Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини тартибга солувчи айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 16 июлдаги ПҚ-5186-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 16 июлдаги ПҚ-5186-сон қарорига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида (кейинги ўринларда — Марказ) юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилганлиги, унинг маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва сарфланадиган йўналишлари белгиланганлиги;
Марказ музейи экспозициялари ва кутубхонаси фондини шакллантириш, аҳолидан харид қилинадиган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар ва архив ҳужжатлари, экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, уларнинг ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича экспертлик комиссияси тузилганлиги ҳамда унинг таркиби тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ:
Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари:
хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
ҳомийлик хайриялари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукумат қарорларига мувофиқ ажратиладиган давлат бюджети маблағлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар;
Жамғарма маблағлари сарфланадиган йўналишлар:
илмий адабиётларни яратиш, чоп этиш, ноёб асарлар ва ҳужжатларни харид қилиш орқали Марказ китоб фондини кенгайтириш;
илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш;
ижтимоий, илмий, маънавий ва маърифий тадбирларни ташкил этиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, шунингдек, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни, шу жумладан, хорижий мамлакатларда ташкил қилиш;
Марказ фаолияти учун зарур бўлган мультимедиа ва тармоқ қурилмалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш, Марказ фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;
Жамғармани бошқариш тартиби (Марказ директори Жамғарма маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланиши, Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни назорат қилиш, Жамғарма ҳисоботларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Жамғарма кенгаши фаолиятини ташкил этиш тартиби);
Жамғарманинг ҳисобот бериши тартиби (Жамғарманинг йиллик ҳисоботлари унинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилганидан сўнг ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгаши томонидан тасдиқланиши);
б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициялари ва кутубхонаси фондини шакллантириш, аҳолидан харид қилинадиган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, уларнинг ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича экспертлик комиссияси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Экспертлик комиссиясини соҳанинг таниқли, тажрибали олимлари ва мутахассисларидан иборат таркибда тузиш ва тасдиқлаш;
Экспертлик комиссиясига Марказ директорининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари томонидан раҳбарлик қилиниши;
Экспертлик комиссиясининг жамоатчилик асосида фаолият юритиши;
Экспертлик комиссияси билан боғлиқ барча масалаларнинг ушбу Комиссия аъзоларининг бир йилда икки марта ўтказиладиган йиғилишларида кўриб чиқилиши (навбатдан ташқари йиғилишлар бундан мустасно);
Экспертлик комиссияси томонидан аҳолидан харид қилинадиган ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, баҳолаш ва харид қилиш тартиби;
ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни харид қилишни молиялаштириш манбалари (Марказга ҳар йили мақсадли ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари; Жамғарма маблағлари; ҳомийлик хайриялари, халқаро ташкилотларнинг грантлари; Ислом халқаро ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан тушган ихтиёрий бадаллар; қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар).
3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Марказ, Маданият вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Бадиий академия, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан биргаликда икки ой муддатда миллий ва хорижий тажриба асосида қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар ҳамда архив ҳужжатлари ва экспонатларни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ 2022 йил 1 январдан эътиборан ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар, жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибиятига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Ш. Миноваров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 16 декабрь,
756-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 декабрдаги 756-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:
хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари;
ҳомийлик хайриялари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукумат қарорларига мувофиқ ажратиладиган давлат бюджети маблағлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
4. Қуйидагилар Жамғарма маблағлари сарфланадиган йўналишлар ҳисобланади:
илмий адабиётларни яратиш, чоп этиш, ноёб асарлар ва ҳужжатларни харид қилиш орқали Марказ китоб фондини кенгайтириш;
илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш;
ижтимоий, илмий, маънавий ва маърифий тадбирларни ташкил этиш;
кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, шунингдек, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни, шу жумладан, хорижий мамлакатларда ташкил қилиш;
Марказ фаолияти учун зарур бўлган мультимедиа ва тармоқ қурилмалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш, Марказ фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш.
