Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«НАВОИЙ» ЭРКИН ИНДУСТРИАЛ-ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ ҲУДУДИДА АЛОҲИДА БОЖХОНА РЕЖИМИ ҲАМДА АЛОҲИДА СОЛИҚ РЕЖИМИНИ ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 мартдаги 155-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида» 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудидаги алоҳида божхона режими тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида алоҳида солиқ режимини таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 23 апрель,
120-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 апрелдаги 120-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудидаги алоҳида божхона режими тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зона (кейинги ўринларда «Навоий» ЭИИЗ деб аталади) ҳудудидаги алоҳида божхона режимини қўлланиш тартибини белгилайди.
2. «Навоий» ЭИИЗ ҳудуди божхона назорати зонаси ҳисобланади. Божхона назорати божхона қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона органлари томонидан амалга оширилади.
3. Ушбу Низомнинг амал қилиши фақат «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан амалга ошириладиган фаолиятга татбиқ этилади.
4. Ушбу Низом мақсадлари учун қонун ҳужжатларида фойдаланиладиган тушунчалар қўлланилади.
5. Ҳар қандай товарларни ҳам «Навоий» ЭИИЗ ҳудудидаги хўжалик фаолияти қатнашчилари (кейинги ўринларда «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари деб аталади), ҳам «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан «Навоий» ЭИИЗ ҳудудига олиб кириш ва «Навоий» ЭИИЗ ҳудудидан олиб чиқиб кетиш давлат божхона хизмати органларининг (кейинги ўринларда божхона органлари деб аталади) рухсати билан амалга оширилади.
6. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан «Навоий» ЭИИЗ ҳудудига олиб кириладиган экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар(кейинги ўринларда ишлаб чиқариш учун товарлар деб аталади), келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, эркин божхона зонасининг божхона режимида расмийлаштирилади. Бунда:
ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хорижий товарларга нисбатан божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмайди;
Ўзбекистон товарлари божхона экспорт режимига мувофиқ товарларни олиб чиқиб кетишга нисбатан қўлланадиган шартларда жойлаштирилади.
7. Ишлаб чиқариш учун товарлар «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида у фаолият кўрсатадиган муддат мобайнида туриши мумкин.
8. Ишлаб чиқариш учун товарлар билан ҳар қандай операцияларни, агар бундай операциялар «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битим (кейинги ўринларда инвестициялаш тўғрисидаги битим деб аталади) шартларига мувофиқ бўлса, амалга оширишга йўл қўйилади.
9. Ишлаб чиқариш учун товарлар ва улардан фойдаланган ҳолда «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ҳисобланмайдиган, Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудида эркин муомалада турган товарлар «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида эркин ҳаракат қилади ва унинг ҳудудидан эркин олиб чиқиб кетилади.
II. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудига олиб кириладиган ва ушбу ҳудуддан олиб чиқиб кетиладиган товарларни божхонада назорат қилиш ва божхонада расмийлаштириш хусусиятлари
10. Хорижий товарлар ҳисобланадиган ишлаб чиқариш учун товарлар:
уларга нисбатан божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимдан ташқари) ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланмасдан Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиб кетиладиган тақдирда — қайта экспорт қилиш божхона режимида;
товарлар «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун, тўланиши керак бўлган барча божхона тўловларини тўлатган ҳолда, берилган (бегоналаштирилган) тақдирда — эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштирилиши мумкин.
11. Ўзбекистон товарлари ҳисобланадиган ишлаб чиқариш учун товарлар «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун берилганда (бегоналаштирилганда) белгиланган тартибда, божхона режимига ушбу режимда белгиланган шартларда жойлаштирилади.
12. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан ишлаб чиқариладиган товарлар (кейинги ўринларда маҳсулотлар деб аталади) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетишда экспорт божхона режимига жойлаштирилади.
Бунда экспорт статистикасида уларни ишлаб чиқаришда фойдаланилган Ўзбекистон товарлари ҳисобланадиган товарлар ҳисобга олинмайди.
13. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун бериладиган (бегоналаштириладиган) маҳсулот белгиланган тартибда, эркин муомалага чиқариш режимига жойлаштирилади. Бунда:
сотиладиган миқдорда маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланилган хорижий товарларга (хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларга) нисбатан божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) юкнинг божхона декларацияси қабул қилинган санада белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўланади;
сотиладиган миқдорда маҳсулот ишлаб чиқариш учун фойдаланилган Ўзбекистон товарларига (хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларга) нисбатан ушбу товарлар эркин божхона зонаси божхона режимига жойланиши муносабати билан озод қилинган қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи тўланади.
