ЎЗБЕКИСТОН АЛОҚА ВА АХБОРОТЛАШТИРИШ АГЕНТЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
Қарори
ПОЧТА ТЎЛОВИНИНГ ДАВЛАТ БЕЛГИЛАРИ ДАВЛАТ КОЛЛЕКЦИЯСИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 4 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2077]
Ўзбекистон Республикасининг «Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 17-сон, 209-модда) мувофиқ Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги қарор қиладилар:
1. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги Бош директори Х. МУҲИТДИНОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 13 январь,
10-8/125-сон
Маданият ва спорт ишлари вазири А. ЖАББОРОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 13 январь,
1-ҚҚ-сон
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2010 йил 13 январдаги 10-8/125 ва 1-ҚҚ-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси тўғрисида
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Низом Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясининг таркиби, мақсади, уни шакллантириш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2026 йил 24 июндаги 294-мҳ-сон ва Маданият вазирлигининг 2026 йил 22 июндаги 10494-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-5, 07.07.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2026 й., 10/26/2077-5/0701-сон)
1-§. Умумий қоидалар
1. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси Ўзбекистон Республикасида нашр қилинган почта тўловининг давлат белгиларини тизимли йиғишни ўз ичига олади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2023 йил 29 майдаги 248-мҳ-сон ҳамда Маданият ва туризм вазирлигининг 2023 йил 15 майдаги 2077-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-4, 05.06.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2023 й., 10/23/2077-4/0333-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини сақлаш жойи Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг буйруғи билан аниқланади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2023 йил 29 майдаги 248-мҳ-сон ҳамда Маданият ва туризм вазирлигининг 2023 йил 15 майдаги 2077-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-4, 05.06.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2023 й., 10/23/2077-4/0333-сон)
4. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси Ўзбекистон Республикасида нашр қилинган почта тўловининг давлат белгиларини оммавий тақдим этиш мақсадида яратилади.
5. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси қуйидагилар учун мўлжалланган:
ўз таркиби билан почта тўловининг давлат белгиларини ривожлантириш тарихи ва замонавий ҳолатини ҳар томонлама акс эттириш;
Ўзбекистон Республикасининг тарихи, маданияти, иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётини ривожлантириш соҳасидаги энг муҳим воқеаларни почта тўловининг давлат белгилари воситасида тарғиб қилиш;
почта тўлови давлат белгиларининг, шу жумладан хорижда кўргазмага қўйиладиган почта тўлови давлат белгиларининг экспозицияси ва кўчма кўргазмаларини яратиш;
почта ривожланиши ва почта тўлови давлат белгиларининг тарихи бўйича илмий-тадқиқот ишларини алоқа ва ахборотлаштириш соҳасининг ташкилотлари, бошқа идоралар ҳамда Республика филателия жамияти мутахассислари, илмий ходимлари томонидан бажариш.
2-§. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси таркиби
6. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси қуйидагилардан иборат:
почта тўлови давлат белгиларининг асосий фонди;
почта тўлови давлат белгиларининг ёрдамчи фонди.
7. Почта тўлови давлат белгиларининг асосий фонди таркибига қуйидагилар киради:
Ўзбекистон Республикасининг почта маркалари;
маркаланган нашрлар: Ўзбекистон Республикасининг маркаланган почта конвертлари, почта варақчалари.
8. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясининг асосий фонди қуйидагилар учун мўлжалланган:
почта тўлови давлат белгиларининг ҳақиқийлигини индентификация қилиш ва тасдиқлаш;
Ўзбекистон Республикасида нашр этилган почта тўловининг давлат белгиларини тўплаш, сақлаш ва доимий фаолият юритувчи экспозицияни яратиш.
Асосий фонд предметлари олиб қўйилмайди.
