Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тасдиқлаш ҳақида
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди
Тошкент ш.,
2023 йил 5 декабрь,
КСҚ-7-сон
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2023 йил 5 декабрдаги КСҚ-7-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида
АХБОРОТИ
I. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши ва конституциявий ислоҳотлар
2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (кейинги ўринларда — Конституция) давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос бўлди.
Конституциянинг референдум йўли билан қабул қилиниши халқ ҳокимиятчилиги принципининг энг олий кўриниши сифатида унга юқори легитимлик бағишлайди. Асосий қонун давлат органларининг фаолиятини демократлаштиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларни яратди.
Конституция билан миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантириш ҳамда модернизация қилишнинг устувор йўналишлари, давлат ҳокимияти, ижтимоий-сиёсий институтларнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича янгича ёндашувлар белгилаб берилди. Хусусан, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатчилик тамойиллари ўзгармас қоида сифатида мустаҳкамланди.
Ижтимоий давлат конституциявий принципидан келиб чиқиб, давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш мақсадида давлатнинг ижтимоий роли ва мажбуриятлари сезиларли даражада оширилди, ижтимоий адолат ҳамда бирдамлик принциплари жорий этилди.
Конституцияда ҳуқуқий давлат принципидан келиб чиқиб, «инсон — жамият — давлат» тизими инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар билан мустаҳкамланди. Хусусан, унда илк маротаба инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат қонунга мувофиқ ва суд қарори асосида йўл қўйилиши, «сукут сақлаш» ҳуқуқи, ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик, етарлилик принципларига асосланиши, инсон ва давлат органлари ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши мустаҳкамланди.
Инсоннинг уй-жойга бўлган мулкий ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари ҳам кучайтирилди. Хусусан, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ва у кўрган зарарларнинг ўрни олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши давлат томонидан Конституция даражасида кафолатланиши фуқароларнинг мустақил конституциявий ҳуқуқи ҳамда бошқа конституциявий иқтисодий ҳуқуқларини амалга ошириш кафолати сифатида намоён бўлади.
Конституцияда демократик давлат принципини таъминлаш бўйича муҳим қоидалар белгиланди. Хусусан, унда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий концепциясини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди. Жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари ажратилишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели жорий этилди. Бу давлат ҳокимияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда ҳокимиятлар бўлиниши принципини ҳудудий даражада татбиқ этиш имконини беради.
Конституцияда фуқаролар ва юридик шахсларга суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига (кейинги ўринларда — Конституциявий суд) шикоят қилиш (суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлингандан сўнг) ҳамда фуқароларга инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш (давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлингандан сўнг) конституциявий ҳуқуқларининг тақдим этилиши давлат томонидан фуқароларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш масаласига жиддий муносабат билдираётганлигини кўрсатади.
Конституцияда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги ва ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланиши мамлакатда сўз эркинлиги муҳитининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади. Шу билан бирга Конституцияда оммавий ахборот воситалари ўзи тақдим этадиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгар эканлиги белгиланганлигини инобатга олиб, оммавий ахборот воситаларини ишончли манбалардан текширилган, холис ва тўғри ахборотни тарқатиши муҳим аҳамият касб этади.
Конституция халқимиз тафаккурининг маҳсули сифатида фуқароларнинг дунёқараши ва ҳуқуқий онгини сезиларли даражада юксалтирди, айниқса, унинг тўғридан-тўғри қўлланиладиган ҳуқуқий ҳужжат сифатида қабул қилиниши натижасида кундалик ҳаётда Конституцияга мурожаат қилиниши ўз навбатида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини янада оширди.
Конституция глобал ва минтақавий таҳдидларга жавоб бериши ҳамда мамлакатда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий модернизация жараёнлари учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши билан бир қаторда унинг нормаларини амалга ошириш давлат органлари олдига кенг кўламли ва масъулиятли вазифалар қўйишини ҳам қайд этиш зарур.
