Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Йўловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга, икки мамлакат ўртасида ва уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда йўловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташишларни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида йўловчи ва юкларнинг автомобиль қатновини енгиллаштириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
I. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ
1-модда
Мазкур Битим қоидалари Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган ташувчилар ва автотранспорт воситалари томонидан ёллаш ёки ҳақ эвазига Томонлар давлатларининг ҳудудлари ўртасида, уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда, шунингдек, учинчи давлатларга/давлатлардан амалга ошириладиган йўловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташишларга нисбатан татбиқ этилади.
II. ТАЪРИФЛАР
2-модда
Мазкур Битимда қўлланилган атамалар қуйидаги маъноларни англатади:
1. «Ташувчи» Томонлардан бирининг давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган, мулк ҳуқуқи ёки бошқа қонуний асосларда автотранспорт воситасига эгалик қилаётган ҳамда ушбу давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ йўловчи ва юкларни автомобилда халқаро ташишларни амалга оширишга рухсат берилган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсни англатади.
2. «Автотранспорт воситаси» қуйидагиларни англатади:
йўловчиларни ташишда — йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган ва ҳайдовчи ўриндиғи билан ҳисоблаганда камида 9 та ўриндиққа эга бўлган автотранспорт воситаси;
юкларни ташишда — юкларни ташишга мўлжалланган автотранспорт воситаси, шу жумладан, юк автомобили, тиркамали юк автомобили, шатакчи автомобиль ёки ярим тиркамали шатакчи автомобиль.
3. «Йўловчиларни мунтазам ташишлар» Томонлар давлатларининг ваколатли органлари олдиндан тасдиқлаган йўналишлар, жадваллар, тарифлар (ставкалар), ташувчи томонидан йўловчилар чиқариладиган ва тушириладиган тўхташ бекатлари бўйича амалга ошириладиган автобусда йўловчилар ташишни англатади.
4. «Йўловчиларни номунтазам ташишлар» «йўловчиларни мунтазам ташишлар» атамасига кирмайдиган йўловчиларни автобусларда ташишнинг бошқа барча турларини англатади.
5. «Рухсатнома» бир Томон давлатининг ваколатли органи томонидан берилган, ушбу Томон давлати ҳудудида автомобилда халқаро ташишларни амалга оширишда бошқа Томон давлати ҳудудида рўйхатдан ўтган автотранспорт воситасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни англатади.
6. «Транзит» Томонлардан бирининг давлати ҳудуди орқали йўловчи ва юкларни ташишни англатади, бунда жўнаш ва етиб бориш манзили ушбу Томон давлати ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлади.
7. «Учинчи мамлакатларга/мамлакатлардан ташиш» бир Томон давлатининг ҳудудида рўйхатдан ўтган ташувчилар томонидан бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган бир пункт билан мазкур Битим иштирокчиси бўлмаган учинчи мамлакат ҳудудида жойлашган бошқа пункт ўртасида автотранспорт воситасида амалга ошириладиган юк ташишни англатади.
8. «Хавфли юклар» муайян омиллар мавжуд бўлганда ўзига хос хоссалари ва хусусиятлари туфайли ташиш, юк ортиш ёки тушириш жараёнида ташилаётган юклар, техник воситалар, ускуналар, бино ва иншоотлар ҳамда бошқа объектларнинг портлаши, ёниши ёки зарар кўришига, шунингдек, инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган моддалар, материаллар, маҳсулот ва чиқиндиларни англатади.
III. ЙЎЛОВЧИЛАРНИ ТАШИШ
3-модда
1. Йўловчиларни мунтазам ташишлар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўртасидаги келишув асосида ташкил этилади. Йўловчиларни мунтазам ташиш йўналишини очиш учун бир Томон давлатининг ташувчиси билан бошқа Томон давлатининг ташувчиси ўртасида халқаро йўналишларда йўловчиларни мунтазам ташиш бўйича қўшма фаолият тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда — қўшма фаолият тўғрисидаги шартнома) тузилиши лозим.
2. Томонлар давлатлари ўртасида ёки уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда йўловчиларни мунтазам ташишлар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари томонидан йўналишнинг ўз давлатлари ҳудудидан ўтадиган қисмлари учун бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
3. Йўловчиларни мунтазам ташишлар учун рухсатномалар ташувчи номига берилади ва бошқа ташувчиларга ёки учинчи шахсларга тақдим этилмайди. Рухсатномалар берилган санадан бошлаб 5 йилгача бўлган муддат давомида ҳақиқийдир.
