Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Ҳукумати ўртасида
Битим
Фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Грузия Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида,
куйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимда:
а) «қонунчилик» атамаси пенсия таъминоти соҳасидаги қонунлар, қарорлар ва қоидаларни ўз ичига олади;
б) «доимий турар жой» атамаси яшаб турган жойни, Томонлар қонунчилиги ана шундай деб белгилайдиган ёки тан оладиган жойни англатади;
в) «фуқаролар» атамаси фуқароликка эга бўлган ва Томонлардан бирининг ҳудудида доимий яшайдиган, шу Томонлар пенсия таъминоти қонунчилиги татбиқ этиладиган жисмоний шахсларни қамраб олади.
2-модда
Мазкур Битим ҳар бир Томон қонунчилиги билан белгиланган ёки белгиланадиган фуқаролар пенсия таъминотининг барча турларига жорий қилинади.
Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари, Давлат хавфсизлиги, Ички ишлар вазирлиги ходимлари ва улар оила аъзоларининг пенсия таъминоти масалалари алоҳида битимлар билан тартибга солинади.
3-модда
Томонлар ўз ҳудудларида бошқа Томондан доимий яшаш учун кўчиб келган фуқароларга пенсия таъминоти соҳасида ўз фуқароларига тенг бир хил ҳуқуқларни берадилар.
4-модда
Мазкур Битим бўйича пенсия таъминотини амалга оширишга алоқадор барча харажатлар пенсия таъминотини бераётган давлат томонидан қилинади.
5-модда
Томонлар фуқароларига пенсия тайинлаш ҳудудида шу фуқаролар доимий яшаб турган Томон қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Пенсиянинг тури ва уни тайинлаш шартларидан қатъи назар, пенсия ҳуқуқини белгилашда Томон ҳудудида, шунингдек, 1992 йил 1 январгача собиқ СССР ҳудудида ишланган меҳнат (суғурта) стажи ҳисобга олинади
6-модда
Томонлардан бирининг ҳудудига кўчиб келгандан сўнг ишламаган бошқа Томон фуқаролари учун пенсия миқдори пенсия тайинлаш вақтига улар кўчиб келган ўша Томонда худди шундай фаолиятда банд бўлган тегишли касб ва малакадаги ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Ўртача ойлик иш ҳақини баён этилган тартибда аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда пенсия миқдори фуқаро кўчиб келган ўша Томон ҳудудида пенсия тайинлаш вақтида шаклланган ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади.
7-модда
Пенсионернинг янги турар жойи бўйича пенсия олдинги турар жойи бўйича пенсия тўлаш тўхтатилган ойдан кейинги ойдан бошлаб, аммо рўйхатдан ўтказилган ойдан олдинги кўпи билан олти ойга тайинланади.
Пенсионернинг янги турар жойи бўйича Томон қонунчилигида пенсияни юқоридаги асосга мувофиқ тайинлаш назарда тутилмаган бўлса, пенсия тўлашни пенсионер яшаб турган Томон қонунчилиги бўйича пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келгунга кадар пенсионер чиқиб кетган ўша Томон давом эттиради.
8-модда
Томонлар ҳудудида, шу жумладан, мазкур Битим кучга киргунга қадар, шунингдек 1992 йил 1 январгача собиқ СССР таркибига кирган давлатлар ҳудудларида белгиланган тартибда берилган пенсия таъминоти учун зарур бўладиган ҳужжатлар легаллаштирмай қабул қилинади.
9-модда
Мазкур Битимнинг 7-моддасида назарда тутилган тўловлар тўловчи Томон валютасида, пенсия тўловлари эса пенсия олувчи ҳудудида доимий яшаб турган Томон валютасида амалга оширилади.
10-модда
Томонлар ўз давлатларида амалда бўлган пенсия таъминоти қонунчилиги, ундаги кейинги ўзгартиришлар тўғрисида бир-бирларига ахборот бериб туришни, шунингдек, пенсия ҳуқуқини белгилашда аҳамиятли бўлган ҳолатларни аниқлаш чораларини кўриш мажбуриятларини зиммаларига оладилар.
11-модда
Мазкур Битимни амалга оширишда Томондан бирининг Дипломатик ёки Консуллик Ваколатхонаси бошқа Томон ваколатли органларида ўз давлатлари фуқароларини бевосита ва махсус ишонч қоғозисиз ифодалашлари мумкин
12-модда
Мазкур Битим ратификация қилиниши керак ва Томонлар Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиблари бажарилганлиги тўғрисида дипломатик йўллар орқали ёзма хабар берган кундан бошлаб кучга киради.
13-модда
1. Томонлардан ҳар бири мазкур Битимни жорий тақвим йил тугашидан камида олти ой олдин бошқа Томонни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилиб бекор қилишга ҳақли, бундай ҳолда мазкур Битимнинг амалда бўлиш муддати кўрсатилган йил тугаши билан тўхтатилади.
2. Томонлар фуқароларининг мазкур Битим қоидаларига мувофиқ юзага келган пенсия таъминоти ҳуқуқи у бекор қилинган тақдирда ҳам ўз кучини йўқотмайди.
3. Мазкур Битимга киритиладиган Томонларнинг ўзаро келишувлари асосида қабул қилинадиган барча ўзгартиришлар ва қўшимчалар тегишли протоколларда қайд этилган мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
1996 йил 28 май Тбилиси шаҳрида ҳар бири ўзбек, грузин ва рус тилларида бўлган уч асл нусхада тузилди. Барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчилик юзага келса, рус тилидаги матн маълумотнома матни хизматини ўтайди.
(имзолар)