9. Ёрдамчи фонд ҳам асосий фондга кирган қисмларни ўз ичига олади ва қуйидагилар учун мўлжалланган:
асосий фондни тўлдириш, шу жумладан филателия алмашинуви йўли билан тўлдириш;
кўргазмаларда почта тўловининг давлат белгиларидан фойдаланиш;
почта тўлови давлат белгиларининг тарихи масалалари, замонавий ҳолати ва почта муомаласи бўйича фото- ва киноматериалларни тайёрлаш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Ёрдамчи фонд материалларидан фойдаланиш учун рухсатнома тегишли сўровнома бўйича Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан берилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2023 йил 29 майдаги 248-мҳ-сон ҳамда Маданият ва туризм вазирлигининг 2023 йил 15 майдаги 2077-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-4, 05.06.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2023 й., 10/23/2077-4/0333-сон)
3-§. Почта тўловининг давлат белгилари Давлат коллекциясини шакллантириш ва сақлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг буйруғига мувофиқ қуйидаги йўллар билан:
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2023 йил 29 майдаги 248-мҳ-сон ҳамда Маданият ва туризм вазирлигининг 2023 йил 15 майдаги 2077-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-4, 05.06.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2023 й., 10/23/2077-4/0333-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1992 йилдан нашр этилган почта тўловининг давлат белгиларини «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти (АЖ) архив захирасидан бериш;
(11-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2015 йил 21 апрелдаги 108-мҳ, 11-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-2, 27.04.2015 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 17-сон, 211-модда)
алоҳида қийматга эга бўлган коллекцияларни ва алоҳида почта тўловининг давлат белгиларини сотиб олиш;
коллекция нусхаларини сотиб олиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан филателия алмашинуви ёрдамида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини янги нашр этилган почта тўловининг давлат белгилари билан тўлдириш ташкилотлар ва жисмоний шахслардан сотиб олиш, шунингдек филателия алмашинуви йўли билан «Ўзбекистон почтаси» АЖ маблағлари, коллекциялар ва почта тўловининг давлат белгиларини коллекционерлар томонидан ихтиёрий равишда бериш, ҳомийлар томонидан қўллаб-қувватлаш ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини сақлаш давлат сақлаш хоналарида архив ва ҳужжатли фондларни сақлаш учун белгиланган шароитларда, шунингдек Ўз МСт 155:2024 «Почта маркалари. Техник шартлар» миллий стандартининг талабларига мувофиқ таъминланади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2026 йил 24 июндаги 294-мҳ-сон ва Маданият вазирлигининг 2026 йил 22 июндаги 10494-мҳ-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-5, 07.07.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.07.2026 й., 10/26/2077-5/0701-сон)
4-§. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини ҳисобга олиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Почта тўловининг давлат белгиларини ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг почта тўловининг давлат белгиларини муомалага киритиш тўғрисидаги буйруғи билан бириктирилган идентификация рақами бўйича амалга оширилади.
(14-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2023 йил 29 майдаги 248-мҳ-сон ҳамда Маданият ва туризм вазирлигининг 2023 йил 15 майдаги 2077-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-4, 05.06.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2023 й., 10/23/2077-4/0333-сон)
Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини ҳисобга олиш учун почта тўловининг давлат белгилари тўғрисидаги барча асосий маълумотлар: идентификация рақами, номи, номинали, ранги, тури, ўлчами, перфорациялаш усули, варақдаги маркалар миқдори, адади, рассом ёки дизайнернинг фамилиясини ўз ичига олиши керак бўлган каталогли варақчалар юритилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси фондларида ҳар йили қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда инвентаризация ишлари ўтказилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг буйруғи билан Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини сақлаш жойи этиб белгиланган ташкилот қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ унинг физик сақланганлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коллекцияга кирадиган предметлар билан боғлиқ бўлган ҳисобга олиш ҳужжатларини юритиш ва сақлаш учун жавобгар бўлади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2023 йил 29 майдаги 248-мҳ-сон ҳамда Маданият ва туризм вазирлигининг 2023 йил 15 майдаги 2077-сонли қарори (рўйхат рақами 2077-4, 05.06.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2023 й., 10/23/2077-4/0333-сон)
5-§. Якуний қоидалар
17. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва «Ўзбекистон почтаси» очиқ акциядорлик жамияти билан келишилган.
Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси раиси в.б. Б. УЛАШОВ
2009 йил 18 декабрь
«Ўзбекистон почтаси» Очиқ акциядорлик жамияти Бош директори Р. ҚОСИМОВ
2009 йил 18 декабрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 5-сон, 49-модда; 2013 й., 21-сон, 272-модда; 2015 й., 17-сон, 211-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 30.12.2022 й., 10/22/2077-3/1136-сон; 05.06.2023 й., 10/23/2077-4/0333-сон; 07.07.2026 й., 10/26/2077-5/0701-сон)