5. Жамғарма маблағлари Марказнинг қуйидаги харажатларига йўналтирилиши мумкин:
Марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан замонавий ахборот коммуникация технологиялари, илмий лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарлар билан жиҳозлаш, транспорт воситаларини ва бошқа товар-моддий қимматликларини харид қилиш;
илмий тадқиқотлар асосида қомуслар, каталог ва альбомлар, медиа маҳсулотлар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрлаш, қўлёзмалар, тошбосмалар ва китобларни сотиб олиш, таржима қилиш ва чоп этиш;
ислом тарихи ва маданияти билан боғлиқ меросни қайта тиклаш, жумладан, қадимий қўлёзма ва тошбосма асарларни таъмирлаш, қоғоз, китобат, муқовасозлик, хаттотлик санъатини тиклаш ва ислом манбаларини ўрганиш ишларини ташкил этиш;
маҳаллий ва хорижий эксперт ва консультантларни жалб этиш;
ноёб асарлар ва экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, баҳолаш ва харид қилиш бўйича экспертлик комиссияси фаолиятини ташкил этиш, ушбу жараёнга жалб этилган олим ва мутахассисларнинг экспертлик ишларини рағбатлантириш;
Марказнинг Самарқанд қоғози, муқовасозлик ва хаттотликнинг қадимий анъаналарини тиклаш бўйича устахона-лабораторияси фаолиятига жалб қилинган мутахассисларнинг гонорари (иш ҳақи)ни тўлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказнинг Китобат илми мактаби фаолиятини молиялаштириш, шу жумладан, жалб қилинган мутахассисларнинг гонорари (иш ҳақи)ни тўлаш.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги 438-сонли қарорига асосан саккизинчи хатбоши билан тўлдирилган)
6. Жамғарма маблағларини сарфлаш Марказ директори томонидан тасдиқланган ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тегишли ғазна ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
7. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига йил давомида Марказ томонидан белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
4-боб. Жамғармани бошқариш
8. Марказ директори Жамғарма маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади.
9. Жамғарма фаолиятида ва унинг маблағларини тақсимлаш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида Жамғарма кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) ташкил этилади.
Кенгаш аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
Кенгаш иштирок этишнинг ихтиёрийлиги ва Кенгаш ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда унинг барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида шакллантирилади.
Кенгаш, қоида тариқасида, Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат таркибда шакллантирилади.
Кенгаш Марказнинг 7 — 9 нафар масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Кенгашнинг шахсий таркиби, қоида тариқасида, бир йилда бир марта Марказ директори томонидан тасдиқланади.
Марказ директори лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади.
10. Қуйидагилар Кенгаш аъзоларининг вазифалари ҳисобланади:
Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш;
Марказни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини молиялаштириш бўйича Кенгашга таклифлар киритиш;
Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз бериш.
Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашадилар. Бундай қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда, Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.
11. Кенгаш раиси:
Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;
Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;
Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.
12. Кенгаш котиби:
Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;
кун тартиби масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳасидан хабардор қилади;
Кенгаш қарорлари бажарилиши мониторингини юритади;
Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.
Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.
13. Кенгаш ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказади.
14. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда, Кенгаш раиси ўринбосари бошқаради.
15. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ўтказилган ҳисобланади.
16. Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, мутахассислари ва бошқа ходимлари таклиф этилиши мумкин.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 5 сентябрдаги 565-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.09.2025 й., 09/25/565/0807-сон)
18. Кенгаш қарори унинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва Марказ директорининг буйруғи асосида амалга оширилади.
19. Кенгаш:
ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади.
20. Марказнинг Молия-ҳисоб бўлими Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
21. Ишчи орган:
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;
даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;
ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.
5-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва фойдаланишни ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш
22. Жамғарманинг маблағларини шакллантириш ва фойдаланишни ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш ишчи орган томонидан амалга оширилади.
23. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили январь ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади.
24. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилиши юзасидан давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
25. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
26. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 декабрдаги 756-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициялари ва кутубхонаси фондини шакллантириш, аҳолидан харид қилинадиган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, уларнинг ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича экспертлик комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициялари ва кутубхонаси фондини шакллантириш, аҳолидан харид қилинадиган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, уларнинг ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш бўйича экспертлик комиссиясининг (кейинги ўринларда — Экспертлик комиссияси) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Экспертлик комиссияси жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.
3. Экспертлик комиссияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
4. Экспертлик комиссияси ўз фаолиятини ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда амалга оширади.
2-боб. Экспертлик комиссиясининг асосий вазифалари
5. Қуйидагилар Экспертлик комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
аҳоли томонидан тақдим этилган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, архив ҳужжатлари ва экспонатларни (кейинги ўринларда — ноёб ёзма манбалар ва экспонатлар) пухта таҳлил қилиш, саралаш, ноёблигини аниқлаш ва уларни аниқ мезонлар (шу жумладан, манбаларнинг қадимийлиги, ҳақиқийлиги, ягоналиги, тўлиқлиги, илмий аҳамияти, бадиий жиҳатлари, атрибуткаси ва бошқалар) асосида баҳолаш;
аҳолида сақланаётган ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни ўрганиш бўйича соҳа олимлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда ҳудудларга илмий экспедициялар ташкил қилиш;
аҳолида сақланаётган ноёб ёзма манбалар ва экспонатлар ҳисобидан Марказ музейи ва кутубхоналари фондини янада бойитишга қаратилган ишларни тизимли йўлга қўйиш ва тарғибот ишларини амалга ошириш.
3-боб. Экспертлик комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6. Экспертлик комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
аҳолида сақланаётган ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни аниқлаш, улар тўғрисида маълумотлар йиғиш ва бу жараёнда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш;
аҳоли томонидан тақдим этилган ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни ҳар томонлама пухта ўрганиш, таҳлил қилиш, саралаш ҳамда баҳолаш жараёнларини ташкил этишда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйиш;
ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни баҳолаш учун зарур ҳолларда мустақил баҳоловчи ташкилотларни ҳамда соҳанинг тажрибали мутахассисларини жалб этиш;
ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни харид қилиш билан боғлиқ ҳомийлар маблағларини жалб этиш жараёнларида фаол иштирок этиш;
ўз ташаббуси билан Экспертлик комиссиясига маълумотларни, шунингдек, музей ва кутубхоналарга ноёб ёзма манба ва экспонатларни сақлаш учун тақдим этган жисмоний ва юридик шахсларни моддий рағбатлантириш бўйича тегишли ташкилотларга тавсиялар киритиш;
ноёб ёзма манбалар ва экспонатлар эгалари ўзларига тегишли бўлган манбаларни сотишни рад этган тақдирда, бу манбалардан нусха олиш тўғрисида улар билан шартнома тузиш юзасидан Марказга таклифлар киритиш.
Экспертлик комиссияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
7. Экспертлик комиссияси:
мазкур Низом талабларига риоя қилиши;
аҳоли томонидан тақдим этилган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, архив ҳужжатлари ва экспонатларни баҳолашда илмийлик, холисоналик, ҳаққонийлик, шаффофлик тамойилларига асосланиши;
аҳолидан харид қилинадиган қўлёзма, тошбосма, босма асарлар, тарихий ҳужжатлар, экспонатларнинг ноёблигини тегишли ташкилотларнинг қўшма қарори билан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида аниқлаш, баҳолаш ва харид нархи бўйича асосланган хулосалар бериши;
ўз фаолияти натижадорлиги юзасидан илмий ва таҳлилий ахборотлар тайёрлаши, амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиб бориши зарур.
Экспертлик комиссияси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
4-боб. Экспертлик комиссияси фаолиятини ташкил этиш
8. Экспертлик комиссияси соҳанинг таниқли, тажрибали олимлари ва мутахассисларидан иборат таркибда тузилади ҳамда таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида тасдиқланади.
9. Экспертлик комиссиясига, қоида тариқасида, Марказ директорининг илмий-тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари раислик қилади.
