Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида
(қарорнинг номи Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
Табиий муҳитни асраш, табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш умуммиллий вазифа ҳисобланади ва бу экология тизимини, табиат комплекслари ва айрим объектларнинг муҳофазасини таъминлашга, фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган.
Шу муносабат билан сув ҳавзалари ва ҳавонинг ифлосланиши, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, қонунга хилоф равишда ўрмонни кесиш, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш ва экология соҳасидаги бошқа жиноят ва ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича суд амалиётини тўғри ва самарали амалга ошириш катта аҳамият касб этади.
Айрим судларда айбдорларнинг ҳаракатларини нотўғри тавсифлаш ҳоллари учраб турибди, уларни муайян мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи ҳамма вақт ҳам ҳал қилинмаяпти. Махсус билимни талаб қиладиган масалаларни ҳал этишга баъзи ҳолларда мутахассислар жалб қилинмаяпти, экологияга зарар етказаётган барча айбдор шахсларга, шу жумладан, корхона ва ташкилот раҳбарларига бўлган талабларни асоссиз равишда сусайтириш ёки уларни жавобгарликка тортмаслик ҳоллари мавжуд. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тўғрисидаги қонунларнинг бузилиш сабабларини ва шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш масаласига етарлича аҳамият берилмаяпти.
Табиатни муҳофаза қилишга оид қонунларни тўғри ва бир хилда қўлланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонунларга қатъи амал қилиш энг муҳим давлат вазифаларидан бири эканлигига, уларни ҳал қилиш фуқароларнинг соғлиғи ва фаровонлиги, шунингдек республиканинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши билан боғлиқ эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонунлари, ер, сув, ер ости бойликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 46-сонли қарори таҳририда)
Бунда «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси ифлосланишдан, бузилишдан, зарарланишдан, ориқлаб кетишдан, вайрон бўлишдан, йўқ бўлиб кетишдан, оқилона фойдаланмасликдан муҳофаза этилишини назарда тутмоқ лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар жумласига давлат қўриқхоналари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар, давлат биосфера резерватлари, миллий боғлар, ботаника боғлари, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар киради.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
3. Мазкур туркумдаги жиноят ва маъмурий ишларни кўришда бевосита жиноятни ва бошқа ҳуқуқбузарликни содир қилган шахслар билан чегараланиб қолмасдан, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганликда айбдор бўлган барча шахслар доирасини синчиклаб аниқлаш шарт. Хусусан ўзларининг ҳаракатсизликлари ёки қонунга хилоф ҳаракатлари билан табиатга зиён етказган корхона ва ташкилот раҳбарларининг айбдорлик даражасини аниқлаш ва уларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш зарур. Шу билан бир қаторда экология назорати органларининг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузилишига олиб келган ҳаракатсизликлари сабаблари ҳам аниқлаши керак. Асослар мавжуд бўлганда бундай органларнинг мансабдор шахслари жавобгарликка тортилмоғи лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Корхона, муассаса, ташкилот ва бирлашмаларнинг даъволари ёки бу ташкилотларга нисбатан қишлоқ хўжалик мулкларига шикаст етказиш ёхуд бузиш, мелиоратив ишларни сифатсиз бажариш, саноат ёки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш чиқиндилари билан атроф муҳитнинг ифлосланиши натижасида экинлар ва ҳайвонларнинг нобуд бўлиши ёхуд табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунларни бошқача тарзда бузиш оқибатида етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича фуқаролик ишларини кўришда етказилган зарар мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилганлиги ёинки мансаб совуққонлиги орқасида етказилганлиги аниқланса, судлар уларнинг жавобгарлиги масаласини ҳам ҳал қилишлари, бунда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 275-моддасига асосан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда прокурорга тегишли материалларни илова қилган ҳолда хабар қилишлари лозим.
