LexUZ шарҳи
Судлар томонидан мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъволарнинг кўрилиши фуқаролар ва давлат манфаатларини, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим гаровидир.
Шу билан бирга судлар фаолиятида далилларни юзаки текшириш, етарли асослар бўлмасада, эр-хотиннинг ёки шахсий ёрдамчи хўжалик аъзоларининг биргаликдаги умумий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги даъволарни рад этиш ҳоллари мавжуд. Қарздорларнинг мулкини асоссиз равишда рўйхатдан чиқариш ҳолатлари учрамоқда, бу эса ўз навбатида ундирувчининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда, жиноий ва бошқа ҳуқуқбузарликлар туфайли етказилган моддий зарарни ундиришга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мулкни рўйхатга олиш вақтида йўл қўйилган қонун бузилишларига судлар ҳар доим ҳам етарли эътибор бермайдилар. Қатор ҳолатларда шахслар уларга сақлаш учун топширилган мулкни талон-торож қилганликлари учун жавобгарликка тортилмаяптилар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қайд этилган камчиликларни бартараф қилиш ва мазкур турдаги ишларни судлар томонидан ҳал этишда қонунларнинг тўғри татбиқ қилинишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
(муқаддиманинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Судларнинг эътибори мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги ишлар, даъвони таъминлаш мақсадида қарздорнинг мулкни рўйхатга олинганлигидан, ҳал қилув қарори ёки ҳукмни ижросини таъминлаш учун ундиришнинг мулкка нисбатан қаратилганлигидан ёхуд нотариус томонидан мерос мулкни қўриқлаш чораси сифатида уни рўйхатга олганлигидан ва қонунда кўрсатилган бошқа ҳолатларнинг мавжудлигидан қатъи назар, даъво ишини юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлигига қаратилсин.
Суд ҳукмидаги судланувчига тегишли мол-мулкнинг жиноят қуроли деб мусодара қилиниши тўғрисидаги кўрсатманинг мавжудлиги, ушбу мулкнинг бошқа шахсларга тегишлилигини ёки уни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги низони фуқаролик судлов иш юритиш тартибида кўриш учун тўсиқ бўла олмайди.
Ҳал қилув қарори ёки ҳукмни ижро қилиш учун мулкнинг сотиб юборилганлиги ҳам ушбу мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишни рад этиш учун асос бўла олмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мулкни рўйхат (арест)дан чиқариш ҳақидаги даъво аризалари мулкка оид бўлмаган тусдаги ариза ҳисобланиши сабабли, бундай даъво аризасини тақдим этишда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланади.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги 5-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 35-моддасига асосан мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъволар мулк жойлашган жойдаги суднинг судловига тегишлидир. Агар шу иш бошқа судда, хусусан далилларнинг кўпи бўлган жойдаги судда тез ва ҳар томонлама кўрилиши мумкин деб топилса, суд ФПК 31-моддасининг иккинчи қисмига биноан ишни кўриш учун шу жойдаги судга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақлидир.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қарздор (маҳкум) мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли эмас.
Ҳукмни ижро этиш жараёнида мулкнинг хатланиши билан боғлиқ қарздор (маҳкум)да вужудга келадиган масалалар шу ҳукмни қабул қилган суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 541 ва 542-моддаларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Мулкни рўйхатга олиш билан боғлиқ бўлган иш ҳал этилмаган бўлсада, суд шу мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Бундай ишни бошқа иш ҳал этилмасдан олдин кўриш мумкин эмас деб топса, у ҳолда суд Ўзбекистон Республикаси ФПК 116-моддасининг 4-бандига кўра мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъво бўйича иш юритишни тўхтатади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
5. Мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво мулкдор томонидан, шунингдек, қарздорга тегишли бўлмаган қонун ёки шартномага кўра мулкни эгаллаган шахс томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин.
Қарздор (маҳкум)нинг вояга етмаган фарзандларининг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъволар қарздор бўлмаган (судланмаган) отаси ёки онаси ёки васий (ҳомий) ёхуд прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин.
Бундай даъволар бўйича мулки рўйхатга олинган қарздор, манфаатлари учун мулк рўйхатга олинган юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек мулк жиноят қуроли сифатида рўйхатга олинган бўлса, судланган шахс ва тегишли молия бўлими вакили ишга жавобгар сифатида жалб этилишлари судларга уқтирилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар қарздор (маҳкум) озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлса, судья ишни кўришга тайёрлаш вақтида унга иш кўриладиган кун тўғрисида хабар қилиши, даъво аризасининг нусхасини юбориб, тақдим этилган даъво юзасидан унинг фикрини аниқлаши лозим.
