Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚУРИЛИШ СОҲАСИДАГИ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР УЧУН ЮРИДИК ШАХСЛАРГА СОЛИНАДИГАН ЖАРИМАЛАРНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 28 апрелдаги 129-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида («Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида» 2003 йил 6 майдаги ПФ–3240-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималарни ундириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Давлат архитектура-қурилиш назорати бош бошқармаси юридик шахслар томонидан қурилиш соҳасидаги амалдаги қонун ҳужжатларига, тасдиқланган норматив ҳужжатларга, стандартларга, қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсинлар, «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига ҳамда ушбу Низомга қатъий амал қилсинлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималарни ундириш тартибини тасдиқлаш ҳақида» 2001 йил 2 мартдаги 106-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 3-сон, 14-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари К.Н.Тўлаганов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2003 йил 17 сентябрь,
404-сон
Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималарни ундириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ юридик шахсларга солинадиган жарималарни қўллаш тартибини белгилайди.
2. Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва улар учун юридик шахсларга жарималар солиш мазкур Низомда назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.
3. Қуйидагилар қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва:
Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари — энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда, шунингдек «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-бандида назарда тутилган ҳолларда;
Давлат архитектура-қурилиш назорати бош бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосарлари – энг кам ойлик иш ҳақининг саксон бараваригача миқдорда, шунингдек «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-бандида назарда тутилган ҳолларда эса – энг кам ойлик иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар архитектура ва қурилиш бош бошқармалари бошлиқлари ҳамда архитектура-қурилиш назорати инспекциялари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари – энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда, «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-бандида назарда тутилган ҳолларда эса – энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз бараваригача миқдорда жарималар солиш ҳуқуқига эга.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Жарималар юридик шахслар томонидан жарима солиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда тўланади.
Жарима солиш тўғрисидаги қарор уни қабул қилган орган (мансабдор шахс) томонидан бажартирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Жарима солиш тўғрисидаги қарорни тезлик билан бажариш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлганда уни қабул қилган мансабдор шахс, бу ҳақда тегишли юридик шахсни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, қарорнинг бажарилишини бир ойгача муддатга узайтириши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Жарима солиш тўғрисидаги қарор юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилинганда ёки норози бўлинганда қарор шикоят ёки норозилик қониқарсиз қолдирилгандан сўнг бажарилиши керак. Бундай ҳолларда жарима шикоят ва норозилик қониқарсиз қолдирилганлиги тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда тўланиши керак.
7. Жарима юридик шахслар томонидан тегишли суммаларни ўтказиш йўли билан тўланади, улар қуйидаги тартибда тақсимланади:
жарима суммаларининг 60 фоизи республика бюджетига;
Кейинги таҳрирга қаранг.
30 фоизи – маҳаллий бюджетга;
Кейинги таҳрирга қаранг.
10 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Давлат архитектура-қурилиш назорати бош бошқармаси ва унинг тасарруфидаги органларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига йўналтирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Жарима муддатида тўланмаган тақдирда қарор суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини бажариш учун белгиланган тартибда мажбурий бажартирилади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 17-18-сон, 151-модда; 2006 й., 20-21-сон, 179-модда; 46-47-сон, 458-модда; 2010 й., 14-15-сон, 106-модда; 2016 й., 17-сон, 176-модда)