Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЙЎЛ-ПАТРУЛЬ ХИЗМАТИ АЛОҲИДА БАТАЛЬОНИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ МАГИСТРАЛ КЎЧАЛАРИДА ҲАРАКАТ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Тошкент шаҳрининг транспорт қатнови зич бўлган магистрал кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент шаҳрининг Ички ишлар бош бошқармаси Давлат автомобиль назорати бошқармасининг мавжуд йўл-патруль ротаси негизида ходимлар сони ва тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ бўлган йўл-патруль хизмати алоҳида махсус батальони ташкил этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ана шу мақсадлар учун қўшимча равишда 144 нафар ходим ажратилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Давлат автомобиль назорати йўл-патруль хизмати алоҳида махсус батальонининг қўшимча равишда ажратилган ходимлари ва унинг моддий-техника таъминоти харажатларини маблағ билан таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 1995 йил бюджетида Тошкент шаҳрининг магистрал кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш, етказиб беришга ва сарфланадиган материалларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тузиладиган шартномаларни тақдим этиладиган ҳисоб-китобларга мувофиқ, уларни республика корхоналарида тайёрлаш имкониятларини ишлаб чиққан ҳолда, маблағ билан таъминлашни назарда тутсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 3 август,
396-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 августдаги 396-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Давлат автомобиль назорати бошқармаси махсус автомобиллар ва хорижий давлатлар ҳукумат делегацияларининг хавфсиз юришини таъминловчи йўл-патруль хизмати алоҳида махсус батальонининг
ХОДИМЛАРИ СОНИ
| Жами | — | 344 |
| шу жумладан: | | |
| катта ва ўрта бошлиқлар | — | 138 |
| кичик бошлиқлар | — | 201 |
| ишчи ва хизматчилар | — | 5 нафар |
Изоҳ: Алоҳида махсус ротанинг мавжуд 87 нафар ходими, йўл-патруль хизмати полкининг, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Давлат атвомобиль назорати бошқармасининг Мирзо Улуғбек, Юнусобод туманларига, Тошкент ҳалқа автомобиль йўлига хизмат кўрсатувчи йўл-патруль хизмати алоҳида ротасининг ходимларини қайта тақсимлаш ҳамда қўшимча равишда ажратиладиган 144 нафар ходим ҳисобидан ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 августдаги 396-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Давлат автомобиль назорати бошқармаси махсус автомобиллар ва хорижий давлатлар ҳукумат делегацияларининг хавфсиз юришини таъминловчи йўл-патруль хизмати алоҳида махсус батальонининг
ТУЗИЛМАСИ
| Раҳбарият | — | 4 нафар |
| Штаб | — | 3 нафар |
| Шахсий таркиб билан ишлаш бўйича гуруҳ | — | 2 нафар |
| Техника бўлинмаси | — | 3 нафар |
| Таъминот хизмати | — | 3 нафар |
| Молия бўлинмаси | — | 1 нафар |
| Жанговар бўлинмалар (4 рота) | — | 328 нафар |
| Жами | — | 344 нафар |