Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Осиё тараққиёт банки иштирокида «Андижон шаҳри канализация тизимини қуриш ва реконструкция қилиш. Жиззах ва Хоразм вилоятлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидаги аҳоли пунктларининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах ва Хоразм вилоятлари аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектларини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш даражасини янада ошириш ҳамда Андижон шаҳрида санитария шароитларини яхшилаш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
2009 йил 29 сентябрда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Директорлар кенгаши Ўзбекистон Республикасининг сув таъминоти ва санитария лойиҳаларини амалга ошириш учун умумий суммаси 300 млн АҚШ доллари миқдоридаги кўп траншли молиялаштириш дастурини ва 2011 йил 7 декабрда «Андижон шаҳрининг канализация тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш. Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги аҳоли пунктларининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида;
кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши эквивалентда 14,5 млн. АҚШ долларини, шу жумладан солиқ ва божхона имтиёзлари бериш тарзида 11,45 млн. АҚШ долларини ташкил этади;
лойиҳани амалга ошириш даври 5 йил (2012 — 2016 йиллар) этиб белгиланган.
2. Белгилансинки:
Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Андижон, Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга ошириш, Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул бўлган ижро этувчи органлар ҳисобланади;
инвестиция даврида (2012 — 2016 йиллар) қарз бўйича фоизларни тўлаш Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.;
инвестиция давридан кейин (2016 йилнинг II ярим йиллигидан бошлаб) лойиҳа доирасида қарзни қайтариш ва фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Андижон, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси сув таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
3. Ваколат берилсин:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Ўзбекистон Республикаси номидан Осиё тараққиёт банки билан қарз битимини ва Ўзбекистон Республикаси билан Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ўртасида Осиё тараққиёт банки қарзини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзоласин;
Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директори Осиё тараққиёт банки билан лойиҳа битимини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан субқарз битимларини имзоласин;.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги қарз битими;
Ўзбекистон Республикаси билан Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ўртасида Осиё тараққиёт банки қарзини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимга розилик берилсин.
5. Тасдиқлансин:
«Андижон шаҳрининг канализация тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш. Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли пунктларининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳаси 1-иловага*;
«Андижон шаҳрининг канализация тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш» сублойиҳаси ТИАсининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари 2-иловага* мувофиқ;
«Жиззах вилоятининг Зафаробод ва Арнасой туманлари туман марказлари ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги «Қўйтош» сув олиш иншоотлари, СИУ ва тармоқларини реконструкция қилиш» сублойиҳаси ТИАсининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари 3-иловага*;
«Хоразм вилоятида аҳоли пунктларининг сув таъминотини яхшилаш» сублойиҳаси ТИАсининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари 4-иловага* мувофиқ;
«Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли пунктларининг сув таъминотини яхшилаш» сублойиҳаси ТИАсининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари 5-иловага* мувофиқ;
«Андижон шаҳрининг канализация тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш. Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли пунктларининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳаси 6-иловага*.
* Иловалар рус тилидаги матнда берилган.
6. Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Андижон, Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари зиммасига:
лойиҳа бўйича тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
сув истеъмолчиларини, берилаётган ва сотилаётган сув ҳажмларини доимий равишда хатловдан ўтказишни ташкил этиш;
сув истеъмолчиларига ҳисоб-китобларни ҳисоблаш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган биллинг тизимини йўлга қўйиш;
дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш, сув таъминоти ташкилотларининг лойиҳа параметрлари ва молиявий барқарор ишлаш индикаторларини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш;
субқарз битимлари шартларига мувофиқ Осиё тараққиёт банки қарзи бўйича асосий қарзни қайтариш ва фоизларни тўлаш учун зарур маблағларнинг лойиҳа минтақалари сув таъминоти ташкилотлари томонидан ўз вақтида жамланиши устидан назоратни амалга ошириш.
7. Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда:
кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишга йўналтириладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин;
Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ҳузуридаги Осиё тараққиёт банки лойиҳаларини мувофиқлаштириш гуруҳига лойиҳани бошқариш функцияларини юкласин, штат жадвалини ва ҳар йилги молиялаштириш сметаларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан албатта келишиб олсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқаро молия институтлари, ташкилотлари ва донор мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш, йирик ва стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича идоралараро кенгаш (Р.С. Азимов):
кўрсатилган лойиҳани амалга ошириш доирасида товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш бўйича тендер комиссияси таркибини тасдиқлаш;
лойиҳани амалга оширишнинг боришини мунтазам равишда кўриб чиқиш ва, зарурат бўлганда, унинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги 2013 йилдан бошлаб ҳар йилги инвестиция дастурларини шакллантиришда кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссасини маблағ билан таъминлашни назарда тутсинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2016 йилдан бошлаб келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини шакллантиришда республика бюджети параметрларида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах ва Хоразм вилоятлари сув таъминоти ташкилотларининг ушбу мақсадларга йўналтириладиган ўз маблағларига қўшимча равишда Осиё тараққиёт банки қарзи бўйича фоизларни тўлаш, асосий қарзни қайтариш учун маблағларни назарда тутсин..
11. Кўрсатиб ўтилган лойиҳа доирасида Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар), шу жумладан транспорт воситалари божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари), қўшилган қиймат солиғи, давлат мақсадли жамғармаларига, бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлардан озод қилинсин.
Кўрсатиб ўтилган имтиёзларнинг амал қилиши ушбу лойиҳани амалга ошириш учун йўналтириладиган Ўзбекистон Республикаси маблағлари ҳисобига харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) га татбиқ этилсин..
Белгилансинки, кўрсатиб ўтилган имтиёзлар берилиши натижасида бўшайдиган маблағлар суммаси Ўзбекистон Республикасининг мазкур лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссаси ҳисобланади.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин..
13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлигининг буюртманомалари бўйича кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинча рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин, уларни давлат божлари тўлашдан озод қилсин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин..
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 15 февраль,
ПҚ-1707-сон