Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗАРО КЕЛИБ-КЕТИШЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(2000 йил 16 май, Душанбе)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
иккала давлат фуқароларининг ўзаро келиб-кетишлари тартиби ва шартларини йўлга қўйиш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари ушбу Битимнинг 1- ва 2-иловаларида кўрсатиб ўтилган амалдаги ҳужжатлар бўйича, тегишли визалари бўлса ва ушбу Битимда кўзда тутилган шартларга мувофиқ, бошқа Томон давлати ҳудудига киришлари, чиқишлари, транзит ўтишлари ҳамда унда вақтинча бўлишлари мумкин.
2-модда
1. Бир Томон давлатининг ҳақиқий дипломатик паспортига эга бўлган, бошқа Томон давлати ҳудудида узоғи билан ўттиз сутка бўлишни мўлжаллаётган фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз киришлари, ундан чиқишлари ва бўлишлари мумкин.
2. Ўзбекистон Республикасининг миллий паспортига эга бўлган фуқаролари ва Тожикистон Республикасининг хизмат паспортига эга бўлган фуқаролари, агар улар расмий давлат ва ҳукумат делегациялари таркибига кирсалар, узоғи билан ўттиз сутка мобайнида бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз киришлари, чиқишлари ва унда бўлишлари мумкин.
3. Тожикистон Республикасига хизмат сафарига бораётган Ўзбекистон Республикасининг камида вазир ўринбосари даражасидаги ва хизмат мақомига кўра унга тенглаштирилган мансабдор шахслари, вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари, туманларнинг, республика ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларнинг ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда Тожикистон Республикасининг хизмат паспортига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасига хизмат сафарига бораётган камида вазир ўринбосари даражасидаги ва хизмат мақомига кўра унга тенглаштирилган мансабдор шахслари, вилоят раисининг ўринбосарлари, туманларнинг, республика ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларнинг раислари, уларнинг ўринбосарлари бошқа Томон давлати ҳудудида узоғи билан ўттиз сутка мобайнида бўлишни мўлжалласа, улар бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз киришлари, чиқишлари ва унда бўлишлари мумкин.
4. Томонлар давлатларининг ушбу модданинг 1—3 бандларида кўрсатилган, бошқа Томон давлати ҳудудида ўттиз суткадан ортиқроқ бўлишни ният қилган фуқароларига бунинг учун улар қайси Томон давлатининг фуқароси бўлсалар, ўша Томон давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасининг ёзма мурожаати бўйича консуллик йиғимлари ундирилмасдан виза берилади.
3-модда
1. Томонлардан бири давлатининг ҳақиқий дипломатик паспортга эга бўлган ва дипломатик ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасаларида хизмат қиладиган ходимлари, шунингдек халқаро ташкилотларнинг бошқа Томон давлати ҳудудидаги ваколатхоналарининг ходимлари бутун хизмат давомида бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз кирадилар, чиқадилар ва унда бўладилар.
2. Ушбу модда 1-бандининг қоидалари ушбу фуқаронинг расмий иш фаолияти даврида у билан бирга яшайдиган ҳамда ҳақиқий дипломатик паспортга эга бўлган оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.
3. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатиб ўтилган дипломатик ваколатхоналар ва бошқа расмий ваколатхоналар маъмурий-техникавий персоналининг ходимлари ҳамда уларнинг бир Томон давлатининг фуқаролари бўлган, ҳақиқий хизмат ва миллий паспортга эга бўлган оила аъзолари бошқа Томон давлати ҳудудига консуллик йиғимлари ундирилмасдан расмийлаштириладиган кўп маротабалик визалар асосида кирадилар, чиқадилар ва унда бўладилар.
4. Ушбу модданинг 1—3- бандларида кўрсатилган шахслар ўзлари бўлиб турган давлат Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинадилар.