Юқоридагилар асосида Конституциявий суд:
1) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини ваколатли давлат органлари билан биргаликда фуқароларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга оид конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш механизмларининг мазмун-моҳиятини очиб бериш бўйича зарур чораларни кўришга чақиради;
2) дунёвий давлат конституциявий принципининг белгиланиши фуқароларнинг виждон эркинлигини тўлақонли таъминлаши учун хизмат қилишини қайд этади ҳамда ушбу принципнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кенгайтиришни тавсия этади, шунингдек, дунёвий давлатни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилишини қўллаб-қувватлайди ҳамда уни умуммиллий қадрият сифатида қонун даражасида қабул қилиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
II. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар
Конституцияни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш ва конституциявий қонунийликни таъминлаш унинг нормаларини амалга оширишнинг аниқ механизмларини қонунчиликда акс эттириш бўйича ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини узлуксиз ва тизимли тарзда ташкил этишни тақозо этади. Бу Конституциянинг мамлакат Асосий қонуни сифатида регулятив (тартибга солувчи) ролини тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Конституцияда белгиланган демократия, эркинлик, тенглик, қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик, инсон, унинг ҳаёти, шаъни ва қадр-қиммати каби миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда принциплар қонунчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва мазмунини белгилаб беради.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-67-сонли Фармонининг қабул қилиниши, у билан 89 банддан иборат чора-тадбирлар дастури тасдиқланиши, Конституциянинг устувор ғояларини рўёбга чиқариш ва нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича Давлат комиссияси ҳамда суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат принципларини амалга ошириш бўйича 5 та экспертлик кенгашлари тузилганлиги Конституцияни реализация қилишда тизимли ёндашувни таъминлаганлигини қайд этади.
Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги унинг қоида ва нормалари бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан устуворлигини, давлат органлари ва мансабдор шахслар, фуқаролар ва ташкилотлар учун мажбурий эканлигини ҳамда ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида бош мезон эканлигини англатади.
Конституциянинг мамлакатнинг бутун ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши унинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишини, давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъи назар қўлланилишини англатади.
Конституциявий суд давлат органлари, айниқса, судлар томонидан янги таҳрирдаги Конституцияни бевосита қўллаган ҳолда қарорлар қабул қилиш амалиётини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Хусусан, суд амалиёти таҳлили Конституция ва унинг моддаларига жиноят ишлари бўйича судларнинг 15 152 та, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 4 454 та, иқтисодий ишлар бўйича судларнинг 2 225 та ҳамда маъмурий ишлар бўйича судларнинг 684 та ҳужжатларида тўғридан-тўғри ҳавола қилганликларини кўрсатмоқда.
Хусусан, судлар томонидан кўпроқ Конституциянинг 26, 27, 28, 29, 31 (жиноят ишлари бўйича судлар), 15, 20, 26, 29, 31, 33, 41, 42, 46, 47, 55, 60, 62 — 68, 76 — 78, 80 (фуқаролик ишлари судлар), 15, 16, 55, 65 — 68, 99, 134, 138 (иқтисодий ишлар бўйича судлар) ҳамда 15, 20, 21, 29, 30, 40, 41, 46, 54, 55, 65 — 67, 138-моддаларига (маъмурий ишлар бўйича судлар) мурожаат этилмоқда.
Конституциявий суд умумий юрисдикция судлари томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўлланилиши амалиётининг кенг йўлга қўйилишига Олий суд Пленумининг 2023 йил 23 июндаги «Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорининг қабул қилиниши муҳим шароит яратганлигини таъкидлайди.
Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши унинг нормаларини қонун ва қонуности ҳужжатларда ривожлантирилиши заруратини инкор этмайди. Конституцияда белгиланган нормалар ҳуқуқ ижодкорлиги субъектлари томонидан янги қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш орқали янада ривожлантирилиши лозим. Хусусан, Конституция янги таҳрирда қабул қилингандан сўнг 30 дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари унга мувофиқлаштирилди. Конституциявий суд бу қонунчиликни Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича дастлабки қадамлар эканлигини ҳамда ушбу жараён изчил давом эттирилиши лозимлигини, қайд этади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 ноябрдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-188-сонли Фармони билан қонуности ҳужжатларни, шу жумладан, идоравий ҳужжатларни Конституцияга мазмунан мувофиқлаштириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросини тўлиқ таъминлаш муҳим амалий аҳамиятга эга.
Конституциявий суд давлат органлари ва мансабдор шахслар эътиборини Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 1 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги ЎРҚ-837-сон Конституциявий Қонунига мувофиқ, Конституция нормалари тегишли қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишидан ёки мавжудлигидан қатъи назар бевосита амал қилишини инобатга олишлари лозимлигига қаратади. Бунда у ёки бу масала бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинмаганлиги Конституциянинг тегишли нормасини қўллашни рад этиш учун асос бўла олмайди.
