Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сонли Фармонига мувофиқ, шунингдек ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар барвақт профилактикаси ва олдини олиш бўйича фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида:
1. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишнинг қуйидаги асосий йўналишларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг энг муҳим вазифаси деб ҳисоблансин:
биринчи — ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг республика, ўрта ва қуйи поғоналари фаолиятининг сифат жиҳатидан янги тартибини ўрнатиш, бунда уларнинг асосий вазифалари, функциялари ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш ва чегаралаш, профилактика инспекторлари зиммасига улар фаолиятига хос бўлмаган функциялар юклатилишига йўл қўймаслик;
иккинчи — профилактика ишини аҳоли, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорликда ташкил этиш, ушбу ишни, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишни таъминлашга, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга, фуқароларга қонунга ҳурмат ва қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик муносабатини сингдиришга қаратиш;
учинчи — вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш тизимини уларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга, ўсиб келаётган ёш авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ҳолда ривожлантириш;
тўртинчи — профилактика инспекторларининг зиммаларига юклатилган мажбуриятларнинг талаб даражасида бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини кучайтириш, шу жумладан ўзларининг фаолияти ҳақида жамоатчилик олдида тизимли равишда ҳисобот беришларини йўлга қўйиш, уларнинг аҳолини ташвишга солаётган муаммоларга юзаки муносабатда бўлиш ҳолатларига чек қўйиш;
бешинчи — профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг таъсирчан мезонларини жорий этиш, бунда, биринчи навбатда жамоатчилик фикри, уларнинг фаолияти натижаларидан фуқароларнинг қаноатланиши ҳамда аҳоли билан ҳамкорлик даражасини ҳисобга олиш;
олтинчи — ушбу соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш, профилактика инспекторларининг билим даражаси ва касбий тайёргарлигини ошириш, улар учун муносиб иш шароитларини яратиш, уларни бевосита ўзларига бириктирилган ҳудудда хизмат турар жойи билан таъминлаш, зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш натижадорлиги учун моддий рағбатлантириш механизмларини жорий этиш.
2. 2017 йилнинг 1 октябридан қуйидаги тартиб жорий этилсин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПФ-28-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.02.2024 й., 06/24/28/0099-сон)
фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳар ойда профилактика инспекторларининг ҳисоботларини эшитади.
Белгилаб қўйилсинки, профилактика инспекторларининг ҳисоботларини эшитиш якунларига кўра улар зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чоралар ва иш натижалари танқидий муҳокама қилинади, улар фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилади ҳамда эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилинади.
3. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
Ички ишлар органлари таянч пункти тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича маблағ ажратилишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2018 йилнинг 1 январига қадар профилактика инспекторларини ўзлари бириктирилган ҳудудда хизмат турар жойи билан таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда криминоген вазият, аҳоли сони ва ҳудудларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тоифаланган ички ишлар органлари таянч пунктларининг янгиланган жойлашувини тасдиқласин;
бир ой муддатда янги барпо этилаётган ички ишлар органлари таянч пунктларини жойлаштириш ва жиҳозлаш, шу жумладан, қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йил 3 февралдаги ПФ–4944-сонли Фармонига мувофиқ амалга оширилаётган «Маҳалла маркази» мажмуалари ва фуқаролар йиғинлари бинолари намунавий лойиҳаларига профилактика инспекторлари учун алоҳида хоналарни киритишни назарда тутган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида, замонавий талаблар ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти» мутахассислиги бўйича таълим олувчилар сонини кўпайтириш чораларини кўрсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2022 йилдан бошлаб, Миллий статистика қўмитаси томонидан тақдим этиладиган доимий аҳоли сони тўғрисидаги ҳар йилги якуний маълумотларга асосан ҳамда ҳудуд (маҳаллалар)даги криминоген вазиятни ҳисобга олган ҳолда қўшимча равишда ажратиладиган ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторлари штат бирликлари сони тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб борсин;
(7-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 24 февралдаги ПФ-27-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.03.2025 й., 06/25/27/0196-сон)
икки ой муддатда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши билан биргаликда ички ишлар органлари учун кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари лавозимига асосан ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаган шахсларни (танлов асосида) саралашнинг ва тайинлашнинг самарали мезонларини жорий этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
уч ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2017 йил 18 апрель,
ПҚ-2896-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ–2896-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ички ишлар органлари таянч пункти тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ички ишлар органлари таянч пунктлари (кейинги ўринларда — таянч пункти) фаолиятининг вазифалари ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини, профилактика инспекторларининг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, уларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда аҳоли билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди.
