Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қўшма қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги «Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5163-сонли Қарорида ва 2021 йил 10 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6312-сонли Фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолияти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 30 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) инсон ҳуқуқлари таъминланиши устидан парламент назоратини амалга ошириш борасидаги ролини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2933-III/КҚ-640-III-сонли Қўшма қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 11, 877-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур Қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 24 декабрь,
1690-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 24 декабрь,
КҚ-294-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 24 декабрдаги 1690-IV/КҚ-294-IV-сонли Қўшма қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолияти тўғрисидаги
низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) (бундан буён матнда Вакил деб юритилади) гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида (бундан буён матнда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар деб юритилади) қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятини ташкил этиш, шунингдек Вакил ҳузуридаги Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини (бундан буён матнда Жамоатчилик гуруҳлари деб юритилади) шакллантириш, уларнинг фаолиятини ташкил қилиш ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Вакил ҳамда унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормаларига ва ушбу Низомга амал қилади.
3. Вакилнинг ва Жамоатчилик гуруҳларининг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, адолат, демократиклик, инсонпарварлик, ошкор қилмаслик, беғаразлик, холислик, танламаслик (ажратмаслик), ҳар бир киши учун очиқликдир.
4. Вакил ва Жамоатчилик гуруҳлари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мунтазам равишда мониторинг ташрифларини амалга ошириш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.
2-боб. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолияти
5. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва унинг олдини олиш соҳасида қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритишга доир таклифларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари кўриб чиқиши учун киритиш;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари ёки ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан Вакил номига келиб тушган мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга бўлган муносабатни ва уларни сақлаш шарт-шароитларини яхшилаш ҳамда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини олдини олиш бўйича тегишли давлат органларига тавсиялар, таклифлар ва тақдимномалар киритиш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасидаги қонунчилик, халқаро шартномалар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари ҳақида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар маъмурияти ходимларининг билими ҳамда хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш воситалари, усуллари ҳамда механизмларини ўргатишга қаратилган маърифий ва таълим дастурларини ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда, илмий-амалий тадбирларда ва семинарларда иштирок этиш;
Жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилиши тўғрисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ва хорижий институтларнинг хабардорлигини ошириш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасидаги хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганишга доир тадбирлар ташкил этиш, уни Ўзбекистон Республикаси шароитида жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маърузани тақдим этиш ва уни оммавий ахборот воситаларида ҳамда Вакилнинг интернетдаги расмий веб-сайтида эълон қилиш;
Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш;
Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотдан манфаатдор шахслар, шунингдек оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиши учун имконият яратиш;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари якунлари юзасидан берилган тавсия ва таклифларнинг бажарилиши жараёни ҳақида Жамоатчилик гуруҳларини хабардор қилиш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича фаолият натижалари тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш.
6. Вакил ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларига борганида:
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жой ва у ерда сақланаётган шахслар сони ҳақида ахборот олади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларнинг сақланиш шароитларини ва уларга қилинаётган муомалани ўрганади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар билан, шунингдек ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларининг маъмурияти ходимлари билан учрашувлар ҳамда суҳбатлар, шу жумладан холи учрашувлар ва суҳбатлар ўтказади. Бунда мазкур учрашувлар ҳамда суҳбатлар жараёнининг баённомаси тузилади, зарур бўлганда, техника воситаларидан фойдаланилади;
шахснинг ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланиши қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва уларнинг кўчирма нусхаларини олади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахс тиббий текширувдан ўтказилишини, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатилишини ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмуриятидан талаб қилади, мазкур тадбирлар ўтказилаётганда унинг розилиги билан ҳозир бўлади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар маъмурияти раҳбариятидан сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан изоҳлар олади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар маъмуриятининг ноқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш бўйича зудлик билан чоралар кўради;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларнинг сақланиш шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга юборади;
тегишли давлат органларининг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш юзасидан уларга тавсиялар ва таклифлар киритади.