Айни пайтда Конституцияни тўлақонли амалга оширишнинг яна бир муҳим шарти бу — конституциявий ҳуқуқ-тартиботга давлат органлари ва мансабдор шахслар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар томонидан ҳар томонлама риоя этишдир.
Конституция нормаларининг бузилиши ҳолатлари жамоатчиликнинг Конституцияга ишончи, ундан кутган орзу-умидларига ва шу орқали давлатга, амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган муносабатига салбий таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан Конституцияни ҳаётга татбиқ этиш юқори даражадаги ҳуқуқий онг ва маданиятни тақозо этади ҳамда ушбу жараён Конституцияни ижтимоий онгнинг, биринчи навбатда давлат хизматчилари онгининг бир қисмига айланиши билан чамбарчас боғлиқ.
Конституциявий суд бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан 2023 йил 15 майда Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинганлигини ҳамда унинг доирасида 10 мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилганлиги, бепул онлайн курс яратилганлигини қўллаб-қувватлайди.
Юқоридагилар асосида Конституциявий суд:
1) Конституциянинг олий юридик кучга эгалигидан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа ҳуқуқ ижодкорлиги субъектларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда унинг Конституцияга мувофиқлиги нуқтаи назардан баҳолашни энг асосий, бирламчи мезон сифатида алоҳида белгилаб қўйишни муҳим деб ҳисоблайди;
2) Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаш масаласини давлат хизматчиларини, шу жумладан, ҳуқуқни қўлловчилар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш тизимининг муҳим қисми сифатида мустаҳкамлашни тавсия этади;
3) вазирлик ва идораларнинг эътиборини қонунчиликни Конституцияга мувофиқлаштиришда фақатгина унга зид бўлган нормаларни қайта кўриб чиқиш эмас, балки уларни Конституцияга мазмунан (моҳиятан) мослаштириш зарурлигига қаратади. Шу муносабат билан Конституциявий суд вазирлик ва идораларни 2023 йил 6 ноябрда Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқланган Қонунчиликни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тўлақонли амалга оширишга чақиради;
4) Ҳукуматни, вазирлик ва идораларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 ноябрдаги «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-188-сонли Фармонида белгиланган вазифаларни, хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш, мулкдор мол-мулкидан маҳрум этилиши асослари ва тартиби фақат қонунлар билан белгиланиши мумкинлиги ҳақидаги Конституция талабидан келиб чиқиб, қонуности ҳужжатлардаги нормаларни қонун даражасига кўтаришни жадаллаштиришга даъват қилади;
5) тегишли конституциявий нормаларни мақсадли аудиторияларга мўлжаллаган ҳолда доимий тушунтириб бориш, фуқаролар, ҳуқуқни қўлловчилар, мансабдор шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг конституциявий-ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ёшларни конституциявий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш бўйича ишларни давом эттириш лозим, деб ҳисоблайди;
6) ҳуқуқшунослик йўналишида дарсликлар ва бошқа қўлланмаларни Конституция асосида янгилаш бўйича ишларни якунига етказишни жадаллаштириш лозимлигини қайд этади;
7) Конституция куни байрамини халққа яқинлаштириш ва уни кенг нишонлаш орқали аҳолида Конституцияга ҳурмат руҳини шакллантириш бўйича қилинаётган ишларни қўллаб-қувватлайди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идораларни ушбу байрам доирасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тадбирларда фаол иштирок этиш ва шу орқали юртимизда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлашга чақиради.
III. Конституциявий суд томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қўллаш бўйича амалга оширилган ишлар
Конституциявий одил судлов орқали ҳуқуқий тизим сифати яхшиланади, демократик-ҳуқуқий давлат учун муҳим бўлган фундаментал қадриятларни кафолатловчи ҳамда тўғридан-тўғри амал қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида Конституция устуворлиги ва ҳуқуқий ҳимояси суд тартибида таъминланади.
Конституциявий суд конституциявий суд иш юритувида Конституция устуворлигини таъминлаш, фуқаро ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган муаммоларни ҳар томонлама ва сифатли кўриб чиқиш каби ёндашувларга асосланади.
Конституциявий суд қарорларида қонунчиликни ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий ёндашувларни шакллантиради ҳамда қонунчиликдаги Конституцияга зид нормаларни бартараф этиш чораларини белгилайди. Ушбу жараёнда ваколатли давлат органларининг фикри, илмий тадқиқотлар натижалари ҳамда олимлар, эксперт ва мутахассисларнинг хулосалари ўрганилади.
