Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдодан ташқари тўловлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Грузия Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
Ўзбекистон Республикаси билан Грузия ўртасида савдодан ташқари тўловларни амалга оширишда пул маблағлари эркин ўтишини таъминлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар ижтимоий аҳамиятли савдодан ташқари тўловларнинг куйидаги турлари, айнан куйидагилар бўйича пул маблағлари эркин жўнатилишини таъминлайдилар:
пенсиялар, алиментлар, давлат нафақалари, тўловлар ва компенсациялар, шу жумладан ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ равишда майиб бўлиш, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилиши туфайли унга етказилган зарарни қоплашга оид тўловлар;
суд ва тергов органларининг ҳукмлари, қарорлари, ажримлари асосида тўланадиган суммалар;
фуқароларнинг вафот этиши билан боғлиқ тўловлар (дафн маросими билан боғлиқ транспорт харажатлари);
суд, тергов, ҳакамлик, нотариал ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларнинг харажатларини қоплаш бўйича тўловлар, шунингдек ушбу органлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича давлат пошлинаси.
сиёсий қатағонлар қурбонларига, уларнинг оила аъзолари ва меросхўрларига пул компенсациялари.
2-модда
Савдодан ташқари операциялар бўйича тўловлар Томонлар ваколатли банкларининг корреспондентлик счётлари орқали амалга оширилади.
3-модда
Ижтимоий аҳамиятли тўловлар бўйича пул маблағларини жўнатувчилардан қабул қилиш ва уларни олувчиларга тўлаш тегишли Томонлар миллий валютасида амалга оширилади.
Бир Томон миллий валютасининг иккинчи Томон миллий валютасига нисбатан расмий курси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Грузия Миллий банки томонидан АҚШ долларининг кросс-курси орқали белгиланади.
Томонлар бу мақсадлар учун миллий валюталарнинг Томонлар Марказий банклари томонидан белгиланадиган тартибда тўлиқ ва ўз вақтида ўзаро конвертация қилинишини таъминлайдилар.
4-модда
Томонларнинг ҳар бири зарур бўлганда Давлатлараро Битимлар ва ҳар икки давлатнинг миллий қонунчилиги доирасида иккинчи Томонни, олдиндан, камида уч ой олдин пул жўнатиш тўхтатилиши ёки юқорида айтиб ўтилган тўловларни амалга ошириш амалиётига киритиладиган ўзгартиришлар ҳақида хабардор қилган ҳолда пул жўнатишга чеклашлар жорий этишлари мумкин.
5-модда
Томонлар Томонларнинг Молия вазирликларига мазкур Битимнинг 1-моддасида кўрсатилган савдодан ташқари тўловлар рўйхатига ўзгартириш ва аниқлашлар киритиш ваколатини берадилар.
6-модда
Томонларнинг алоқа вазирликлари савдодан ташқари тўловлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни ўтказиш ҳақида икки томонлама битим тузадилар. Битим Томонларнинг Молия вазирликлари ҳамда Марказий (Миллий) банклари томонидан келишилади.
7-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, бу ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур Битимнинг бир қисми ҳисобланади.
8-модда
Мазкур Битимни бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ низоли масалалар маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
9-модда
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиблари бажарилганлиги тўғрисида бир-бирларини сўнгги марта ёзма равишда хабардор қилган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан ҳеч бири унинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўз нияти тўғрисида дипломатик йўллар билан ёзма равишда маълум қилгунига қадар амал қилади. Ушбу ҳолда Битим Томонлардан бири бундай билдиришнома олган санадан бошлаб уч ой ўтгандан кейин ўз кучини йўқотади.
1996 йил 28 май Тбилиси шаҳрида ҳар бири ўзбек, грузин ва рус тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди.
Мазкур Битим моддаларини талқин қилишда келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда рус тилидаги матн маълумотнома матн ҳисобланади.
(имзолар)