3-боб. Вакил Котибиятининг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўлими
7. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятини таъминлаш учун унинг Котибияти тузилмасида Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўлими (бундан буён матнда Бўлим деб юритилади) ташкил этилади.
8. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолиятига амалий жиҳатдан кўмаклашиш мақсадида Бўлим ходимлари Вакилнинг махсус йўлланмаси асосида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга монеликсиз кириши, бориб кўриши ҳамда мониторинг ташрифларида иштирок этиши мумкин.
9. Бўлим фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир қонунчиликни таҳлил қилиш ҳамда такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини таҳлил қилиш ҳамда мазкур йўналишда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатлари билан боғлиқ ахборотларни мониторинг қилиш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича мутахассис ва экспертларнинг билими, кўникмаси ва салоҳиятини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш;
қийноққа солишдан ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаладан ҳамда жазо турларидан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш ҳамда бартараф этиш бўйича Вакил маърузалари, тақдимномалари, хулосалари, таклифлари, тавсияларини кўриб чиқиш якунлари ва натижаларини умумлаштириш;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;
Вакил ўз ваколатларини амалга ошириши учун давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахслари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим ва илмий муассасалар вакиллари ҳамда экспертлар билан ҳамкорлигини таъминлаш.
10. Бўлим Жамоатчилик гуруҳларининг фаолиятини ташкилий, услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни амалга оширади.
11. Бўлим ходимларининг функционал вазифалари Вакил томонидан тасдиқланади. Бўлим ходимларини лавозимга тайинлаш ва уларни лавозимидан озод этиш Вакил томонидан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
12. Бўлимда бўш турган лавозимлар мавжуд бўлган тақдирда, улар пайдо бўлган кундан эътиборан уч кунлик муддатда тегишли ахборот Вакилнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
4-боб. Жамоатчилик гуруҳлари
13. Вакил ўз фаолиятига кўмаклашиш учун жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган аъзолари сони уч нафардан кам ва ўн беш нафардан кўп бўлмаган таркибда Жамоатчилик гуруҳларини тузади.
14. Жамоатчилик гуруҳлари юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган, қоида тариқасида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази экспертлари, ҳуқуқшунослик, тиббиёт, психология, педагогика соҳаларида, шунингдек бошқа соҳаларда касбий ва амалий билимларга эга бўлган мутахассислардан, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибда шакллантирилади.
Жамоатчилик гуруҳларини шакллантиришда гендер тенглиги таъминланади.
15. Жамоатчилик гуруҳлари аъзолигига номзодлар Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия мажлисида муҳокама этилади. Жамоатчилик гуруҳларининг таркиби Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия фикрларини инобатга олган ҳолда Вакилнинг буйруғи билан тасдиқланади.
16. Йигирма беш ёшга тўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Жамоатчилик гуруҳларининг аъзоси бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг:
судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмаган;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган;
наркология ёки психоневрология диспансерида ҳисобда турган;
жиноят содир қилганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган;
жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ёки эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахслар билан яқин қариндошлик муносабатидаги фуқароси Жамоатчилик гуруҳларининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
17. Жамоатчилик гуруҳининг аъзоси қуйидаги ҳолларда мазкур гуруҳ аъзолигидан муддатидан илгари чиқарилади:
Жамоатчилик гуруҳи аъзолигидан чиқариш тўғрисида ўз ихтиёрига кўра ариза берганда;
Жамоатчилик гуруҳлари мажлисларига кетма-кет уч марта узрсиз сабабларга кўра келмаганда;
вафот этганда ёки бедарак йўқолган деб топилганда;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда ёки доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганда;
зиммасига юкланган вазифаларни мунтазам бажармаганда.
18. Жамоатчилик гуруҳининг аъзосини мазкур гуруҳ аъзолигидан муддатидан илгари чиқариш тўғрисидаги буйруқ Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия билан келишилган ҳолда Вакил томонидан чиқарилади.