Конституциявий суд томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда уларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги текширилади ва баҳоланади.
Ҳар бир шахснинг конституциявий шикоят орқали конституциявий одил судловга эришиш ҳуқуқининг мустаҳкамланиши уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили бўлмоқда.
Хусусан, 2022-2023 йилларда жами 2 850 нафар фуқаролар Конституциявий судга мурожаат қилган. Мазкур кўрсаткич ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиш институтининг Конституцияни амалга оширишнинг таъсирчан ва самарали воситаси, қонунчиликнинг конституциявий легитимлигини мустаҳкамлашда фуқаровий фаолликнинг муҳим шакли сифатида шаклланганлигини кўрсатмоқда.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларида аккредитациядан ўтказиш, масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар устав фондини (устав капиталини) камайтириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартиби, янги очилган ҳолатлар бўйича суд ҳужжатларини қайта кўриш асослари, фуқаролик процессида исботлаш ва далилларни тақдим этиш мажбурияти, аҳолининг банк муассасаларида омонатда турган пул маблағларини индексация қилиш, ҳомийликни амалга оширишга бўлган ҳуқуқ, уй-жойга бўлган ҳуқуқ билан боғлиқ масалаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш сўралган.
Мурожаатларнинг 14 та маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан келиб тушган.
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи қонун чиқарувчи томонидан бундай мурожаатга қўйилган талаблар, уларни рўйхатга олиш, кўриб чиқиш, дастлабки тарзда ўрганиш ҳамда кўриб чиқиш учун қабул қилиш тартибининг «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонунда аниқ белгилаб бериш орқали таъминланади.
Конституциявий судга «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий Қонун талабларига мувофиқ бўлмаган шикоятлар билан мурожаат этиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Натижада 2022 йилда — 11 та, 2023 йилда — 4 та мурожаатлар «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун талабларига зид расмийлаштирилганлиги сабабли кўриб чиқиш рад қилинган.
Шу муносабат билан Конституциявий суд фуқароларнинг Конституциявий судга мурожаат этиш борасидаги ҳуқуқий хабардорлик даражасини оширишга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Хусусан, бу борада тегишли тушунтиришлар, кўргазмали изоҳлар билан бирга Конституциявий суднинг расмий веб-сайтига жойлаштирилди.
Конституциявий суд томонидан 2022-2023 йилларда конституциявий назорат тартибида 119 та қонун ва 1384 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги текширилди.
Конституциявий назорат тартибида текширилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича Конституциявий суд ҳужжатларида замонавий конституционализм амалиётини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш бўйича конституциявий-доктринал ёндашувлар баён этилган, ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг аниқ йўналишлари кўрсатиб берилган, ҳуқуқий нормаларни қўллашнинг конституциявий-ҳуқуқий масалаларига эътибор қаратилган.
Масалан, Конституциявий суднинг 2023 йил 13 мартда бўлиб ўтган суд мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги 3017-IV-сон «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида» қарорининг Конституцияга мувофиқлиги кўриб чиқилди.
Конституциявий суд мурожаатни ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарорининг мазмуни бўйича Конституцияга мувофиқлигини текшириш учун Қонунчилик палатаси Конституциявий қонун лойиҳасини қабул қилиш ҳамда референдумни тайинлаш тартибига риоя этилганлиги, шунингдек, лойиҳада референдум предмети бўлиши мумкин бўлмаган масалалар мавжудлигига аниқлик киритишга эътибор қилган. Конституциявий суд томонидан мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топилган.
Конституциявий суд ҳузурида маслаҳат органи сифатида жамоатчилик асосида илмий-маслаҳат кенгаши фаолият кўрсатиб, у Конституциявий суднинг фаолиятига оид масалалар, шу жумладан, Конституция устуворлигини таъминлаш, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигини ошириш бўйича илмий асосланган тавсиялар киритади. Хусусан, Илмий-маслаҳат кенгаши 2022-2023 йилларда 9 та масала бўйича таклифлар киритган ва улар Конституциявий суд томонидан қарор қабул қилишда инобатга олинган.
