Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисида
Мамлакатимиз инвестицион жозибадорлигини ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳажмини кўпайтириш, замонавий корпоратив бошқарув механизмларини жорий этган ҳолда давлат улуши устун бўлган йирик компаниялар ва тижорат банкларининг трансформация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармасини (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилансинки:
Жамғарма акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади ва акциялари оммавий жойлаштирилгунга қадар унинг ягона акциядори Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобланади;
Жамғарманинг устав капитали корхоналар ва тижорат банкларидаги давлат акция пакетларининг бир қисми (кейинги ўринларда — инвестиция активлари)ни баҳоланган бозор қиймати бўйича ўтказиш йўли билан шакллантирилади;
Жамғарма акциядорларининг умумий йиғилиши қарори асосида Жамғармага инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси (кейинги ўринларда — Ишончли бошқарувчи)ни жалб қилишга рухсат берилади.
3. «Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ устав капиталини шакллантириш учун давлат улуши ўтказиладиган корхона ва тижорат банкларининг рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Жамғарма соф активларининг бозор қийматини ошириш;
Жамғарма акцияларини етакчи хорижий фонд биржасида жойлаштириш;
Жамғарма активларига инвестицияларни жалб қилиш ҳамда уларни хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш учун етакчи халқаро институционал инвесторларни жалб қилиш;
Жамғарма инвестиция активларида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти корпоратив бошқарув стандартларини жорий этиш, халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтиш, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) стандартларини жорий этишда иштирок этиш.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда Жамғармани ишончли бошқарувга бериш бўйича тажрибали бошқарув компаниясини жалб қилиш чораларини кўрсин ҳамда мазкур бошқарув компаниясининг асосий мажбуриятлари сифатида, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутсин:
2026 йил якунига қадар Жамғарма акцияларини Тошкент ва халқаро, шу жумладан Лондон фонд биржаларида жойлаштириш;
инвестиция активларида трансформация жараёнларини фаоллаштириш, жумладан, ҳар бир компаниянинг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган технологик тизимларни жорий этиш, бизнес, операцион ва тижорат фаолиятини яхшилаш;
Жамғармада замонавий таваккалчиликларни бошқариш тизимини жорий қилиш.
6. Белгилансинки, Жамғарманинг 2030 йилгача инвестиция активлари соф фойдасининг камида 50 фоизи тегишли йил якунларига кўра дивидендлар тўлашга йўналтирилади.
7. Эксперимент тариқасида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
а) Жамғарма устав капиталининг 100 фоизигача акциялари қийматини қимматли қоғозлар билан тўлашга рухсат этилади;
б) Ишончли бошқарувчига нисбатан қуйидагилар қўлланмайди:
ўзи бошқарадиган инвестиция активларининг ўртача йиллик қийматининг камида 5 фоизи миқдорида устав капиталига эга бўлиши бўйича талаб;
Жамғарма фаолиятига нисбатан соф активлар қийматидан келиб чиққан ҳолда қимматли қоғозларга инвестициялар ҳажмига чекловлар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрга қадар эксперимент ўтказиш натижалари бўйича таҳлилий маълумот ва тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 27 август,
ПҚ-303-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 августдаги ПҚ-303-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармаси» АЖ устав капиталини шакллантириш учун давлат улуши ўтказиладиган корхона ва тижорат банкларининг
РЎЙХАТИ
Т/р | Номланиши | Ўтказиладиган улуш, (фоизда) |
1. | «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ | 40 |
2. | «Иссиқлик электр станциялари» АЖ | 25 |
3. | «Ўзбекгидроэнерго» АЖ | 40 |
4. | «Ўзбектелеком» АЖ | 30 |
5. | «Uzbekistan airways» АЖ | 25 |
6. | «Темирйўлинфратузилма» АЖ | 40 |
7. | «Ҳудудгазтаъминот» АЖ | 40 |
8. | «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ | 25 |
9. | «Ўзбекистон МЭТ» АЖ | 40 |
10. | «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ | 40 |
11. | «Ўзбекинвест» АЖ | 40 |
12. | «Ўзсувтаъминот» АЖ | 40 |
13. | «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ | 40 |
(илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 февралдаги ПҚ-74-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.02.2026 й., 07/26/74/0175-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2024 й., 07/24/303/0657-сон; 22.09.2025 й., 07/25/289/0859-сон; 27.02.2026 й., 07/26/74/0175-сон)