Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Тижорат банклари томонидан чет эл валютасидаги ҳисобварақларни юритиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 28 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 511-11]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сонли «Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3281, 31.08.2020 й.) асосан 2020 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 30 июнь,
22/8-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 30 июндаги 22/8-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банклари томонидан чет эл валютасидаги ҳисобварақларни юритиш тартибига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 3.1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3.1. Чет эл валютасидаги ҳисобварақлар қуйидаги норезидент — юридик шахсларга очилади:
Ўзбекистон Республикасида турган, иммунитет ва дипломатик имтиёзлардан фойдаланадиган хорижий дипломатик ва бошқа расмий ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар ва уларнинг филиаллари, шунингдек хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдиган Ўзбекистон Республикасидаги бошқа хорижий ташкилотларнинг ваколатхоналарига;
товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчиларга;
Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширадиганларга.».
2. 5.2-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«ички валюта бозорида сотиб олинган чет эл валютаси.».
3. 5.4-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
4. Қуйидаги мазмундаги VI бўлим билан тўлдирилсин:
«VI. Товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчи норезидент — юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги ҳисобварақлари
6.1. Товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчи норезидент — юридик шахсларнинг чет эл валютасидаги маблағлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тижорат банкларида очилган валюта ҳисобварақларида сақланади.
6.2. Мазкур ҳисобварақларга қуйидаги маблағлар киритилиши мумкин:
ички валюта бозорида сотиб олинган чет эл валютаси;
брокерлик хизмат кўрсатиш шартномасига асосан, биржа брокерлари орқали ўтказилган чет эл валютаси.
6.3. Мазкур ҳисобварақлардаги маблағлар ҳисобварақ эгасининг топшириғига кўра, ўзининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги банкларда очилган бошқа ҳисобварақларига ўтказилиши мумкин.
6.4. Тижорат банклари чет эл валютасидаги ҳисобварақлардаги маблағларнинг ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига тақдим этади.».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.07.2018 й., 10/18/511-11/1586-сон)