4. Йўловчиларни мунтазам ташишларни ташкил этиш тўғрисидаги сўровлар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари томонидан бир-бирларига юборилади ва улар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
а) ташувчининг номи;
b) қатнов йўналиши;
с) ҳайдовчиларнинг иш ва дам олиш вақтлари кўрсатилган ҳаракат жадвали ва тарифлар;
d) ташишларни амалга оширишнинг мўлжалланган муддати ва мунтазамлиги;
е) ташувчи томонидан йўловчилар чиқариладиган ва тушириладиган тўхташ бекатлари, шунингдек, чегарадан ўтиш пунктлари;
f) қўшма фаолият тўғрисидаги шартнома.
5. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўз давлатлари ҳудудлари бўйлаб йўловчиларни мунтазам ташишларни ташкил этиш тартибини ёзма равишда келишиб оладилар.
4-модда
1. Томонлар давлатлари ўртасида ёки уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда йўловчиларни номунтазам ташишлар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади, мазкур Битимнинг 5-моддасида белгиланган ташишлар бундан мустасно.
2. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари рухсатномани ўз давлатлари ҳудудлари орқали ўтадиган йўл қисми учун берадилар.
3. Йўловчиларни ҳар бир номунтазам ташиш учун бир маротаба манзилга бориш ва қайтишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи алоҳида рухсатнома берилиши лозим, башарти рухсатномада ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса.
4. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари рухсатнома бланкларини алмашиш тартибини ўзаро келишиб оладилар.
5-модда
1. Мазкур Битимнинг 4-моддасида назарда тутилган рухсатнома қуйидаги ҳолларда йўловчиларни номунтазам ташишларни амалга ошириш учун талаб этилмайди:
а) агар йўловчилар гуруҳи худди шу таркибда айни шу автобуснинг ўзида бутун сафар бўйлаб ташилаётган бўлса ва бунда:
сафар автобус рўйхатдан ўтган Томон давлати ҳудудида бошланса ва тугаса ёхуд;
сафар автобус рўйхатдан ўтган Томон давлати ҳудудида бошланса ва бошқа Томон давлатининг ҳудудида тугаса, башарти автобус мазкур бошқа Томон давлатининг ҳудудидан бўш қайтса ёхуд;
автобус бошқа Томон давлати ҳудудига айнан шу ташувчи томонидан илгари олиб бориб қўйилган йўловчилар гуруҳини олиб кетиш мақсадида бўш кириб борса;
b) носоз автобус бошқа автобус билан алмаштирилса.
2. Мазкур модданинг 1-банди а) кичик бандида назарда тутилган ташувларни амалга оширишда, автобус ҳайдовчиси Томонлар давлатларининг ваколатли органлари томонидан келишилган шакл бўйича тузилган йўловчилар рўйхатига эга бўлиши лозим.
IV. ЮКЛАРНИ ТАШИШ
6-модда
1. Томонлар давлатлари ўртасида, уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда, шунингдек, учинчи мамлакатларга/мамлакатлардан юкларни ташиш, Томонлар давлатларининг ваколатли органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида автотранспорт воситаларида амалга оширилади, мазкур Битимнинг 7-моддасида назарда тутилган ташиш бундан мустасно.
2. Рухсатномаларнинг қуйидаги тоифалари мавжуд:
а) Томонлар давлатлари ўртасида ва уларнинг ҳудудлари орқали транзит тарзда юкларни ташиш учун рухсатнома;
b) Учинчи мамлакатларга/мамлакатлардан юкларни ташиш учун рухсатнома.
3. Ҳар бир автотранспорт воситасига алоҳида рухсатнома берилиши лозим. Ҳар бир бундай рухсатнома бир маротаба манзилга бориш ва қайтишни амалга ошириш ҳуқуқини беради. Жорий йил давомида берилган рухсатномалар кейинги йилнинг 31 январигача ҳақиқий ҳисобланади. Рухсатнома юксиз ўтиш. учун ҳам талаб этилади.
4. Рухсатномалар ташувчи номига берилади ва бошқа ташувчиларга ёки учинчи шахсларга тақдим этилмайди.
5. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ҳар йили юкларни ташиш учун рухсатнома бланкалари билан ўзаро келишилган миқдорда алмашадилар. Ушбу рухсатномаларда Томон давлатининг ваколатли органи муҳри ва рухсатномани берган масъул шахснинг имзоси бўлиши лозим. Томонлардан бирининг илтимосига кўра қўшимча рухсатномалар берилиши мумкин.
6. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари рухсатнома бланкаларини алмашиш тартибини ўзаро келишиб оладилар.