(5-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
6. Қуриб битирилмаган уй-жойни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъво уй-жойни қуришда иштирок этган қарздорнинг турмуш ўртоғи, умумий мулкни вужудга келтириш мақсадида қурилишда қатнашган қурувчининг оила аъзолари ва бошқа шахслар томонидан қўзғатилиши мумкин.
7. Гаровга қўйилган мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги низолар бўйича ишни судда кўришга тайёрлашда ёки ишни кўриш вақтида мулкни гаровга берган шахсни ишни кўришда учинчи шахс сифатида жалб этиш масаласи ҳал қилиниши лозим.
Рўйхатга олинган мулкни кредитга сотган савдо ташкилотлари давлат маблағларини кредитга олиб, уй-жой қурган ва шу уйларни имтиёзли шартлар асосида ходимларга (жамоа аъзоларига) сотган корхоналар, ташкилотлар, давлат ва жамоа хўжаликлари, бошқа манфаатдор ташкилотлар учинчи шахслар сифатида жалб қилинишлари мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Судья мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилгач, даъвони таъминлаш мақсадида (ФПК 106-моддаси биринчи қисмининг 4-банди) низоли мулкка нисбатан ижро ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида ажрим чиқариши ва унинг кўчирма нусхасини Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимига юбориши лозим.
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъвонинг қўзғатилиши ундирувни қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа турдаги даромадларга қаратишга тўсқинлик қилмайди.
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Қайд этилган ишлар бўйича ёзилган даъво аризага мулкни рўйхатга олиш тўғрисидаги далолатноманинг, ҳукмнинг, ҳал қилув қарорининг бажарилишини таъминлаш мақсадида рўйхатга олинган бошқа суд ҳужжатининг нусхаси ва даъво талабларини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳадя, олди-сотди шартномалари, васиятнома, чеклар, шахсий ҳисоб ва бошқалар) илова қилинган бўлиши лозим.
Тарафлар тақдим қилган далиллар билан чекланмасдан, судья ишни суд мажлисига тайёрлаш вақтида ёки ишни кўриш жараёнида ФПК 72-моддаси тартибида далилларни тўплашда уларга ёрдам кўрсатиши лозим. Зарур ҳолларда суд, жиноят ишини чақириб олиб, ундаги мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъвога тегишли бўлган далилларга баҳо бериши мумкин.
Иш бўйича тўпланган далиллар мажмуасига баҳо беришда, суд ФПК 74-моддаси талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, мол-мулкнинг айрим турларининг тегишлилиги қонун бўйича муайян исботлаш воситалари билан тасдиқланиши шартлигини инобатга олиши лозим. Бундай далиллар мавжуд бўлмаса даъво қаноатлантирилмайди.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Агар суднинг ҳукмига кўра мулкнинг жиноий йўл билан топилган маблағ ҳисобига олинганлиги аниқланса, у ҳолда жиноят натижасида етказилган зарарни ундириш эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулкига ва фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжалиги ёки деҳқон хўжалиги, оилавий корхона мулкига қаратилиши мумкин.
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Давлат ва жамият манфаатларига зид равишда қасддан содир этилган ҳаракатлар натижасида мулкни эгаллаш билан боғлиқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1023-моддасига асосланган даъво талабларини кўриш жараёнида қабул қилинган суднинг ҳал қилув қарорида ҳам аниқланиши мумкин.
Суд мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъвони кўриш жараёнида уни жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағ эвазига олинганлиги ҳолатини аниқлашга ҳақлидир.
Агар молия идораси ёки прокурор томонидан мулкни давлат ва жамият манфаатларига зид равишда қилинган ҳаракатлар натижасида олинган деб топиш ва уни давлат фойдасига ўтказиш тўғрисида даъво қўзғатилган бўлса, у ҳолда суд томонидан ушбу иш мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъво билан бирга қўшиб кўрилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Судлар мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги ишларни кўришда, суд ҳукми ёки ажрими билан мол-мулк жиноий йўл билан қўлга киритилган маблағ эвазига олинган ёки жиноят қуроли деб топилган-топилмаганлигини аниқлаши лозим.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
12. Жиноят иши мазмунан ҳал қилингунга қадар қарздор вафот этиши муносабати билан иш тугатилганда, судлар мулкни рўйхатдан чиқариш масаласини ҳал эта туриб, бу мулкни кимлар томонидан, қачон ва қайси маблағлар ҳисобига олинганлигини аниқлаши шарт.
