Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН САНОАТ ВА ХЎЖАЛИК ҚУРИЛИШИ («ЎЗСАНОАТХЎЖАЛИКҚУРИЛИШ») ДАВЛАТ КОРПОРАЦИЯСИНИНГ УСТАВИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамасининг 1997 йил 30 январдаги 56-сон қарорига «Ўзбекистон Республикaси Ҳукуматининг баъзи қарорларини ўзгартириш ва ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиш («Ўзсаноатқурилиш») давлат корпорациясининг илова қилинаётган Устави тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 3 май,
197-сон
Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиш («Ўзсаноатқурилиш») давлат корпорациясининг
УСТАВИ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиш давлат корпорацияси (бундан кейин матнда «корпорация» деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиш («Ўзсаноатқурилиш») давлат корпорациясини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган, давлат бошқаруви органи ҳуқуқлари берилган хўжалик ташкилоти ҳисобланади ва ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон саноат ва хўжалик қурилиш («Ўзсаноатқурилиш») корпорациясини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари» деб номланган 1993 йил 14 январдаги 33-сон қарорига мувофиқ амалга оширади. Корпорация қурилишни ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа барча фаолият турларини таъминловчи, мулкчиликнинг барча шаклларидаги қурилиш ташкилотларини, қурилиш индустрияси корхоналарини, транспорт, лойиҳа-конструкторлик ва бошқа ташкилотларни (бундан кейин матнда «қатнашчилар» деб аталади) ихтиёрий асосда ва акциялаш принциплари бўйича бирлаштиради.
2. Корпорация юридик шахс ҳисобланади, банк муассасаларида ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа ҳисобларга эга бўлади. Агар таъсис шартномасида бошқа ҳоллар кўзда тутилмаган бўлса, у судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин. Корпорация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари, таъсис конференциясида қабул қилинадиган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган корпорация Устави асосида амалга оширади.
Корпорациянинг Ўзбекистон Республикаси Герби тасвири туширилган, ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳри, бурчакли ва бошқа штамплар бўлади.
3. Корпорация:
давлат ва таъсисчилар томонидан ўзига берилган ҳуқуқларни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқариш-хўжалик, молиявий фаолият ва ижтимоий ривожланиш масалаларини мустақил ҳал қилади. Тўлиқ хўжалик ҳисоби ва ўзини-ўзи бошқариш принциплари асосида ишлайди, марказлашган инвестиция, суғурта ва бошқа жамғармаларни тузади;
пудрат ишларининг режалаштирилган дастури учун давлат томонидан ажратиладиган моддий-техника ресурсларининг фонд эгаси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан илгари тузилган барча шартномалар, қабул қилинган мажбуриятлар бўйича жавоб беради;
Бевосита корпорация таркибига кирувчи бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотларнинг давлат мулкини бошқаради, уларни давлат тасарруфидан чиқаришда, хусусийлаштиришда ва акционерлик жамиятларига айлантиришда белгиланган тартибда қатнашади.
4. Корпорация Тошкент шаҳар, Пролетар кўчасидаги 17-уйда жойлашган.
II. Корпорациянинг асосий вазифалари
1. Қуйидагилар корпорациянинг асосий вазифалари:
Корпорацияга кирувчи барча корхона ва ташкилотларнинг саноат ва хўжалик объектларини қуриш, қурилиш машиналари, механизмлари, транспорт воситалари ва махсус асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш, ишлатиш ва таъмирлашга доир фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
умумтармоқ аҳамиятига эга илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этиш ва ўтказиш, уларнинг натижаларини тайёрлаш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш;
бозор муносабатларини инвестиция соҳасига кенг жорий қилиш, пудрат ишлари бозорини барпо этиш, қурилиш ишлаб чиқаришининг прогрессив иқтисодий шаклларига ўтиш, қурилиш индустриясининг давлат пудратчи қурилиш ташкилотлари ва корхоналарини мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш.
2. Корпорация:
Ўзбекистон Республикасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг капитал қурилиш соҳасидаги узоқ даврга мўлжалланган асосий йўналишлари лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади;
қатнашчи ташкилотлар билан биргаликда буюртмачи вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар талабномалари асосида ишлаб чиқариш қувватларини ва объектларни, уй-жойлар ва бошқа ижтимоий мақсадлардаги объектларни, ишга тушириш бўйича, шунингдек, келгуси даврда бажарилиши керак бўлган пудрат ишлари ҳажмлари бўйича таклифларни тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;
корпорация қурилиш-монтаж ишларининг дастурини шакллантиради;
ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларни, уй-жойлар ва бошқа ижтимоий мақсадлардаги объектларни ишга тушириш бўйича, пудрат ишлари, бинокорлик материаллари, деталлар ва конструкциялар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва бошқа топшириқлар бўйича тасдиқланган дастурларни қатнашчи ташкилотлар ва корхоналарга ўз вақтида етказишни амалга оширади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади.