7-модда
1. Қуйидагиларни ташишда рухсатномалар талаб этилмайди:
а) бошқа жойга кўчиб ўтаётганда кўчар мол-мулклар;
b) ярмарка ва кўргазмалар учун мўлжалланган материал ва буюмлар, шу жумладан, санъат асарлари;
с) спорт тадбирлари ва цирк томошаларини ўтказиш учун мўлжалланган транспорт воситалари, тирик ҳайвонлар, шунингдек, турли инвентарлар ва мол-мулклар;
d) театр безак ва ашёлари, мусиқа асбоблари, кино тасвирга олиш, радиоэшиттиришлар ва телевизион кўрсатувлар учун асбоб-ускуналар ва жиҳозлар;
е) дафн этишга оид ташишлар;
f) табиий офатлар рўй берганда қутқарув операциялари, гуманитар ва тиббий ёрдам мақсадларида амалга ошириладиган ташишлар;
g) почта жўнатмалари.
2. Носоз автотранспорт воситаларини тузатиш ёки шатакка олишга мўлжалланган техник ёрдам автомобили ўтиши учун ҳам рухсатнома талаб этилмайди.
V. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
8-модда
1. Мазкур Битимда назарда тутилган ташишлар халқаро автомобиль қатнови учун очиқ бўлган автомобиль йўллари бўйича Томонлардан ҳар бирининг Давлат чегарасида ўрнатилган ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилиши лозим.
2. Халқаро ташишларни амалга ошираётган автотранспорт воситалари ўз давлатининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами ва фарқловчи белгиларига эга бўлишлари лозим. Юк автомобиллари ёки шатакчи автомобиллар Томонлар давлатларининг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами ва фарқловчи белгиларига эга бўлгандагина, тиркамалар ва ярим тиркамалар бошқа давлатларнинг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами ва фарқловчи белгиларига эга бўлишлари мумкин.
3. Бошқа Томон давлатининг ҳудудида жойлашган икки пунктлар ўртасида йўловчи ёки юкларни ташиш (каботаж) тақиқланади.
9-модда
1. Томонлар давлатларининг автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ўз автотранспорт воситаларининг тоифасига мос бўлган миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаларига ҳамда автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги миллий ҳужжатларга эга бўлишлари лозим.
2. Миллий ёки халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида миллий ҳужжатлар 1968 йил 8 ноябрда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Европа иқтисодий комиссиясининг Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенциясида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
3. Мазкур Битим қоидаларига мувофиқ талаб этиладиган рухсатнома ва бошқа ҳужжатлар улар тегишли бўлган автотранспорт воситасида бўлиши ва Томонлар давлатлари органларининг талабига кўра тақдим этилиши лозим.
10-модда
1. Агар юксиз ёки юк билан ҳаракатланаётган автотранспорт воситасининг ўлчамлари ва вазн параметрлари бошқа Томон давлати ҳудудида белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлса, ташувчи ушбу бошқа Томон давлатининг миллий қонунчилигига мувофиқ унинг ваколатли органидан махсус рухсатнома олиши лозим.
2. Агар ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган рухсатнома автотранспорт воситасининг муайян йўналиш бўйича ҳаракатланишини назарда тутса, ташиш фақат ушбу йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим.
11-модда
1. Хавфли ва ҳарбий юкларни ташиш, шунингдек, Томонлар давлатларининг ҳудудлари орқали транзит тарзда олиб ўтиш бундай ташиш ҳудуди бўйлаб бажарилаётган давлатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
2. Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ, уларнинг давлатлари ҳудудларига олиб кириш, ҳудудларидан олиб чиқиш ва транзит тарзда олиб ўтиш учун тақиқланган юклар рўйхатини бир-бирларига тақдим этадилар.
12-модда
1. Бир Томон давлатининг мазкур Битим доирасида ташишларни амалга ошираётган ташувчилари автотранспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларга эгалик қилиш, шунингдек, транспорт операцияларини амалга ошириш учун бошқа Томон давлатида ундириладиган барча тўлов, йигим ва солиқлардан ўзаролик асосида озод қилинадилар.
2. Кўрсатиб ўтилган озод қилиш автомобиль йўллари, кўприклар ва бошқа иншоотлардан фойдаланганлик, шунингдек, автотранспорт воситасининг вазни, ўлчамлари ва юк кўтарувчанлиги Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигида белгиланган меъёрлардан ошиб кетганлиги учун йиғим ва тўловларга нисбатан қўлланилмайди.