Агар низоли мулк ғайриқонуний ёки давлат зарарига қилинган ҳаракатлар туфайли орттирилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 1023-моддаси тартибида бу мулк прокурор, манфаатдор ташкилот ёки шахсларнинг даъвосига кўра давлат даромадига ёки етказилган зарарни ундириш ҳисобига ўтказилиши мумкин.
13. Эр-хотиндан бирининг унга биргаликдаги умумий мулкдан тегишли ҳиссасини рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги даъвосини ҳал этишда суд Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23, 27-моддаларига асосан эр-хотиннинг никоҳ давомида орттирган мулклари уларнинг биргаликдаги умумий мулки эканлигини, ушбу мулк бўлинганида уларнинг ҳиссалари тенг ҳисобланишини эътиборга олиши лозим.
Суд вояга етмаган болалар манфаатларидан ва (ёки) эр ва хотиндан бирининг эътиборга лойиқ манфаатини ҳисобга олиб, жумладан, агар эр ёки хотиннинг умумий мол-мулкини оила манфаатларига зарар етказган ҳолда сарфлаган бўлса, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушлари тенглигидан чекинишга ҳақлидир (Оила кодексининг 28-моддаси).
Қарздорнинг биргаликдаги умумий мулкдаги ҳиссаси, эр-хотин томонидан бу мулкнинг сотиб олинган вақтидан (жиноятни содир этишдан олдин ёки кейин) қатъи назар белгиланади ва етказилган зарар ҳисобига ундирилади.
Савдо ташкилотидан эр-хотиндан бирининг номига кредитга сотиб олинган мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъвони кўришда шуни назарда тутмоқ керакки, бундай мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи унинг харидорга берилган вақтидан бошлаб вужудга келади. Суд мулкнинг эр-хотин томонидан биргаликда олинганлигини аниқласа, ундай мулкни рўйхатдан чиқариш тўғрисида даъво қўзғаган эр ёки хотиннинг ҳиссасини белгилайди. Суд ҳиссани белгилашда кредитнинг тўланмай қолган қисмини қоплаш мажбурияти даъвогарга тегишлилигини назарда тутмоғи лозим.
Фуқаролик кодексининг 224-моддаси талабига кўра, ҳукмнинг фуқаровий даъвога ва бошқа мулкий ундиришларга доир қисмининг ижросини таъминлаш учун умумий мол-мулк хатланганда, умумий мулкнинг улушли мулкдори шу мулкни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади. Улушни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Фуқароларнинг шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалиги, оилавий корхонага тегишли бўлган мулкларини рўйхатдан чиқариш ҳақида даъво қўзғатилган ҳолларда, суд мазкур хўжаликдаги оила аъзоларининг ҳақиқатдаги сонини, қайси мулклар тўлалигича хўжаликка тегишлилигини ва қайси бири хўжалик аъзоларининг шахсан ўзига тегишли эканлигини, йўқ хўжалик аъзосининг ёки аъзоликдан чиқиб кетган хўжалик аъзосининг умумий мулкдаги бўлган ҳиссасига ҳуқуқини йўқотган-йўқотмаганлигини текшириши шарт.
(13-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда суд Ўзбекистон Республикаси «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги ҳамда «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунларини қўллаши лозим.
(13-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Хўжаликнинг қайси турга тааллуқли эканлиги ҳокимият томонидан бериладиган маълумотнома билан тасдиқланади. Лекин бу судни шу хўжаликда ҳақиқатда мавжуд бўлган муносабатларни аниқлаш мажбуриятидан озод қилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қарздорнинг шахсий мулки қарзни тўлаш учун етарли бўлмаса, фуқароларнинг шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалиги, оилавий корхонага умумий мулкидаги унинг ҳиссаси суд томонидан умумий мулкдан амалдаги қонунларга мувофиқ ундирув қаратилиши ва мусодара қилиниши мумкин бўлмаган мулкларни чиқариб ташлагандан сўнг аниқланади.
