Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, микромолия ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг ижро органлари раҳбарларига нисбатан малака талабларини тасдиқлаш тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 30 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2989]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 30 декабрдаги 30/24-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3415, 13.01.2023 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, микромолия ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг ижро органлари раҳбарларига нисбатан малака талаблари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 24 февраль,
7/11-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 24 февралдаги 7/11-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, микромолия ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг ижро органлари раҳбарларига нисбатан
МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ
(илова номи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
Мазкур малака талаблари Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, микромолия ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг ижро органлари раҳбарлари лавозимларига тавсия этилаётган номзодларга қўйиладиган малака талабларини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур малака талаблари тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, микромолия ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг ижро органлари раҳбарлари лавозимларига юқори малака ва салоҳиятга эга бўлган мутахассисларни танлаш мақсадида жорий этилади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
2. Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, микромолия ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг ижро органлари раҳбарлари лавозимига тавсия этилаётган номзодлар мазкур малака талабларига жавоб бериши лозим.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
3. Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбарлари, бош бухгалтерлари, бошқарув аъзолари, микромолия ташкилотлари ҳамда кредит бюроларининг ижро органлари раҳбарлари лавозимларга тавсия этилаётган номзодлар қуйидагиларни билиши керак:
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва банк фаолиятига оид қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, шу жумладан:
фуқаролик, хўжалик ва меҳнат қонунчилиги;
кредитлашнинг асосий тамойиллари ва тартибини;
банк ҳисоботларини тузиш тартиби;
ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш тартиби;
молиявий ҳисоботлар, бухгалтерия ҳисобининг миллий ва халқаро стандартлари банк ички кредит сиёсати ва кредитлаш тартиби;
кичик бизнесни кредитлаш тартиби;
омонатларни қабул қилиш ва уларни бериш тартиби;
банкни корпоратив бошқариш тартиби;
ички аудит вазифалари ва фаолияти;
пул муомаласини ташкил этиш ва касса операцияларини амалга ошириш тартиби;
чет эл валютаси билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш тартиби;
Базель қўмитасининг банк фаолиятига оид асосий тавсияномаларини;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари;
(3-банднинг ўн бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 23 февралдаги 4/1-сонли қарори (рўйхат рақами 2989-1, 11.03.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.03.2019 й., 10/19/2989-1/2734-сон)
банкка алоқадор бўлган шахслар билан битимлар тузиш тартиби;
иқтисодий нормативларни ва талабларни, шу жумладан капитал монандлигига, банк ликвидлилигига, бир қарз олувчи ёки бир-бирига дахлдор қарз олувчилар гуруҳига тўғри келувчи таваккалчиликлар бўйича иқтисодий нормативларни;
эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш тартибини;
компьютер ва банк фаолиятида зарурий банк дастурларидан фойдаланишни.
2-боб. Тижорат банклари раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзодларга қўйиладиган малака талаблари
4. Тижорат банкларининг Бош банклари раҳбарлари лавозимларига қуйидаги малака талаблари қўйилади:
тижорат банклари бошқаруви раиси лавозимига тавсия этилаётган номзод (Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирувчи лавозимлардан ташқари) олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида камида ўн йиллик иш стажига, шу жумладан камида беш йил банк тизимида раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши;
тижорат банклари бошқаруви раиси ўринбосари лавозимига тавсия этилаётган номзод (Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирувчи лавозимлардан ташқари) олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида камида етти йиллик иш стажига, шу жумладан камида уч йил банк тизимида раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши;
тижорат банклари бошқаруви аъзоси лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида камида беш йиллик иш стажига, шу жумладан камида икки йил банк тизимида раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши лозим, Бош банкнинг бош бухгалтери лавозимига тавсия этилаётган номзод бундан мустасно.
Ушбу банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган лавозимларга қўйилган иш стажига номзодларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Марказий банкида фаолият кўрсатган даврдаги иш стажи қўшиб ҳисобланади.