2. Таянч пунктлари туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари)нинг асосий қуйи бўғини ҳисобланиб, улар ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда қишлоқлар, овуллар ва маҳаллаларда жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда жиноятчиликка қарши курашишни бевосита таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Таянч пунктлари ўз фаолиятини профилактика катта инспекторлари ва профилактика инспекторлари (кейинги ўринларда — профилактика инспекторлари) ҳамда профилактика (катта) инспекторларининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчилари таркибида амалга оширади.
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги ПФ-5732-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.05.2019 й., 06/19/5732/3212-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Профилактика инспектори штат бирликларининг сони таянч пункти томонидан хизмат кўрсатиладиган ҳудуд (маҳаллалар)нинг криминоген вазияти, аҳоли сони ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ушбу Низомга иловадаги меъёрлар асосида белгиланади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармонига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
Таянч пунктлари фаолиятини ташкил этиш учун ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари ҳам жалб этилиши мумкин.
2-боб. Таянч пунктининг асосий вазифалари ва профилактика инспекторлари фаолиятини ташкил этиш
3. Таянч пунктларининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини, уларга имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва бартараф этиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва фош этишда, тергов, суд ва суд ҳужжатларини ижро этишдан яшириниб юрган шахсларни, шунингдек бедарак йўқолган фуқароларни қидиришда иштирок этиш;
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февралдаги ПФ-5343-сонли Фармони таҳририда)
вояга етмаганлар ва ёшлар билан уларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга, ёш авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоялашга йўналтирилган ишларни бевосита амалга ошириш;
аҳоли билан унинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш ва ижтимоий кескинликни юмшатиш масалаларида тўғридан-тўғри очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;
ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг, ғайрижтимоий хулқ-атворга эга, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил, шунингдек ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашувини таъминлаш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари бўйича ички ишлар органларининг бошқа бўлинмалари, давлат органлари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш.
4. Профилактика инспекторлари лавозимларига олий маълумотга эга, касбий, ахлоқий-руҳий ва жисмоний жиҳатдан тайёргарлик кўрган, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси шакллари ва усулларини амалда қўллаш кўникмаларига эга бўлган шахслар тайинланадилар.
Профилактика катта инспекторлари лавозимларига ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларида камида беш йиллик иш стажига эга бўлган шахслар тайинланадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Профилактика инспекторини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан амалга оширилади.
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Профилактика инспектори қуйидаги мазмундаги қасамёдни қабул қилган вақтдан бошлаб лавозимга киришган деб ҳисобланади:
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПФ-28-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.02.2024 й., 06/24/28/0099-сон)
«Мен, (фамилияси, исми, отасининг исми), _______-сонли таянч пункти профилактика инспектори лавозимига киришар эканман, ўз бурчимни ва менга ишониб топширилган ҳудудда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тинчлик, осойишталик, хавфсизлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасида менга юклатилган мажбуриятларни виждонан, ситқидилдан бажаришга қасамёд қиламан».
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6 ва 7-бандлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
11. Профилактика инспекторлари юқори даражадаги касбий кўникмалари ва ҳуқуқий маданияти, фидокорона меҳнати, мардлиги ва кўрсатган жасорати учун ўрнатилган тартибда рағбатлантириладилар.
3-боб. Профилактика инспекторларининг ваколатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Таянч пунктларига юклатилган вазифаларни бажариш учун профилактика инспекторлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган вазифаларни амалга оширади.
Профилактика инспекторлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
13. Профилактика катта инспектори, ушбу Низомнинг 12-бандида санаб ўтилган ваколатлар билан бирга, ички ишлар органлари таянч пункти ва профилактика инспекторлари фаолиятини ташкил этади ва умумий раҳбарликни амалга оширади.