Агар экология, атроф-муҳитни ифлослантириш ёки табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик оқибатида етказилган зарар корхона, муассаса, ташкилот ва бирлашмаларнинг мансабдор шахслари ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қарашлари ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишлари сабабли келиб чиққан бўлса, тўланган зарарни айбдордан регресс тартибида ундириш фуқаролик қонунчилигига кўра ҳал этилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
5. Экология назорати соҳасида ишлаётган мансабдор шахсларнинг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузувчилар билан жиноий тил бириктирганлик ҳоллари аниқланганда, бундай мансабдор шахслар табиий атроф муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузганлиги ва тегишли мансабдорлик жинояти учун жавобгарликка тортилмоғи зарур.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Махсус билимларни талаб қилувчи масалаларни тўғри ҳал қилиш мақсадида судлар тегишли экспертизаларни гидрометеорологлар, санитария-эпидемия хизмати ходимлари, зоологлар, ихтиоллоглар, ботаниклар, овшунос, ўрмоншунос, тупроқшунос ва бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайинлашлари керак. Бунда экология экспертизаси атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишнинг мажбурий чораси ҳисобланишини ва уни ўтказиш «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 24, 25-моддаларида белгиланганлигини эътиборга олмоқ зарур. Ўзбекистон Республикаси «Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, давлат экологик экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан ўтказилади.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
Тушунтирилсинки, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 27-моддасига биноан жамоатчилик асосидаги экология экспертизаси жамоат бирлашмаларининг ташаббусига кўра уларнинг маблағлари ҳисобидан ёки жамоатчилик асосида мутахассисларнинг мустақил гуруҳлари томонидан амалга оширилади. Жамоатчилик асосидаги экология экспертизасининг хулосалари тавсия тамойилига эга бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
61. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар оқибатида етказилган зарар миқдорини аниқлашда суриштирув ва дастлабки тергов органлари, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар ҳамда судлар экология органининг қонун ҳужжатларига асосланган (коэффициент, баробар ва бошқа қоидалар қўлланилган ҳолда) хулосасидан келиб чиқишлари лозим.
(61-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарорига асосан киритилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддасига мувофиқ экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ушбу Кодекснинг 66, 67, 682-моддаларида, 701-моддасининг иккинчи қисмида, 702, 76-моддасларида (сув хўжалиги объектларини шикастлантириш ва гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ қисмида), 77-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида, 79-моддасининг учинчи қисмида, 90-моддасининг иккинчи, учинчи, тўртинчи қисмларида, 901-моддасида, 911-моддасининг тўртинчи қисмида, 921, 94-моддасларида жавобгарлик назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судларга тааллуқлидир.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 791, 90-моддасларида жавобгарлик назарда тутилган ҳайвонот ёки ўсимликлар дунёсидан фойдаланиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан белгиланади ва у ҳам доимий, ҳам вақтинчалик (мавсумий) характерга эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги «Қимматли ва йўқолиб бораётган ўсимликлар ҳамда ҳайвонлар турларини муҳофаза этишни кучайтириш ҳамда улардан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қарорида белгиланган. Хусусан, ушбу қарорда Қизил китобга киритилган ўсимликлар ва ҳайвонларни табиатдан ҳар қандай кўринишда олиш фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бериладиган рухсатномалар асосида, овланадиган ҳайвон турлари (шу жумладан балиқлар) эса Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича амалга оширилиши назарда тутилган.
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ов қилиш ёки балиқ тутиш қоидаларини бузиш деганда, овни тегишли рухсатномасиз ёхуд ёввойи ҳайвонлар, ёввойи қушлар ёки балиқларни рухсатномада кўрсатилган миқдордан ортиқ овлаш, шунингдек овни тақиқланган вақтда ёки рухсат берилмаган жойларда ёхуд рухсат этилмаган қурол, восита ва усуллар билан амалга оширилиш тушунилмоғи лозим.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жиноят кодекси 202-моддаси 3-қисмининг «ж» банди бўйича жавобгарлик ҳам Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига, ҳам Халқаро Қизил китобга киритилгани ҳайвонлар, паррандалар, балиқлар, ҳайвонот дунёси ёки ўсимликларнинг бошқа турлари йўқ қилинган ҳолларда вужудга келади. Бунда етказилган зиённинг ҳажми аҳамиятга эга эмас.
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2022 йил 14 майдаги 9-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жиноят кодексининг 193-моддасига мувофиқ, бошқа оғир оқибатлар деганда, ҳайвонлар, паррандалар ёки балиқларнинг қирилиб кетиши, анча миқдордаги зарарли моддаларнинг атмосферага тарқалиши, ерларнинг деградацияси ва радиациявий хавфсизлик нормативларига риоя қилмаганлик оқибатида одамларнинг белгилаб қўйилган нормативлардан ошган ҳолда нурланиш олиши каби ҳолатларни тушуниш лозим.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган)
9. Жиноят кодексининг 194-моддасида жавобгарлик белгиланган атроф муҳитни ифлосланганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан яширганлик деганда, айбдор шахс экологик вазиятнинг аҳволи тўғрисида умуман ёхуд ўз вақтида маълумот бермаганлик ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) тушунмоқ лозим. Бундай маълумотлар ҳақиқатга мувофиқ келмаса (атроф муҳитнинг ифлослаганлиги кўрсаткичларини камайтириб кўрсатиш ва ҳоказолар), улар бузилган ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ ишларни кўришда судлар жиноий йўл билан топилганини била туриб (балиқларни, ёввойи ҳайвонларни, паррандаларни, дарахтларни ва ҳоказоларни) олган ёки ўтказган шахсларни аниқлаш чораларини кўришлари ва муайян ҳолатлардан келиб чиқиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 171-моддаси аломатлари билан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар қилишлари лозим.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 31 майдаги 09-сонли қарори таҳририда).
