ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР, ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП ЁКИ АҚЛ-ИРОДА ФАОЛИЯТИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ БОШҚА МОДДАЛАРНИ МУНТАЗАМ РАВИШДА ИСТЕЪМОЛ ҚИЛАЁТГАН ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИ АНИҚЛАШ, ҲИСОБГА ОЛИШ, ТЕКШИРИШ ВА ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 11 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2215]
Ўзбекистон Республикасининг «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 39-сон, 341-модда) мувофиқ буюраман:
1. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни аниқлаш, ҳисобга олиш, текшириш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Вазир А. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 17 январь,
18-сон
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2011 йил 17 январдаги 18-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни аниқлаш, ҳисобга олиш, текшириш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни аниқлаш, ҳисобга олиш, текшириш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 24 июлдаги 28-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2215-1, 31.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.07.2023 й., 10/23/2215-1/0542-сон)
I. Умумий қоидалар
1. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни аниқлаш, ҳисобга олиш, текшириш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ташкил этиш соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан амалга оширилади.
2. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилувчи вояга етмаганларга наркология муассасалари томонидан ўз вақтида ихтисослаштирилган диагностика ва даволаш-тиклаш ёрдами кўрсатилиши шарт.
II. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилувчи вояга етмаганларни аниқлаш, текшириш ва ҳисобга олиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилувчи вояга етмаганларни аниқлаш бевосита вояга етмаган шахснинг ўзи, унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамда Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари ва таълим муассасаларининг мурожаатига кўра наркология муассасалари томонидан ўтказиладиган тиббий текширув натижасига кўра амалга оширилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2023 йил 24 июлдаги 28-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2215-1, 31.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.07.2023 й., 10/23/2215-1/0542-сон)
4. Тиббий текширув вояга етмаганларнинг илтимосига кўра ёки уларнинг розилиги билан, ёши ўн тўртга тўлмаган вояга етмаганларга эса, уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан ўтказилади.
5. Тиббий текширувдан ўтиш учун наркология муассасасига ихтиёрий равишда мурожаат этган вояга етмаганларнинг илтимосига кўра даволанишнинг сир сақланиши таъминланади.
6. Тиббий текширув натижасига кўра вояга етмаганларнинг спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётганлиги ҳамда наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланса, ушбу шахслар яшаш жойи бўйича наркология муассасаларида диспансер ҳисобига ва кузатувига наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан олинади.
7. Тиббий текширув натижасига кўра вояга етмаганларнинг спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилаётган, лекин наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланмаган вояга етмаганлар ўзлари яшаш жойларидаги наркология муассасаларида профилактик ҳисобига ва кузатувига наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан олинади.
8. Диспансер ва профилактик ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганлар учун амбулатор наркологик бемор тиббий картаси (025/у шакл) тўлдирилади. Тиббий картага субъектив ва объектив анамнез, соматик, неврологик ва руҳий ҳолатлар ҳамда профилактика жараёнидаги ўзгаришлар киритилади.
Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилувчи вояга етмаганларни амбулатор наркологик бемор тиббий карталари ва бошқа тиббий ҳужжатлари алоҳида ажратилган ҳолда, ўсмирлар врач-наркологи хонасида сақланиши лозим.
9. Диспансер ва профилактик ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганлар ўсмирлар врач-наркологи томонидан амбулатория шароитда ҳар ойда камида бир марта тиббий текширувдан ўтказиб турилиши лозим.
10. Диспансер ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганлар қуйидаги ҳолларда ҳисобдан чиқарилади:
турғун ремиссия ҳолати, яъни диспансер ҳисобидаги ва кузатувидаги шахснинг наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни уч йил мобайнида истеъмол қилмаганлиги тасдиқланганда;
яшаш учун бошқа жойга кўчганда;
бир йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганда;
вафот этганда.
11. Профилактик ҳисобида ва кузатувида бўлган вояга етмаганда бир йил давомида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиши кузатилмаганда ва тиббий текширув натижасига кўра унда наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланмаган тақдирда, у наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан профилактик ҳисобдан чиқарилади ва кузатув тугатилади.
12. Профилактик ҳисобида ва кузатувида бўлган вояга етмаганда бир йил давомида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиши кузатилиб, ўтказилган тиббий текширув натижасига кўра унда наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланмаган тақдирда, профилактик ҳисобдан чиқарилмайди ва кузатув давом эттирилади.
Агар тиббий текширув натижасида вояга етмаган шахсда наркологик касалликнинг клиник белгилари аниқланса, ушбу шахс диспансер ҳисобига ва кузатувига наркология муассасаси тиббий маслаҳат комиссиясининг хулосасига асосан олинади.
13. Профилактик ёки диспансер ҳисобида ва кузатувида бўлган вояга етмаган шахслар ўн саккиз ёшга тўлгандан сўнг, вояга етганларнинг профилактик ёки диспансер ҳисобига ва кузатувига олинади.
III. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилувчи вояга етмаганларни даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш
14. Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган вояга етмаганларни даволаш ўсмирлар врач-наркологлари томонидан олиб борилади.
15. Вояга етмаганларни даволаш вояга етган беморлардан ажратилган ҳолда амалга оширилади.
16. Диспансер ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганларга улардаги касалликни даволаш учун тиббий текшириш, тиббий маслаҳат бериш, ташхис қўйиш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация хизматларини кўрсатишдан иборат малакали тиббий наркологик ёрдам кўрсатилиши шарт.
17. Диспансер ҳисобига ва кузатувига олинган вояга етмаганларни даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш амбулатория ва стационар шароитда амалга оширилади.
18. Стационар шароитда даволаш ўн беш ёшга тўлмаган вояга етмаганлар учун психоневрология диспансерларининг болалар бўлимида, ўн беш ёшдан ошган вояга етмаганлар учун наркология диспансерининг стационар бўлимларида амалга оширилади.
19. Спиртли ичимликларни мунтазам равишда истеъмол қилишга чалинган вояга етмаганларни наркология муассасаларида стационар шароитда даволаш муддати қирқ беш кундан, гиёҳвандлик ва заҳарвандликка чалинган вояга етмаган шахсларни даволаш муддати эса олтмиш кундан кам бўлмаслиги лозим.
Бунда қайта даволанаётган вояга етмаганларни стационар даволаш муддати даволовчи ўсмирлар врач-наркологлари томонидан белгиланади.
20. Вояга етмаганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тиббий, психологик, педагогик, ижтимоий ва меҳнат чораларини ўз ичига олган ҳолда уларнинг соғлиғини ҳамда шахс хусусиятларини тиклаш, ижтимоий муҳитга мослаш, шунингдек уларни нормал турмуш тарзига қайтариш учун амалга оширилади.
Бунда тиббий-ижтимоий реабилитация дастурлари ўсмирлик даври хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда вояга етмаганлар учун алоҳида тузилади.
IV. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
22. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
2011 йил 10 февраль
Бош прокурор ўринбосари Н. ЙЎЛДОШЕВ
2011 йил 3 март
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 15-сон, 154-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 31.07.2023 й., 10/23/2215-1/0542-сон)