Ушбу тўловлар, агар қонун ҳужжатларида янада имтиёзлироқ режим белгиланмаган бўлса, божхонада расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кун мобайнида тўланиши мумкин.
14. «Навоий» ЭИИЗнинг бир қатнашчиси ишлаб чиқариш учун ўз товарларини ва маҳсулотини «Навоий» ЭИИЗнинг бошқа қатнашчисига берган (бегоналаштирган) тақдирда божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш учун йиғимлардан ташқари) тўланмайди, лекин бу ҳолда ушбу товарларни божхонада расмийлаштириш уларнинг янги эгаси — «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси учун амалга оширилади.
15. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида эркин божхона зонаси режимида турган ишлаб чиқариш учун товарлар эркин муомалага чиқариш режимига жойлаштирилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудининг ёки хорижий давлатларга экспортнинг қолган қисми учун товарларнинг келиб чиқиш мамлакатига қараб божхона тўловлари ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланади.
16. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш мақсадлари учун товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлашнинг Ўзбекистон Республикасида белгиланган қоидалари қўлланади.
17. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ҳар бир календарь йил бошлангунгача ўн беш кундан кечикмай ёзма шаклда божхона органига:
ишлаб чиқариш учун «Навоий» ЭИИЗ ҳудудига олиб кирилиши мўлжалланаётган товарлар тўғрисидаги маълумотларни (товарнинг номи, миқдори, Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН бўйича коди, қиймати, келиб чиқиш мамлакати);
ишлаб чиқариш учун товарлар (хорижий товарлар ва Ўзбекистон товарлари) ҳамда маҳсулотлар билан амалга ошириладиган операциялар ва бундай операцияларни амалга ошириш натижасида олинадиган маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги уларнинг сарфлаш нормалари тўғрисидаги маълумотларни;
Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқиб кетишга, «Навоий» ЭИИЗнинг бошқа қатнашчисига ёки «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси ҳисобланмайдиган шахсга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш учун бериш (бегоналаштириш) мўлжалланаётган маҳсулот тўғрисидаги (товарнинг номи, миқдори, Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН бўйича коди, хорижий товарлар ва Ўзбекистон товарларининг маҳсулот бирлигидаги таркиби, маҳсулот бирлигининг қиймати) маълумотларни маълум қилади.
18. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган маълумотларни ўзгартиришга ҳақлидир, у бу тўғрида божхона декларацияси берилгунгача 15 кундан кечикмай божхона органига ёзма равишда хабар қилади.
19. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудига олиб кирилаётган ишлаб чиқариш учун товарларнинг биринчи туркумига нисбатан «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси ушбу Низомнинг 17-бандида назарда тутилган маълумотларни божхона декларацияси берилгунгача ўн беш кундан кечикмай маълум қилиши керак.
20. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси божхона органига тақдим этилгунгача ушбу Низомнинг 17—19-бандларида кўрсатилган маълумотларни «Навоий» ЭИИЗ бошқарув органлари билан товарлар тури, уларнинг миқдори ва улар билан амалга ошириладиган операцияларнинг инвестициялаш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқлигини келишиб олади.
21. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчисининг аризасида кўрсатилмаган ишлаб чиқариш учун товарлар эркин божхона режимига жойлаштирилмайди.
22. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси аризасининг шакли ва унда кўрсатиладиган маълумотларга қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.
23. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ишлаб чиқариш учун олиб кириладиган, олиб чиқиб кетиладиган, сақланаётган, тайёрланаётган, қайта ишланаётган, сотиб олинадиган ва сотиладиган товарларнинг ҳамда «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида улардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарларнинг ҳисобини олиб боришлари ва ушбу товарларга доир маълумотларни божхона органларига тақдим этишлари шарт.
24. Ишлаб чиқариш учун товарлар бўйича ва «Навоий» ЭИИЗ доирасида улардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган товарлар бўйича содир бўлган ҳар қандай ўзгаришлар ҳисобга олиш ҳужжатларида акс эттирилади. Ҳисобга олиш ва ҳисобот шакли, шунингдек ҳисоботларни тақдим этиш тартиби ва муддатлари белгиланган тартибда:
бухгалтерия ҳисоботи бўйича — Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан;
статистик ҳисобот бўйича — Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланади.
