Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг
Буйруғи
ШНҚ 1.03.05-21 «Тажрибавий объектларни лойиҳалаш ва қуришни ташкил этиш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 21 майда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 252]
Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига мувофиқ буюраман:
1. ШНҚ 1.03.05-21 «Тажрибавий объектларни лойиҳалаш ва қуришни ташкил этиш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг 1996 йил 13 августдаги 65-сон буйруғи билан тасдиқланган ҚМҚ 1.03.05-97 «Тажрибавий объектларни лойиҳалаш ва қуришга доир низом» қурилиш меъёрлари ва қоидалари ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган.
4. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ЗАКИРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 18 апрель,
01/2-11-сон
Келишилди:
Раис Б. ЮСУПAЛИЕВ
2024 йил 19 март
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг президенти Б. ИБРAГИМОВ
2024 йил 18 март
Фавқулодда вазиятлар вазири A. КУЛДAШЕВ
2024 йил 1 апрель
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2024 йил 18 апрелдаги 01/2-11-сон буйруғига
ИЛОВА
ШНҚ 1.03.05-21 «Тажрибавий объектларни лойиҳалаш ва қурилишни ташкил этиш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
Ушбу шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (бундан буён матнда ШНҚ деб юритилади) тажрибавий объектларни лойиҳалаш ва қурилишни ташкил этишга оид талабларни белгилайди.
1-боб. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳаволалар
1. Ушбу ШНҚда қуйидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳаволалар қўлланилган:
ШНҚ 1.03.02-04 «Ҳудудларни ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби, ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома»;
ШНҚ 1.03.03-23 «Қурилиш объектларини лойиҳалаштириш»;
ҚМҚ 2.01.03-19 «Сейсмик ҳудудларда қурилиш».
2-боб. Атамалар ва таърифлар
2. Ушбу ШНҚда қуйидаги атамалар ва уларнинг таърифлари қўлланилган:
аҳоли пункти — ҳуқуқий мақом, ном ва чегара билан белгиланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий бирлиги (шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул);
тажрибавий объектлар — фан ва техниканинг илғор тажрибаларини ҳамда уларнинг самарадорлигини республика миқёсидаги қурилишда қўллаш учун аҳоли пунктлари, саноат ҳудудлари, бинолар ва иншоотларни (мелиорация ҳамда сув хўжалиги объектлари, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва бошқа қурилиш объектлари) яхшилаш мақсадида тажрибалар олиб бориладиган объектлар.
3-боб. Умумий қоидалар
3. Тажрибавий объектларни лойиҳалаш ва қурилишни ташкил этишда қуйидагилар инобатга олиниши керак:
қурилиш объектларининг хавфсизлиги;
қурилиш объектларининг энергия самарадорлиги, сифати ва ишончлилик даражасини ошириш;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини такомиллаштиришни таъминловчи илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг натижалари;
янги технологик, техникавий, конструкторлик ечимлар;
янги ташкилий ва иқтисодий чора-тадбирлар ҳамда усуллар;
инновацион материаллар, конструкциялар ва ускуналар;
янги шаҳарсозлик ечимлари;
ҳудудларида тарҳлаштириш ва қуришнинг усулларини;
қурилишни ташкил этиш ва ишларни амалга ошириш усулларини;
инновацион технологик ва техник ечимларни, инновацион материаллар ва конструкциялар, ускуналарнинг тажриба намуналарини, объектдан фойдаланишда текшириб кўриб синовдан ўтказишни;
апробация қилишни;
4. Мазкур ШНҚ қуйидагиларни бажаришда қўлланилиши лозим:
лойиҳалаштириш ва қурилишда самарадорлиги тўғрисидаги объектив маълумотларни бевосита ишлаб чиқариш (табиий) шароитларида текширишдан бошқача усулда олиб бўлмайдиган биринчи марта қўлланилаётган тугалланган илмий тадқиқотни;
тажрибавий-конструкторлик ишларнинг натижаларини;
аҳоли пунктлари, саноат ҳудудлари, бинолар ва иншоотларни (мелиорация ҳамда сув хўжалиги объектлари, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва бошқа қурилиш объектларини).