4- модда
Томонлар давлатларининг ушбу Битимнинг 1- ва 2-иловаларида санаб ўтилган ҳужжатлар бўйича қуйидаги тоифадаги фуқаролари учун визасиз кириш ва чиқиш тартиби ўрнатилади:
а) фуқаро авиацияси ҳаво кемасининг экипаж аъзоларига ҳақиқий миллий паспортга кўра ва бош декларацияда (учиш топшириғида) ёзув бўлган тақдирда;
б) темир йўлларнинг поезд, рефрижератор ва локомотив бригадаси хизматчиларига ҳақиқий миллий паспорт ва ҳар бир рейс учун тасдиқланадиган исмлар ёзилган рўйхат, йўл варақалари бўйича;
в) ҳукуматлараро фельдъегерлик алоқаси ходимлари учун ҳақиқий миллий паспорт ва Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан бериладиган тегишли ҳужжатлар бўйича;
г) Томонлар ваколатли органларининг хизматчилари ҳамда вакилларига олдиндан келишилганига мувофиқ равишда хизмат сафари гувоҳномаси бўлган тақдирда амалдаги миллий паспорт (шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар) ва хизмат гувоҳномаси бўйича (Томонлар ваколатли органлари ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхатлари дипломатик каналлар орқали белгилаб олинади).
5- модда
1. Ўзбекистон Республикасининг 3-иловада санаб кўрсатилган Тожикистон Республикаси чегараларига туташ туманлари ва шаҳарларида доимий яшовчи фуқаролари Тожикистон Республикасининг 4-иловада санаб кўрсатилган чегара бўйи туманлари ҳудудига узоғи билан беш сутка муддатга визасиз кирадилар, чиқадилар ва унда бўладилар.
2. Тожикистон Республикасининг 4-иловада санаб кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси чегараларига туташ туманлари ва шаҳарларида доимий яшовчи фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг 3-иловада санаб кўрсатилган чегара бўйи туманлари ҳудудига узоғи билан беш сутка муддатга визасиз кирадилар, чиқадилар ва унда бўладилар.
3. Ушбу моддада кўрсатилган фуқароларнинг яшаш жойлари Томонлар давлатлари фуқароларининг паспортларидаги хатлов белгисига қараб аниқланади.
4. Томонлар давлатларининг ушбу моддада кўрсатилган фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудида беш суткадан ортиқ муддатда белгиланган тартибда расмийлаштирилган визалар асосида бўладилар.
5. Томонлар давлатларининг ваколатли органларига тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилса узрли сабабларга кўра истисно ҳолларда бир Томоннинг ушбу модданинг 1— 2-бандларида санаб кўрсатилган фуқароларига бошқа Томон давлати ҳудудида бўлиш муддатини узайтиришга рухсат берилади.
6-модда
1. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари автомобиль транспортида Фарғона ва Наманган вилоятларидан Ленинобод вилояти ҳудуди орқали Ўзбекистон Республикасининг Тошкент ва Сирдарё вилоятларига ва аксинча йўналишда визасиз узоғи билан 3 суткалик муддатга боришлари мумкин.
2. Тожикистон Республикасининг Ленинобод вилоятидаги Айний, Тоғли Мастчоҳ ва Панжикент туманларида доимий яшайдиган фуқаролари 1 октябрдан 1 июнга қадар автомобиль ва темир йўл транспортида визасиз узоғи билан 3 суткалик муддатга Ленинобод вилоятининг Айний, Тоғли Мастчоҳ ва Панжикент туманларидан Ленинобод вилоятининг бошқа туманларига ва аксинча йўналишда Ўзбекистон Республикасининг Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудуди орқали боришлари мумкин.
7- модда
1. Бир Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган объектларида ишлайдиган Томонлар давлатларининг фуқаролари хизмат вазифаларини бажариши учун шу бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз кирадилар, чиқадилар ва унда бўладилар.
2. Мазкур хизматчилар чегарадан миллий паспорт ва хизмат гувоҳномаси асосида ўтказиладилар.
3. Мазкур фуқароларни бошқа Томон давлати ҳудудида вақтинча хатловга олиш ва қайд қилиш Томонлар давлатларининг ваколатли органлари тарафидан объектларга хизмат кўрсатадиган ташкилотларнинг тақдимномаси асосида бож ва йиғимлар ундирилмаган ҳолда амалга оширилади.