3. Корпорация қуйидагиларни амалга оширади:
Бўлинмаларнинг компьютерлаштириш, ҳисоблаш техникасининг тармоқ ва маҳаллий шохобчаларини яратиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
Лойиҳа ечимларини такомиллаштириш ишларини мувофиқлаштириш, дастлабки лойиҳа ечимларини келишиб олиш,лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ишларини амалга ошириш;
Қурилиш ва қурилиш конструкцияларини ишлаб чиқаришнинг инвестицион циклни тубдан қисқартиришни таъминловчи янги технологияларини ишлаб чиқиш;
Объектларни лойиҳалаш ва қуриш масалаларидаги илғор тажрибани ўрганиш ва оммалаштириш;
Хорижий шериклар ва МДҲ мамлакатларнинг объектларини лойиҳалаш, қуриш, шунингдек, индустрия корхоналари томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш масалаларидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш;
Янги самарали технологик жараёнларни ва асбоб-ускуналарни жорий этиш, маҳаллий хом ашё ресурслари базасидан фойдаланиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг техникавий даражасини ошириш ва уларнинг рақобатбардошлилигини кўтариш асосида бинокорлик материаллари чиқаришни ташкил этиш соҳасидаги техника сиёсатини ўтказишда қурилиш индустрияси корхоналарига кўмаклашиш;
Корпорация қурилиш индустрияси корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантиришнинг иқтисодий, техникавий ва экологик жиҳатдан мақсадга мувофиқ йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиш;
Корпорация қатнашчиларининг ишлаб чиқариш базаларини қайта қуришда ва техника билан қайта қуроллантиришда амалий ёрдам кўрсатиш;
Бинокорлик материаллари ва конструкциялари, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар етказиб берувчилар билан тўғридан-тўғри шартномавий муносабатлар ўрнатишда қатнашчиларга кўмаклашиш;
Корпорация корхоналари ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга нархларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Қатнашчиларнинг тадбиркорлик ва ташқи иқтисодий фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ва амалга оширишда уларга амалий ёрдам кўрсатиш.
4. Корпорация:
Бошқа давлатларда шериклар билан масъулияти чекланган қўшма корхоналар ва жамиятлар барпо этишда;
Хўжалик фаолиятини энг самарали юритиш, энг кўп фойда олиш, молия кредит механизмини такомиллаштириш, хом ашё, материал, энергетика ҳамда меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва шу асосда тармоқни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришни жадаллаштириш учун корпорация қатнашчиларининг биргаликдаги куч-ғайратлари билан шарт-шароитлар яратишда;
Бозор иқтисодий алоқалари шароитида давлат манфаатлари билан оқилона уйғунлаштиришни таъминловчи янги иқтисодий ва ҳуқуқий муносабатларга асосланган самарали бошқарув тизимини яратишда;
Корпорация қатнашчиларнинг корхоналарида ва ташкилотларида амалдаги қонун ҳужжатларини тўғри қўлланишини таъминлашда;
Корпорация кадрларини тайёрлаш (мутахассисларни ўқитиш, малакасини ошириш ва тажрибасини орттириш) тизимини бошқаришда қатнашади.
5. Корпорация ўз қатнашчиларига:
Халқ истеъмол моллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ва ривожлантиришда ҳамда пулли хизматлар кўрсатишни амалга оширишда;
Товар, фонд, валюта бозорларида ва биржаларда, қийматли қоғозлар бозорларида аъмолларини ўтказишда, экспорт-импорт ва бошқа битишувларни амалга оширишда, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа фаолият турларини рўёбга чиқаришда кўмаклашади.
6. Корпорация муҳим халқ хўжалиги қурилишлари бўйича вазирликлар, идоралар, концернлар даражасида асосий контрактлар тузилиши мумкин.