5. Тажрибавий объектларда қуйидагилар текшириб кўрилишига йўл қўйилади:
аҳоли пунктлари, саноат ҳудудлари, бинолар ва иншоотларнинг (мелиорация ҳамда сув хўжалиги объектлари, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва бошқа қурилиш объектларининг) янги тамойиллари;
янги ҳажмий-тарҳий ва конструктив-техник ечимлар самарадорлиги, уларни амалга оширишнинг технологиклиги, шунингдек қурилиш маҳсулоти, эксплуатация сифатларининг яхшиланганлиги;
янги илғор қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялар ва ускуналарни қўллаш самарадорлиги;
муҳандислик таъминоти тизимларининг тежамкорлиги ва самарадорлиги;
энергия тежамкор тизимлар ва ечимларнинг самарадорлиги;
қурилишни ташкил этишнинг янги усуллари ва ишлаб чиқариш технологиялари;
архитектура, шаҳарсозлик, ҳудудий режалаштириш, қурилиш, қурилиш материаллари ва конструкциялари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар, техник нормалаштиришга, янги ҳамда амалдаги нормалар, техник шартлар, услубиятлар ва стандартларни аниқлаштирувчи ёки ривожлантирувчи ёндашувлар;
мавжуд тураржой бинолари иссиқлик санациясининг самарали усуллари;
тажрибавий объектларни лойиҳалаштириш ва қуришнинг илғор хориж тажрибасини қўллаш имконияти ва самарадорлиги.
4-боб. Тажрибавий объектларни лойиҳалаштириш
6. Тажрибавий объектлар қурилишига доир лойиҳа-смета ҳужжатлари ШНҚ 1.03.03-23 ва ШНҚ 1.03.02-04 га мувофиқ ишлаб чиқилади.
7. Тажрибавий объектларга киритиладиган янги қурилиш материаллари, конструкциялари ва ускуналари олдиндан синалган бўлиши лозим.
8. Тажрибавий объектларнинг қурилишида материал, меҳнат сиғими, қурилиш муддатини қисқартириш, объект умрини узайтириш ҳамда унинг фойдаланиш ва меъморий сифатларини оширишни таъминлайдиган ечимларни инобатга олиб, лойиҳалаш лозим.
9. Тажрибавий объектлар лойиҳаларида тажрибавий қурилиш иш дастурларини шакллантириш ва уларни амалга ошириш, тажрибавий қурилиш натижалари тўғрисидаги жамлама илмий-техник ҳисоботларни тузиш бўйича услубий кўрсатмалар ишлаб чиқилиши керак.
10. Тажрибавий қурилиш иш дастурлари қуйидагилардан ташкил топиши керак:
тажрибавий қурилиш мақсади;
тажрибавий қурилиш бошланишидан аввал, зарур ҳолларда қурилиш жараёнида илмий тадқиқотларни бажариш тартиби ва ҳажми;
қурилиш жараёнини, зарур ҳолларда эксплуатация қилиш даврида ушбу объектлар ҳолати устидан олиб бориладиган кузатишлар тартиби ва ҳажми;
қурилиш ва монтаж ташкилотларига лойиҳа бўйича қурилиш жараёнида, шунингдек моддий-техник ресурслар ва меҳнат харажатлари ҳисоб-китобини ташкил этишда техник ва услубий ёрдам кўрсатиш;
объектларни қуриш ва қурилиш ишлаб чиқаришига янги ишланмалар ва технологик жараёнларни татбиқ этиш бўйича муаллифлик назоратини ўрнатиш;
тажрибавий қурилиш ишлари дастурларининг бажарилишини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар;
тажрибавий объектларни қуришда илмий-техник ютуқларни қўллаш хусусиятлари, шунингдек текширилаётган элементлар, материаллар, буюмлар, конструкциялар ва ускуналарнинг синовлари билан боғлиқ зарур ҳолларда ишлаб чиқиладиган тавсиялар.
11. Тажрибавий лойиҳалаштириш ва қурилиш объектининг инновацион қисми қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
қўлланилган инновацион ечимлар, технологиялар ва ускуналар самарадорлигини табиий шароитда баҳолаш учун эксперимент услубиятини ишлаб чиқишни ва объектни назорат-ўлчаш ускунаси билан жиҳозлашни;
қўлланилган инновацион ечимлар, технологиялар ва ускуналар самарадорлигини табиий шароитда мустақил баҳолаш (инструментал мониторинг)ни амалга оширишни;
тажриба натижаларини таҳлилий қайта ишлаш ва унинг асосида эксперимент натижаларини умумлаштирувчи ва оммавий қурилишга уларни (натижаларни) татбиқ этиш бўйича таклифларни (дастурни) ўз ичига олган техник-иқтисодий ҳисоботни тайёрлашни;
инструментал мониторинг лойиҳа инновацион қисмини.