4. Мазкур объектларга хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, махсус техника ҳамда моддий-техникавий ресурслар барча турдаги солиқлар, йиғимлар, божлар ва бошқа хил тўловлардан озод қилинади.
5. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган объектларнинг рўйхати ушбу Битим имзоланган санадан кейин 30 кун ичида дипломатик каналлар орқали ноталар алмашиш орқали аниқланади.
8-модда
Халқаро ҳаво транспортида бошқа Томон ҳудуди орқали транзит тарзида кетаётган Томонлар давлатларининг фуқаролари аэропортнинг транзит йўловчилар учун ажратилган зонасидан ташқари чиқмаслик шарти билан ушбу Томон давлати ҳудудида визасиз бўлишлари мумкин.
Ҳаво ва темир йўл транспортида бошқа Томон ҳудуди орқали транзит тарзида кетаётган ва ушбу Томон давлати ҳудудига автомобиль ёки темир йўл транспортида келаётган ёки ундан кетаётган бир Томон давлатининг фуқаролари қачон етиб келганлиги ёинки жўнаб кетгани қайд этилган билети ёхуд бошқа ҳужжати бор бўлган ушбу Томон давлати ҳудудида 3 сутка давомида визасиз бўлишлари мумкин.
9-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари бошқа Томон давлатининг визасини олиш учун ушбу Томоннинг дипломатик ваколатхонаси ё консуллик муассасасига тегишли юридик ёки жисмоний шахсининг белгиланган тартибда расмийлаштирилган таклифномасини тақдим этишлари керак, бундан фақат ушбу Битимда кўрсатилган ҳоллар мустасно.
10-модда
Томонлар халқаро автомобиль ташишлари амалга оширилаётган чоғда транспорт корхоналарининг дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларига мурожаати асосида транспорт воситаларининг ҳайдовчиларига белгиланган тартибда 12 ойга қадар муддатга кўп маротабалик виза берадилар,
11-модда
Инсонпарварлик тарзидаги шошилинч ҳолларда Томонларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари шахсларга Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан берилган тасдиқловчи ҳужжатлар асосида оғир касал ҳолатидаги оила аъзоси ва яқин қариндошини бориб кўриш учун ёки оила аъзосини ва яқин қариндошини кўмишга бориш учун консуллик йиғимларини ундирмасдан 24 соат ичида виза берадилар.
12-модда
Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари қабул қилувчи давлат ҳудудида доимий яшайдиган яқин қариндоши (турмуш ўртоғи, ота-онаси (фарзандликка олганлар), ака-укаси, опа-синглиси, боласи (фарзандликка олгани), бобоси, бувиси, невараси) бор шахсларга улар бу қариндошларидан олинган, ушбу давлат қонунларига мувофиқ расмийлаштирилган таклифномани тақдим этган ҳолларида бир йилгача муддатга амал қиладиган кўп маротабалик виза берадилар.
13- модда
Виза берганлик учун консуллик йиғимларининг тарифларини Томонлар ушбу Битимнинг 5-иловасига мувофиқ, ҳамжиҳатликда белгилайдилар.
14-модда
Томонлар ҳамжиҳатлик асосида қуйидаги шахсларни виза учун консуллик йиғими тўлашдан озод этадилар:
Томонлар ўртасидаги шартномаларга мувофиқ фан, техника, таълим, маданият, санъат ва спорт соҳасида алмашув тарзида бораётганлар;
яқин қариндошлари мозорини зиёрат қилишга бораётганлар — кўмилган жойни тасдиқловчи ҳужжати бўлган тақдирда (узоғи билан етти суткагача ва йилига кўпи билан бир марта);
Улуғ Ватан Уруши ветеранлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари -тегишли ҳужжат бор бўлганида, шунингдек ёши 60 дан ошган фуқаролар;
бошқа давлат ҳудудидаги билимгоҳларда, ўтказилаётган курсларда таълим олаётганлар.
15-модда.
