LexUZ шарҳи
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сонли «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Пахта экадиган хўжаликларнинг ички ва ташқи бозорларда барқарор харидоргир юқори сифатли рақобатбардош пахта етиштиришни кўпайтиришдан иқтисодий рағбатлантирилишини кучайтириш, нарх белгилашнинг бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган жаҳон амалиётида қабул қилинган меъёр ва тамойилларини кенг жорий этиш мақсадида:
1. Пахта хомашёсига ички харид нархлари ҳамда экспортга ва республика истеъмолчиларига етказиб берилаётган пахта толасининг улгуржи нархлари жаҳон бозорида шаклланаётган пахта нархи конъюнктурасига мувофиқ белгиланиш тартиби ўрнатилсин. Пахта хомашёси нархини шакллантиришда уни ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, шунингдек уни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш харажатларининг қопланишини ҳисобга олиш зарур.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзпахтасаноатэкспорт» ХК, «Ўзпахтасаноат» АЖ ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ҳар йили янги ҳосил пахтасига нарх белгилашда, шартнома ва контракт мажбуриятларини имзолашда мазкур Фармоннинг 1-бандида белгиланган пахта хом ашёсига харид нархлар ва пахта толасига улгуржи нархларни шакллантириш механизмига қатъий амал қилсинлар.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.09.2020 й., 06/20/6075/1330-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси икки ҳафта муддатда пахта хомашёсига харид нархларни ва пахта толасига улгуржи нархларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
4. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.