12. Тажрибавий объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш устидан муаллифлик назоратини олиб боришда, тажрибада инновацион қисмининг мақсадлари ва мазмунига амал қилиниши лозим.
5-боб. Тажрибавий объектларни қурилишни ташкил этиш
13. Тажрибавий объектлар қурилишни ташкил этиш ШНҚ 3.01.01-22 ва ШНҚ 3.01.02-23 га асосан амалга оширилади.
14. Тажрибани амалга ошириш жараёнида мазкур ШНҚнинг 10-бандида келтирилган иш дастурига мувофиқ самарага эришиб бўлмаслиги аниқланганда тажриба синовлари давом эттирилмаслиги керак.
15. Зилзилавий ҳудудларда фойдаланиладиган тажрибавий объектларда ҚМҚ 2.01.03-19га асосан зилзилабардошли ва ҳисобий сейсмик таъсирлар инобатга олинган бўлиши лозим.
16. Бино ва иншоотларнинг сейсмик хавфсизлигини оширишга қаратилган элементларни қуриш бошланишидан аввал қуйидагилар текширилиши лозим:
алоҳида узеллар;
деталлар ва конструкциялар;
бино ва иншоотларнинг модели ёки табиий шароитдаги фрагментларнинг улар бузилишигача статик ва динамик (сейсмиклик типи) юклар таъсирига зарур динамик синовларини ўтказиш йўли билан ушбу элементларнинг самарадорлигига.
17. Тажрибавий объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш жараёнида иш дастурига мувофиқ уларнинг динамик параметрлари ўзгаришининг мониторинги ўтказилиши лозим.
18. Сейсмик ҳудудларда қуриладиган ва эксплуатация қилинадиган тажрибавий объектлар, шунингдек уларнинг элементлари ШНҚ 2.01.02-04 га мувофиқ бўлиши лозим.
19. Бинонинг алоҳида узеллари, деталлари ва конструкциялари, шунингдек, фрагментларини уларнинг ёнғин хавфсизлиги даражасини баҳолаш учун табиий шароитдаги ёнғин синовларидан ўтказишга йўл қўйилади.
20. Табиий офатлар пайтида шикастланиши ва бузилиши оғир экологик оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган бино ва иншоотлар учун ушбу оқибатларини олдини олиш ёки камайтириш чоралари кўрилиши лозим.
6-боб. Тажрибавий қурилиш натижаларини умумлаштириш ва улардан фойдаланиш
21. Тажрибавий объект қурилиш натижаларини умумлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда иш дастури билан улардан фойдаланишда жамлама техник-иқтисодий ҳисоботлар тузилиши керак.
22. Жамлама техник-иқтисодий ҳисоботлар таркибига қуйидагилар киритилиши лозим:
тажрибавий объектларнинг паспортлари;
бино ва иншоотларнинг ҳажмий-тарҳий, меъморий ва конструктив ечимларининг, қурилишда қўлланилган янги қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари, ускуналари ҳамда (тажрибанинг мақсадига қараб) унинг муҳандислик таъминоти тизимининг батафсил тавсифномаси;
қурилиш ҳақида маълумотлар;
объектнинг меъёрий ва ҳақиқий муддати ўзгаришига таъсир этувчи омиллар ҳақидаги маълумотлар;
техник-иқтисодий кўрсаткичлари (асосий қурилиш материаллари сарфи, меҳнат харажатлари қиймати, фойдаланиш харажатлари);
монтаж воситалари ва бошқа ускуналар рўйхати;
қурилиш даврида, иш дастурлари билан фойдаланишда конструкциялар, муҳандислик таъминоти тизими ёки бино ва иншоотлар ускуналарини текшириш натижалари;
тажрибавий қурилишда синовдан ўтаётган янги ишланмаларнинг, фойдаланиш харажатларини ҳисобга олган ҳолда, прогрессивлик даражасини Ўзбекистон ва хориж қурилиш амалиётида қўлланилаётган намунавий ёки шунга ўхшаш ечимлар билан таққослаш;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда стандартларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар;
ўтказилган тажриба бўйича лойиҳа материаллари ва фотоҳужжатлар.