Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 22 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3561]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда республиканинг бюджет муассасалари ва ташкилотларида иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида»ги 1995 йил 16 августдаги ПФ-1213-сон Фармонига мувофиқ буюраман:
1. Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 19 сентябрь,
176-сон
Келишилди:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. МУСАЕВ
2024 йил 13 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 19 сентябрдаги 176-сон буйруғига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси (бундан буён матнда Моддий рағбатлантириш махсус фонди деб юритилади) ҳисобидан бюджет ташкилотларининг ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.
1-боб. Бюджет ташкилотларида моддий рағбатлантириш махсус фондини ташкил этиш
1. Моддий рағбатлантириш махсус фонди республикадаги бюджет ташкилотларида (тиббиёт муассасалари, барча турдаги умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларидан ташқари) меҳнат ҳақи фондининг 15 фоизи миқдорида ташкил этилади.
«Мурувват» интернат уйлари ва Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийлари, ногиронлар реабилитация марказлари ва уйда ижтимоий ёрдам кўрсатиш хизмати ходимларининг Моддий рағбатлантириш махсус фонди миқдори меҳнат ҳақи фондининг 25 фоизи миқдорида ташкил этилади.
Мазкур банддаги Моддий рағбатлантириш махсус фонди бўйича белгиланган фоиз миқдорлари алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган бюджет ташкилотлари учун татбиқ этилмайди.
2. Меҳнат ҳақи фондига базавий тариф ставкаси, лавозим маоши, меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти, алоҳида меҳнат шароитлари учун тўлов, узоқ йил хизмат қилгани учун тўлов, махсус унвонлар учун тўланадиган устама, туман коэффициентлари учун тўланадиган устама, бюджетдан ажратиладиган икки ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги мукофот, бир ойлик меҳнат ҳақи фонди миқдоридаги моддий ёрдам, шунингдек ижтимоий солиқ ҳисобланадиган бошқа тўловлар киради.
3. Моддий рағбатлантириш махсус фонди бюджет маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.
Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари, муассасанинг харажатлар сметасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари иқтисодий таснифининг 41 11 100 «Асосий иш ҳақи» моддасига (тоифа, модда, кичик модда ва элемент) киритиш билан штатлар жадвалининг «Ходимларнинг моддий рағбатлантириш махсус фонди» алоҳида сатрида ажратиб кўрсатилган ҳолда назарда тутилади.
4. Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағларига қонунчиликда белгиланган тартибда ва ўрнатилган ставкаларда ижтимоий солиқ ҳисобланади. Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағларидан амалга оширилган тўловларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобланади, шунингдек қонунчиликка мувофиқ тегишли ушланмалар ушлаб қолинади.
2-боб. Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағларидан фойдаланиш
5. Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақига устамалар белгилаш ва ходимларни мукофотлашга йўналтирилади ҳамда режалаштирилган маблағлар доирасида сарфланади.
Бюджет ташкилотларида штат бирликлари тўлдирилмаганлиги ҳисобига шаклланган моддий рағбатлантириш махсус фондининг маблағлари бўшаб қолган маблағлар ҳисобланмайди.
Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари ҳисобидан устамалар белгилаш ёки мукофотлаш бюджет ташкилотлари ходимларининг тариф ставкаси ёки лавозим маошига (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) нисбатан амалга оширилади.
6. Бюджет ташкилотларида хизмат вазифаларини ташаббускорлик ва виждонан бажарган юқори малакали ходимларни рағбатлантириш мақсадида, қонунчиликда белгиланган тартибда ишда эришган ютуқлари учун тариф ставкаси ёки лавозим маошининг (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда) 50 фоизидан ошмаган миқдорларда шахсий устамалар белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотларининг бошқарув ходимлари учун ушбу устамаларнинг энг юқори миқдорлари чегараланмайди.
Мазкур устамалар раҳбарга юқори турувчи ташкилот томонидан, бошқа ходимларга муассаса ёки ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.
Бюджет ташкилотининг марказий аппарат ходимларига устамалар ушбу органнинг раҳбари томонидан белгиланади. Бюджет ташкилотлари раҳбарини устамаси юқори турувчи орган рухсати билан белгиланади.
Иш сифати ёмонлашганда, топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганда, меҳнат ва ижро интизоми бузилганда, устамалар бекор қилинади ёки камайтирилади.
7. Ходимларга мукофотлар тўлаш ҳисобот даври якуни бўйича ҳамда юбилей ва байрамларда амалга оширилади. Мукофотларнинг миқдори ишнинг умумий натижаларига ходимнинг шахсий улушига қараб белгиланади ва мукофотнинг юқори миқдорлари чегараланмайди.
8. Моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан амалга оширилган тўловлар барча ҳолларда (таътил учун тўлов, пенсияни тайинлашда, вақтинчалик меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ва бошқалар) ўртача иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинади.
3-боб. Ҳисоб-китоб ва ҳисобдорлик
9. Моддий рағбатлантириш махсус фонди бўйича қилинган харажатлар бюджет ташкилотларининг алоҳида бухгалтерия ҳисоби регистрларида юритилади.
Бюджет ташкилотлари харажатлар сметасининг ижроси ҳақидаги ҳисоботда Моддий рағбатлантириш фонди ҳисобидан амалга оширилган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари иқтисодий таснифи бўйича асосий иш ҳақи харажатлари таркибида акс эттирилади.
10. Моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга ошириш бюджет ташкилотлари раҳбарларига юклатилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 19 сентябрдаги 176-сон буйруғига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1995 йил 8 сентябрда 98-сон билан тасдиқланган Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 177, 1995 йил 20 сентябрь).
2. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2002 йил 19 мартдаги 44-сонли «Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 177-1, 2002 йил 26 март) (Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2002 йил 6-сон).
3. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2004 йил 20 январдаги 22-сонли «Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 177-2, 2004 йил 9 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил 6-сон, 77-модда).
4. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2007 йил 30 апрелдаги 45-сонли «Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 177-3, 2007 йил 17 майдаги) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2007 йил 19-20-сон, 209-модда).
5. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2007 йил 20 декабрдаги 109-сонли «Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 177-4, 2008 йил 11 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил 1-2-сон, 9-модда)
6. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2015 йил 7 июлдаги 64-сонли «Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси тўғрисидаги низомнинг 3.2-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 177-5, 2015 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2015 йил 27 сон, 363-модда).
7. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2014 йил 22 апрелдаги 35-сонли «Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантиришнинг махсус жамғармаси тўғрисидаги низомга расмий шарҳ бериш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 6-16/1-5260/6, 2014 йил 30 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2014 йил 18-сон).
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.10.2024 й., 10/24/3561/0849-сон)