ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ КИНОКОМПАНИЯСИ («ЎЗДАВКИНОКОМПАНИЯ») ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 июлдаги 247-сонли «Ўзбеккино» давлат акционерлик компаниясини ташкил этиш ва унинг фаолияти масалалари тўғрисида» қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Давлат кинокомпанияси («Ўздавкинокомпания»)ни ташкил этиш тўғрисидаги Фармонига мувофиқ ва миллий киносанъатни янада ривожлантириш чора-тадбирларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат республика ҳудудида фаолият кўрсатувчи ижодий, кино ва видеопрокат ташкилотлари фаолиятига раҳбарлик қилувчи ҳамда уни мувофиқлаштириб борувчи органи ҳисобланади.
2. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳри вилоятлар ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши 1-иловага мувофиқ корхоналар, ташкилот ва муассасаларни мавжуд асосий фондлари (илгари эгаллаб келган бинолари), ходимлари сони, автотранспорти, моддий-техника ресурслари, капитал маблағлар лимитлари билан «Ўздавкинокомпания»га ўтказсинлар.
3. «Ўздавкинокомпания» Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан келишган ҳолда кинолаштириш ва кинопрокат бўйича тегишли ҳудудий бошқармалар тузсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ҳафта муддат ичида «Ўздавкинокомпания» ва ҳокимликларнинг кўрсатилган ҳудудий бошқармалар ходимлари сони тўғрисида биргаликдаги таклифларини кўриб чиқсин.
4. «Ўздавкинокомпания» марказий аппаратининг тузилмаси, ходимларнинг чекланган сонини 34 киши (бинони қўриқловчи ва унга хизмат кўрсатувчи ходимлар бунга кирмайди) этиб белгилаган ҳолда, 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат кинокомпаниясига раиснинг икки нафар ўринбосарига, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарига ҳамда 7 кишидан иборат бошқарувга эга бўлишга рухсат этилсин.
«Ўздавкинокомпания» раисига, унинг ўринбосарларига ва бошқарув аъзоларига тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси вазирлари, уларнинг ўринбосарлари ва ҳайъат аъзолари учун кўзда тутилган маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари татбиқ этилсин.
«Ўздавкинокомпания» марказий аппаратини маблағ билан таъминлаш республика бюджети ҳисобидан, қинолаштириш ва кинопрокат бўйича ҳудудий бошқармаларни таъминлаш эса маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги меҳнат ҳақи фондини белгиласин, Автомобил транспорти вазирлиги томонидан ажратиладиган 3 та хизмат енгил автомашинасини сақлаш учун зарур ажратмаларни ва лимитларни кўзда тутсин, Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги эса зарур ҳукумат алоқаси билан таъминласин.
5. Белгилаб қўйилсинки, «Ўздавкинокомпания», унинг корхоналари ва ташкилотлари барча бўғинлар раҳбарлари, ижодий, ижрочи ва техник ходимлар билан ўзларининг ўзаро муносабатларини шартнома асосида ташкил этадилар.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат кинокомпаниясига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
республиканинг барча давлат органларида ва жамоат ташкилотларида, шунингдек, республика ташқарисида ўз ҳуқуқ доирасида республика манфаатларини ҳимоя қилиш;
бошқарув тузилмасини, ижодий-ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолиятининг шакл ва методларини такомиллаштириш, республика кино тармоғи ва видеосининг моддий-техника базасини қайта жиҳозлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш;
идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, республика ҳудудидаги барча ижодий-ишлаб чиқариш, кино ва видеопрокат бирлашмалари, корхоналар, ташкилотлар ва пунктлар фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг репертуарини назорат қилиб бориш;
фильмларни биргаликда ишлашни амалга ошириш, аралаш ижодий жамоалар ва бирлашмалар ташкил этиш, хорижий шериклар билан бошқа ихтисослаштирилган танловлар, реклама-кўнгил-очар тадбирлар ўтказиш юзасидан халқаро ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш;
МДҲ республикаларида ва чет элларда белгиланган тартибда кино ва видео маҳсулотларини сотиш ва харид қилиш бўйича вакилларга эга бўлиш, шунингдек, биржа операцияларида қатнашиш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда кино ва видео маҳсулотлари нархларини, хизматлар ва прокат учун тарифларни совет сўми ва чет эл валютада қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш;
белгиланган тартибда реклама-ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
кино ва видео маҳсулотлари, кино, аудио ва видеоплёнкалар ишлаб чиқариш учун техникани, бошқа товарлар ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун белгиланган тартибда экспорт-импорт ва бартер операцияларини амалга ошириш, шунингдек, хизматлар кўрсатиш.
7. Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси, «Ўзшартномасавдо», Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ва «Ўзкинокомпания»нинг 1992 йилги (ишлаб чиқариш, капитал қурилиш, маблағ билан таъминлаш, моддий-техника таъминоти бўйича) режа кўрсаткичларига зарур ўзгартишлар киритсинлар.
8. Ўзбекистоннинг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси «Ўздавкинокомпания»нинг самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш мақсадида кино ва видео асбоб-ускуналарини ўз вақтида янгилаш ва тўлдириш, шунингдек, фойдаланилаётган бинолар ва иншоотларни тузатиш ва қайта қуриш учун валюта маблағлари ажратишни, шу жумладан, эркин алмаштириладиган валюта ажратишни назарда тутсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат кинокомпанияси бир ой муддат ичида, мазкур қарордан келиб чиқадиган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, «Ўздавкинокомпания» тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 6 май,
224-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1992 йил 6 майдаги 224-сон қарорига
1-ИЛОВА
1992 йил 6 майдаги 224-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тасарруфидан «Ўздавкинокомпания» таркибига ўтказиладиган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар
РЎЙХАТИ
«Ўзбекфильм» ижара корхонаси — «Юлдуз» ижодий бирлашмаси билан биргаликда
«Ватан» киностудияси
«Инсон» киностудияси
«5-студия» ёшлар экспериментал ижодий бирлашмаси
Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудияси — «Пульс» ижодий бирлашмаси билан биргаликда
«Мисль» ижодий студияси
«Ўзбекистон» ижодий уюшмаси
«Каракалпакфильм» киностудияси
Хўжалик ҳисобидаги «Самарқанд» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси
«Ўзбекистон Республикаси видеомаркази» ишлаб чиқариш-ижодий бирлашмаси — Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлимлари билан биргаликда
Кинофильмлар прокати республика идораси
Тошкент шаҳар, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши кинолаштириш ва кинопрокат бошқармалари — шаҳар, ноҳия кинодирекциялари ва таъмирлаш-ишлаб чиқариш корхоналари билан биргаликда
«Ўзбеккинодеталь» киномеханика заводи
«Ўзбеккинотаъминот» моддий-техника таъминоти бошқармаси
А. Навоий номидаги Санъат саройи
Ўзбекистон Республикаси кино санъати музейи
Методика кабинети
Ўзбекистон Республикаси Давлат кинокомпанияси марказий аппаратининг
ТУЗИЛМАСИ
Раҳбарият
Кино-видео дастурларни ишлаб чиқиш, тузиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси
Иқтисодиёт ва маблағ билан таъминлаш бошқармаси
Ташқи алоқалар бўлими
Техника билан бутлаш ва қурилиш бошқармаси
Рўйхатга олиш ва лицензиялар бериш гуруҳи
Тижорат ва пулли хизматлар кўрсатиш бўлими
Бухгалтерия
Кадрлар ва махсус ишлар бўлими
Маъмурий-хўжалик бўлими