13-модда
1. Мазкур Битимга мувофиқ ташишларни амалга оширишда Томонлар давлатларининг ҳудудларига олиб кириладиган ёки улардан олиб чиқиладиган қуйидаги предметлар божхона божлари, солиқ ва йиғимлардан ўзаро озод қилинади:
а) тегишли автотранспорт воситаси модели учун ишлаб чиқарувчи завод томонидан ўрнатилган, двигателнинг таъминот тизимига технологик ва конструктив жиҳатдан боғлиқ бўлган сиғимлардаги ёқилғи, шунингдек, ушбу автотранспорт воситаси иситиш/совутиш қурилмаларининг ишлаши учун мўлжалланган, ишлаб чиқарувчи завод томонидан тиркамаларда ва ярим тиркамаларда ўрнатилган сиғимлардаги ёқилғи;
b) ташиш давомида фойдаланиш учун зарур бўлган миқдордаги мойлаш материаллари;
с) бошқа Томон давлатининг ҳудудига олиб кириладиган, халқаро ташишни амалга ошираётганда бузилган автотранспорт воситасини таъмирлаш учун мўлжалланган ва аниқ мақсадда фойдаланилиши тасдиқланган эҳтиёт қисмлар, агрегат ва асбоб-ускуналар.
2. Фойдаланилмаган эҳтиёт қисмлар қайтариб олиб кетилиши, алмаштирилган эҳтиёт қисмлар эса тегишли Томон давлати ҳудудидан олиб чиқилиши ёки унинг қонунчилигида белгиланган тартибда бошқа божхона режими остида расмийлаштирилиши лозим.
14-модда
Чегара, божхона ва санитария назоратларига нисбатан Томонлар давлатлари иштирокчи ҳисобланган халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади, ушбу шартномалар билан тартибга солинмаган ҳолларда эса ҳар бир Томон давлатининг қонунчилиги унинг ҳудудида алоҳида қўлланилади.
15-модда
Томонлар давлатларининг ташувчилари ва автотранспорт воситаларининг экипажлари автотранспорт воситаси ҳудудида турган Томон давлатининг йўл ҳаракати қоидаларига ва миллий қонунчилигига риоя қилишлари шарт.
16-модда
Мазкур Битимга мувофиқ йўловчи ва юкларни ташиш автотранспорт воситалари эгаларининг учинчи шахсларга етказилган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш шарти билан амалга оширилади. Ташувчи Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ ташувларни амалга ошираётган ҳар бир автотранспорт воситасини олдиндан суғурталаши лозим.
17-модда
Ташувчи ёки унинг ҳайдовчилари томонидан бошқа Томон давлати ҳудудида унинг миллий қонунчилиги ёки мазкур Битим қоидалари бузилган тақдирда, ҳудудида ушбу қоидабузарлик содир этилган Томон давлатининг ваколатли органи бошқа Томон давлатининг ваколатли органини бу ҳақида хабардор қилади, у эса ўз давлати миллий қонунчилигига мувофиқ зарур чораларни кўради. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари кўрилган чоралар тўғрисида бир-бирларини ўзаро хабардор қиладилар.
VI. ҚЎШМА КОМИССИЯ
18-модда
1. Мазкур Битим қоидаларининг лозим даражада бажарилишини таъминлаш ҳамда Битимни қўллашда юзага келадиган ва Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар орқали ҳал этиб бўлмайдиган низоларни тезда ҳал қилиш мақсадида Қўшма комиссия ташкил этилади.
2. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари вакилларидан иборат Қўшма комиссия мажлислари Томонлардан бирининг мурожаатига кўра навбати билан ҳар бир Томон давлати ҳудудида ўтказилади.
3. Томонлар Қўшма комиссия қарорларини бажариш мажбуриятини оладилар.
4. Қўшма комиссия мазкур Битим моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан тавсиялар қабул қилиши мумкин.
19-модда
1. Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш мақсадида қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланади:
Франция Республикаси Ҳукумати номидан — Транспорт вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги;
2. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари расмий номи ва функциялари ўзгарган тақдирда, Томонлар дипломатик каналлар орқали бир-бирларини дарҳол хабардор қиладилар.
20-модда
1. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллаш юзасидан келиб чиқадиган ҳар қандай низолар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қилинади.
2. Мазкур Битим Томонларнинг давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган, шу жумладан, Франция Республикасининг Европа Иттифоқидаги иштироки билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
21-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва Битимнинг 22-моддасида белгиланган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар орқали ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
22-модда
1. Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларининг якунланганлиги тўғрисида Томонларнинг сўнгги ёзма хабарномаси дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб ўттиз (30) кундан сўнг кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томоннинг ёзма хабарномасини олган санадан бошлаб олти ой ўтгунга қадар амал қилади.
Париж шаҳрида 2018 йил «9» октябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва француз тилларида тузилди, бунда ҳар иккала матн тенг аутентикдир.
(имзолар)