Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 150-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг иштирокини ошириш ҳамда уларнинг давлат бошқаруви органлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 14 апрель,
219-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 219-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 7-банднинг иккинчи хатбошисидаги «давлат бошқаруви бошқа органлари» сўзларидан кейин «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари» сўзлари қўшилсин.
2. 33-бандда:
а) биринчи хатбошидаги «манфаатдор вазирликлар ва идоралар» сўзларидан кейин «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари» сўзлари қўшилсин;
б) қуйидаги мазмундаги ўн учинчи хатбоши қўшилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан — ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллий давлат дастурларига оид лойиҳалар»;
в) ўн учинчи-ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича ўн тўртинчи-ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.04.2020 й., 09/20/219/0430-сон)