19. Жамоатчилик гуруҳларининг ваколат муддати уч йил.
Ваколатлари муддати тугагач, Жамоатчилик гуруҳларининг янги таркиби шакллантирилади.
20. Айни бир шахс сурункасига икки мартадан ортиқ Жамоатчилик гуруҳларининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
21. Жамоатчилик гуруҳлари ишининг ташкилий шакли унинг мажлисидир. Жамоатчилик гуруҳларининг мажлиси йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади.
22. Жамоатчилик гуруҳлари:
календарь йил давомида мониторинг ташрифлари ўтказилиши лозим бўлган ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларни Вакилнинг фаолияти режасига киритиш бўйича таклифлар киритади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга ушбу Низомда белгиланган тартибда мониторинг ташрифларини амалга оширади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тузилган хулосани мутасадди вазирлик ва идораларга киритиш учун Вакилга тақдим этади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш ҳамда тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш хавфининг олдини олиш ҳамда бу соҳада илғор хорижий тажрибани жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
Вакил ва унинг минтақавий вакиллари, Бўлим ходимлари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга оширганида ахборот тўплаш ва уни таҳлил қилиш ҳамда эксперт баҳолаш масалалари бўйича методологик базани шакллантиришга ва такомиллаштиришга кўмаклашади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини олдини олиш бўйича экспертлик баҳолаш масалалари юзасидан услубий тавсиялар ишлаб чиқади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларидан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатишда иштирок этади;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганади ва улар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб боради;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасидаги қонунчилик ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар маъмурияти ходимларининг, уларда сақланаётган шахсларнинг билими ҳамда хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этишда ва ўтказишда иштирок этади;
тегишли давлат органларига киритиш учун уларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича тавсиялар ва таклифлар тайёрлашда кўмаклашади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасида қонунлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
хорижий мамлакатларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасидаги тажрибасини ўрганишда, шунингдек уни Ўзбекистон Республикаси шароитида жорий этишда иштирок этади;
Бўлимда тегишли лавозимларга тайинланадиган номзодлар бўйича таклифлар тайёрлайди;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Вакил томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни бажаради.
23. Жамоатчилик гуруҳлари аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолияти учун зарур бўлган ахборотни олиш;
Вакил томонидан берилган махсус йўлланма асосида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга кириш, уларга жойлаштирилган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш, шунингдек, тегишли ҳужжатлар билан танишиш;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари якуни юзасидан таклиф ва тавсияларини ёзма равишда Вакилга бериш;
Жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини ёритиш бўйича оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиш.
24. Жамоатчилик гуруҳларининг аъзоси:
амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиши, шахсларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши;
ушбу Низомга, Вакил томонидан белгиланган Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларининг давлат органлари ва улар мансабдор шахслари билан ўзаро муносабатда бўлиш қоидаларига риоя этиши;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда белгиланган тартибларга риоя этиши;
шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя қилиши;
ўз хулосаларининг тўлиқлиги ва асослилигини таъминлаши;
манфаатлар тўқнашуви юзасидан ўзига маълум бўлган маълумотлар ҳақида зудлик билан Вакилни хабардор қилиш;
Вакилнинг Жамоатчилик гуруҳлари фаолияти масалаларига доир топшириқларини бажариши шарт.
25. Вакил:
Жамоатчилик гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;
Бўлим ходимлари орасидан Жамоатчилик гуруҳларининг масъул котибини тайинлайди;
Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларининг вазифаларини белгилайди;
Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларининг давлат органлари ва улар мансабдор шахслари билан ўзаро муносабатда бўлиш қоидаларини белгилайди;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари якунлари бўйича Жамоатчилик гуруҳларини хабардор қилади;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш соҳасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Жамоатчилик гуруҳлари муҳокамасига киритади;
Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолияти масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритиш учун тайёрланган маърузасини Жамоатчилик гуруҳлари муҳокамасига киритади;
Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларини ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга бориш билан боғлиқ фаолиятга жалб этади.
