Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбойжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Почта жўнатмалари бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати бир томон бўлиб ва Озарбойжон Республикаси Ҳукумати иккинчи томон бўлиб, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади, мазкур Битимни қуйидагилар тўғрисида туздилар.
1-модда
Томонлар икки давлат ҳудудида, айнан Ўзбекистон Республикаси ва Озарбойжон Республикаси ҳудудида алоқа корхоналари ва бўлимлари тармоқлари орқали фақат иш ҳақи, пенсиялар , алиментлар бўйича пул жўнатмаларини чекланмаган суммада почта орқали жўнатишни ташкил қилишга ва ўтказишга қарор қилдилар.
Бошқа жўнатмалар суммаси давлатлар валютаси мавжудлиги билан тартибга солинади.
2-модда
Почта жўнатмалари Томонларнинг миллий валюталарида Томонларнинг Марказий ва Миллий банклари томонидан белгиланган кросс-курс бўйича қабул қилинади ва тўланади. Мазкур Битимнинг 1-моддасида назарда тутилган операциялар Ўзбекистон Республикаси Ваколатли банкининг Озарбойжон Республикасининг вакил қилинган банкида Озарбойжон Республикасининг миллий валютасида очиладиган корреспондентлик счёти орқали амалга оширилади.
3-модда
Томонлардан ҳар бири пул жўнатмалари юборилиши, шунингдек жўнатмаларни қабул қилишда ёки тўлашда ўз давлати мижозларига кўрсатиладиган қўшимча хизматлар учун ўз тарифларини белгилайдилар.
4-модда
Жўнатмаларга ишлов бериш ва уларни давлатлар ўртасида айирбошлаш учун ҳар бир Томон пул жўнатмаларига ишлов бериш бўйича марказлаштирилган «Пункт» ташкил этади.
Томонлар ўртасида почта орқали пул жўнатмалари тегишли сумма олдиндан ўтказилган ҳолда фақат кўрсатиб ўтилган «Пунктлар» орқали жўнатилади.
5-модда
Почта жўнатмасини тўлаш муддати почта орқали жўнатилган пул Томонлар алоқа корхонасига келиб тушган кундан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.
Айрим ҳолларда олувчининг аризасига кўра почта жўнатмасини тўлаш муддати икки ойгача узайтирилиши мумкин.
Почта жўнатмаси Бутун жаҳон почта Иттифоқининг почта жўнатмалари тўғрисидаги Битимининг ижроия регламентининг ИР 608-моддасида кўрсатилган сабабларга кўра назарда тутилган муддат давомида тўланмаса, у илгари ўтказилган пул суммалари тегишлича қайтарилган ҳамда почта жўнатмасининг ҳар бир бланкида қайтариш сабаблари албатта кўрсатилган ҳолда пулни жўнатган алоқа Маъмуриятига қайтарилади.
6-модда
Зарурат бўлганда Томонлар қабул қилинган қарор тўғрисида иккинчи Томонни ёзма равишда олдиндан хабардор қилган ҳолда чиқиб кетувчи почта орқали пул жўнатмаларини ҳам миқдорига кўра, ҳам суммасига кўра бир томонлама чеклашга ҳақли бўладилар.
7-модда
Мазкур Битим шартлари Томонлардан бири томонидан бажарилмаган тақдирда иккинчи Томон бу ҳақда маълум қилади ҳамда 30 кун давомида жавоб олмаган тақдирида почта жўнатмалари айирбошлашни бир томонлама тартибда тўхтатиш ҳуқуқига эга бўлади.
8-модда
Сохта жўнатма тўланган тақдирда бунга йўл қўйишда айбдор бўлган Томонга моддий жавобгарлик юклатилади.
Қабул қилиш технологияси ёки жўнатмани тўлаш бузилиши муносабати билан жўнатма нотўғри тўланган тақдирда алоқа корхонаси ушбу тартибни бузган Томон моддий жавобгар бўлади.
9-модда
Томонларнинг почта жўнатмаларига ишлов беришга доир харажатлари Томонлар томонидан ҳар бир жўнатма учун 0,3 қарз олишнинг махсус ҳуқуқи тарифи бўйича ундирилади.
Томонлар янги тарифларни назарда тутишлари ва умумий розиликка кўра уларни қабул қилишлари мумкин.
10-модда
Битим шартларини ўзгартириш ва тўлдириш Томонларнинг ўзаро розилиги билан бажарилади.
11-модда
Жўнатма операциялар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлигининг Халқаро ҳисоб-китоблар ва шартномалар маркази ва Озарбойжон Республикаси Алоқа вазирлигининг Республика ҳисоб-китоблар маркази томонидан амалга оширилади.
12-модда
Почта жўнатмалари бланкларини тўлдириш ва хизмат ёзишмалари рус тилида олиб борилади.
13-модда
Мазкур Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири Битимнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида иккинчи Томонни камида бир ой олдин ёзма равишда хабардор қилгунига қадар амал қилади.
Битим тўланган почта жўнатмалари суммалари бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар Томонлар томонидан тўлиқ бажарилгандан кейин ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
1996 йил 27 майда Баку шаҳрида озарбойжон, ўзбек ва рус тилларида икки нусхада тузилди, барча матнлар бир хил кучга эгадир.
(имзолар)