(13-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Эр-хотинга тегишли мулкдаги ҳисса миқдорини аниқлашда, шунингдек қарздорнинг шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалиги, оилавий корхона умумий мулкидаги ёхуд бўлинмас мулкидаги ҳиссасини аниқлашда суд эскириш даражасини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарори чиқарилган кунда мулкнинг давлат ёки ширкат савдосидаги чакана нархидан, агар бу нархлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда шу жойдаги умумий бозор нархидан келиб чиқиши зарур. Агар айрим турдаги мулкларни баҳолашда қийинчиликлар туғилса ёхуд даъвогар ёки жавобгар рўйхатга олинган мулкнинг баҳосига эътироз билдирса, у ҳолда суд рўйхатга олинган мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлаш учун экспертиза тайинлаши мумкин.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 30 ноябрдаги 34-сонли қарори таҳририда)
15. Мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги даъвони қаноатлантирган тақдирда, суд ҳал қилув қарорида айнан қайси мулк даъвогарга тегишли деб топилганини ва шу сабабли ҳам рўйхатдан чиқарилаётганлигини кўрсатиши лозим.
Қарздор билан биргаликдаги умумий эгалик ҳуқуқида бўлган уй-жойнинг бир қисмини рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини қабул қилишда, суд шу ҳал қилув қарорида уй-жойнинг қанча ҳиссаси рўйхатдан чиқарилиши лозимлигини кўрсатиши шарт.
Агарда даъвогарга тегишли ҳисса бўлинмас бўлса, у ҳолда суд компенсация (қоплаш) тартибида унга рўйхатга киритилган бошқа мулкни ажратиб бериши мумкин. Мулкни бундай ажратиш имкони бўлмаган тақдирда, суд умумий мулкни бўлиш бўйича қонунда кўзда тутилган тартибни қўллаб, бўлинмас мулкни рўйхатдан чиқариши ва даъвогарга унинг ҳиссасидан ташқари чиқарилган мулк қийматига тенг ҳисобда пул компенсацияси тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Аниқ бир ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, суд ташкилот ёки фуқаролар манфаатлари учун рўйхатга олинган мулкни, бу ташкилот ва фуқароларга бўлинмас мулк ҳиссасига тенг суммани даъвогарга тўлаш мажбуриятини юклаб, рўйхатда қолдириши ҳам мумкин.
16. Рўйхатдан чиқарилиши лозим бўлган мулк сотиб юборилган тақдирда, суд мавжуд имкониятларга асосланган ҳолда даъвогарнинг розилиги билан унга ўша турдаги, тенг қийматли мулкни олиб бериш, агарда бунинг имконияти бўлмаса, унда мазкур мулкни сотишдан келиб тушган пулни тўлаш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.
Амалдаги қонунларга мувофиқ мусодара қилинган мулклардан бюджет даромадига келиб тушган маблағларни фуқароларга қайтариш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги идоралари томонидан амалга оширилади.
17. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, мулкни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги талабларга ҳам Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида кўзда тутилган 3 йиллик умумий даъво муддати татбиқ қилинади. Даъво муддатининг ўтиши манфаатдор шахснинг ўзига тегишли мулкнинг рўйхатга олинганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Суд ишни кўришда тегишли мансабдор шахс томонидан мулкни рўйхатга олиш вақтида қонун талабларига амал қилинган ёки қилинмаганлигига, жумладан, рўйхатга олиш тўғрисидаги далолатномада бошқа мулк, яъни қарздорнинг бошқа шахслар билан биргаликда эгалик қилган ва рўйхатга олинмаган мулкининг кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигига ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мулклар рўйхатга олинган ёки олинмаганлигига ҳам эътибор бериши шарт.
Ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мулк рўйхатга олинганлиги аниқланса, даъвогарнинг даъво талабларидан қатъи назар суд бу мулкни рўйхатдан чиқаради.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2015 йил 26 июндаги 11-сонли қарори таҳририда)
19. Агар рўйхатга олинган мулк талон-торож қилинган, сотиб юборилган ёки сақлаш учун топширилган шахслар томонидан яшириб қўйилган бўлса, суд бу шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиши ва манфаатларини кўзлаб, мулкни рўйхатга олинган ташкилот ва фуқарога етказилган моддий зарарни ундириш ҳақида даъво қўзғаш ҳуқуқларини тушунтириши шарт.
20. Мулкни рўйхатга олиш ва унга тегишни тақиқлаш вақтида йўлга қўйилган хатоликлар аниқланган тақдирда, суд аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларга йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида хусусий ажрим чиқариш масаласини муҳокама қилиши зарур.
21. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1978 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан СССР Олий суди Пленумининг 5-сон 1978 йил 31 мартдаги «Мулкни арест (рўйхат)дан чиқариш тўғрисидаги ишларни кўришда қонунчиликни қўлланиши» ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1987 йил 29 декабрдаги «Мулкни арест (рўйхат)дан чиқариш ишлари бўйича суд амалиёти ҳақида»ги 5-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилсин.