Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат олий таълим муассасалари, республикадаги хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари талабаларини моддий ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида» 2021 йил 9 сентябрдаги ПФ-6309-сон Фармони, «Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 29 апрелдаги ПҚ-230-сон қарорига мувофиқ давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурларида, республикадаги хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга ижтимоий таъминот ёрдами маблағларини молиялаштириш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситаларини харид қилиш харажатларини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, ушбу қарор ижросини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар 2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2024 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Ю. Абдурахмонов ҳамда иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 2 май,
181-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 майдаги 181-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини молиялаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотларининг бакалавриат босқичи талабалари учун (давлат олий таълим муассасалари ва Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиалларидан ташқари) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотлари бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларини молиялаштириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ташкилот — давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари, республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари, нодавлат олий таълим ташкилотлари;
талаба — давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган ҳамда республикада фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ва нодавлат олий таълим ташкилотлари бакалавриат босқичи талабалари;
стипендия — Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари.
2-боб. Стипендияларни молиялаштириш тартиби
4. Ташкилот талабалари учун стипендиялар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ушбу мақсадлар учун режалаштирилган бюджет маблағлари доирасида (48 21 190 бошқа харажатлар моддаси бўйича) ажратилади ва молиялаштирилади. Бунда:
ташкилот — ҳар йили 15 октябрга қадар жорий ўқув йили учун стипендия олувчи талабалар сони ҳамда уларга тўланадиган стипендия миқдорини ҳисоблайди ва бюджетдан зарур маблағлар ажратилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига сўровнома киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — ҳар йили 1 ноябрга қадар ташкилот томонидан тақдим этилган сўровномаларга асосан жорий ўқув йили учун стипендия тўловларига сарфланадиган маблағларни тўлиқ ҳажмда уларнинг ҳисобварағига ўтказиб беради.
5. Давлат олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олаётган бакалавриат босқичи талабалари учун стипендия маблағлари ушбу муассасаларнинг бюджет харажатлар сметасида назарда тутилади.
3-боб. Стипендияларни тайинлаш ва тўлаш тартиби
6. Ташкилот талабалари учун стипендиялар Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ҳамда уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом асосида тайинланади.
7. Стипендияларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади ҳамда стипендия соҳибларига белгиланган миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
8. Ташкилот раҳбарлари бюджетдан стипендия тўловлари учун ажратилган маблағлар ўз вақтида талабаларга ойма-ой тўлаб борилишини таъминлашга шахсан жавобгар ҳисобланади.
9. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 майдаги 181-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситаларини харид қилиш харажатларини молиялаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситаларини харид қилиш учун маблағларни молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситаларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ташкилот — нодавлат олий таълим ташкилоти;
талаба — нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган етим ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба;
ижтимоий таъминот ёрдами — озиқ-овқат, кийим-кечак ва санитария воситалари.
2-боб. Ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағларни молиялаштириш тартиби
4. Ташкилот талабаларига ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ушбу мақсадлар учун режалаштирилган бюджет маблағлари доирасида (48 21 190 бошқа харажатлар моддаси бўйича) ажратилади ва молиялаштирилади. Бунда:
ташкилот — ҳар йили 15 сентябрга қадар жорий ўқув йилида ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағ олувчи талабалар сони ҳамда уларга тўланадиган ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағ миқдорини ҳисоблайди ва бюджетдан зарур маблағлар ажратилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига сўровнома киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — ҳар йили 1 октябрга қадар ташкилот томонидан тақдим этилган сўровномаларга асосан амалдаги ўқув йили учун ижтимоий таъминот ёрдами тўловларига сарфланадиган маблағларни тўлиқ ҳажмда уларнинг ҳисобварағига ўтказиб беради.
3-боб. Ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағларни тайинлаш ва тўлаш тартиби
5. Ташкилот талабаларига ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағлар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом асосида молиялаштирилади.
6. Ижтимоий таъминот ёрдами учун маблағларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади ва белгиланган миқдорларда тўланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
7. Ташкилот раҳбарлари ижтимоий таъминот ёрдами тўловлари учун ажратилган маблағларни ўз вақтида талабаларга ойма-ой тўлаб борилишини таъминлашга шахсан жавобгар ҳисобланади.
8. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.05.2023 й., 09/23/181/0246-сон)