III. Корпорация ва унинг қатнашчилари функциялари
1. Корпорация:
Корпорация қатнашчиларининг мунтазам фойдаланилишда бўлган давлат мулкини, корпорацияга кирувчи акционерлик жамиятлар ва компанияларнинг давлатга тегишли акцияларини «Ўздавжамғарма» томонидан ўзига берилган ҳуқуқлар асосида тасарруф қилади ва бошқаради;
давлатга тегишли акциялар пакетларига мувофиқ акционерлик жамиятлари фаолиятини бошқариш бўйича «Ўздавжамғарма» томонидан ўзига берилган ҳуқуқни амалга оширади;
давлатга тегишли бўлган ва шартнома асосида давлат мулки жамғармаси томонидан берилган акциялар бўйича дивидентларнинг бир қисмидан акционерлик жамиятларни ва умуман корпорацияни ривожлантириш учун фойдаланилади;
ўз акционерларини мажбуриятлари учун жавоб бермайди, акционерлар ҳам корпорация мажбуриятлари учун жавоб беришмайди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида Ўзбекистон Республикаси ҳамда тегишли мамлакатларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик жамиятлари ва ширкатлар тузиши ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши мумкин.
2. Корпорация таркибига кирувчи акционерлик юридик шахслар ҳисобланадилар ва корпорация мажбуриятлари учун жавоб бермайдилар.
3. Корпорация ўзининг давлат буюртмасидан ташқари фаолияти йўналиши бозор конъюнктурасига мувофиқ мустақил равишда белгилайди.
4. Корпорация берилган ҳуқуқларга мувофиқ, белгиланган тартибда:
объектларни тўлиқ қуриб топшириш ва қонунчиликка зид бўлмаган бошқа фаолиятларни амалга ошириш учун маблағларни жамлаш мақсадида корпорация тузилмасида инвестиция банкини ва суғурта жамғармасини ташкил қилади;
корпорация ҳузурида, корпорация таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларни давлат тасарруфидан чиқариш ва ҳусусийлаштиришдан бюджетга ўтказилган маблағларнинг 10 фоизини давлатга тегишли акциялар бўйича олинадиган ва «Ўздавжамғарма» томонидан жамғарма томонидан шартнома асосида берилган дивидентларнинг бир қисмини корпорацияга ўтказиш ҳисобига, қурилиш машиналари, асбоб-ускуналар ва материалларнинг рақобатбардошли турларини ишлаб чиқариш, қўшимча ишчи ўринлари ташкил қилиш, бўшаб қолган ходимларни қайта ўқитиш учун инвестиция жамғармасини тузади;
корпорация корхона ва ташкилотларида амалдаги қонунчиликни бажаришда ёрдам кўрсатади, зарурият бўлганда уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади;
буюртмачилар ва давлат бошқарув органлари билан биргаликда давлат буюртмасидаги объектларни қуриш дастурини ишлаб чиқишда, пудрат ишлари дастури учун моддий-техника ресурслари ва саноат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни аниқлашда қатнашади;
корпорация қатнашчиларининг ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади, шунингдек, корпорациянинг акционер қатнашчилари томонидан улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича шошилинч чора-тадбирлар кўради;
марказлашган капитал маблағлар ҳисобига қурилаётган, қиймати 6 млн сўмгача бўлган ҳамда корхоналар ҳисобига қурилаётган, қиймати 9 млн сўмдан кўп бўлган (1991 йилги нархларда) корхоналарни капитал қуриш ва қайта қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашни амалга ошириш.
5. Корпорация давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, ҳокимликларда, вазирликларда, идораларда, давлат қўмиталарида, давлат концернларида, уюшмаларида ва бошқа ташкилотлар ва корхоналарда (шу жумладан, бошқа мамлакатларнинг ҳам) қатнашчи акционернинг манфаатларини ифода қилади.
6. Корпорация қатнашчилари зарурат бўлганда корпорация Кенгаши ва бошқарувига кўриб чиқиш учун корпорация фаолиятига доир масалалар бўйича таклифлар киритадилар ҳамда уларнинг мажлисларида ушбу масалаларни муҳокама қилишда қатнашадилар.
7. Корпорация қатнашчилари:
корпорация вазифаларига мувофиқ равишда ишлаб чиқариш-хўжалик ва бошқа фаолиятларни амалга оширадилар;
корпорация Уставига амал қиладилар, корпорация билан тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларни, корпорация Кенгаши раисининг кўрсатмалари ва буйруқларини бажарадилар;
корпорация олдида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаганлик учун моддий жавоб берадилар.