(4-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 23 февралдаги 4/1-сонли қарори (рўйхат рақами 2989-1, 11.03.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.03.2019 й., 10/19/2989-1/2734-сон)
5. Тижорат банклари бошқаруви аъзолигига банкнинг юридик хизмати раҳбари киритилган тақдирда, у олий юридик маълумотга ҳамда банк тизимида камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
6. Тижорат банкларининг бошқаруви аъзоси — бош бухгалтери лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида камида олти йиллик иш стажига, шу жумладан камида уч йил банк бухгалтерия йўналишида раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
7. Тижорат банкларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги (минтақавий) филиали (бундан буён матнда минтақавий филиал деб юритилади) раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида камида беш йиллик иш стажига, шу жумладан камида икки йил банк тизимида раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
Минтақавий филиал бош бухгалтери лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида камида беш йиллик иш стажига, шу жумладан камида икки йил банк бухгалтерия йўналиши бўйича иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
8. Тижорат банкларининг туман (шаҳар) филиали раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида камида тўрт йиллик иш стажига, шу жумладан камида икки йил банк тизимида раҳбарлик лавозимларида иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
Тижорат банкларининг туман (шаҳар) филиали бош бухгалтери лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, банк-молия йўналишида камида тўрт йиллик иш стажига, шу жумладан камида икки йил банк бухгалтерия йўналиши бўйича иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
9. Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзодлар қуйидаги ҳолларда лавозимига мувофиқ эмас деб топилади ҳамда улар ушбу лавозимларга тайинланиши мумкин эмас:
амалга оширган ҳаракатлари юридик шахсларни банкротликка ёки уларнинг молиявий аҳволи ёмонлашувига олиб келганлиги тўғрисида далиллар маълум бўлган тақдирда, банкротликка учраган ёки молиявий аҳволи ёмонлашган банклар, кредит уюшмалари, микромолия ташкилотлари ва бошқа юридик шахсларнинг собиқ раҳбарлари, бошқарув ва кузатув кенгаши аъзолари ҳамда йирик иштирокчилари (устав капиталида 10 фоиз ва ундан кўп миқдорда овоз берувчи акциялар ёхуд улушга эга бўлган шахслар) бўлган номзодлар;
(9-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
суд қарори билан мазкур лавозимда ишлаш ҳуқуқи чекланган номзодлар;
ўзаро яқин қариндош бўлган шахслар бир банкда раҳбарлик ёки моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёхуд унинг назорати остида бирга ишловчи номзодлар.
10. Тижорат банкларининг раҳбарларини лавозимига тайинлашда ёки улар лавозимидан озод этилганда тижорат банкларининг Бош банки таркибидаги, уларнинг минтақавий филиаллари, туман (шаҳар) филиаллари раҳбарлари таркибидаги барча ўзгаришлар тегишли буйруқ чиққанидан кейин 3 иш кунида тижорат банкининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши керак.
3-боб. Микромолия ташкилотлари ҳамда кредит бюролари ижро органлари раҳбарлари лавозимига тавсия этилаётган номзодларга қўйиладиган малака талаблари
(3-боб номи Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
11. Микромолия ташкилотлари ижро органи раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, беш йилдан кам бўлмаган умумий иш стажига, шу жумладан кредит ташкилотларида ёки банк-молия йўналишида камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
12. Кредит бюроларининг ижро органи раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзод олий иқтисодий маълумотга, беш йилдан кам бўлмаган умумий иш стажига, шу жумладан кредит амалиёти билан боғлиқ уч йиллик иш тажрибасига эга бўлиши лозим.
13. Микромолия ташкилотлари ва кредит бюроларининг ижро органи раҳбари лавозимига тавсия этилаётган номзодлар қуйидаги ҳолларда лавозимига мувофиқ эмас деб топилади ҳамда ушбу лавозимга тайинланиши мумкин эмас:
(13-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
амалга оширган ҳаракатлари юридик шахсларнинг банкротликка ёки молиявий аҳволи ёмонлашувига олиб келганлиги тўғрисида далиллар маълум бўлган тақдирда, банкротликка учраган ёки молиявий аҳволи ёмонлашган банклар, кредит уюшмалари, микромолия ташкилотлари ва юридик шахсларнинг собиқ раҳбарлари, бошқарув ва кузатув кенгаши аъзолари ҳамда йирик иштирокчилари (устав капиталида 10 фоиз ва ундан кўп миқдорда овоз берувчи акциялар ёхуд улушларга эга бўлган шахслар) бўлган номзодлар;
(13-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 8 июлдаги 14/8-сонли қарори (рўйхат рақами 3377, 01.08.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)
суд қарори билан ушбу лавозимда ишлаш ҳуқуқи чекланган номзодлар.
4-боб. Якуний қоида
14. Мазкур малака талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.03.2018 й., 10/18/2989/0968-сон; 11.03.2019 й., 10/19/2989-1/2734-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 01.08.2022 й., 10/22/3377/0696-сон)