар раислигига ҳамда аъзолигига номзодлар сессияга маҳаллий Кенгаш раиси томонидан тақдим этилади.
Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.
Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолари депутатлар орасидан сайланади.
Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки комиссиянинг бутун таркибни ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки комиссия бутун таркиби бўйича депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
93-модда. Доимий комиссиялар сони ва таркиби сессияда белгиланади.
Маҳаллий Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари:
ўз ташаббуси билан, маҳаллий Кенгаш ёки маҳаллий Кенгаш раиси топшириғига биноан Кенгаш қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқади;
фаолият йўналиши доирасида ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқади ва уларни маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун тайёрлайди;
маҳаллий Кенгаш қарорларининг лойиҳалари юзасидан хулосалар беради;
вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетлари лойиҳаси юзасидан хулосалар ва таклифлар беради;
ўз йўналишидан келиб чиқиб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳолатини ўрганади;
ишчи гуруҳлар тузади, уларнинг таркибига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни жалб этади;
тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотларидан, мансабдор шахслардан маълумотлар ва эксперт хулосалари ҳамда бошқа маълумотларни талаб қилиб олади;
тегишли ҳудуддаги давлат органлари томонидан қонун ҳужжатлари ва маҳаллий Кенгаш қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиққан ҳолда ўрганади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича тарғибот тадбирларини амалга оширади.
Доимий ва муваққат комиссиялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши ва илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши, доимий комиссиялар таркибига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Доимий комиссиялар фаолияти маҳаллий Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган низом билан тартибга солинади.
94-модда. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида раис ўринбосарлари ва котибларини сайлайди.
Депутат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланади. Фақат Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари бошқа доимий комиссия аъзолари бўлиши мумкин.
Доимий комиссия таркибига кирмаган депутат унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.
Маҳаллий Кенгаш раиси ҳамда маҳаллий Кенгаш котибияти мудири доимий комиссиялар таркибига сайланиши мумкин эмас.
Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш олдида масъул ва унга ҳисобдордир.
95-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини маҳаллий Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширади.
Доимий комиссиянинг ташаббуси билан доимий комиссиянинг иш режасига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Доимий комиссиянинг иш режасидаги ўзгартиришлар навбатдаги сессияда тасдиқланади.
96-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини мажлис шаклида амалга оширади.
Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.
Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.
97-модда. Маҳаллий Кенгаш аниқ вазифаларни бажариш учун депутатлар орасидан муваққат комиссия тузиши мумкин.
Муваққат комиссия тузиш тўғрисидаги қарор сессияда қабул қилинади.
Муваққат комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни бажарганидан сўнг ўз фаолиятини тугатади.
Муваққат комиссиянинг вазифалари маҳаллий Кенгаш қарори билан белгиланади.
98-модда. Доимий ва муваққат комиссияларнинг ҳудуддаги давлат органлари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларга юбориладиган қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлади ва улар томонидан кўриб чиқилиб, кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёки кўрилган чора-тадбирлар ҳақида бир ойлик муддатда хабар қилиниши шарт.
XIII боб. Депутатлик фаолиятини амалга ошириш шакллари
99-модда. Ҳар бир депутат сессия, доимий ва муваққат комиссиялар ишида ташаббускорлик ва фаоллик билан қатнашиши лозим. Депутат ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.
100-модда. Партия гуруҳлари сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатларнинг таъсис йиғилишларида ўз партияларининг сиёсатини уюшган ҳолда ўтказиш учун камида уч нафар депутат бирлашган тақдирда тузилади. Партия гуруҳлари партия гуруҳи раҳбарининг тегишли аризаси ва таъсис ҳужжатларига асосан маҳаллий Кенгаш томонидан рўйхатга олинади.
Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сессия кун тартибини шакллантиришда иштирок этиш;
сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда партия гуруҳи вакилига кафолатланган тарзда сўз бериш;
маҳаллий Кенгаш раисига, ҳоким, унинг ўринбосарларига, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари бошлиқларига, шунингдек ҳудудда жойлашган корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарларига сўровлар билан мурожаат этиш;
доимий ва муваққат комиссиялар раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;
сессияда муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини депутатлар орасида тарқатиш;
туман (шаҳар) ҳокимининг, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимига хулоса тақдим этиш;
халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашидаги партия гуруҳлари маҳаллий Кенгаш раиси лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси билан чиқиш;
депутатлар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.
Партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизматлар кўрсатиш маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан таъминланади.
101-модда. Депутат сессияда кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.