25. Эркин божхона зонаси божхона режимига жойлаштирилган товарлар, ушбу товарлар тижорат қимматини йўқотган тақдирда, божхона органи назорати остида йўқ қилиниши ёки «Навоий» ЭИИЗнинг бошқа қатнашчиси фойдасига бегоналаштирилиши мумкин, бу ҳолда йўқ қилиш ёки бегоналаштириш факти божхона органига тақдим этиладиган ҳисоботда акс эттирилади.
26. Товарларни божхонада баҳолаш учун Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини белгилашнинг умумий тартиби қўлланади, бунда қуйидаги хусусиятлар ҳисобга олинади:
олиб кириладиган товарларнинг битимдаги қийматини аниқлаш методи бўйича божхона қиймати аниқланган тақдирда битим қиймати, яъни уларни «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси ҳисобланадиган шахс томонидан «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси ҳисобланмайдиган шахсга сотишда товар учун амалда тўланган ёки тўланиши керак бўлган нарх божхона қиймати ҳисобланади;
«Навоий» ЭИИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш мақсадлари учун товарларнинг «Навоий» ЭИИЗ ҳудудидан Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб чиқилиши ёки товарларни «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ҳисобланмайдиган шахслар фойдасига бегоналаштирилиши муносабати билан божхона томонидан божхона декларацияси қабул қилинган кун баҳоланаётган товарларнинг божхона чегарасидан ўтказилган санаси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига товарлар келтирилган жой «Навоий» ЭИИЗ ҳудудидан олиб чиқилган жой сифатида ёки товарларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқмасдан, товарларни «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси ҳисобланмайдиган шахсга сотишда «Навоий» ЭИИЗ ҳудуди сифатида белгиланади.
III. Якуний қоидалар
27. «Навоий» ЭИИЗнинг фаолият кўрсатиши тўхтатилган тақдирда унинг ҳудудида бўлган ишлаб чиқариш учун товарлар бошқа эркин зонага ўтказилади ёхуд «Навоий» ЭИИЗнинг фаолият кўрсатиши тўхтатилган вақтдан бошлаб икки ой мобайнида бошқа божхона режимига ўтказилади.
28. Ушбу Низомнинг 27-бандида назарда тутилган муддат мобайнида кўрсатиб ўтилган товарлар божхона мақсадлари учун вақтинчалик сақлаш учун божхона режимида турган товарлар ҳисобланади.
29. Шахс «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси мақомидан маҳрум этилган тақдирда, шу жумладан инвестициялаш тўғрисидаги битимнинг амал қилиши муддатидан олдин тўхтатилганлиги муносабати билан қатнашчи мақомидан маҳрум этилганда қатнашчига тегишли бўлган ишлаб чиқариш учун товарлар «Навоий» ЭИИЗнинг бошқа қатнашчиси фойдасига бегоналаштирилади ёхуд «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари реестрига шахснинг «Навоий» ЭИИЗнинг қатнашчиси мақомидан маҳрум этилгани тўғрисидаги ёзув киритилган санадан бошлаб икки ой мобайнида бошқача божхона режимига ўтказилади.
30. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси мақомини йўқотган шахс ўзининг мулки бўлган ишлаб чиқариш учун товарларни бегоналаштирмаганда ёхуд уларни бошқача божхона режимига жойлаштирмаганда ушбу Низомнинг 29-бандида назарда тутилган муддат ўтиб бўлгач божхона органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ чора-тадбирлар кўради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 23 апрелдаги 120-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида алоҳида солиқ режимини таъминлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда «Навоий» ЭИИЗ деб аталади) ҳудудида алоҳида солиқ режимини таъминлаш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни қўлланиш тартибини белгилайди.
Алоҳида солиқ режимининг амал қилиши «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан фақат «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида амалга ошириладиган фаолиятга татбиқ этилади.
«Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга солиқ солиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида» 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сон Фармонига мувофиқ «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари ер солиғи, мол-мулк солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, Республика йўл жамғармаси ва бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 3 февралдаги 30-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 60-модда)
3. Ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган имтиёзлар тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми:
3 млн. евродан 10 млн. еврогача тенг (эквивалент) бўлганда — 7 йилга;
10 млн. евродан 30 млн. еврогача тенг (эквивалент) бўлганда — 10 йилга берилади. Кейинги 5 йил давомида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкалари амалдаги ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади;
30 млн. евродан ортиққа тенг (эквивалент) бўлганда — 15 йилга берилади. Кейинги 10 йил давомида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкалари амалдаги ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.
