Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Сурхондарё вилоятида «ичимлик суви таъминоти ва санитария» лойиҳаси доирасида Осиё тараққиёт банки қарзини ўз вақтида қайтаришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Сурхондарё вилоятида «Ичимлик суви таъминоти ва санитария» лойиҳаси бўйича Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан тузилган қарз шартномаси асосида Ўзбекистон Республикаси зиммасига юклатилган мажбуриятларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 20 мартдаги 79-сон «Осиё тараққиёт банки иштирокида «Сурхондарё вилоятининг сув таъминоти ва санитарияси» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ:
Осиё тараққиёт банки (ОТБ)дан 19,36 миллион махсус қарз ҳуқуқлари (SDR) миқдорида қарз жалб қилинган, унинг қайтариш муддати 32 йилни ташкил этади, шу жумладан 8 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олади;
2009 йилдан 2014 йил I чорагигача бўлган инвестиция даврида қарз бўйича фоиз тўловлари қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган;
инвестиция давридан кейинги (2014 йил II чорагидан бошлаб) қарз ва фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар «Сувоқова» ишлаб чиқариш бирлашмаси (Сурхондарё вилояти) маблағлари ҳисобидан, етишмаётган қисми эса Республика бюджети ҳисобидан қопланиши белгиланган;
«Сурхондарё вилоятида ичимлик суви таъминоти ва санитария» лойиҳасининг техник-иқтисодий асосномасида (кейинги ўринларда — лойиҳа) ОТБ қарзининг асосий қарз ва фоиз тўловлари бўйича харажатларни Ўзбекистон Республикаси бюджети ва «Сувоқова» ишлаб чиқариш бирлашмаси маблағлари ҳисобига қоплаш улушлари аниқлаб берилган.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги лойиҳанинг тасдиқланган техник-иқтисодий асослари иловага* мувофиқ «Сувоқова» ишлаб чиқариш бирлашмаси маблағларига қўшимча тарзда Ўзбекистон Республикаси Республика бюджети ҳисобидан ОТБ қарзини хизмат қилиш учун зарур маблағларни ажратишни таъминласин.
* илова берилмайди.
3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, «Сувоқова» ишлаб чиқариш бирлашмаси зиммасига жавобгарлик юклансин:
Улар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосномасида назарда тутилган параметрларга риоя этилишини;
Сурхондарё вилояти «Сувоқова» ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолияти самарадорлигини ошириш, жумладан, истеъмолчиларни тўлиқ инвентаризация қилиш, рўйхатга олинмаган сув истеъмолчиларини аниқлаш, автоматлаштирилган биллинг тизимини жорий этган ҳолда абонентлар ҳисобини зарур даражада ташкил этиш, сув йўқотилишини камайтириш, тўловларни йиғиш даражасини ошириш, дебитор қарзларни ундириш ва кредитор қарзларни камайтириш, шунингдек, ишлаб чиқариш ва молиявий ҳисоб-китобни йўлга қўйиш чораларини кўриш таъминлансин ҳамда қўлланилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили 1 апрель ва 1 октябрга қадар ҳисобот тақдим этилсин.
Шунингдек, ОТБ қарзини ва унга ҳисобланган фоизларни белгиланган тўлов жадвали асосида ўз вақтида тўланишини таъминласинлар.
4. Ушбу қарор ижроси юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 3 ноябрь,
306-сон