Хоразм вилояти Янгибозор тумани ҳокимининг
Қарори
Янгибозор туманида тракторлар, ўзиюрар шассилар, мелиоратив йўл-қурилиш машиналари ва трактор тиркамаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Хоразм вилояти Янгибозор тумани ҳокимининг 2014 йил 8 февралдаги 114-сонли «Янгибозор туманида қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 декабрдаги 345-сонли қарорига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2004 йил 15 ноябрдаги 248-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Тракторлар, ўзиюрар шассилар, мелиоратив йўл-қурилиш машиналари ва трактор тиркамаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ қарор қиламан:
1. Янгибозор туман қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича давлат инспектори (Х. Қурбашев) тумандаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган тракторлар, ўзиюрар шассилар, мелиоратив йўл-қурилиш машиналари ва трактор тиркамаларининг (кейинги ўринларда «Машиналар» деб юритилади) 2013 йилда (1 февралдан 1 майгача) техник кўрикдан ўтказилишини таъминласин.
Машиналарни техник кўрикдан ўтказишда улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш, амалда мавжудлигини, машиналар сонини, уларнинг ҳолатини, рўйхатдан ўтказиш маълумотларини аниқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилсин.
2. Тумандаги машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш комиссияси таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
3. Машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 ва 2-иловалар берилмайди.
4. Машиналар техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг:
тракторлар, трактор тиркамалари, мелиоратив техника ва ўзиюрар машиналарига — 0,18 фоизи;
қишлоқ хўжалик машиналарига — 0,10 фоизи;
машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналари — 0,37 фоизи;
биринчи техник кўрикда носоз деб топилган машиналар такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорда йиғим қайта ундирилсин.
5. Туман қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича давлат инспектори (Х.Қурбашев) белгиланган тартибда рўйхатдан ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган носоз машиналарни йўлга чиқарилишини олдини олиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтирсин.
6. Қарор матбуотда эълон қилинсин ва давлат ҳисобига олиш учун адлия бошқармасига тақдим этилсин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У. Рўзметов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким О. МАДРАХИМОВ
Янгибозор ш.,
2013 йил 9 март,
224-сон