Юқоридагилар асосида Конституциявий суд:
1) фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш институтини фуқаролар учун янада қулай қилиш, уларнинг конституциявий-ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, конституциявий суд иш юритуви доирасида фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш масалалари устида ишлаш ҳам ушбу институт орқали мамлакатда конституциявий қонунийликни янада мустаҳкамлашга кўмаклашади, деб ҳисоблайди ҳамда ваколатли давлат органлари билан бу борадаги ҳамкорликни кучайтиради;
2) келгуси йилда Илмий-маслаҳат кенгаши таркибига киритилган олим ва мутахассисларнинг малакасини ошириш, уларнинг иштирокида Конституцияга бағишланган илмий тадбирлар ўтказиш бўйича ишларни янада кучайтириш бўйича чоралар кўради.
IV. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тўғридан тўғри қўллаш, уни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ва таклифлар
Ўтган даврда конституциявий суд иш юритуви давомида, шунингдек, Илмий-маслаҳат кенгаши томонидан киритилган таклифларни кўриб чиқиш натижалари бўйича айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Конституцияга мувофиқлаштириш юзасидан бир қатор масалалар аниқланди.
1. Конституция устуворлиги, инсон ва фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ўз навбатида қонунийлик ва ҳуқуқ устуворлигига таъсир этаётган омилларни ваколатли давлат органлари томонидан ўз вақтида аниқлаш ва тезкор чора кўришни тақозо этади.
Шу муносабат билан Конституциявий суд аҳоли мурожаатларида кўтарилган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратади:
бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилаётганлигини инобатга олиб, болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш, бу борада ота-оналар, таълим ташкилотлари, бошқа мутасадди идоралар масъулиятини ошириш, тегишли қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ;
мулк ҳуқуқи кафолатларига риоя этмаслик ҳолатлари сезиларли камайган бўлса-да, ҳали бу соҳада муаммолар сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг ушбу масалаларда ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мулк ҳуқуқи бузилиши ҳолатига мутлақо тоқатсиз муносабатини шакллантириш, бу борада профилактик чораларни кучайтириш зарур;
баъзи ҳудудларда тадбиркор ўз маҳсулотини вилоят ҳудудидан эркин олиб чиқиб кетишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш талаб этилади.
Ушбу ҳолатлар юзасидан Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқларга риоя этмаслик ҳолатлари ваколатли давлат органлари диққат-эътибори марказида бўлиши кераклиги, бу билан боғлиқ ҳар бир ҳолат зудлик билан ўрганилиши ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича зарур чоралар кўрилиши лозимлигини таъкидлайди, шунингдек, Ҳукуматни ва масъул ташкилотларни фақатгина аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш билан чекланмасдан, уларни юзага келтирган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тизимли чоралар кўриб боришга чақиради.
2. Конституциявий суд судларга муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Олий суд орқали Конституциявий судга мурожаат қилиш ваколатининг берилишини замонавий ўзбек конституционализмини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши сифатида баҳолайди.
Ушбу институт судлар фаолиятида у ёки бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявий-ҳуқуқий мазмунини асоссиз торайтириб ёки кенгайтириб қўллаш эҳтимолининг олдини олади, шу орқали конституциявий қонунийликни мустаҳкамлайди, фуқароларнинг одил судловга эришиш, суд ҳимоясида бўлиш каби конституциявий ҳуқуқларининг самарали амалга оширилишини таъминлайди.
Шу билан бирга судлар томонидан ушбу ваколатдан ҳозирга қадар фойдаланилмаганлиги унинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чораларни кўриш, хусусан, ушбу ваколатни амалга ошириш тартибига оид ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш заруратидан далолат беради.
Шу муносабат билан Конституциявий суд Олий судга ушбу муҳим конституциявий институтни амалга ошириш тартиб-таомилларини батафсил тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиш ва шу орқали одил судловни амалга оширишда конституциявий қонунийликни таъминлаш чораларини кўришни тавсия этади.
3. Конституцияда белгиланган муҳим нормалардан бири бу — ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда мутаносиблик, етарлилик конституциявий принципларига риоя этиш ҳисобланади. Ушбу конституциявий норма қонунчилик ҳужжатларидаги ҳуқуқий таъсир чораларини тўлиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этади.
Ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораси шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда давлат ва жамиятнинг оммавий манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаши лозим. Ҳуқуқий таъсир чоралари асосланган, адолатли, зарур ва ўз мақсадига эришиш учун етарли ҳажмда бўлиши лозим. Ҳуқуқий таъсир чоралари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини асоссиз, яъни таъсир чораси мақсадига эришиш мумкин бўлган меъёрдан ортиқча даражада чекламаслиги керак.