IV. Корпорациянинг мулки, маблағлари ва жамғармалари
1. Қуйидагилар корпорация мулкини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
давлат томонидан бериладиган мулклар;
маҳсулотларни сотишдан, хизмат кўрсатишдан, шунингдек, корпорация фаолиятини бошқа турларидан олинадиган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ва хайрия бадаллари ва ажратмалари;
қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
2. Корпорациянинг устав жамғармаси корпорация таркибига кирувчи бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижасида ҳосил бўладиган акционерлик жамиятлари давлатга тегишли акцияларининг 60 фоизи, шунингдек, бошқа манфаатдор шахсларнинг пайлари ҳисобига ташкил топади.
Таъсисчиларнинг устав жамғармасига қўшадиган улушлари пул маблағлари (сўм ва хорижий валюта), мулкларнинг ҳар хил турлари (бинолар, иншоотлар, машиналар, механизмлар, хом ашё, ёқилғи ва бошқа моддий бойлик), қийматли қоғозлар, бошқа мулкий улушлар ҳолида бўлиши мумкин.
Сўмларда ва амалдаги нархларда баҳоланган улуш таъсисчининг корпорация устав жамғармасидаги ҳиссасини ташкил қилади.
Корпорация ҳар бир қатнашчисининг улуш ва бадаллари миқдорлари, таркиби уларни тўлаш тартиби таъсис шартномалари ёки бошқа шартномалар билан белгиланади.
3. Бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотлар:
очиқ хилдаги акционерлик жамиятларига айлантирилганида давлатга тегишли акциялар улуши 51 фоизни ташкил қилади;
ёпиқ хилдаги давлат-акционерлик компанияларига айлантирилганда давлатга тегишли акциялар улуши 55 фоизни, компанияга кирувчи меҳнат жамоалари акциялари улуши 25 фоизни корпорациянинг қолган қатнашчилари акциялари улуши 20 фоизни ташкил қилади.
4. Корпорация кенгашининг қарори билан марказлаштирилган жамғармалар, шу жумладан, инвестиция суғурта, валюта жамғармалари ва бошқа жамғармалар тузилади.
Уларнинг таркиби, мақсади, миқдори ва фойдаланиш тартиби корпорация кенгаши томонидан белгиланади.
5. Марказлаштирилган жамғармалар қатнашчилар томонидан фойданинг бир қисмини ажратиш йўли билан, шунингдек, корпорациянинг мақсадли вазифаларини бажариш учун инвесторлардан олинган бадаллар ҳисобига ташкил топади.
V. Корпорацияни бошқариш
1. Қатнашчилар вакилларидан тузиладиган корпорация Кенгаши уни бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади. Кенгаш таркибига корпорация раҳбарлари, қатнашчи корхоналарнинг биринчи раҳбарлари, корпорация аппарати айрим бошқармаларнинг бошлиқлари киради.
Кенгаш мажлислари йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади, мажлислар уларда Кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми қатнашган тақдирда тўла ҳуқуқли бўлади.
Кенгаш корпорация фаолиятига тааллуқли бўлган барча масалаларни ҳал қилади.
Кенгаш қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва агар улар учун мажлисда жами қатнашганларнинг кўпчилиги, лекин жами аъзоларнинг камида 50 фоизи овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.
Корпорация кенгаши қабул қилган ҳужжатлар корпорация Кенгаш раиси имзолайдиган қарор билан расмийлаштирилади.
Кенгаш фаолияти корпорация кенгаши тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.
2. Корпорация Кенгаши:
корпорация бошқаруви раисини ва унинг ўринбосарларини сайлайди, бошқарув раиси айни бир вақтда лавозимига кўра корпорация кенгашининг раиси ҳисобланади. Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади:
корпорация бошқарувини сайлайди;
корпорация Уставига ўзгаришлар ва қўшимчалар киритади;
марказлаштирилган жамғармалар тузади;
қатнашчиларни корпорацияга қабул қилиш ва ундан чиқариш масалаларини ҳал этади;
корпорация қатнашчиларини ишлаб чиқариш, илмий-техникавий, хўжалик ва ижтимоий-маиший фаолиятини асосий йўналишлари ва дастурларини тасдиқлайди;
корпорация ҳамда унинг қатнашчилари аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайди.
