Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган аҳоли ўртасида гриппнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 18 майдаги ПҚ-3729-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган аҳоли ўртасида гриппнинг олди олинишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган ҳамда мавсумдан олдин эмланадиган шахслар контингенти иловага мувофиқ белгилансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилансинки, грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган, «Меҳрибонлик» уйлари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун «Ғамхўрлик» марказлари, болалар шаҳарчалари, болалар уйларида, шунингдек, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаблар, мактаб-интернатларда) яшаётган шахслар контингенти мавсумдан олдин Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан, қолган контингент ўз маблағлари ва бошқа маблағлар ҳисобидан эмланади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган, «Меҳрибонлик» уйлари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун «Ғамхўрлик» марказлари, болалар шаҳарчалари, болалар уйларида, шунингдек, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаблар, мактаб-интернатларда) яшаётган шахслар контингентини эмлаш учун зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Олдинги таҳрирга қаранг.
грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган, «Меҳрибонлик» уйлари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун «Ғамхўрлик» марказлари, болалар шаҳарчалари, болалар уйларида, шунингдек, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаблар, мактаб-интернатларда) яшаётган шахслар контингенти мавсумдан олдин ўз вақтида эмланишини;
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
аҳоли ўртасида ва оммавий ахборот воситаларида грипп юқтириш хавфи ҳамда унинг оғир асоратлари тўғрисида, шунингдек, грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган шахслар контингентини эмлаш масалалари бўйича маърифат ишлари ўтказилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ушбу қарорга мувофиқ ажратиладиган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан қатъий назоратни таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 23 июль,
567-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 июлдаги 567-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Грипп юқтириш ва унинг оғир асоратларини бошидан ўтказиш хавфи юқори бўлган ҳамда мавсумдан олдин эмланадиган
шахслар контингенти
1. Ҳомиладор аёллар.
2. 6 ойликдан катта болалар ва нафас олиш органлари ва юрак-қон томир тизимларининг маълум сурункали касалликларига чалинган катта ёшлилар.
3. 60 ёшдан ошган шахслар.
4. 6 ойликдан 59 ойликкача бўлган болалар.
5. Тиббиёт ходимлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. «Меҳрибонлик» уйлари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалар учун «Ғамхўрлик» марказлари, болалар шаҳарчалари, болалар уйларида, шунингдек, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида (мактаблар, мактаб-интернатларда) яшаётган шахслар.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2018 й., 09/18/567/1563-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/62/0111-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 31.05.2024 й., 09/24/316/0385-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)