Иккала Томон давлатининг фуқаролари иккала Томон давлати ҳудудидан Томонларнинг темир йўл транспортида визасиз транзит тарзида ўтиб келишлари мумкин, бунда ўз Томон давлати ҳудудида тушиш ёки учинчи мамлакатларга бориш учун ўз Томони давлати ҳудудидан йўлга чиқишлари ва тушишлари шарт.
16-модда
Иккала Томон давлатининг ушбу Битим амалиёти тегишли бўлган фуқаролари давлат чегараларидан ўтиш учун ажратилган ўтказиш пунктлари орқали Томонлардан бири давлати ҳудудидан Томонларнинг миллий қонунларига мувофиқ давлат чегараларидан ўтиш тартибларига амал қилган ҳолда киришлари, чиқишлари ва транзит ўтишлари мумкин.
Давлат чегараларидан ўтказиш пунктларининг рўйхати дипломатик каналлар орқали нота алмашиб аниқланади.
17-модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудида бўлган чоғларида бу Томон давлатининг қонун-қоидаларига, жумладан чет эллик фуқаролар учун белгиланган рўйхатдан ўтиш, бўлиб туриш ва ҳаракатланиш қоидаларига риоя қиладилар.
Ушбу Битим бирон-бир Томоннинг бошқа Томон давлатининг келиши номақбул ҳисобланган фуқароси келишини рад этиши ёки бўлиш муддатини чеклаш ҳуқуқига дахл қилмайди.
18-модда
Фавқулодда ҳолларда (миллий хавфсизликка, жамоат тартиби ёки фуқаролар соғлиғига таҳдид, жумладан юқумли касалликлар хуружи, табиий офатлар) Томонлар ушбу Битим фаолиятини тўла ёки қисман тўхтатиб туриш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Ушбу Битим фаолиятини тўхтатиб туриш ва тиклаш тўғрисида Томонлар иложи бўлса олдиндан, бир-бирларига бу тўғрида қарор қабул қилинишидан энг камида 24 соат аввал дипломатик каналлар орқали хабар берадилар.
19-модда
Томонлар ўз Ташқи ишлар вазирликларига дипломатик каналлар орқали қуйидагиларни алмашишни топширадилар:
ушбу Битим фаолияти татбиқ этиладиган ҳужжатлар намуналарини; агар Томонлар тарафидан янги ҳужжатлар жорий этилса, улар фаолияти бошланишидан камида 1 (бир) ой аввал;
чет эллик фуқароларнинг келишлари, кетишлари, бўлиб туришлари борасида амалдаги қонунлар тўғрисида ахборот ва шу соҳадаги бошқа ахборот.
20-модда
Томонлар заруратга кўра ушбу Битимни амалга оширишга алоқадор масалаларни муҳокама қилиш учун маслаҳатлашув ўтказиб турадилар.
21-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига биноан, ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади, ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланади ва ушбу Битимнинг 23-моддасига мувофиқ кучга киради.
22-модда
Ушбу Битимни бажариш ёки унинг қоидаларини қўллаш борасида келиб чиққан ҳар қандай баҳс ва низоли масалалар Томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш орқали ҳал этилади.
23-модда
Ушбу Битим Томонларнинг уни кучга киритиш учун лозим давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабар олинган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томонни унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ниятидан расман ёзма равишда хабардор қилган санадан тўқсон кун ўтгунича амал қилади.
Душанбе шаҳрида, 2000 йил 16 майда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади,
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида Битимга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тожикистон Республикаси ҳудудига келишлари, кетишлари ва унда бўлишлари учун лозим ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти.
2. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорти.
3. Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган болалар учун) (Битимнинг 5-моддаси татбиқ этиладиган фуқароларнинг фарзандлари учун).
4. Ҳаво кемаси экипажининг гувоҳномаси (экипаж таркибида бораётганда),
5. Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома.
6. Ҳукуматлараро фельдъегерлик хизмати ходимининг гувоҳномаси.
Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида Битимга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Тожикистон Республикаси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келишлари, кетишлари ва унда бўлишлари учун лозим ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Тожикистон Республикасининг дипломатик паспорти.