Депутат:
доимий ҳамда муваққат комиссияларга сайлаш ва сайланишга;
сессияда кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;
сессия муҳокамасига киритилаётган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва улар юзасидан таклифлар киритишга, сессия кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва моҳияти юзасидан таклифлар ва мулоҳазалар киритишга;
маҳаллий Кенгаш томонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;
музокараларда иштирок этишга, маърузачи, қўшимча маърузачи ва сессияда раислик қилувчига саволлар беришга;
депутат сўрови билан мурожаат этишга;
ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан маълумот беришга;
сессияда раислик қилувчига сессияда муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазасининг матнини топширишга;
таркибига ўзи кирган маҳаллий Кенгаш органининг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини сессияда баён қилишга ёки бу ҳақда маҳаллий Кенгаш раисига ёзма шаклда маълум қилишга;
маҳаллий Кенгашга ҳисобдор бўлган ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини сессияларда эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;
Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижро этилиши, шунингдек маҳаллий Кенгаш қарорларининг бажарилиши юзасидан текширишлар ўтказиш тўғрисидаги масалалар бўйича таклиф киритишга;
сессия баённомаси (стенограммаси) билан белгиланган тартибда танишишга ҳақли.
Депутат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
102-модда. Депутат:
сессия самарали ишлашига кўмаклашиши, сессия вақтини тежаши;
маҳаллий Кенгаш регламентига риоя қилиши ва сессияда раислик қилувчининг талабларини бажариши;
сессияда фақат раислик қилувчининг рухсати билангина сўзга чиқиши;
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши;
сессияда иштирок этиши ва унинг ишида фаол қатнашиши;
ўзи таркибига сайланган доимий ёки муваққат комиссия мажлисларида иштирок этиши;
маҳаллий Кенгаш регламентида белгиланган тартибда овоз беришда шахсан иштирок этиши шарт.
Депутат сессияда, ўзи таркибига кирган доимий ёки муваққат комиссия мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда маҳаллий Кенгаш раисига, маҳаллий Кенгаш котибияти мудирига, сессияда раислик қилувчига ёхуд доимий ёки муваққат комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.
103-модда. Депутат ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига, агар унда бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса, мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб юборишлари шарт.
Судларнинг раислари, прокурорлар, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги аниқ ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.
Депутат сўровлари бўйича ахборот сессияда ёки доимий ёхуд муваққат комиссиялар мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.
104-модда. Депутат Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Депутатнинг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг одоб-ахлоқ қоидалари бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала маҳаллий Кенгаш томонидан ёхуд унинг топшириғига кўра Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича доимий комиссия томонидан кўриб чиқилиши мумкин.
105-модда. Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан маҳаллий Кенгаш томонидан белгиланган тартибда ҳал этилади.
Маҳаллий Кенгаш томонидан депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид масалани кўриб чиқишнинг намунавий тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Сенатор этиб сайланган депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.
XIV боб. Маҳаллий Кенгаш ва депутатлар фаолиятига хизмат кўрсатишни таъминлаш
106-модда. Маҳаллий Кенгаш, доимий комиссиялар ва депутатлар фаолиятига ташкилий, ахборот-таҳлилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан таъминланади.
107-модда. Маҳаллий Кенгаш котибияти ўз фаолиятини маҳаллий Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган низом асосида олиб боради.
108-модда. Маҳаллий ҳокимлик депутатлик фаолиятини олиб боришлари учун депутатларга, шунингдек маҳаллий Кенгаш котибиятига хоналар, техник воситалар, алоқа воситалари ажратади, маълумотлар базаларидан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиб беради.
109-модда. Маҳаллий Кенгаш котибияти тўғрисидаги намунавий низом ва маҳаллий Кенгаш котибияти намунавий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши қарори билан тасдиқланади.
XV боб. Якунловчи қоидалар
110-модда. Маҳаллий Кенгаш регламенти, унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар маҳаллий Кенгаш қарори билан тасдиқланади.
Маҳаллий Кенгаш регламентига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар доимий комиссиялар, партия гуруҳлари, депутатлар томонидан киритилиши мумкин.
Маҳаллий Кенгаш регламентига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала сессия кун тартиби лойиҳасига киритилади ҳамда биринчи навбатда кўриб чиқилади.
111-модда. Маҳаллий Кенгаш регламентида назарда тутилмаган маҳаллий Кенгаш фаолиятига доир масалаларни сессияда кўриб чиқиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қарор сессияда депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома билан расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.