Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
2017 йил 6 мартда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисида Шартномага амал қилиб,
икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенг қамровли ривожлантириш заруриятини тан олиб,
тарихан шаклланган алоқаларни чуқурлаштириш ва маҳаллий даражада ҳамжиҳатлик учун минтақалараро ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ва салоҳиятини эътироф этган ҳолда,
икки мамлакат минтақалари ўртасида фаолиятнинг турли соҳаларида ҳамкорликни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ривожланаётган алоқаларини фаоллаштиришга қодир бўлган минтақалараро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг қонунчилигига ҳамда давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларида, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли бўлган минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Мазкур Битим мақсадлари учун қўлланиладиган атамалар қуйидагиларни англатади:
«минтақалар» — Ўзбекистон томонидан: Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари; Туркманистон томонидан: Туркманистоннинг маъмурий-ҳудудий бирликлари;
«ваколатли органлар» — Томонлар давлатларининг мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида ваколат берилган ҳокимият органлари;
«хўжалик юритувчи субъектлар» — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки Туркманистон ҳудудида рўйхатдан ўтган хўжалик юритувчи субъектлар.
3-модда
Ваколатли органлар минтақалараро ҳамкорликни амалга ошириш ва мувофиқлаштириш мақсадида қуйидагиларга кўмаклашадилар:
минтақалар ўртасида алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш;
мазкур Битимни амалга татбиқ қилишга йўналтирилган қўшма тадбирлар режалари, ҳаракат дастурлари ва «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳамда уни такомиллаштириш истиқболларини муҳокама қилиш бўйича зарурият бўлганда қўшма ишчи гуруҳлар тузиш ва мунтазам маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўйиш.
4-модда
Ваколатли органлар минтақаларнинг корхона ва ташкилотлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо ва ишлаб чиқариш алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашадилар. Мазкур мақсадларда улар:
корхона ва ташкилотлар ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, товар ва хизматлар етказиб бериш бўйича ўзаро манфаатли контрактлар тузишда тадбиркорлик тузилмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашадилар;
тадбиркор ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида учрашувлар, бизнес-семинарлар, конференциялар, симпозиумлар, кўргазма ва ярмаркалар ташкил этадилар;
ўз минтақаларини иқтисодий ривожлантиришнинг устувор лойиҳаларини амалга оширишда, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш орқали бир-бирларини қўллаб-қувватлайдилар;
ўз давлатлари қонунчилигидаги ўзгаришлар ва амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида бир-бирларини мунтазам хабардор қиладилар;
ўзаро савдони ташкил этиш масалаларини биргаликда таҳлил қиладилар ва ўз ваколатлари доирасида тегишли таклифлар ишлаб чиқадилар;
минтақалар савдо уйларини ташкил этишда кўмаклашадилар.
5-модда
Ваколатли органлар минтақалар ўртасида турист алмашинувини ташкил қилиш, минтақалар жозибадорлигини оширишга қаратилган туризм соҳасидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва минтақага туристик оқимни кўпайтириш мақсадида транспорт қатновини яхшилаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашадилар.
6-модда
Ваколатли органлар маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасида алоқаларнинг ривожланишига ҳамда уларнинг олдиларида турган вазифаларни ҳал қилиш учун минтақаларда тажриба алмашиш ва тарқатишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар шаҳарсозлик ҳамда улкан шаҳарсозлик лойиҳаларини режалаштириш ва молиялаштириш амалиёти бўйича ахборот алмашиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
7-модда
Ваколатли органлар экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашадилар ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини бошқариш соҳасида илғор тажрибани жорий этишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар сув ва энергия таъминоти, оқинди сувларни тозалаш, чиқиндиларни бошқариш, чегарабўйи ҳудудлардаги каналлар ва гидротехник иншоотларни тозалаш ҳамда таъмирлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
8-модда
Ваколатли органлар ўзаро яхшироқ тушуниш, ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлашга эришиш учун тарих ва маданият билан ўзаро танишиш мақсадида турли даражаларда мунтазам алоқаларни таъминлайдилар.
Ваколатли органлар минтақаларнинг ижтимоий-маданий ва хўжалик-иқтисодий ҳаётини оммавий ахборот воситаларида холисона ёритишга кўмаклашадилар.
Ваколатли органлар миллатлараро муомала ва маданиятлараро мулоқот маданиятини мустаҳкамлаш соҳасида минтақалар ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ва бошқа тадбирларни амалга оширишга кўмаклашадилар.
9-модда
Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан мазкур Битимни амалга ошириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар, тегишли ваколатли орган вазифаларини бажариш учун Томонлар давлатларининг тегишли маблағлари доирасида молиялаштирилади.
10-модда
Томонлар мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда вужудга келиши мумкин бўлган ҳар қандай низо ва келишмовчиликларни музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этадилар.
11-модда
Томонларнинг ўзаро келишувга мувофиқ мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ҳамда мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва мазкур Битим 12-моддасида белгиланган тартибда кучга кирувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12-модда
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари ҳақида сўнгги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Битимнинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг Битим амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги тегишли ёзма хабарномасини дипломатик каналлар орқали олган санадан бошлаб олти ойдан сўнг тугатилади.
Мазкур Битим амал қилишининг тугатилиши у амал қилган пайтда бажарилиши бошланган ва унинг амал қилиши тугатилгунга қадар бажарилмаган лойиҳалар бўйича Томонларнинг мажбуриятларига дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 23 апрелда ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Матнлар ўртасида тафовутлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)