4-боб. Профилактика инспекторларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
14. Профилактика инспекторлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
фуқаролар ва мансабдор шахслардан қонунчиликка риоя этиш ва ғайриқонуний ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш;
ўз ваколатларини амалга оширишда фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, уларнинг ёнларида тақиқланган буюм ва воситалар мавжуд деб гумон қилишга асослар бўлган тақдирда, шахсий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ашёларини кўздан кечириш, ҳуқуқбузарликнинг қуроли ёки бевосита предмети бўлган буюм ва ҳужжатлар аниқланган тақдирда, қонунчиликда назарда тутилган тартибда уларни олиб қўйиш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ ўзларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш;
ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар ва хабарларни ўрнатилган тартибда текшириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларга кириш, улардан тегишли маълумотларни сўраш ва олиш;
ўз иш юритувларида бўлган ишлар ва материаллар бўйича ҳолатларни аниқлаш мақсадида зарур тушунтиришлар, маълумотлар ва ҳужжатларни олиш учун фуқаролар ва мансабдор шахсларни чақириш;
фуқароларни, уларнинг розилиги билан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси чораларини амалга оширишда кўмаклашишга жалб этиш;
қонунда кўрсатилган ҳолатлар ва тартибда қурол ва махсус воситаларни қўллаш.
Профилактика инспекторлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
15. Профилактика инспекторлари қуйидагиларга мажбурдир:
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида зарур чоралар кўриш;
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ҳодиса содир этилган жойга дарҳол етиб келиш, ғайриқонуний қилмишларга чек қўйиш, фуқароларнинг хавфсизлигига қаратилган таҳдидларни бартараф этиш, ҳодиса ҳолатларини ҳужжатлаштириш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ҳодиса изларининг сақланишини таъминлаш;
жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки бошқа ҳодиса содир этилган жойда жабрланган, шунингдек ночор аҳволда қолган фуқароларга биринчи тиббий ёки бошқа турдаги ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш;
ўз хизмат мажбуриятларини бажариш муносабати билан унга маълум бўлган фуқароларнинг шахсий ҳаёти, шаъни ва қадр-қимматига тааллуқли маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этмаслик, хизмат маълумотлари, шунингдек, тижорат ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа сирларнинг махфийлиги ва сақланишини таъминлаш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини ўтказишда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахслар мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш;
чақирув бўйича келишдан бўйин товлаётган шахсларни мажбурий келтириш тўғрисидаги суд ажримлари, прокурорнинг, терговчининг ёки суриштирувчининг қарорларини тегишли ҳудудда бажарилишини таъминлаш;
қонун ҳужжатлари билан ички ишлар ходимлари учун белгиланган чеклов ва тақиқларга риоя этиш.
Профилактика инспекторларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.
16. Профилактика инспекторлари ўз зиммаларига юкланган вазифа ва функцияларнинг талаб даражасида ва самарали бажарилиши учун масъулдирлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Профилактика (катта) инспекторлари ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш учун жавобгардир.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 июндаги ПФ-109-сонли Фармонига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)
5-боб. Профилактика инспекторларининг давлат ташкилотлари, бошқа ташкилотлар ва аҳоли билан ҳамкорлиги
17. Профилактика инспекторларининг давлат ташкилотлари, бошқа ташкилотлар ҳамда аҳоли билан ҳамкорлигини ташкил этиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича қўшма тадбирларини режалаштириш ва ўтказиш;
коллегиал қарорларни талаб қилувчи вазифалардан келиб чиқиб қўшма йиғилишлар ўтказиш;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти натижалари ҳақида хабардор қилиб бориш;
фаолиятга баҳо бериш ва биргаликда амалга оширилган ишлар натижаларини ҳисобга олиш;
ҳамкорликни ташкил этишнинг илғор шакллари ва усулларини умумлаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этиш.
Ҳамкорликнинг даражаси, доираси ва хусусиятидан келиб чиқиб, қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирлар ҳам амалга оширилиши мумкин.
18. Давлат органлари ва муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар профилактика инспекторларига ўз ваколатлари доирасида ўқув-методик, ахборот, маслаҳат ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашлари мумкин.
19. Ахборот алмашиш ёзма сўровлар асосида амалга оширилади. Сўровга, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирилмай жавоб берилиши лозим.
20. Профилактика инспекторлари маҳаллий аҳамиятга эга бўлган тадбирларни ўтказишда, оилавий-маиший низолар масалаларини ҳал этишда, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, ноқонуний диний ташкилотлар фаолиятига чек қўйиш чораларини кўришда, фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқларига риоя этилишини, диний қарашларнинг мажбуран сингдирилишига йўл қўйилмаслигини таъминлашда фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик қиладилар.
21. Профилактика инспекторлари ҳар ойда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳолати тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳисобот тақдим этадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Профилактика катта инспектори, ушбу лавозим мавжуд бўлмаган тақдирда профилактика инспектори фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажаради.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармонига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғини раислари билан биргаликда қуйидагиларга қаратилган чораларни амалга оширадилар:
(22-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 ноябрдаги ПФ-188-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.11.2023 й., 06/23/188/0835-сон)
эгасиз турар жойларни аниқлаш ва уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланишини назорат қилиш;
виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши;
оилавий-маиший сабабларга кўра содир этилган ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан аёллар, вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар муҳокамасини ташкил этиш ва ўтказиш, мазкур ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиш натижасида фуқаронинг муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисида ёки фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақлий заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақида судга ариза бериш масалалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинлари раислари билан биргаликда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чораларни ҳам амалга оширишлари мумкин.
(22-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 ноябрдаги ПФ-188-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.11.2023 й., 06/23/188/0835-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги ПФ-5732-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.05.2019 й., 06/19/5732/3212-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғини раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар:
(24-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш бўйича фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини оширишга йўналтирилган тушунтириш ишларини ташкил этиш;
хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиш эҳтимоли мавжуд оилаларда профилактик тушунтириш ишларини олиб бориш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;
одам савдоси қурбонига айланган хотин-қизлар ва вояга етмаганларга уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишлари учун ҳар томонлама кўмак бериш;
хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида эрта никоҳ, ўз жонига қасд қилиш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш, шунингдек, уларга йўл қўймаслик бўйича профилактика чораларини, шу жумладан, якка тартибдаги чораларни кўриш;
тинчлик ва осойишталикни таъминлашда фуқаролар огоҳлигини, хотин-қизлар фаоллигини ошириш;
диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган хотин-қизларни фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида афв этиш тўғрисида таклифлар киритиш;
(24-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаётган ёхуд жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, шу жумладан, диний экстремистик ғоялар таъсирига тушган шахсларнинг яқин қариндошлари билан профилактика ишларини олиб бориш ва уларга кўмаклашиш.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 майдаги ПФ-5428-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.05.2018 й., 06/18/5428/1158-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
25. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қилади:
(25-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
фуқароларнинг ёт ғоялар, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик таъсири остига тушиб қолишлари, оилавий келишмовчиликлар шунингдек, ёшлар тарбиясига масъулиятсиз муносабатда бўлиш ҳолатларининг олдини олиш;
қўшнилар ва қариндошлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ўзаро муносабатларини тиклаш бўйича чораларни кўриш;
ички ишлар органлари ҳисобида турган, айниқса, муқаддам судланган, ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар билан профилактик ишларни амалга ошириш;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларни ижтимоий мослаштириш.
26. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар:
аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
оилаларнинг барбод бўлиш ҳолатларини бартараф этишга йўналтирилган тадбирларни ўтказиш;
хорижий давлатларга чиқаётган ва у ердан қайтган аёллар ҳисобини юритиш, улар билан тегишли профилактика ишларини амалга ошириш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(28-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
30. Профилактика инспекторлари нодавлат нотижорат ташкилотлари билан қуйидаги масалаларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар:
ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган қўшма дастурларни ишлаб чиқиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(30-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
фуқароларни, айниқса, ёшларни маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий, жисмоний ва меҳнат тарбиясини амалга оширишда иштирок этиш;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси ва ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;
миллатлараро, маданиятлараро тотувлик ва фуқаролар тотувлиги ғояларини мустаҳкамлаш, кўп асрлик, анъанавий маънавий-ахлоқий ҳамда тарихий-маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш.
31. Профилактика инспекторлари фуқаролар йиғини органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари мумкин.
32. Профилактика инспекторларининг давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлиги уларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикасида кўмаклашиш ва зарурий ёрдам кўрсатиш билан иштирок этишлари орқали амалга оширилади.
33. Профилактика инспекторлари туман ва шаҳар ички ишлар органларига ҳуқуқбузарликлар профилактикасида фаол иштирок этганлиги ёки алоҳида хизматлари учун фуқароларни рағбатлантириш ҳақида таклифлар киритишлари мумкин.
34. Профилактика инспекторлари қўшма тадбирларни, шу жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид «давра суҳбатлари», семинарлар ва ижтимоий сўровлар ташкил этиш орқали ўтказишлари мумкин.
6-боб. Таянч пунктларини ташкил этиш ва уларнинг моддий-техник таъминоти масалалари
35. Таянч пункти криминоген вазият, аҳоли зичлиги ва жойларда фуқаролар хавфсизлиги ҳамда жамоат тартибини тегишли тарзда таъминлаш билан боғлиқ бошқа шарт-шароитлар инобатга олинган ҳолда қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган тартибда ташкил этилади ва тугатилади.
36. Таянч пункти қуйидагиларни ўз ичига олувчи махсус жиҳозланган хоналарда жойлашади:
профилактика катта инспектори ва профилактика инспекторининг хизмат хонаси;
таянч пунктига хизматга жалб қилинадиган ички ишлар органларининг бошқа хизматлари ходимлари учун хизмат хонаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси хизмат хонаси;
(36-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПФ-6188-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон)
аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш зали;
ҳуқуқбузарларни ушлаб туриш хонаси;
дам олиш, ювиниш ва санитария-гигиена хоналари.
37. Таянч пунктлари учун ер майдони ва биноларни ажратиш, қурилиш, таъмирлаш ва капитал таъмирлаш, шунингдек мебель билан жиҳозлаш шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Таянч пункти туман, шаҳар ҳокимликлари балансида бўлади ва унинг биноси Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси розилигисиз бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга сотилмайди ёки берилмайди.
38. Таянч пунктларини зарурий техник воситалар, кўргазмали қўлланмалар, хизмат ҳужжатлари ва автотранспорт воситалари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
39. Жамоат бирлашмалари билан доимий ва самарали ҳамкорликни таъминлаш мақсадида таянч пунктлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бир бинода ёки унга яқин жойда жойлашади.
7-боб. Якунловчи қоида
40. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ички ишлар органлари таянч пункти тўғрисида низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторлари штат бирликларини киритиш
МЕЪЁРЛАРИ
|
Т/р |
Кўрсаткичлар |
Тошкент шаҳри ҳудудида* |
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудида | ||||
|
Жами |
шундан |
Жами |
шундан | ||||
|
профилактика катта инспектори |
профилактика инспектори |
профилактика катта инспектори |
профилактика инспектори | ||||
|
1. |
Аҳоли сони 7 минг нафаргача |
2 |
1 |
1 |
1 |
- |
1 |
|
2. |
Аҳоли сони 7 мингдан 10 минг нафаргача |
2 |
1 |
1 |
2 |
1 |
1 |
|
3. |
Аҳоли сони 10 минг нафар ва ундан ортиқ |
3 |
1 |
2 |
2 |
1 |
1 |
|
Қўшимча равишда криминоген вазиятдан келиб чиқиб ажратиладиган штат бирликлари | |||||||
|
4. |
Сўнгги бир йил давомида маҳаллада содир этилган жиноятлар сони ҳар 1000 нафар аҳолига нисбатан 10 та ва ундан юқори бўлганда |
1 |
- |
1 |
1 |
- |
1 |
* Пойтахт ҳудудида аҳолининг зичлиги, криминоген вазият, шаҳар ҳудудига фуқароларнинг кириб-чиқиши ҳамда чет эл фуқароларининг кириб келишини инобатга олиб, Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳаллага камида икки нафар профилактика инспекторлари бириктирилиши мумкин.
(илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сонли Фармонига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 17-сон, 288-модда, 37-сон, 982-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.05.2018 й., 06/18/5428/1158-сон, 01.06.2018 й., 06/18/5454/1290-сон, 30.05.2019 й., 06/19/5732/3212-сон; 27.01.2021 й., 06/21/6146/0065-сон, 17.03.2021 й., 06/21/6188/0216-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.12.2021 й., 06/21/27/1116-сон; 08.11.2023 й., 06/23/188/0835-сон; 06.02.2024 й., 06/24/28/0099-сон; 01.03.2025 й., 06/25/27/0196-сон; 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)