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ бўлган фуқаролик, шунингдек, жиноят ишлари бўйича етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда судлар қонун зарарни тўлиқ ҳажмда ундиришни кўзда тутишидан келиб чиқишлари шарт. Зарарни ундириш миқдорини камайтиришга фақат алоҳида ҳолларда суд томонидан аниқланган жавобгар ёки айбдорнинг мулкий аҳволига қараб, жиноят ғараз ниятда содир этилмаган тақдирда, йўл қўйилади ва бу ҳолат қабул қилинган қарорда асослантирилган бўлиши шарт.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
12. Амалдаги қонунларга биноан қонунга хилоф равишда қўлга киритилган маҳсулот (ёввойи ҳайвон, парранда, балиқ, дарахт, мўйна ва бошқалар) ҳуқуқбузардан олиб қўйилиши шарт. Агар бундай маҳсулот ҳуқуқбузардан олиб қўйилган ва иш судда кўрилгунга қадар сотилган бўлса, суд ҳукмда, қарорда тушган маблағни тегишли ташкилотнинг ҳисобига ўтказишни кўрсатиши зарур.
Қонунга хилоф равишда қўлга киритилган маҳсулотни олиб қўйиш имконияти бўлмаса (ҳуқуқбузар томонидан фойдаланилган ёки сотилган, яроқсиз ҳолга келган ва ҳоказолар), суд маҳкумдан ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсдан ёинки жавобгардан унинг белгиланган нархларда ҳисобланган қийматини ундириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Қонунга кўра, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш оқибатида етказилган зарарни қоплашга оид суммалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги «Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 290-сонли, 2017 йил 15 июндаги «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 375-сонли қарорларида ва соҳага доир бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган тартибда ундирилади.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
14. Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш ҳақидаги жиноят ишлари бўйича судланувчига тегишли жиноят қуроллари, шу жумладан, автомашина, мотоцикл ва қайиқлар, агар жиноий ҳаракат улар ёрдамида амалга оширилса ёки содир этилиши осонлаштирилса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ мусодара қилиниши лозим.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатини содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиш масаласи Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига мувофиқ ҳал қилиниши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Судлар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тўғрисидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда, шунингдек бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун ваколатли органларнинг маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги қарорлари хусусида келтирилган шикоятларни кўриб чиқишда, қонуннинг махсус талабларига оғишмай риоя этишлари, қонуний асослар бўлмаган (масалан, етказилган моддий зарарнинг ўрни Жиноят кодексининг Махсус қисми тегишли моддасида белгиланган миқдорда қопланмаган) тақдирда енгил жазо тайинлаш ва жазодан озод қилишга йўл қўймасликлари керак. Қимматбаҳо ёки ноёб ҳайвонлар, парранда ва балиқларни қириб ташлаш, ўрмонларга шикаст етказиш ёки уларни йўқ қилиш, қишлоқ хўжалиги мулкларини ишдан чиқариш ва ҳоказо йўллар билан давлатга кўп миқдорда зарар етказган шахсларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари қўлланилмоғи зарур.
(15-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
Табиатни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг, бу хизмат жамоатчи назоратчиларининг, шунингдек, ўғринча ов қилиш ва қонун билан қўриқланадиган табиат объектларига бошқача тажовуз қилувчиларнинг ҳаракатларига барҳам бериш юзасидан ўзининг жамоатчилик бурчини бажараётган фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига тажовуз қилган шахслар қаттиқ жазога тортилмоқлари шарт.
Табиатни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ўзлари хизмат мавқеидан фойдаланиб табиат объектларига жиноий тажовузлар содир этган тақдирда, судлар уларнинг муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилишлари зарур.
16. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд жараёнларининг таъсирини кучайтириш мақсадида судлар ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятидаги камчиликларни аниқлашлари ва бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган хусусий ажримлар чиқаришлари лозим.
Давлатга кўп миқдорда зарар етказганлик, қимматбаҳо ёки ноёб ҳайвонларни қириб ташлаганлик тўғрисидаги, шунингдек, портловчи моддалар, кимёвий воситалар ва ҳоказоларни қўллаб, гуруҳ бўлиб содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд процессларини кенг оммага етказмоқ керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тўғрисидаги қонунларни тўғри қўлланиши устидан назоратни кучайтирсинлар.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2026 йил 3 июлдаги 20-сонли қарори таҳририда)
1996 йил 20 декабрь,
36-сон