«Тўғридан-тўғри инвестициялар» деганда мазкур Низом мақсадлари учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси кафолати тақдим этилмасдан амалга ошириладиган инвестициялар тушунилади.
II. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни қўлланиш тартиби
4. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиларига ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган имтиёзлар тўғридан-тўғри инвестицияларнинг белгиланган ҳажмига:
а) ойнинг 15-кунигача эришилганда — ойнинг бошидан;
б) қолган бошқа ҳолларда — тўғридан-тўғри инвестицияларнинг белгиланган ҳажмига эришилган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб татбиқ этилади.
Кўрсатиб ўтилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати хўжалик юритувчи субъектлар «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари реестрига киритилган санадан бошлаб ҳисобланади.
«Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси томонидан тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ҳажми имтиёз қўлланадиган даражагача кўпайтирилганда имтиёзлар инвестициялар ҳажмига кўра имтиёзни қўлланиш ҳуқуқи юзага келган ойдан бошлаб қўлланади ҳамда имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугагунгача қолган даврда амал қилади.
5. Тўғридан-тўғри инвестицияларнинг ҳажми олдинги берилган муддатдан ортиқ бўлган муддатдаги даражагача кўпайтирилганда имтиёзлар инвестицияларнинг олдинги ҳажмига кўра имтиёзни қўлланиш ҳуқуқи юзага келган ойдан бошлаб қўлланади ҳамда имтиёзнинг муддати илгари амалда бўлган имтиёз муддати амал қилиши ҳисобга олинган ҳолда узайтирилади.
III. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни қўлланиш тўғрисида хабардор қилиш тартиби
6. «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган имтиёзлар «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан қўлланилиши учун солиқларни ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига тўғридан-тўғри инвестициялар киритилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиси гувоҳномасининг нусхаси;
б) киритилган инвестициялар ҳажми тўғрисида маълумотнома;
в) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг инвестициялар Ўзбекистон Республикасининг кафолати берилмасдан амалга оширилганлиги тўғрисидаги тасдиқномаси. Тасдиқнома Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан «Навоий» ЭИИЗ дирекциясидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига сўров тушган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида берилади.
7. Имтиёзли давр ошишига олиб келадиган инвестициялар ҳажми кўпайган тақдирда «Навоий» ЭИИЗ дирекцияси тўғридан-тўғри инвестициялар қўшимча равишда киритилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида солиқларни ҳисобга олиш бўйича давлат солиқ хизмати органларига ушбу Низомнинг 6-банди «б» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этади.
8. Давлат солиқ хизмати органлари тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилгандан кейин 3 иш куни мобайнида «Навоий» ЭИИЗ дирекциясига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар «Навоий» ЭИИЗ қатнашчисига татбиқ этилиши ёки татбиқ этилмаслиги тўғрисидаги аниқ асослашлар билан бирга ёзма хулосани юборади ҳамда имтиёзлар татбиқ этиладиган «Навоий» ЭИИЗ қатнашчисини, қатнашчининг номини ва имтиёзли давр муддатини кўрсатган ҳолда, «Навоий» ЭИИЗнинг имтиёзларга эга бўлган қатнашчилари реестрига киритади.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси давлат солиқ хизматининг қуйи органлари маълумотлари асосида «Навоий» ЭИИЗ қатнашчиларининг йиғма реестрини юритади ва уни ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 апрелигача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.
IV. Бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш тартиби
10. «Навоий» ЭИИЗ ҳудудида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ёки молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ «Навоий» ЭИИЗ қатнашчисининг танлови бўйича амалга оширилади.
11. Молиявий ҳисобот «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилади.
12. Имтиёзлар берилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиққа доир ҳисобот «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилмайди.
13. Солиқ мажбуриятлари мавжуд бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиққа доир ҳисобот «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилади.
14. Имтиёзларга эга бўлган «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари давлат солиқ хизмати органларига йиллик молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш билан бир вақтда ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича солиқлар ва мажбурий ажратмалар бўйича имтиёзлар суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этадилар.
15. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ белгиланади.
V. Солиқ тўловчиларнинг жавобгарлиги ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан назоратни амалга ошириш тартиби
16. «Навоий» ЭИИЗ қатнашчилари солиқ тўғрисидаги қонунлар бузилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
17. Ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган имтиёзлар тўғри қўлланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида алоҳида солиқ режимини таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 3 февралдаги 30-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 6-сон, 60-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 17-сон, 215-модда; 2011 й., 7-8-сон, 63-модда; 2012 й., 6-сон, 60-модда)