10. Экспертлик комиссиясига самарали фаолият юритиши, аҳолидан келиб тушган ноёб манбаларни ва экспонатларни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиши учун Марказда зарур шарт-шароитлар яратилади.
11. Экспертлик комиссияси фаолияти билан боғлиқ барча масалалар ушбу Комиссия аъзоларининг бир йилда икки марта ўтказиладиган йиғилишларида кўриб чиқилади, навбатдан ташқари йиғилишлар бундан мустасно.
12. Экспертлик комиссиясининг ҳар бир масала бўйича қарори алоҳида овоз бериш йўли билан кўпчилик маъқуллаган ҳолда қабул қилинади.
13. Экспертлик комиссияси қарори овоз бериш жараёнида ушбу Комиссия аъзоларининг 70 фоизи иштирок этган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади.
Овозлар тенг бўлиб қолганда, Экспертлик комиссияси раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлади.
14. Экспертлик комиссияси фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни юритиш, сақлаш, шунингдек, йиғилиш баённомалари ва бошқа тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда тегишли ташкилотларга ахборот тақдим этиш ишлари Экспертлик комиссияси котиби томонидан амалга оширилади.
15. Экспертлик комиссияси амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботни доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилиб боради.
5-боб. Аҳолидан харид қилинадиган ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни таҳлил қилиш, саралаш, баҳолаш ва харид қилиш тартиби
16. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан Экспертлик комиссиясига тақдим этилган ноёб ёзма манбалар ва экспонатлар, улар тақдим этилган кундан бошлаб уч ойгача муддатда Экспертлик комиссияси томонидан таҳлил қилинади ва баҳоланади.
17. Эксперт комиссияси манбаларни баҳолаш натижалари ва уларни харид қилиш қиймати бўйича хулосаларни ҳамда расмийлаштирилган ҳужжатларни (қарорлар, баённомалар) ўн кун муддатдан кечиктирмаган ҳолда Марказга тақдим этади.
18. Экспертлик комиссияси ўзи тақдим этган якуний хулоса ва ноёб манбаларнинг рўйхати ҳаққонийлиги бўйича жавобгар ҳисобланади.
19. Экспертлик комиссияси хулосалари ва тақдим этилган ҳужжатлар асосида ноёб ёзма манбалар ва экспонатлар эгалари билан Марказ ўртасида қонунчилик талабларига мувофиқ олди-сотди шартномаси тузилади.
20. Шартномага асосан харид қилинаётган ноёб ёзма манбалар ва экспонатлар Марказ музейи ёки кутубхонасининг сақлаш бўлимига далолатнома асосида қабул қилинади ҳамда шартномада белгиланган маблағ эгаларига тўлаб берилади.
6-боб. Ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни харид қилиш харажатларини молиялаштириш
21. Қуйидагилар ноёб ёзма манбалар ва экспонатларни харид қилиш ҳамда Экспертлик комиссияси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Марказга ҳар йили мақсадли ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
халқаро ташкилотларнинг грантлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7-боб. Якунловчи қоидалар
22. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
23. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 декабрдаги 756-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
2022 йил 1 январдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 325-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 2 августдаги 572-сон қарорида:
а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«2. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) раҳбар ва бошқарув ходимларининг (илмий йўналишдаги бўлимлар ва Ахборот-мультимедиа бўлимидан ташқари) базавий лавозим маоши миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий ташкилотларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги 366-сон қарорига 30-иловада келтирилган тегишли лавозимлар учун белгиланган миқдорларга мувофиқ белгиланади;
«реставратор», «ишлов берувчи» лавозимлари ҳамда техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга (Ахборот-мультимедиа бўлимидан ташқари) эса ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари 1,5 баравар оширилган ҳолда қўлланилади»;
б) 1-илова (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази устави)нинг 28-бандидаги «даромад» сўзи «фойда» сўзи билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.12.2021 й., 09/21/756/1171-сон; 08.05.2023 й., 09/23/193/0260-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон; 06.09.2025 й., 09/25/565/0807-сон)