3. Бошқарув раиси:
Кенгаш қарорини амалга оширади ва яккабошлик принциплари бўйича ишлайди, ишларни ташкил қилади ва корпорация фаолиятини пировард натижалари учун шахсан жавоб беради, қатнашчи ташкилотлар билан шартномалар тузиш йўли билан уларнинг биринчи раҳбарларини ва бош бухгалтерларини танлаш ва жой-жойига қўйишни амалга оширади. Тузилган шартномаларда томонларнинг ҳуқуқ ва вазифалари, пировард натижаларга эришишга боғлиқ бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-маиший шароитлари келишиб олинади;
корпорация қатнашчилари томонидан берилган ҳуқуқлар доирасида, корпорация қатнашчиларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва кўрсатмалар чиқаради;
корпорация аппарати ходимлар билан меҳнат муносабатларини шартнома асосида ўрнатади;
марказий аппарат тузилмасини, штатларини, уни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди ҳамда корпорация аппарати ходимларини мукофотлаш ва рағбатлантириш тизимини белгилайди.
4. Корпорация бошқаруви:
корпорация Кенгаши мажлислари ўртасидаги даврда унинг фаолиятига раҳбарлик қилади ва корпорацияга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун жавоб беради;
ўзининг мунтазам ўтказиладиган мажлисларида корпорация вазифаларини хал этиш, Кенгаш қарорларини амалга ошириш, ягона техника сиёсатини ўтказиш, лойиҳа-смета ишларини, техникавий нормалаштириш ва стандартлашни такомиллаштириш, қурилиш ва саноат ишлаб чиқариши, меҳнат унумдорлигини ошириш, тасарруфидаги ташкилотлар ва корхона фаолиятини яхшилаш билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқади.
корпорация бошқаруви фаолияти, унинг мажлислари тартиби, ҳужжатлар қабул қилиш ва қарорлар чиқариш бошқарув томонидан тасдиқланадиган бошқарув иш тартибига мувофиқ амалга оширилади.
5. Ижро этувчи аппарат:
корпорациянинг ижро этувчи аппарати корпорация Кенгаши бошқаруви ва раиси қарорларининг бажарилишини таъминлайди.
Ижро этувчи аппарат ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари ёллашнинг муайян тизими билан белгиланади.
Ижро этувчи аппарат корпорация фойдасидан ажратмалар ҳисобига, корпорация Кенгаши томонидан тасдиқланган смета доирасида маблағ билан таъминланади.
Ижро этувчи аппарат ўртача иш ҳақининг ўсиш суръати умуман корпорация бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг ўсиш суръатига мувофиқ бўлиши керак.
Ижро этувчи аппаратнинг айрим вазифалари алоҳида шартномалар ёки битимлар бўйича ёлланган ходимлар томонидан бажарилади.
VI. Корпорацияда ҳисобга олиш ва ҳисобот ишлари
1. Корпорация натижаларининг йиғма ҳисобини, ишлаб чиқаришнинг боришини назорат қилишни амалга оширади, оператив, бухгалтерия ва статистик ҳисобни юритади.
2. Корпорация қатнашчилари ҳар ойда корпорацияга юқори органлар томонидан белгиланган статистик ҳисоботни, йилнинг ҳар чорагида бухгалтерия ҳисоботини, шунингдек, қурилиш ва саноат ишлаб чиқаришини оператив бошқаришни амалга ошириш учун корпорация хизматига зарур бўлган ахборотларни тақдим этишга мажбурдир.
3. Корпорация бухгалтерия, оператив статистик ҳисобга олиш ва ҳисобот ишлари Ўзбекистон Республикаси юқори органларининг йўриқнома ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади.
VII. Корпорация фаолиятини тўхтатиш
1. Корпорация фаолияти амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ вакил қилинган органларнинг қарорига биноан тўхтатилиши мумкин.
2. Корпорация қайта тузилганда унинг барча ҳуқуқ ва вазифалари корпорациянинг ҳуқуқий ворисига ўтади.
3. Корпорацияни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган орган тугатиш комиссиясини тайинлайди.
4. Тугатиш комиссияси мавжуд мулкларни баҳолайди, тугатиш балансини тузади ва уни корпорация қатнашчиларига тақдим этади.
5. Корпорациянинг пул маблағлари, шу жумладан, тугатиш вақтида мулкларни сотишдан тушган маблағлар, ижро этувчи аппарат ходимлари билан ҳисоб-китоб қилингандан ҳамда банклар, бюджет ва бошқа кредиторлар олдидаги мажбуриятлар бажарилгандан кейин, комиссия томонидан, конференция белгиланган тартибда, корпорация қатнашчилари ўртасида тақсимланади.
6. Корпорация давлат томонидан рўйхатига олиш Реестрдан чиқарилган вақтдан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатади.