Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3955-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 18 декабрь,
1027-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги 1027-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Республика бюджети маблағлари, шу жумладан, 2018-2019 йилларга мўлжалланган, ҳар чоракда ажратилиб, ҳар йили бюджет қоидаларига мувофиқ индексацияланадиган жами 100 миллиард сўм миқдорида;
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фойдаланилмаётган кўчмас мулкини сотишдан тушган маблағлар — 100 фоиз миқдорида;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 320-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2021 й., 09/21/320/0482-сон)
Вазирлик тузилмасига кирадиган ташкилотлар ва муассасалар фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирлик ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалари даромадига ундирилган бюджет маблағларининг ноқонуний харажатлари, ўғирлик, камомад суммаларининг 50 фоизи;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия эҳсонлари;
халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Жамғарма маблағлари:
Олдинги таҳрирга қаранг.
мактабгача таълим ташкилотларини белгиланган тартибда қурилишларнинг манзилли рўйхатига киритиб, уларнинг тармоғини кенгайтиришга;
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 320-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2021 й., 09/21/320/0482-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
мактабгача таълим тизими ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга;
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 426-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/426/0707-сон)
юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Вазирликка ишлаш учун жалб қилишга;
Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилишга;
Вазирлик ходимларини, жумладан, хорижда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари ва Вазирлик тизимидаги ташкилотларни жиҳозлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга;
(4-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 426-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/426/0707-сон)
таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этишга, шунингдек, Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирларга сарфланади.
3-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш
5. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Жамғарма фаолиятини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Кенгаш раиси ҳисобланади.
Кенгаш Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг буйруғи билан камида етти нафар кишидан иборат таркибда тасдиқланади ва вазир ўринбосарлари, вазирликнинг бошқармалари ва бўлим бошлиқларидан шакллантирилади.
Кенгаш мажлиси аъзоларнинг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.
6. Кенгаш мажлиси ҳар чоракда ёхуд зарур бўлганда навбатдан ташқари ўтказилади.
7. Кенгаш:
ҳар йили 25 декабргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини тасдиқлайди;
зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади;
ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларни белгилайди;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;
йил чораклари якунлари бўйича Жамғарманинг маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Жамғармага халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари жалб этилишига кўмаклашади;
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
8. Вазирликнинг Молиявий-иқтисодий ривожлантиришни режалаштириш бошқармаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
9. Ишчи орган:
Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;
Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларини тайёрлайди;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
тушумлар манбалари бўйича Жамғарманинг даромадлари ҳамда харажатларнинг асосий йўналишлари ҳисобини юритади;
ҳар чоракда камида бир марта Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Кенгашга тақдим этади.
4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисоб, ҳисобот ва назорат
10. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Вазирликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.
11. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади (чораклар, тушумлар манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича) ва Кенгаш томонидан тасдиқланади.
12. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот Вазирлик ҳайъати мажлисида кўриб чиқилади ва ҳар йили 15 мартгача Кенгаш томонидан тасдиқланади.
13. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича назорат Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
5-боб. Якунловчи қоидалар
15. Кенгаш Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавоб беради.
16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.12.2018 й., 09/18/1027/2340-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2021 й., 09/21/320/0482-сон; 03.08.2022 й., 09/22/426/0707-сон; 06.08.2022 й., 09/22/431/0716-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)