5-боб. Мониторинг ташрифлари
26. Мониторинг ташрифлари қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга:
Вакил томонидан бевосита;
Бўлим ходимлари, Вакилнинг минтақавий вакиллари, Жамоатчилик гуруҳларининг аъзолари томонидан эса ушбу Низомнинг иловасида келтирилган шаклга мувофиқ бериладиган махсус йўлланма асосида амалга оширилади.
27. Мониторинг ташрифлари ҳар чоракда камида бир маротаба амалга оширилади.
28. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти Вакил, унинг минтақавий вакиллари, Жамоатчилик гуруҳлари ва Бўлим ходимлари зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда сақланаётган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш, шунингдек тегишли ҳужжатлар билан танишиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди.
29. Вакил, унинг минтақавий вакиллари, Жамоатчилик гуруҳлари ва Бўлим ходимларининг хавфсизлиги мониторинг ташрифлари ўтказиладиган муассаса маъмурияти томонидан таъминланади.
30. Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари қонунчиликка зид ҳаракат қилган тақдирда мониторинг ташрифлари ўтказилаётган муассаса маъмурияти раҳбари бу ҳақида Вакилни ёзма равишда хабардор қилади.
31. Мониторинг ташрифлари якунлари бўйича Вакилнинг минтақавий вакиллари, Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ва Бўлим ходимлари томонидан имзоланадиган ҳисобот тайёрланади. Ҳисоботда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда шахсларнинг сақланиш шароитларига доир эксперт баҳоси кўрсатилиши керак. Ҳисобот мазмуни юзасидан фикр-мулоҳазалар ёки қўшимчалар мавжуд бўлган тақдирда, Вакилнинг минтақавий вакиллари, Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ёки Бўлим ходимлари уларни ҳисоботга илова қилиши мумкин.
Мониторинг ташрифлари якунлари юзасидан тузилган ҳисоботлар қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига киритиш учун тайёрланадиган маърузага киритилади.
32. Вакил, унинг минтақавий вакиллари, Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ва Бўлим ходимлари давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни, шунингдек зиммасига юкланган вазифаларни бажариши туфайли ўзларига маълум бўлиб қолган махфий ахборотни ҳамда шахсга доир маълумотни ошкор этмаслиги шарт.
33. Вакил томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ахборот тўплаш ва таҳлил қилиш ёки эксперт баҳолаш топширилган Вакилнинг минтақавий вакиллари, Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ва Бўлим ходимлари ушбу ҳаракатлари учун таъқиб қилиниши ёки уларнинг ҳуқуқлари бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
34. Вакилнинг минтақавий вакилларида, Бўлим ходимида ёки Жамоатчилик гуруҳлари аъзосида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар, яъни шахсий манфаатдорлик (бевосита ёки билвосита) у ўз вазифаларини тегишли даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар юзага келса ёхуд шахсий манфаатдорлик ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган жойларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари (қонуний манфаатлари) ўртасида зиддият юзага келса ёки юзага келиши мумкин бўлса, у бу ҳақда Вакилни дарҳол хабардор этиши шарт. Бундай ҳолда Вакил ўзининг минтақавий вакилини, Бўлим ходимини ёки Жамоатчилик гуруҳлари аъзосини мониторинг ташрифларини амалга оширишдан четлаштиради.
6-боб. Якунловчи қоидалар
35. Жамоатчилик гуруҳларининг фаолиятини ташкилий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Вакилнинг Котибияти томонидан амалга оширилади.
36. Вакил қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир ўз фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва амалий жиҳатларини янада ривожлантириш юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
37. Вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятини моддий ва бошқача тарзда таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда бу Вакил Котибиятининг харажатларида алоҳида сатрда назарда тутилади.
38. Ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан киритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир фаолияти тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА