ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
1-модда. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
2-модда. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тушунчаси
Олдинги таҳрирга қаранг.
Юридик шахслар томонидан аҳоли пунктларини, бинолар ва иншоотларни режалаш ва қуриш бош режаларининг, лойиҳаларининг бузилиши, давлат стандартлари, қурилиш нормалари ва қоидалари, техник шартларига, лойиҳалаш ва қурилиш, шунингдек бинокорлик материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларнинг талабларига бинолар, иморатлар, иншоотларнинг, уларнинг қисмлари ёки конструкция айрим элементларининг чидамлилиги, мустаҳкамлиги, пухталиги, ишлаб чиқарилаётган бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларининг чидамлилик параметрлари пасайиши ва йўқотилишига сабаб бўлган тарзда риоя этилмаслиги, шунингдек объектларни қуриш ва уларни фойдаланишга қабул қилиб олишнинг белгиланган тартибини бузадиган хатти-ҳаракат қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилади.
(2-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)
3-модда. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқарувчи, қурилишда буюртмачи ҳисобланувчи ёки бир йўла буюртмачи ва пудратчи вазифаларини бажарувчи юридик шахсларга қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган тартибда жарима солинади.
(3-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
Юридик шахснинг жавобгарликка тортилиши уни ўзи йўл қўйган қоидабузарликларни бартараф этиш ва зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятидан, шунингдек айбдор мансабдор шахсларни интизомий, маъмурий, фуқаровий-ҳуқуқий ва жиноий жавобгарликка тортишдан озод этмайди.
4-модда. Режалаш ва қуришнинг бош режаларини, лойиҳаларини бузиш
Аҳоли пунктларини режалаш ва қуришнинг бош режаларини, лойиҳаларини, тарихий иморатлар жойлашган даҳаларни қайта қуриш режаларини, турар жой даҳалари, кичик даҳалар ва шаҳарларнинг саноат зоналари, қишлоқ аҳоли пунктларини қуриш ва ободонлаштириш сифатини, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг меъморчилик ечимларини бузиш —
энг кам иш ҳақининг етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
5-модда. Қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларини бузиш
Лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш чоғида қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларини бузиш:
агар бу ҳол бинолар, иморатлар, иншоотларнинг, уларнинг қисмлари ёки конструкция айрим элементларининг чидамлилик ёки мустаҳкамлик параметрлари йўқотилишига сабаб бўлса, энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда;
агар бу ҳол бинолар, иморатлар, иншоотларнинг, уларнинг қисмлари ёки конструкция айрим элементларининг чидамлилик ёки мустаҳкамлик параметрлари пасайишига сабаб бўлса, энг кам иш ҳақининг қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда;
агар бу ҳол бинолар, иморатлар, иншоотларнинг, уларнинг қисмлари ёки конструкция айрим элементларининг пухталиги пасайишига сабаб бўлса, энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
6-модда. Бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқаришда давлат стандартлари, қурилиш нормалари ва қоидалари, техник шартларининг талабларини бузиш
Бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқаришда давлат стандартлари, қурилиш нормалари ва қоидалари, техник шартларининг талабларини бузиш —
реализация қилинган маҳсулот қийматининг эллик фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
7-модда. Объектларни қуриш ва уларни фойдаланишга қабул қилиб олишнинг белгиланган тартибини бузиш
Объектларни давлат экспертизаси томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари, жумладан иш ҳужжатлари хусусида берилган ижобий хулосасиз, шунингдек давлат архитектура-қурилиш назорати органлари рўйхатидан ўтказмасдан ва уларнинг рухсатномасисиз қуриш —
энг кам иш ҳақининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
(7-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)
Қурилишда мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган, лекин сертификатланмаган материаллар, буюмлар ва конструкцияларни қўллаш —
энг кам иш ҳақининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Объектни фойдаланишга қабул қилиб олиш қоидаларини бузиш —
энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Давлат архитектура-қурилиш назорати органларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик —
энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
8-модда. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи мансабдор шахслар
Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва жарима солиш ҳуқуқига:
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг раиси ва унинг ўринбосарлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 15 декабрдаги ЎРҚ-12-сон Қонунига асосан чиқариб ташланган — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 49-50-сон, 366-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
архитектура ва қурилиш ҳудудий бош бошқармаларининг бошлиқлари ҳамда давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекцияларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари эгадирлар.
(8-модданинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 15 декабрдаги 12-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2005 й., 49-50-сон, 366-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларига жарима солиш суд томонидан, улар содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлган ва жарималарни ихтиёрий равишда тўлаган ҳолларда эса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мансабдор шахслар томонидан амалга оширилади.
(8-модда Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонунига мувофиқ иккинчи қисм билан тўлдирилган. — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
9-модда. Жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этиш
Қурилиш соҳасида йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик учун юридик шахсдан жарима ундириш учун ушбу Қонуннинг 8-моддасида кўрсатилган мансабдор шахсларнинг қарори асос бўлади.
Юридик шахс жаримани жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай тўлаши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммасининг жами йигирма фоизидан ортиқ миқдорда жарима ундириш унга ундириладиган суммани ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида ойма-ой бўлиб тўлаш имкони берилган ҳолда амалга оширилади
(9-модда Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонунига мувофиқ учинчи қисм билан тўлдирилган. — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
10-модда. Жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш
Юридик шахс ўзига нисбатан чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки судга қонун ҳужжатларига мувофиқ шикоят қилиши мумкин. Бунда жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг амал қилиши шикоятни кўриб чиқиш муддатига тўхтатиб турилади.
11-модда. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги
Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда давлат архитектура-қурилиш назорати органлари мансабдор шахсларининг юридик шахслар зарар кўришига сабаб бўлган ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан юридик шахслар судга белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 15 декабрь,
173-II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 21-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 25-сон, 287-модда; 2005 й., 49-50-сон, 366-модда; 2006 й., 41-сон, 405-модда)