2. Тожикистон Республикасининг хизмат паспорти.
3. Тожикистон Республикасининг умумфуқаролик хорижий паспорти.
4. Тожикистон Республикаси фуқароларининг паспорти (Битимнинг 5-моддаси татбиқ этиладиган фуқаролар учун).
5. Тожикистон Республикаси ҳудудида рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайдлов белгиси бор бўлган (2001 йил 31 декабрга қадар) СССР фуқаросининг паспорти (Битимнинг 5-моддаси татбиқ этиладиган фуқаролар учун).
6. Тожикистон Республикасининг фуқароси эканлиги тўғрисида ёзув ёки белги қўйилган собиқ СССРнинг дипломатик, хизмат ва умумфуқаролик хорижий паспорти фақат Тожикистон Республикасига қайтиш учун (2003 йил 1 апрелга қадар).
7. Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган болалар учун) (Битимнинг 5-моддаси татбиқ этиладиган фуқароларнинг фарзандлари учун).
8. Ҳаво кемаси экипажининг гувоҳномаси (экипаж таркибида бораётганда).
9. Тожикистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома.
10. Ҳукуматлараро фельдъегерлик хизмати ходимининг гувоҳномаси.
Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида Битимга
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикаси чегараларига туташ туманлари ва аҳоли пунктларининг
РЎЙХАТИ
| Жиззах вилояти |
| 1. Бахмал тумани |
| 2. Зомин тумани |
| 3. Янгиобод тумани |
| Сирдарё вилояти |
| 1. Ховос тумани |
| |
| Тошкент вилояти |
| 1. Ангрен шаҳри |
| 2. Бекобод шаҳри |
| 3. Бекобод тумани |
| 4. Пискент тумани |
| 5. Оҳангарон тумани |
| 6. Бўка тумани |
| |
| Наманган вилояти |
| 1. Поп тумани |
| |
| Фарғона вилояти |
| 1. Бешариқ тумани |
| 2. Ўзбекистон тумани |
| 3. Данғара тумани |
| 4. Фурқат тумани |
| |
| Қашқадарё вилояти |
| 1. Китоб тумани |
| 2. Шаҳрисабз тумани |
| |
| Сурхондарё вилояти |
| 1. Узун тумани |
| 2. Сариосиё тумани |
| 3. Қумқўрғон тумани |
| 4. Жарқўрғон тумани |
| 5. Термиз тумани |
| |
| Самарқанд вилояти |
| 1. Самарқанд шаҳри |
| 2. Ургут тумани |
| 3. Булунғур тумани |
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида Битимга
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси чегараларига туташ туманлари ва аҳоли пунктларининг
РЎЙХАТИ
| Ленинобод вилояти |
| 1. Ашт тумани |
| 2. Исфара тумани |
| 3. Конибодом тумани |
| 4. Ғафуров тумани |
| 5. Шаҳристон тумани |
| 6. Ўратепа тумани |
| 7. Нов тумани |
| 8. Зафаробод тумани |
| 9. Мастчоҳ тумани |
| 10. Панжикент тумани |
| 11. Айний тумани |
| 12. Тоғли Мастчоҳ тумани |
| 13- Қайроққум шаҳри |
| |
| Хатлон вилояти |
| 1. Бешкент тумани |
| 2. Шаҳритуз тумани |
| 3. Қабодиён тумани |
| |
| Республикага тобе туманлар |
| 1. Ҳисор тумани |
| 2. Турсунзода тумани |
| 3. Ленин тумани |
| 4. Шаҳринов тумани |
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисида Битимга
5-ИЛОВА
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси фуқароларига бериладиган виза учун консуллик йиғимларининг тарифи
Кўп маротабалик кириш-чиқиш визасини расмийлаштириш:
1 ойга қадар — 4 АҚШ доллари
6 ойга қадар — 10 АҚШ доллари;
бир йилга қадар — 20 АҚШ доллари.
Виза муддати узайтирилганида консуллик йиғимлари визани расмийлаштирилганидаги каби ундирилади.
16 ёшга тўлмаган болалардан консуллик йиғимлари ундирилмайди.