Конституциявий суд шу нуқтаи назардан жиноий ва маъмурий жазо чоралари, молиявий санкциялар, неустойка (пеня, жарима) ҳамда бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилади.
Бу борада Конституциявий суд Ҳукумат ва Олий Мажлиснинг учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш (ЖК 2444-моддаси) учун жиноий жавобгарликни енгиллаштириш, шу жумладан, маъмурий преюдиция киритиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда бу конституциявий мутаносиблик ва етарлилик принципларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.
4. Конституцияда одил судловни таъминловчи давлат ҳокимиятининг алоҳида тармоғи сифатида суд ҳокимиятининг роли ва мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ўз навбатида ҳуқуқий давлатчилик, Конституция ва ҳуқуқ устуворлиги, конституциявий ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва фуқароларни суд ҳимоясида бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Шу муносабат билан Конституциявий суд Конституциянинг 136-моддаси талабларидан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларида суд қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда судья ўз лавозимини сақлаб қолиши кафолатларини белгилаш ва ушбу ҳуқуқни амалга ошириш тартибини аниқлаштириш лозимлигини таъкидлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-300-сонли қарорида белгиланган тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларига санкция бериш масаласини кўриб чиқувчи алоҳида тергов судьялари институтини жорий этиш, ушбу жараённи жадаллаштириш ҳамда тергов судьяларини ўқитиш ва малакасини ошириб бориш бўйича алоҳида тизим йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Конституциявий суд вилоят, туман (шаҳар) судьяларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашлари олдида ахборот бериш амалиёти судьянинг мустақиллиги ва холислигига рахна солиши мумкинлигини инобатга олиб, ваколатли давлат органларини ушбу амалиётни бекор қилишга чақиради.
5. Конституцияда илк маротаба давлат жабрланганларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиши белгиланди.
Аҳолидан келиб тушган таклифлардан келиб чиқиб, алоҳида жиноятлар, биринчи навбатда фирибгарлик бўйича жазони енгилроғи билан алмаштиришда судланувчи томонидан жабрланувчига етказилган зарарнинг қопланилганлигини инобатга олиш талабини киритиш орқали жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича дастлабки қадамларни ташлаш мақсадга мувофиқ.
6. Конституциявий суд дастлабки (ex-ante) конституциявий назорат тартибида конституциявий қонунлар, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини Конституцияга мувофиқлигини текшириш ваколатига эга.
Бироқ, қонунчиликда ушбу институтни амалга ошириш тартиби ва механизмлари белгилаб берилмаганлигини инобатга олиб, шунингдек, қонунчиликда ҳуқуқий бўшлиққа йўл қўймаслик мақсадида Конституциявий суд Олий Мажлис палаталарига ушбу институтни амалга ошириш тартибини белгилашни тавсия этади.
7. Конституциявий суд хорижий мамлакатларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри қўллашнинг таъсирчан ва самарали воситаси сифатида кенг қўлланиладиган Конституция, қонун ва қонуности ҳужжатлари нормаларига шарҳ бериш амалиёти мамлакатимизда кенг учрамаслигига эътибор қаратади ҳамда бу кўп жиҳатдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шарҳ бериш услубиёти ишлаб чиқилмаганлиги билан боғлиқ, деб ҳисоблайди.
Шуни инобатга олиб, Конституциявий суд Адлия вазирлиги, Олий Мажлис палаталари билан биргаликда Конституция, қонун ва қонуности ҳужжатлари нормаларига шарҳ бериш услубиётини ишлаб чиқишни таклиф қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Конституциявий суд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган давлат органлари эътиборини улар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш жараёнида Конституция, унинг нормалари, принциплари ва ғоялари устунлигидан келиб чиқишлари лозимлигига қаратади.
Шу билан бирга Конституциявий суд барча давлат органларини Конституцияни амалга ошириш ва мамлакатда конституциявий қонунийликни таъминлашда масъулиятни тўлақонли ҳис қилишга, шу жумладан, ўз фаолиятида Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларнинг чекланишига йўл қўймасликка, конституциявий ҳуқуқлар бузилишининг ҳар қандай ҳолатлари бўйича тезкор ва қатъий чораларни кўриб боришга чақиради.
Зеро, фақат барча давлат органларининг конституциявий қонунийликни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлари мамлакатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги тўғрисидаги умуминсоний принципларнинг амалга оширилишини кафолатлайди.